Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қай бир одам касал бўлса, унга албатта соғлигида қиладиган амали мислича ёзилади», - дедилар».
Шарҳ: Масалан, биров саломатлик пайтида таҳажжуд намози ўқиб турар эди. Басор бўлиб қолиб, ўқиёлмай қолди. Яна бир киши яна бирорта қўшимча, нафл ибодат қиларди. Касал бўлиб, ётиб қолди, тура олмаяпти. Ўша одамга саломатлик пайтида қилиб юрилган амалларнинг савоби бетоблик пайтида ҳам ёзилиб тураверар экан.
Чунки соғ бўлса, қилган бўлар эди. Узрли бўлиб, касал бўлиб, қила олмай қолди.
Аллоҳ таоло бундай бандасини беморлик пайтида ноумид қилмас экан, савобини ёзиб турар экан. Демак, беморликнинг ана шундай ҳолатлари ҳам бор экан.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қай бир мусулмонни жасадида синаб кўрса, албатта унга, модомики бемор экан, соғлигида қилиб юрган амалининг савоби ёзилади. Агар унга офият берса, ювади. Қабз қилса, мағфират қилади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Агар шифо берса, ювади», дейилган.
Шарҳ: Мана бу ҳадиси шарифда мўмин-мусулмон киши соғ, саломатлик вақтида Аллоҳ таолога итоат ва ибодатда бўлиши зарурлиги кўрсатилмоқда. Банда соғ-саломат бўлиб, Аллоҳ фарз қилган намозни ўқиб, рўзани тутиб юрса, бошқа амалларни ҳам қилса, шу билан бирга нафл амаллар, қўшимча ибодатларни ҳам қилиб юрса, ўз бурчини адо этади ҳамда савоб олади.
Банда бемор бўлганида фарз амаллар ундан соқит бўлмайди. Фарз намозни бетоб ҳолида ҳам ўқиши керак. Тура олмаса ўтириб, ўтира олмаса ёнбошлаб бўлса ҳам ўқийди. Чунки бу фарз.
Аммо касаллиги, беморлиги туфайли нафл, қўшимча ибодатларни қила олмай қолди, дейлик. Масалан, кечаси таҳажжудга тура олмай қолди.
Ана ўша пайтда Аллоҳ таоло ҳалиги бандага ўша касаллиги туфайли енгиллик яратиб, банда қўшимча ибодатни қила олмаса ҳам, унга ўша ибодатларнинг савобини ёзиб турар экан.
Бу жуда катта хайр-баракадир. Агар банда бу касалдан турмасдан, вафот этса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилиб юборар экан. Чунки саломатлик пайтида бу амалларни қилиб юрган. Бемор бўлмаганида бу амалларни яна қилиб юрган бўларди. Бироқ, Аллоҳ таоло уни бемор қилиб, синаб кўрди. Шунинг учун Парвардигоримиз бу банданинг гуноҳларини ўзи мағфират қилиб юборар экан.
Бу ҳолат сиз билан бизга катта бир эслатма бўлиши керак. Ҳаммамиз саломатлигимизда фақат фарз ибодатлар билан кифояланмасдан, қўшимча, нафл ибодатлар, таҳажжудлар ва шу кабиларни ҳам қилиб туришимиз керак. Бу нарсаларнинг савоби бемор бўлиб қолган чоғимизда уларни қилмасак ҳам ёзилиб турар экан.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иситма келиб:
«Мени ўзингиз яхши кўрган аҳлингизнинг олдига юборинг», деди.
Бас, У зот уни ансорийларга юбордилар. У аларнинг ичида олти кечаю олти кундуз турди. Бу уларга оғирлашди. У зот аларнинг ҳовлиларига бордилар. Улар У зотга бу ҳақда шикоят қилдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлима-ҳовли, уйма-уй кира бошладилар. Уларга офият сўраб дуо қилдилар. У зот қайтаётганларида улардан бир аёл у кишига эргашди ва:
«Сизни ҳақ ила юборган зотга қасам! Албатта, мен ансорийларданман. Албатта, отам ҳам ансорийлардан. Ансорийларга дуо қилганингиз каби менга ҳам дуо қилинг», деди.
«Нимани истасанг, шу бўлади. Агар истасанг, Аллоҳдан сенга офият сўраб дуо қиламан. Агар истасанг, сабр қиласан ва сенга жаннат бўлади», дедилар.
«Албатта, сабр қиламан. Жаннатни хатарга қўймайман», деди».
Шарҳ: Мана бу ҳадиси шариф ҳам жуда улкан бир ҳадис. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иситма касаллиги келганлиги, бу касаллик қандайдир гапирадиган, гапга тушунадиган маҳлуқ сифатида келганлиги айтилмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига иситма касаллиги келиб: «Мени ўзингиз яхши кўрган одамларингизнинг олдига юборинг», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни, яъни, иситма касалини ансорий саҳобалар ҳузурига юбордилар. Ҳалиги касаллик бориб, ансорийларнинг ичида олти кечаю олти кундуз турди. Уларнинг ҳаммалари қаттиқ иситмага дучор бўлишди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар яшайдиган маҳаллага бордилар. Ансорийлар ўз ҳолатларини у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлима-ҳовли, уйма-уй кириб, ҳаммаларини кўриб, ҳақларига дуо қилиб, офият, шифо, соғлик сўрадилар.
Ҳаммаларини кўриб, дуо қилиб бўлиб, қайтиб келаётганларида орқаларидан бир аёл киши эргашиб келди. У аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб келиб: «Сизни ҳақ билан Пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, мен ансорийларданман. Отам ҳам ансорийлардан. Ана шу ансорийлардан қилган дуонгиздан мени ҳам дуо қилинг» деб илтимос қилди. Яъни иситмага чалинганман, дуо қилинг, тузалайин, деб илтимос қилди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳоҳласанг, мен дуо қилай, соғайиб кетасан. Ҳоҳласанг, сабр қил, жаннатга кирасан», - дедилар.
Ҳалиги аёл: «Майли, мен сабр қиламан», деди, яъни касалининг тузалишини истамади, жаннатни танлади, касалига сабр қилишга аҳд қилди.
Халқимизда кенг тарқалган «Худо суйган бандасига дард беради» деган гап мана шудир. Иситма дарди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бевосита мурожаат қилиб: «Аҳлингиздан энг яқин, ўзингиз юқори қўядиганларнинг ичига мени юборинг» деяпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дардни асли Мадийнадан бўлган саҳобийларга юбордилар.
Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ансорий саҳобаларни бошқалардан яхши кўришлари, устун кўришларидан далолат беради.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларидаги аёлларнинг қанчалик улуғвор зотлар бўлганликлари мана шу аёлнинг мисолларида намоён бўлмоқда. Касаллик, оғирлик, машаққатни ихтиёр қилиб, шулар орқали мен жаннатга кирадиган бўлсам, майли, сабр қиламан, деяптилар.
Бу катта қаҳрамонликдир, албатта. Бир дуо билан тузалиб қолиб, бемалол юриши мумкин эди, лекин жаннатни ўйлади, сабр қиламан, деди. Бу касаллик қанча давом этади, умр бўйи бўладими, Аллоҳ билади.
Лекин бу аёл шу йўлни ихтиёр қилдилар. Бу ўша пайтдаги аёлларнинг иймони нақадар кучли эканлигини, жаннатга бўлган завқ-шавқлари, орзулари нақадар олий бўлганлигини кўрсатади. Ҳозирги замоннинг мўмин-мусулмон аёллари ҳам улардан ўрнак олишлари керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга етадиган касалларнинг ичида мен учун иситмадан кўра маҳбуброғи йўқ. Чунки у ҳамма аъзоларимга киради. Аллоҳ азза ва жалла ҳар бир аъзога ажрдан улушини беради».
Шарҳ: Бу ҳадисда мўмин-мусулмон одам касалликни хавф билан, қўрқинч билан, кимдандир шикоят қилиш билан, «фалон ишни қилмаганимда бўлмасмиди» каби сўзлар билан эмас, балки сабр-матонат билан, худди ажр-савобни кутаётгандек кутиб олиб, уни кузатаётгандек кузатадиган ҳолатда бўлиши васф қилинмоқда. Чунки мана шу касалликдан гуноҳлари мағфират қилинади, касаллик қайси аъзосига етса, ўша аъзосига ажр ёзилади. Бу улуғ нарса.
Абу Нуҳайла розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Унга «Дуо қил!» дейилди.
«Аллоҳим! Касални нуқсонга учрат, ажрни нуқсонга учратма», деди.
«Дуо қил! Дуо қил!» дейилди.
«Аллоҳим! Мени муқарраблардан қилгин! Онамни ҳур ъийнлардан қилгин!» деди».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мусулмон киши Аллоҳдан шифо сўраса, «Касалимга шифо бергину, касалимга бераётган ажрингни камайтирмагин! Парвардигор! Беморлигимга шифо бер, лекин унга берадиган ажринг камаймасин» деб сўраши кераклиги айтилмоқда.
Шуниндек, мўмин-мусулмон банда Аллоҳдан ўзини муқарраб-яқин бандалардан бўлишини сўраши, ота-оналарининг ҳаққига дуо қилиши, хусусан, онасининг ҳур ъийнлардан бўлишини сўраши яхшилиги ҳам таъкидланмоқда.
Ато ибн Абу Робаҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абдуллоҳ ибн Аббос менга:
«Сенга жаннат аҳлидан бўлган аёлни кўрсатайми?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Манаву қора хотин. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мен шайтонлаб қоламан ва кийимларим очилиб кетади. Менинг ҳаққимга Аллоҳга дуо қилинг», деди.
«Ҳоҳласанг, сабр қиласан ва сенга жаннат бўлади. Хоҳласанг, дуо қиламан, тузалиб кетасан», - дедилар.
«Сабр қиламан. Мен очилиб кетаман. Аллоҳдан очилмаслигим ҳақида дуо қилинг», деди.
Бас, унинг ҳақига дуо қилдилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф бир қора танли аёлнинг, бошқа шароитда ҳеч ким назарга ҳам илмайдиган бир аёлнинг Ислом туфайли нақадар юксакка кўтарилганлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан гаплашиб, жаннатга кириш кафолатини олиш даражасигача етганини кўрсатиб бермоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтиёрни аёлнинг ўзига қолдирдилар. Ё дардига шифо топишни, ёки сабр қилиб, жаннатга тушишни таклиф қилдилар. Аёл жаннатни қўлдан чиқармади, «Майли, дардим бўлаверсин, сабр қиламан», деди. Яна муслималиги устун келиб: «Дард тутган пайтимда кийимларим очилиб кетмасин, дуо қилинг» дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилдилар, шундай бўлди - дард тутганда кийимлари очилмайдиган бўлди.
Ибн Журайж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ато менга хараб бердики, у Умму Зуфарни - ўша аёлни - новча қора аёлни Каъбанинг зинасида кўрган экан.
Менга Абдуллоҳ ибн Малика хабар бердики, унга Қосим хабар беришича, Оиша айтибдики:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминга етган нохушлик тикон кириши ёки ундан каттароқ бўлса ҳам, каффоратдир», - дедилар».
Шарҳ: Мўминга етадиган ҳар бир нохушлик, ҳар бир мусибат, ҳар бир ноқулайлик унинг гуноҳларига каффорат бўлиши бор экан. Ҳатто баданининг бирор жойига тикон кирса ҳам, шунда жони оғриганлиги туфайли Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан баъзисини кечирар экан, ювар экан, каффорот қилар экан.
Шунинг учун мўмин киши ўзига мусибат етганда жазавага тушиб, сабрсизлик қилиб, сўкиниб, «нимага бундай бўлди?» демасдан, «Аллоҳ менга ажр берсин, Парвардигор шунинг эвазига менинг гуноҳимни кечяпти», деган тушунчада бўлиш керак. Чунки бўлар иш бўлиб бўлгач, бунинг заррача фойдаси йўқ. Аксинча ўзини босиш керак, дардига дард қўшмаслиги керак, сабр қилиб, Аллоҳ мана шунинг ҳиссасича менинг гуноҳларимни кечирди, худога шукр дейиш керак. Бу жуда юксак ҳолат.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу дунёда қайси бир мусулмонга бир тикон кирса-ю, ажр умидида сабр қилса, албатта, албатта қиёмат куни ўшанинг миқдорича хатолари ювилади», - дедилар».
Шарҳ: Демак, ана мусибат етганда, тикон кирса ҳам, бошқа бўлса ҳам, мусулмон банда Аллоҳдан ажр умидида сабр қилиши керак. Тикон кирса ёки шунга ўхшаш нохушлик етса, бўлар-бўлмас гапларни айтиб, сўкиниб, сабр қилмаса ажр ола олмас экан. Шарт шу экан.
Аввалги ҳадисларда бу шарт йўқ эди, бу ерда айтиляпти. Яъни, ўша кирган тиконни ажрга сабаб бўлади, деб умид қилиш шарт қилиб қўйилган экан. Шунинг учун, «иссиқ жон» дегандек, банданинг айтгани бўлмайди, эртаю-кеч инсонга тикон киради, қўлини кесиб олади, қоқилиб кетади, йиқилиб тушади – бундай пайтларда мўмин киши бу мусибатларга сабр қилиб, эвазига Аллоҳдан гуноҳларининг кечирилишига умидвор бўлиши лозим.
Бирор кор-ҳол юз берса, очиқкўнгиллик билан «Эй Парвардигор, бунинг эвазига менинг гуноҳимни кечиргин» деб яхши ҳолатга ўтиш керак. Бу ҳам инсоннинг ўзини босиб олишига, асабларининг жойида қолишига, қон босими, қанд касаллиги каби турли хасталикларга мойил бўлмаслигига имкон беради. Қолаверса, жизғинак бўлгани, сўкингани, бақир-чақир қилгани билан ҳеч қандай фойда йўқ, бўладиган иш бўлиб бўлган.
Инсон яхши ният билан, сабр билан бошига тушган мусибатни ўзи учун катта бир фойдага айлантириб олиши мумкин экан.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Ҳеч бир мўмин ва мўмина, муслим ва муслима йўқким, бемор бўлса, албатта Аллоҳ у туфайли анинг хатоларини кечиради», - деганларини эшитган экан».
Шарҳ: Мўмин-мусулмонлар бемор бўлсалар, дард тортсалар, бу дардни Аллоҳдан деб билиб, тўғри эътиқодда бўлиб, Парвардигори оламнинг ўзидан шифо сўраб турсалар, тортган дардлари туфайли Аллоҳ таоло гуноҳларини мағфират қилар экан.
Буни ҳар биримиз билиб, бошимизга тушган пайтда савоб олиб қолиш, дардимизни хатоларимизнинг ювилиб қолишига сабаб бўлишини Аллоҳдан сўрашимиз керак экан.