1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Мерос китоби

05:00 / 17.01.2017 7514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимизнинг динимизга қайтиш жараёнида бу масалага ҳам унча кўп бўлмаса ҳам, қайта эътибор кўзга ташланмоқда. Қадимда фиқҳ китобларида келган фароиз бобларидан ташқари «Фаризи Сирожия»га ўхшаш мерос илми ҳақида алоҳида китоблар ҳам бўлган эди. Аммо ҳозирда бу илм ҳақида ёзилган охирги китоб қайси китоб эканлигини ҳам билмай қолганмиз. Ана шу эътибордан қўлингиздаги китоб янгилик, тўғрироғи, қайта тақдим этилаётган эски илмнинг ўз тилимиздаги янгича талқини бўлса ажаб эрмас.

Бандаларига меросни Ўзи тақсим қилган, васиятларни ишини тартибга солган ва қул озод қилишни ибодатга айлантирган улуғ Аллоҳга У зотнинг улуғлигига яраша ҳамду санолар бўлсин!
Сиз билан биз умматларига мерос илмини таълим берган, васият масаласини амалда кўрсатган ва қул озод қилишга ҳаммага ўрнак бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга битмас туганмас саловоту дурудлар бўлсин!
Азиз ва муҳтарам китобхонларимиз! Китобингиз «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ўн иккинчи жузи ўзига хос ажойиб масалаларни ўз ичига олгандир. Унда турли сабабларга кўра бизда унутилиб кетган масалалар ҳақида сўз боради.
Мерос масаласи ана ўша масалалардан биридир. Бу масала ҳатто кўпгина аҳли илмларга ҳам бегона бўлиб қолган илмлардан бири эди. Баъзи бир яширин дарс олиб юрганлар йўқдан кўра бор қабилида бироз ўрганишмаса, бошқа бировнинг иши ҳам йўқ эди. Аллоҳ таолонинг инояти ила камина ходимингиз бу илмни чет элда қўлдан келганича ўрганиб келиб, Ислом маъҳадида дарсга киритиб, ўзи бир муддат дарс бериш бахтига муяссар бўлди. Шундан сўнг бу илм билан баъзи бир толиби илмлар ошно бўлдилар.
Халқимизнинг динимизга қайтиш жараёнида бу масалага ҳам унча кўп бўлмаса ҳам, қайта эътибор кўзга ташланмоқда. Қадимда фиқҳ китобларида келган фароиз боболаридан ташқари «Фаризи Сирожия»га ўхшаш мерос илми ҳақида алоҳида китоблар ҳам бўлган эди. Аммо ҳозирда бу илм ҳақида ёзилган охирги китоб қайси китоб эканлигини ҳам билмай қолганмиз.
Ана шу эътибордан қўлингиздаги китоб янгилик, тўғрироғи, қайта тақдим этилаётган эски илмнинг ўз тилимиздаги янгича талқини бўлса ажаб эрмас. Албатта, ҳар бир одам ҳам бу илмда зикр қилинган масалаларни бир ўқишда уқиб кетавермайди. Балки ўзига яраша ҳаракат ва тушунча лозим. Аммо ўқиган бир нарса ўрганиши турган гап. Ақалли шу илм ҳақида умумий тушунча бўлади ва ҳар бир одам билиши зарур ҳисобланган ҳақиқатлар ўрганилади. Шу боисдан ҳам ҳар ким мен бу маслада бир китобни ўқиб чиқдим дея ўзини бу илмнинг мутахасиси деб эълон қилиши жоиз эмас. Бошқа Исломий илмлар қотори бу илмни ҳам ўз устозларидан алоҳида ўқиш ва уларнинг ижозатларини олишгина юқоридаги даъвога асос бўлиши мумкин.
Китобимиздаги иккинчи бош мавзу васият масаласидир. Бу масала ҳам бизда унут бўлиб кетган масалалардан ҳисобланади. Одамларнинг кўпчилиги васиянинг маъносини билишади. Аммо унинг ҳақиқатини, шаръий таърифини ва қандоқ амал қилишни билмайдилар. Шунинг учун ҳам васиятга оид маълумотларни оят ва ҳадислар асосида илмий равишда ўрганиб чиқиш ҳар бир мўмин - мусулмон учун ўзига яраша аҳамиятга эга.
Ушбу «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг ўн иккинчи жузи бизга мазкур маълумотларни илмий равишда ўрганиш имконини беради, иншааллоҳ.
Қўлимиздаги китобнинг учинчи бош мавзу қул озод қилишга бағишланган. Бу масала аллақачонлар эсдан чиқиб кетган ҳисобланади. Дунёда расман қулчиликни битирлиганига анча вақт ўтди. Қулчилик яна қайта тикланиши мумкин ҳам эмас. бу ишга энг қаттиқ равишда қарши турадиган томон Исломдир. Чунки бизнинг динимизда ҳур одамни қул қилиш мутлақо мумкин эмас.
Аммо қулчиликнинг тарихини ўрганиш муҳим нарса. айниқса биз мусулмонлар бу масалани алоҳида эҳтимом билан ўрганишимиз лозим. Чунки инсоният тарихида биринчи бўлиб қулчиликка қарши курашган томон бизнинг динимиз Исломдир. Айнан ўша ҳақиқатни англаб етишимиз учун ҳам бу масалани чуқур ўрганишимиз лозим.
Хулоса қилиб айтидган бўлсак, «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг бошқа жузлари каби «Фароиз ва васиятлар китоби» деб номланган ушбу ўн иккинчи жузи ҳам сиз азизларга жавобини ахтариб юрган саволларингизга жавоб беради. Билишни истаб юрган масалаларингизни билишингизда кўмакчи бўлади деган умиддамиз.
Ҳақ таолодан бу ожизона хизматни Ўз даргоҳида амали солиҳлар қоторида ёзишини сўраб дуолар қиламиз.
Сиз азизлардан эса дуоларингизда бизни ҳам унитмаслигингизни илтимос қиламиз.

ИЛМИ ФАРОИЗНИ ТАЪЛИМОТИГА ВА ОДИЛОНА ТАҚСИМЛАШГА ҚИЗИҚТИРИШ ҲАҚИДА

«Фароиз» сўзи фарз сўзининг жамъидир.
Фарз эса луғатда, ўлчов, кесиш ва баён қилиш маъноларини билдиради.
Шариятдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлгани учун фарз, деб аталган.
Меросни «фарз» деб айтилиши эса, меросни ўлчаш, шарият томонидан кесилган иш, баён қилиниб, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилгани учун бўлган.
Яна меросдан тегадиган маълум насибага ҳам «фарз», дейилади.
Мерос деганда луғатда ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани олишга бирор шахснинг қолиши тушунилади.
Фиқҳий тушунча бўйича маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга мерос дейилади.
Мерос илми эса ҳар бир меросхўрнинг қолган меросдаги мол ва ҳуқуқлардан тегадиган насибасини аниқлаб берадиган фиқҳий ва ҳисобий қоидалардир.
Ҳанафий уламолардан «Дуррул Мухтор» китобининг соҳиблари илми меросни қуйидагича таърифлайдилар:
«Меросхўрлардан ҳар бирининг тарика ва ҳуқуқлардаги ҳаққини аниқлаб берадиган фиқҳ ва ҳисоб усулларини ўз ичига олган илм мерос илмидир».
Мерос илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони Карим, Суннат ва Ижмоъдан олингандир. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган.
Қуръони Каримда мерос ҳақида «Нисо» сурасида учта, «Анфол» сурасида битта оят келган. Бу оятларни иншааллоҳ келаси сатрларда ўрганамиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Суннатларида бу мавзу бўйича бир неча ҳадиси шарифлар бўлиб, уларни ҳам келажак саҳифаларда ўрганамиз.
Ижмоъга келсак, саҳобаи киромлар момонинг мероси ҳақида ижмоъ қилганлар.
Мерос илмининг самараси ва фойидаси шулки уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсим қилиш малакасига эга бўлади. Бу илмнинг билимдони Фароизий деб номланади.
Мерос илмининг ғояси тарикадан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини етказишдир.
Мерос илми фиқҳ илмининг шўъбаларидан биридир.
Мерос илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир.
Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. Уни илмнинг ярмидир деганлар ҳам бор.
Келинг, мерос илмининг фазли ҳақидаги баъзи ҳадисларни ўрганиб чиқайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм уч хилдир. Ундан зиёдаси фазлдир: муҳкам оят, қоим суннат ва одил фаризат», дедилар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг «Илм китоби»да батафсил шарҳ қилинган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаръий - исломий илмларнинг жавҳари - ўзагини баён қилиб бермоқдалар:
«Илм уч хилдир». 
Бу ердаги «илм»дан мурод шаръий илм эканини кейинги иборалардан тушуниб оламиз. Уларда оят, суннат ва фарз ҳақида гап кетмоқда, демак нима демоқчи эканлиги маълум.
1. «Муҳкам оят».
Оят - Қуръони Каримнинг маълум бўлаги. Қуръондаги бошланиши ва тугаши маълум бўлакни оят дейилиши ҳаммага маълум. Ҳадисда оят «муҳкам» деб васф қилинмоқда. Баъзи уламоларимиз буни очиқ-равшан ва насх бўлмаган оят, деб баён қилганлар. Менимча бу тўлиқ тушунча бера олмайди.
Қуръони Кримда оятларнинг ҳаммаси очиқ-равшан эканлиги баён қилинган. Насх қилинган (ҳукми амалдан қолдирилган) оятларни ўрганмаса бўлаверади, деган гап ҳам йўқ. Балки, аксинча Қуръонни яхши тушуниш учун аввало оятларнинг носих - мансухини яхшилаб ўрганилиши лозимлиги қайта-қайта таъкидланган. Демак, ҳадиси шарифдаги «муҳкам оят» иборасидан Қуръони Каримнинг оятларини тўлиқ ўрганиш маъносини тушуниб оламиз.
Шаръий илмнинг биринчи - асосий қисми Қуръони Каримни ўрганиш экан. Бу эса улуғ илм бўлиб ўзида бир қанча шўъбаларни мужассам қилгандир. Келинг, қисқача бўлса ҳам шу ҳақда тўхталиб ўтайлик.
Аввало Қуръон тиловатини ўрганиш керак. Бунинг учун эса устоздан «Тажвид» илмини ўрганиш лозим. Ҳа, ўзича бир тажвид илмига бағишлангн китобни ўқиб олиш билан киши бу илмни ўзлаштирган ҳисобланмайди.
Сўнгра ўша тажвид қоидаларига биноан устоздан ҳар бир калимани, ҳар бир оятни қандоқ қироат қилишни ўрганиш керак. Устоз ўқиб бергандек қилиб, у кишига қайтариб ўқиб бериш ва шу ҳолда ўқишга устознинг ижозатларини олиш керак. Ана шунда, Қуръон тиловот қилишни ўрганган бўлинади. Бу ҳар бир мусулмон учун фарз нарсадир.
Қуръон илмини тўлиқ билмоқчи бўлган киши араб тилини яхши билмоғи лозим. Чунки, Қуръони Карим араб тилининг олий даражадаги балоғат ва фасоҳат намуналарини ўзида мужассам қилган илоҳий мўъжиз китобдир.
Араб тилини ўрганиш эса, наҳв-сарф, балоғат ва фасоҳат илмларини ва бошқа зарур илмларни тўлиқ ўрганиш билан бўлади. Буни эса, ҳар қандай араб ҳам уддалай олмайди.
Қуръони Каримни билиш учун «Қуръон илмлари» деб номланган илмлар мажмуасини ўрганиш керак.
Бу мажмуага жумладан, Қуръони Карим тарихи, оятларнинг Маккий ёки Маданийлиги, муҳкам муташобеҳлиги, ом-хослиги, носих-мансухлиги, нозил бўлиш сабаби, қайси оят аввал, қайсиниси кейин нозил бўлгани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай тафсир қилганлари каби бир қанча илмлар киради. Ким ушбу илмларни яхши ўзлаштириб, ояти карималар маъноси, уларда кўзланган мақсадни баён қилиш малакасига эга бўлса муфассир-тафсирчи бўлади. Буни ҳар бир мусулмон билиши шарт эмас.
Ҳар бир мусулмон имкони борича ўрганишга уриниши лозим. Аммо ҳар бир жамиятда ўша жамият эҳтиёжларига яраша муфассир бўлиши шарт. Бўлмаса, ўша жамият аъзоларининг ҳаммаси гуноҳкор бўладилар.
Мазкур илмларни ўзлаштирган одам ушбу ҳадис таъбирича исломий илмларнинг учдан бирини ўзлаштирган бўлади. Икки учта қисқа сурани чала ёдлаб олган одам «қори ака» бўлиб қолмайди.
Қуръони Карим маънолари таржимасини ўқиган одам ёки араб тилини билиб, арабча тафсир ўқиган одам муфассир бўлиб қолмайди.
2. «қоим суннат»
Шаръий илмларнинг иккинчи асоси - «қоим суннат» - яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Суннат нималиги, унинг шариатимиздаги аҳамияти ва бошқа масалаларни китобимиз муқаддимасида ўргандик.
Бу илм ҳам юқорида зикр қилинган Қуръон илмларига ўхшаб ўзига хос бир қанча илмларни ташкил этади. Ўша илмларни устозлардан ўрганиб, уларнинг изнини олган кишилар суннат-ҳадис илми мутахассислари ҳисобланади.
Ҳадиси шарифлар маъносининг таржимасини ўқиган ёки баъзи бир ҳадисларнинг арабчадан таржима қила оладиган кишилар муҳаддис эмаслар.
Ҳар бир мусулмон имкони борича пайғамбаримиз суннатидан хабардор бўлишга уруниши лозим. Лекин, ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда суннат илмида ўша жамият, диёр эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини балувчи олимлар бўлиши фарзи кифоя. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонлари ҳаммаси тарки фарз қилган гуноҳга қолдилар.
3. «одил фаризат»
Шаръий Исломий илмнинг учинчи асоси «одил фаризат»дир. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фаризат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар.
Биринчиси, «одил фаризат»дан мурод меросни адолат билан тақсим қилиш илми.
Буни «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи всаллам бу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби, бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илм бўлгани учундир.
Иккинчиси, «одил фаризат»дан мурод, мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илм, дегани. Яъни, Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир, дейилади.
Менимча, бу икки фикрнинг қўшилгани мақсадга мувофиқ.
Бу ерда эса фақат ўрганаётган фаслимизга оид маъноларга мурожаат қиламиз.
Ҳадиси шарифда Ислом шариятига оид нарсаларни ўрганиш учун асосий ҳисобланадиган илмлар учта илм эканлиги баён қилинмоқда: Қуръон, Суннат ва мерос илми. Қолган илмлар ушбулар учун восита ёки улардан келиб чиққан илмлар бўлади.
Мерос илмининг Қуръон ва Суннат илмларидан кейинги учинчи илм бўлиши унинг нақадар аҳамиятли илм эканлигини кўрсатади.
Мусулмон инсон Қуръон ва Суннатни ўрганиш, уларга амал қилиш билан баробар мерос илмини ҳам ўрганиши, унга амал қилишлиги зарур нарса эканини шундан билиб оламиз. Шунинг учун ҳам бу илмга катта эътибор бермоқлик керак бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни ва Фароизни ўрганинглар ва одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман», дедилар». Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бас, мен қабз қилинувчиман», деганлари, мен вафот этувчиман, агар вақтида ўрганиб қолмасангиз бу нарсалар зое бўлур, деган маънони англатади.
Имом Термизий, Насаий, Аҳмад, ва ал-Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар. Бас, мен қабз қилинувчиман. Илм ҳам қабз қилинур. Ҳаттоки, икки киши фароизда ихтилоф қилиб қолса уларнинг орасида ажрим қиладиган одам топилмас», дедилар.
Имом Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан рироят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, У умматимдан энг аввал унутиладиган нарсадир», деганлар.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа илмларга бунчалик равишда тарғиб қилмаганлар.
Чунки, бу илм жуда ҳам нозик илм. Кишиларга қолган меросни бўлишга оид илм. Бировга ўз меҳнатисиз, яқин кишисининг моли унга мулк бўлиб ўтишига боғлиқ илм. Бу жараён эса доимо меросхўрлар ўртасида уруш жанжал, келишмовчиликларга сабаб бўладиган ишдир.
Шунинг учун ҳам мерос тақсимлаш ишига ҳар ким ҳам ўзини ураверишни, жанжалга бошини суқишни хоҳламайди. Тинчгина юришни хоҳлайди. Яна шунга ўхшаш бошқа эътиборлар ҳам кўп. Эҳтимол, ушбу мулоҳазалар туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Фароиз илмини ўрганишга алоҳида тарғиб қилган бўлсалар керак.
Дарҳақиқат, баъзи жойларда, жумладан, ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашуви мусулмонлар ватанида бир вақтлар мерос илми деярли йўқолиб кетди. Биров бу илмга мурожаат қилмай қўйди. Оз сонли кишилар бир оз биладиган, оз сонли кишилар бир оз амал қиладиган ҳолга келинди.
Ҳолбуки, бу илм улуғ бўлиб ҳалол-ҳаромга боғлиқ, бировнинг ҳақини тўғри ажратишга боғлиқ ўта аҳамиятли илм эди.
Жон бор жойда ўлим ҳам бор. Ҳар куни, ҳар соатда кимдир вафот қилиб туради. Демак, ҳар куни, ҳар соатда мерос қолиб туради, у меросни шарият кўрсатмаси бўйича тўғри тақсимлаш зарурати юзага чиқиб туради.
Бу ишни қилиш учун эса мусулмонлар мерос илмини билмоқлари лозим. Агар улар бу илмни билмасалар, ҳар куни, ҳар соатда улардан кимнингдир ҳаққи поймол бўлаётган бўлади, кимдир ҳаром молни еяётган бўлади, гуноҳи азим содир бўлаётган бўлади.
Шунинг учун бу улуғ илмни мусулмонлар ўрганмоғи лозим. Кўпчилик, ҳеч бўлмаса ўзи учун керакли даражада маълумотга эга бўлиши, ўлган шахсдан қолган меросни шариат ҳукми асосида тақсимланиши лозимлигини англаб етмоғи керак.
Энг камида диний илмларга уринган кишилар бу илмни тўлиқ ўзлаштирмоқлари керак. Токи, улар кишилар ичида бу ҳақда доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борсинлар. Лозим бўлган тақдирда эса мусулмонлар орасида меросга қолган мулкни Ислом шариати ҳукмига биноан бўлиб берсинлар. Ана шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига амал қилинган бўлинади. Фароиз илмини ўрганиб, бошқаларга ўргатилган бўлади.

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан бу-буни, бердим», деди.
«Ҳамма ўғилларингга, шунга ўхшаш бердингми?» дедилар у зот.
«Йўқ», деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра:
«Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар.
«Ҳа», деди.
«Ундоқ бўлса, йўқ!» дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган. Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.
Агар шаръий узр ила, сабаб бўлса ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ бошқасига озроқ мол берса бўлади.
Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
Ушбу ҳадисни бу фаслда келтиришдан мақсад тирикликда фарзандларнинг орасида молиявий муомалада адолатли бўлиш керак бўлганидан кейин, ўлгандан кейин қолган меросни бўлишида адолатли бўлиш жуда ҳам зарур эканлигига ишора қилишдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли фароизлар ўртасида молни Аллоҳнинг китоби бўйича тақсим қилинглар», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган. Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Мерос бўлиш иши ўта аҳамиятли бўлганидан, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда мерос бўлишни баён қилиб берган. Мусулмонлар ана ўша илоҳий амрга бўйсунишлари лозим. Бўлмаса, гуноҳкор бўладилар.
Ислом шариатида мерос низоми энг адолатли, энг яхши ва энг мукаммал низом сифатида намоён бўлган. Ислом инсонга мулк ҳақ-ҳуқуқини бергандир. Ана ўша ҳақ-ҳуқуқнинг энг нозик ва муҳим қисми меросга боғлиқдир. Чунки, унда бир шахснинг моли унинг вафотидан кейин, яқин қариндошларига мулк бўлиб ўтиши масаласи ҳал қилинади. Бу иш ўта муҳим иш бўлганидан, инсон ҳаётидаги энг муҳим омиллардан бири, иқтисодий омилга ва ҳалол ҳаромга боғлиқ бўлганидан ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи бу масалани Қуръони Каримда тўлиқ баён қилиб берган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида бу масалага озгина ўрин қолган, холос.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу, биз ўрганаётган ҳадисдаги амрлари ҳам мазкур нуқтаи назардан айтилгандир.
Келажак ҳадислар ва улардан олинадиган ҳукмларни тушунишимиз осон бўлиши учун, аввало, мерос илмига тегишли баъзи истилоҳлар ва қоидаларни ўрганиб олсак яхши бўлади.
«Мерос» сўзининг луғатдаги яна бир маъноси, бир нарсанинг бир шахсдан иккинчи шахсга, бир қавмдан иккинчи қавмга ўтишни англатади.
Бу нарса фақат мол - мулкка тегишли бўлмай, илм, шону-шараф ва бошқа маъноларни ҳам ўз ичига олади.
Шаръий истилоҳда эса, «мерос» мулкиятни вафот этган шахсдан унинг тирик меросхўрларига ўтишини билдиради.
Мулкият - мол, кўчмас мулк ва шаръий ҳақ-ҳуқуқлар бўлиши мумкин.
Шаръий истилоҳда аввал ҳам айтилганидек ўлган кишининг ортидан қолган мерос – тарика – тарк қилинган нарса, дейилади.
Бунда, ўлган кишидан кейин қолган мол - мулк, кўчмас мулк, шаръий ҳуқуқлар, унинг қарзи каби нарсалар кўзда тутилади.
Ўлган кишидан қолган тарикага бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартиб ила адо этилади:

1. Бир мусулмон одам вафот этганидан сўнг унинг тарикаси ҳисоб қилиниб, биринчи уни кафанлаб кўмиш учун кетадиган сарфлар ажратилади.
Бунда унинг кафанлашга, ювишга, гўрини қазишга, олиб бориб кўмишга кетадиган харажатлар ўртача ҳисоб билан чиқарилади. Бу харажатлар учун кетадиган молда меросхўрларнинг ҳақи бўлмайди.
2. Ундан кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.
Бу ҳам меросхўрларнинг ҳақидан устун ҳақ ҳисобланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда: «Мўминнинг руҳи то адо этилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради», деганлар.
Бошқа ҳадисларда айтилишича ҳатто маййит шаҳид бўлса ҳам қарзи туфайли ўз даражасига эриша олмай туради. Фақат, яқинлари унинг қарзини адо этганларидан кейингина шаҳидларга ваъда қилинган мартабаларга эришади. Шунинг учун ҳам қарз меросхўрлар ҳақидан устун қўйилади.
Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки. Қарз икки хил бўлади:

1. Бандалардан бўлган қарз.
Бунга олдин айтиб ўтган қарзлар киради.

2. Аллоҳдан бўлган қарз. 
Аллоҳдан бўлган қарзга, берилмай қолган закот, каффорот ва назрларга ўхшаш нарсалар киради.
Агар тарика қолдирувчи ўлимидан олдин Аллоҳдан бўлган қарзларини ҳам адо қилиш ҳақида васият қилган бўлса, уларни ҳам адо этилади. Меросхўрларнинг бунда ҳам ҳаққи бўлмайди.
Агар маййит Аллоҳдан бўлган қарзларини ўташ ҳақида васият қилмаса нима бўлади? деган саволга ҳанафий мазҳаби уламолари, у қарзлар берилмайди. Чунки, улар молиявий ибодат эди. Ўлим ила ибодатлар соқит бўлади. Уларни ўз вақтида адо этмагани учун маййит гуноҳкор бўлади. Унинг иши Аллоҳнинг Ўзига ҳавола қилинади. Хоҳласа азоблайди, хоҳласа кечиб юборади, дейдилар.
Бошқа мазҳаблар эса мазкур қарзлар ҳам тарикадан адо этилади. Чунки, бу қарзлар молга боғлиқ қарзларир, модомики мол бор эканми ундан адо этилиши керак, дейдилар.

3. Маййитнинг молиявий васиятларга сарф қилинади. 
Агар васият қилинган мол миқдори меросга қолган мол миқдорининг учдан бирига ёки ундан оз миқдорига тенг бўлса.
Учдан бирдан кўп миқдорга васият ўтмайди. Қолган мероснинг учдан бир қисмигача миқдоридаги васиятни ҳеч кимдан сўрамай берилаверади. Аммо, учдан бирдан ортиғи меросхўрларнинг ҳаққи бўлади. Агар меросхўрлар рози бўлса васият қилинган хайрли ишга сарф қилинади, улар рози бўлмасалар сарф қилинмайди.
Бунга далил Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан олинган. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўз молларининг ҳаммасини садақа қилиш ҳақида васият қилмоқчи эканларини айтганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат бермаганлар. Яриминичи? деб сўраганларида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам изн бермаганлар. Учдан бириничи? деганларида:
«Учдан бири майли. Учдан бири ҳам кўп. Сен меросхўрларингни бой ҳолларида қолдириб кетмоғинг, уларни одамлардан тиланиб юрадиган ҳолларида қолдириб келтмоғингдан яхшидир», деганлар.
Ўлаётган одам, ўлим олдидан кўзига ҳеч нарса кўринмай, охиратни ўйлаб бору будурини садақа қилиб юборишга тайёр туради. Агар унинг васияти ўтадиган бўлиб қолса, меросхўрларга ҳеч нарса қолмаслиги аниқ бўлиб қолади. Бунда меросхўрларга зулм бўлади.
Бу ҳукм ила меросхўрларнинг ҳақлари ҳимоя қилинган. Шу билан бирга, молни топган шахснинг ўз ўлимидан олдин хайри-эҳсон қилиш ниятини бутунлай тўсмаслик мақсадида, тариканинг учдан бирига тенг миқдоридаги васияти амалга ошадиган қилиб қўйилган.
Тушуниш учун мисол келтирадиган бўлсак, бир одам вафотидан олдин мендан қоладиган ҳамма пулга масжид қурилсин, деб васият қилган бўлса, пули ўттиз минг чиқса, ўн минги масжидга ишлатилади, йигирма минги меросхўрларга бўлиб берилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида:
«Албатта, Аллоҳ таоло сизларга вафотларингиздан олдин, амалларингиз зиёда бўлиши учун, молларингизнинг учдан бирини садақа қилиб берди», деганлар.

4. Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятидан ортиб қолган молини меросхўрларига бўлиб берилади. 
Бунинг учун кимлар мерос олиш ҳаққига эга ва меросхўр-лиги қай даражада эканини билиб олишимиз керак бўлади.

МЕРОС ОЛИШ ҲАҚҚИ

Мерос олиш ҳаққи уч хил сабаб ила собит бўлади:
1. Насаб йўли билан.
Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар ва бошқа тоифалар шунга кирадилар. Бу тоифани уламолар ота-она ва уларга мансуб кишилар, деб ҳам айтадилар.
2. Никоҳ йўли билан ҳам мерос олиш ҳаққи собит бўлади.
Тўғри, шаръий йўл билан никоҳла боғланган шахслар орасида ҳам бир-биридан мерос олиш ҳаққи собит бўлади. Фосид ва ботил никоҳ туфайли мерос олиш ҳаққи собит бўл майди.
3. Қул озод қилиш туфайли.
Илгариги вақтда озод қилинган қул вафот этса-ю меросхўри бўлмаса, ундан қолган меросга уни озод қилган киши ҳақли бўлган. Чунки, бу киши яхшилик қилиб марҳумни қулликдан озод қилган эди.
Ушбу уч тоифада зикр этилган меросхўрларнинг меросхўрлик даражаси турлича бўлади.

МЕРОСХЎРЛИК ДАРАЖАЛАРИ

1. Фарз эгалари.
Қуръон, Суннат ёки Ижмоъда ҳиссаси очиқ ойдин белгилаб қўйилган меросхўрлар, фарз эгалари, деб номладилар. Меросни бўлиш айнан ушбу тоифадан бошланади.

2. Насабий асабалар.
«Асаба» деганда кишига энг яқин эркак қариндошлар тушунилади. Мерос бобида, ўзи ёлғиз бўлса фарзлардан қолганни олишга ҳақли, ўғил, ўғил невара, туғишган ака, амаки кабиларга «асаба» деб айтилади.
Мерос бўлиш қоидасида ҳам фарз эгаларига ҳақлари бериб бўлингандан кейин асабаларга берилади.

3. Эр-хотиндан бошқа, фарз эгаларига, ҳақларидан ташқари меросдан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш. 
Мерос фарз эгаларига тақсим қилингандан кейин ҳам ортиб қолса, асаба олишини олдин айтдик. Лекин, асаба бўлмаса, ортиб қолганни ҳам фарз эгалари яна ўз ҳиссаларига биноан бўлиб берилади. Аммо, ортиб қолганни қайтадан бўлишда эр ва хотин ҳақ олмайди. Чунки, улар орасидаги алоқа никоҳ алоқасидир.

4. Аёл томондан бўлган қариндошлар.
Бу тоифадаги қариндошларга фарз эгалари ҳам, асаба ҳам бўлмаган, тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар кирадилар.
Вафот этган кишининг фарз эгаси бўлган ёки асаба ҳисобланган қариндошлари бўлмаса унинг меросини аёл томон қариндошлари оладилар. Бу ҳукмга Шофеъий мазҳаби мувофиқ бўлмаган.

5. Эр ва хотинга қайтариш.
Эр ёки хотин вафот этса-ю, унинг орқасидан бошқа ҳеч бир меросга ҳақдор қариндош қилмаса, мероси ортидан қолган эри ёки хотинига қайтарилади.
Мисол учун, бир эр вафот этди. Ортидан хотинидан бошқа ҳеч ким қолмади. Хотин қолган мероснинг тўртдан бирини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса, бошқа меросхўрлар бўлмагани туфайли қайтариш ила олади. Шунингдек, хотин ўлиб, ортидан эридан бошқа ҳеч кими қолмаса, эр мероснинг ярмини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса, бошқа меросхўр бўлмагани туфайли қайтариш ила олади.

6. Аввал қул бўлиб, кейин озод қилинган киши вафот этсаю, меросхўрлари бўлмаса, уни озод қилган киши меросини олади. Албатта, бу ҳолат ҳозир йўқ.

7. Ҳанафий ва Ҳанбалий мазҳаблари бўйича меросхўри йўқ одам молини бировга берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.

8. Байтул мол.
Агар бир киши вафот этса-ю, ортидан юқорида зикр этилган меросхўрлардан ҳеч бири қолмаса, унинг қолдирган моли Байтул молга топширилади.

МЕРОСНИНГ АРКОНЛАРИ

Мероснинг арконлари учтадир:

1. Мерос қолдирувчи.
2. Меросхўр.
3. Мерос

МЕРОСНИНГ ШАРТЛАРИ

Мероснинг шартлари учтадир:

1. Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда ўлиши ёки ўлими ҳақида ҳукм чиқиши.
Инсон тирик бўлган чоғида ўз молида ўзи тасарруф қилади. Шунинг учун унинг моли бировга ўтиши мумкин эмас. Фалончи ўлим тўшагида ётибди, бари-бир ўлади, келинглар меросини ҳозироқ бўлиб қўяйлик, деб бўлмайди. Ҳақиқатда вафот этганидан сўнггина меросини бўлиш мумкин, фақат ўшандагина мулк мерос қолдирувчидан меросхўрларга ўтади.
«Ўлими ҳақида ҳукм чиқиши» бир одам ўлгани ҳақида гумон бору, ўлигини биров кўрмаган, бу ишни маҳкамада кўриб чиқилади, агар қози барча маълумотларни ўрганиб чиқиб, бу одам ўлган бўлиши керак, деб ҳукм чиқарса, унинг моли мерос тариқасида бўлинади.

2. Мерос қолдирувчи ўлган пайтда, меросхўрлар тирик бўлиши. Бу дегани, икки бир-биридан мерос олишга ҳақли киши бир вақтда вафот этсалар, бир-бирларидан мерос олиши мумкин эмас, деганидир.
Бундоқ ҳолатлар, одатда фожиали ҳодисалар пайтида бўлади. Уй босиб қолиши, сувга ғарқ бўлиш ва бошқа фалокатларда бир оиладан, бир уруғдан бир неча киши бирданига вафот этиши мумкин. Ана ўша кишиларда бир-биридан мерос олиш имкони йўқ бўлади. Агар бир одам вафот этса, отанинг меросидан олиб ундан кейин ўлган ўғлининг молига қўшилади ва меросхўрларга бўлиб берилади.
Шунингдек, жон кирган ҳомиладаги бола туғулгунича кутиб турилади, чунки, унинг жони бўлгани учун меросда ҳаққи бор. Мисол учун, бир киши вафот этди. Унинг хотини ҳомиладор. Ўша ҳомила туғилгунча кутиб турилади. У туғилганидан кейин ўғил ёки қизлигига қараб туриб мерос бўлинади.

3. Қариндошлик ва мерос олиш ҳаққи билиниши.
Мерос бўлувчи киши меросхўрларнинг ҳар бирини мерос қолдирувчи учун қандоқ қариндош эканини аниқ билиб олиши лозим. Меросга ҳақли қариндошми, йўқми эканини билиб, меросга ҳақлиларни ажратиб олади. Кейин, қариндошлик даражасини ўрганади. Мисол учун, туғишган аками, ота бирми ёки она бирми эканини билиши зарур. Бунга ўхшаш маълумотлар мерос бўлиш учун жуда ҳам зурур.
Мазкур маълумотлар тўплаганидан кейин, меросхўрликка даъвогарларни саралаш бошланади. Чунки, қариндошлардан баъзилари мерос олиш ҳаққи ман қилинган бўлишлари ҳам мумкин бўлади.

МЕРОСНИ МАН ҚИЛУВЧИ НАРСАЛАР

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кофирдан мерос олмайди. Кофир мусулмондан мерос олмайди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Сунан эгалари келтирган ривоятда: «Турли: икки хил миллат аҳллари бир-бирларидан мерос олмайдилар», дейилган.
Абу Довуднинг ривоятида: «Яҳъё ибн Яъмурнинг олдига икки ака-ука: яҳудий ва мусулмон ўз оталаридан қолган мерос ҳақида хусумат қилиб келдилар. Бас, у фақат мусулмонга мерос берди ва: «Менга Абул-Асвад, унга бир киши, унга Муоз ривоят қилган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ислом зиёда бўлур, камимас», деганлар», деди»
.
Шарҳ: Ушбу ривоятлар асосида мусулмон кофирдан, кофир мусулмондан мерос олмайди, деган қатъий ҳукм чиққан ва жумҳури уламолар бунга иттифоқ қилган.
Уламоларимиз муртад – диндан қайтган кишининг мероси ҳақидаги ҳукмни ҳам, кофир билан мусулмон орасидаги мерос ҳукмига қўшганлар.
Чунки, муртад Исломдан чиқиши билан бошқа диндаги кишига айланади. У мусулмон қариндошларидан мерос ола билмайди. Ислом ҳукмига биноан муртадга таъйин қилинган ҳукм ижросидан кейин, молу мулки Байтулмолга топширилади.
Ҳанафий мазҳаби бўйича эса, унинг муртад бўлгунга қадар моли мусулмон қариндошларидан ҳақдорларига бўлиб берилади. Муртад бўлганидан кейин топган моллари эса, Байтулмолга топширилади.
Демак, мерос олишни ман қилувчи биринчи сабаб, кофирликдир. Яъни, мусулмон киши билан унинг кофир қариндоши орасида мерос олиш-бериш бўлмайди.
Меросни ман қилувчи иккинчи сабаб эса келаси ҳадисда баён қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қотил мерос олмайди», дедилар». Сунан эгалари ва Дора Қутний ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, мерос қолдирувчини ўлдирган қариндоши унинг меросидан маҳрум қилинади.
Чунки, қотил ўз қариндошини ундан мерос олиш мақсадида ўлдирган бўлади. Ёмон ниятли киши ниятига етишига имкон берилмайди.
Бу ҳукмни ривожлантира бориб, нафақат бевосита ўз мерос қолдирувчисини ўлдирган одам, балки унинг ўлимига сабаб бўлган киши ҳам меросдан маҳрум қилинади.
Мисол учун, қариндошига ўлим ҳукми чиқиши учун гувоҳлик берган одам ҳам меросдан маҳрум қилинади.
Ақл жиҳатидан ҳам ўзининг мерос қолдирувчисини ўлдирган одамга мақтулдан қолган меросдан бериш жиноятчини молиявий тақдирлаш бўлади. Агар мерос қолдирувчининг қотили ва ўлимига сабаб бўлувчи меросдан маҳрум қилинмаса, мерос олиш мақсадида қариндошлар бир-бирларини ўлдириши турган гап.
Ҳозирги пайтда маданият ва тараққиёт даъвосини қилаётган баъзи юртларда яқин қариндошларнинг меросини ёки суғурта пулини олиш учун уларни ўлдираётганлари тез-тез фош бўлиб туриши ҳам Ислом шариатининг ҳукми қанчалик одил ва қанчалик ҳикматли эканини кўрсатади.
Демак, мерос ҳақидан ман қилинишнинг иккинчи сабаби мерос қолдирувчига меросхўрнинг қотил бўлишидир.
Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан ман қиладиган нарсалар қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар:

1. Қатл.
Мукаллаф – шаръий амалларни бажариши лозим бўлган оқил болиғ ва ҳур кишининг мерос қолдирувчини ноҳақдан ва узрсиз қасддан ўлдириши бу мавзуда қўзда тутилган қатл бўлади. Бунда шахсан ўзи ўлдирган бўлса ҳам, бировга шерик бўлиб ўлдиришда қатнашса ҳам бари бир. Ота боласини ўлдирса ҳам меросдан ман қилинади. Гарчи боласини ўлдирган отани қасос учун ўлдирилмаса ҳам.
Агар меросхўр ўзига мерос қолдирувчи шахсни ўлдиришни бошқа одамга амр қилса ҳам, тарғиб қилса ҳам, ёрдам берса ҳам, ёлғон гувоҳлик бериб мерос қолдирувчи устидан ўлим ҳукмининг чиқишига сабаб бўлса ҳам меросдан ман қилинади.
Агар балоғатга етмаган ёш бола, мажнун шахс ва эси паст одам ўз меросхўрининг ўлимига сабаб бўлсалар меросдан ман қилинмайдилар. Чунки улар мукаллаф эмаслар.
Ўз меросхўрини ҳақ ила қатл қилган қотил меросдан ман қилинмайди. Мисол учун шаръий маҳкама қарорига биноан қасос учун – бировнинг ўлдиргани учун қатл қилиш. Шунингдек ўзини ҳимоя қилароқ қатл қилиш каби ҳолатларда қотил меросдан ман қилинмайди.

2. Мерос қолдирувчи билан меросхўрнинг дини икки хил бўлиши.
Мусулмон одамдан мусулмонмас одам мерос олмайди. Шунингдек, мусулмон одам мусулмонмас одамдан мерос олмайди.
Муртад – Исломдан чиққан одам мусулмондан мерос ола билмайди. Мусулмон кишининг ўзининг муртад бўлган яқинидан мерос олиши ҳақида уламоларимиз бироз тафсилотларни баён қилганлар.
Агар муртад эркак киши бўлса, унинг мусулмонлик ҳолида топган молларини мусулмон меросхўрлари тақсимлаб олсалар бўлади. Муртадлик ҳолида топган моллари эса байтул молган қолган.
Агар муртад аёл киши бўлса, унингмеросини мусулмон қариндошлари тақсимлар оласалар бўлади.
Зиндиқ – сиртидан мусулмон бўлиб кўринса ҳам ичида Исломга қарши бўлган, унга қарши иш олиб борадиган одамнинг мероси бобидаги масаласи худди муртаднинг масаласига ўхшайди.

3. Қуллик.
Қул бўлган эркак ва аёллар бировдан мерос олмаганлар ва уларнинг мероси ҳам бўлмаган. Чунки ўша вақтнинг таомулига кўра уларнинг моли мулки бўлмаган. Аксинча уларнинг ўзлари бировнинг мулки бўлганлар.

4. Ватаннинг икки хил бўлиши.
Бу масала асосан мусулмон диёрда яшайдиган ғайримусулмонларга оид бўлгандир.

5. Мерос қолдирувчи ва меросхўрнинг қай бири олдин ўлганини билиб бўлмаган ҳолда. Мисол учун мерос қолдирувчи билан меросхўр бирданига сувга оқиб, том босиб ёки шунга ўхшаш ҳолатда ҳалок бўлдилар. Улардан қай бири олдин ўлгани маълум эмас. Шунда улар орасида мерос олди бердиси бўлмайди. Аммо иккисидан бири кейин ўлгани маълум бўлса, олдин ўлганидан қоладиган меросдан бўладиган ҳақини кейингисининг меросига қўшиб меросхўрларига тақсимланади.

6. Меросхўрни аниқлаб бўлмаганда.
Бу ҳол бир неча кўринишда бўлиши мумкин:
- Бир аёл ўз боласи билан бошқа бировнинг боласини ҳам эмизар эди. Аёл вафот этиб икки гўдакдан қай бири ўзиники, қай биров бошқа одамники эканлигини билинмай қолди. Шунда икки бола ҳам мазкура аёлдан мерос олмайди.
- Бир аёл иккита болани эмизган. Улардан бири мусулмоннинг боласи, иккинчиси ғайримусулмоннинг боласи. Кейинчалик улардан қай бири мусулмоннинг боласи, қай бири ғайримусулмоннинг боласи эканлиги номаълум бўлиб қолса меросдан ман қилинадилар.

7. Пайғамбарлик.
Пағамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан у зотдан мерос қолмаган.

8. Лиъон.
Бир одам зино қилганидан шубҳа қилиб ўз хотини билан қозининг олдида лиъон – лаънат айтишиб ажрашган бўлса ва унинг ҳомласи ўзидан эмаслигини айтган бўлса, туғилган бола ҳалиги одамдан мерос олишдан ман қилинади. Чунки эркак уни менинг болам эмас демоқда.

9. Зино.
Зинокор экак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам, бола ундан мерос олмайди.

МЕРОСДАН ТЎСИЛАДИГАНЛАР

Меросан маҳрум қилинганлардан кейин, меросдан тўсиладиган меросхўрлар ҳам бўлади.
Уларни ҳам аниқлаш лозим бўлади.
Меросдан тўсилиш арабчасига – ҳажб –деб, мерос олишдан тўсилган шахс эса – маҳжуб – деб номланади.
«Ҳажб» деб мерос қолдирувчига яқинроқ бўлган меросхўр борлиги туфайли ундан узоқроқ меросхўр мерос ола билмай қолишига айтилади.
Мисол учун, бобо меросхўрдир, аммо у ота бўлмаган ҳолдагина мерос олиш ҳақига эга. Агар маййитнинг отаси бўлса, у мерос олади ва бобоси мерос ола билмайди. Шунингдек, туғишган ака бўлса ота бир ака мерос ола билмайди.
Ушбу зикр қилинаётган дақиқ нарсалар мерос бўлиш ишига ўз таъсирини кўрсатиши турган гап.
Уламоларимиз бу масалани тушунтириш учун баъзи бир мисоллар ҳам келтирадилар.

1. Бир киши вафот этди. Ортидан хотини, туғишган акаси ва уни ўлдирган ўғли қолди. 
Қотил ўғил меросдан маҳрум қилинади.
Хотин худди ўғил йўқлигидагидек тўртдан бирни олади.
Туғишган ака эса, мероснинг қолганини олади.
Агар худди шу ҳолда ўғил қотил бўлмаса, хотин саккиздан бир олади, қолганни ўғил олади, туғишган ака ҳеч нарса олмайди.
Ўғил туғишган акани тўсади ва хотиннинг улушини тўртдан бирдан саккиздан бирга туширади.

2. Бир одам вафот этди. Ортидан ота-онаси ва туғишган ака-укалари қолдилар.
Она мероснинг олтидан бирини олади.
Ота мероснинг қолганини олади.
Туғишган ака-укалар ота тўсиқ бўлгани учун ҳеч нарса ола билмайдилар. Шу билан бирга туғишган ака-укалар онанинг ҳаққини қисман тўсадилар. Агар туғишган ака-укалар бўлмаганларида она учдан бирни олар эди. Улар бўлгани учун ҳаққи қисман тўсилиб олтидан бир олди.
Ҳажб ман қилиш эмаслигини тушунишимиз лозим. Ман қилишда меросхўр меросдан тамоман ман қилинади. Буни аввалги сатрларда ўргандик. Ҳажбда эса ўртаган бирор бошқа меросхўр тушиб қолгани сабабли тўсилиб қолади.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз ҳажбни меросхўрни монеъ сабабидан эмас, ўртага ундан кўра маййитга яқинроқ меросхўрни тушиб қолиши сабабидан меросдан тўсилишидир, деб таърифлаганлар.
Ҳажб иккига: ҳажби нуқсон ва ҳажби ҳирмонга бўлинади.
Ҳажби нуқсон – камайтириш тўсишида меросдан тегадиган кўп улуш озга айланиб қолади.
Мисол учун эр хотиннинг боласи бўлмаса, унинг меросининг яримини олади. Аммо хотиннинг боласи бўладиган бўлса, эрга мероснинг тўртдан бири тегади. Бундан хотиннинг боласи эрни ҳажби нуқсон билан тўсган ва меросдаги улушини камайтирган бўлади.

Ҳажби нуқсон фарз эгаларидан беш тоифада бўлади:

1. Эр хотиннинг ўша эрдан ёки бошқа эридан бўлган боласи туфайли яримдан чоракка тўсилади.
2. Хотин эрнинг ўша хотиндан ёки бошқа хотинидан бўлган боласи туфайли чоракдан саккиздан бирга тўсилади. Яъни, хотин ўлган эрининг боласи бўлмаса, мероснинг чорагини, боласи бўлса саккиздан бирини олади.
3. Ўғилнинг қизи маййитнинг ўз қизи туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай ўғлининг қизи бўлса, у мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ўз қизи ҳам бўлса, ўғлининг қизи мероснинг олтидан бири тегади.
4. Ота бир сингил туғишган сингил туфайли яримдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг бошқа меросхўрлари бўлмай ота бир синглиси бўлса, у мероснинг ярмини олади. Агар маййитнинг ота ва она бир синглиси ҳам бўлса, ота бир синглиси мероснинг олтидан бири тегади.
5. Она мерос қолдирувчининг фарзандлари ва ака-ука ҳамда опа сингиллари туфайли учдан бирдан олтидан бирга тўсилади. Маййитнинг фарз соҳиби бўлган меросхўрларидан фақат онаси бўлса, унга меросдан учдан бир тегади. Агар она билан бирга маййитнинг фарзандлари ёки ака-ука ҳамда опа сингиллари бўлса, она учдан бир эмас олтидан бирни олади.

Ҳажби ҳирмон-маҳрум қилувчи ҳажбда меросхўр меросдан бирйўла маҳрум бўлади.
Мисол учун бобони ота, набирани ўғил, она бир акани ота бир ака ҳажби ҳирмон қилади. Унда ота борлиги учун бобо, ўғил борлиги учун набира ва ота бир ака борлиги учун она бир ака меросдан маҳрум бўладилар. Биринчилар бўлмаганида иккинчилар мерос олишлари мумкин эди.
Меросхўрлар ҳажби ҳирмонга нисбатан икки турга бўлинадилар:
Биринчилари ҳеч қачон ҳажби ҳирмонга йўлиқмайдиганлар. Буларга ота-она, ўғил-қиз ва эр-хотинлар киради. Булардан баъзилари ҳажби нуқсонга учрашлари мумкин, аммо ҳажби ҳирмонга учрамайдилар. Улар, албатта, мерос оладилар.
Иккинчилари ҳажби ҳирмон бўладиганлар.

Мазкурлар етти хил меросхўрлардир:

1. Бобо.
У ота билан ҳажби ҳирмонга учрайди.

2. Момо.
У она билан ҳажби ҳирмонга учрайди.

3. Ота бир она бир опа сингиллар.
Улар ўғил, ўғилнинг ўғли ва ота билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

4. Ота бир опа сингиллар.
Улар ота бир она бир ака укалар ва икки ота бир она бир опа сингиллар билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

5. Она бир ака укалар.
Улар ота, бобо, ўғил, қиз, ўғилнинг ўғли ва ўғилнинг қизи билан ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

6. Ўғилнинг қизлари.
Улар ўғил, икки қиз ва улардан кўплар билан асабалари бўлмаса, ҳажби ҳирмонга учрайдилар.

7. Ўғилнинг ўғли.
У ўғил билан ҳажби ҳирмонга учрайди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзидан бошқанинг мусулмон эмаслиги ҳақида фатво чиқарган динда ҳаддидан ошиб ғулувга кетган тоифалар ҳукумат ишларида ишлаш ҳам ҳаром деган фикрни олға давоми...

2961 05:00 / 03.03.2017
Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4331 05:00 / 17.01.2017
Баъзи кишилар гумон қилганларидек, ижтиҳод ҳамма одам ҳам қила оладиган умумий иш эмас. Унга ҳар бир инсон журъат қилишга ҳаққи йўқ. Ижтиҳод жуда ҳам нозик давоми...

3439 16:15 / 14.12.2017
.Фиқҳ, сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. Шариат истилоҳида эса .Шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга давоми...

14444 10:37 / 17.08.2018