Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Муқаддас динимиз Исломда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Зеро, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.
Маълумки, ҳар қандай жамиятда турли табақа вакиллари мавжуд. Улар ичида ўзгалар томонидан эътибор, меҳр-мурувватга муҳтож тоифалардан бири етимлардир.
Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар бир бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича топилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетадилар. Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда бунинг жавобини берадилар, фарзандларидан нима сабаб тонганлари, унга меҳр-мурувват кўрсатмаганлари сабаб сўроққа тутиладилар.
Динимиз Исломда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳаққини емаслик лозимлиги бот-бот таъкидлаб келинади. Жумладан, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 152-оятида шундай деган: “Етимнинг молига то у вояга етгунича энг чиройли йўллар билангина яқинлашинг!”
Ушбу оятда етимга валий бўлган кишиларга қарата: етимнинг молини зое қилманглар, уни яхшилик йўли билан тасарруф қилинглар, унинг молини кўпайтириб, етимнинг тарбияси, таълими ва таом-либоси учун сарфланглар! –деб таъкидланмоқда.
Муҳаммад ибн Қайс оятдаги вояга етиш ёши ўн беш ёш эканини айтган (Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Зайд ибн Асламдан ривоят қилинишича, бола эҳтилом бўладиган ёшга тўлганида вояга етган ҳисобланади (Абу Шайх ривояти).
Етимнинг молидан эҳтиёт бўлиш ҳақида бошқа оятда шундай дейилган: “Етимнинг молига то у балоғат ёшига етгунича яқинлашманглар, магар энг чиройли йўсинда (унга бирон зиён етказмасдан яқинлашинглар – тасарруф қилинглар)!” (Исроъ, 34).
Етимнинг молини ейиш қанчалик гуноҳ экани қуйидаги оятда таъсирчан услубда ифодаланган. Аллоҳ таоло айтади: “Етимларнинг молини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўладилар. Ва улар, албатта дўзахга кирадилар!” (Нисо, 10).
Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:
1. Улар қиёмат куни жаҳаннамга тушишларига сабаб бўладиган нарсани еган бўладилар;
2. Улар етимнинг молини еганлари боис дўзахда қоринларини олов билан тўлдирадилар.
Аллоҳ таоло барчамизни бундай ҳолга тушишдан сақласин!
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Тўрт тоифани жаннатга киргизмаслик ва унинг неъматларидан баҳраманд қилмаслик Аллоҳ устидаги ҳақдир. (Булар:) хамр ичишга муккадан кетган кимса, рибохўр, етимнинг молини адолатсизлик билан еювчи ва ота-онасига оққ бўлган кимса” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам бўлмаган бечора етимлар молидан унча-бунча одамлар тийилиши мумкин. Аммо отаси вафот этиб, онаси ҳаёт, уч-тўрт ёки олти-етти ёшли болалари қийин аҳволда бўлишига қарамай, ўзгалар қистови билан ўтказиладиган “эҳсон”ларга бориб, у ерда етимга тегишли бўлган молдан, таомдан истеъмол қилишдан ҳар қандай одам ҳам сақлана олмайди. Балки кўпчилик бу нарсани билмас ёки эътибор бермас. Лекин атрофимизда бундай ҳолатлар кўп кузатилади. Биз бу нарсага аҳамиятли бўлиб, бечораҳол етимлар таомидан ейиш ўрнига уларга ёрдам беришга ҳаракат қилишимиз керак. Балки ушбу маросимни етимнинг амакиси ёки тоғаси қилиб бераётган бўлиши мумкин. Бироқ ўша маросимни қилиш ўрнига пулни етимнинг таълими, уст-боши ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун ишлатиш кераклиги кўпчилигимизнинг хаёлимизга келмайди.
Аллоҳ таоло ҳаётда бўладиган синовларга сабр қилмай, шошқалоқлик қиладиган кимсаларга қарата шундай хитоб қилади: “Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмайсизлар! Мискин-бечорага таом беришга бир-бирларингизни тарғиб қилмайсизлар! Меросни эса (ўзларингизнинг улушингизга ўзгаларникини ҳам) қўшиб ейиш билан еяверасизлар!” (Фажр, 17-19).
Қуйидаги оятда етимларни кимлар хорлаши очиқ-ойдин баён қилинган: “Динни (охиратда бўладиган ҳисобни) ёлғон, дейдиган кимса(нинг қандай кимса эканини) кўрдингизми? Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир” (Моъувн, 1-3).
Демак, Аллоҳ ва охират кунига ишонган банда етимни ҳурмат қилади, унга меҳр кўрсатади. Имони йўқ, Аллоҳга ишонмайдиган кимсагина етимни хўрлайди, унга зулм қилади, қўпол муносабатда бўлади.
Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган неъматларини зикр қилиб, у зотга шундай амр қилган: “Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг!..” (Зуҳо, 9).
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам она қорнида эканларидаёқ оталаридан етим қолдилар, ҳали балоғатга етмай туриб оналаридан ҳам айрилдилар. Агар Аллоҳ марҳамат қилмаганида у зот шунча неъматларга эришмаган бўлардилар. Шу сабаб ҳам мазкур оятда Аллоҳ Ўз Расулини етимга меҳрибон бўлишга чақирмоқда.
Етим-есирларга ғамхўрлик қилиш борасида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб ҳадислар келтирилган.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنَّ أَحَبَّ الْبُيُوتِ إِلَى اللهِ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ مُكْرَمٌ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَأَبُو نُعَيْمٍ وَالْقُضَاعِيُّ.
Ибн Умар розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси унда иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, деганлар” (Байҳақий, Табароний, Абу Нуайм ва Қузоъий ривояти).
Қайси хонадон етимни асраб олиб, унга яхши муносабатда бўлса, ўша хонадон Аллоҳ учун энг севимли масканлардан бири бўлади.
وَعَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ يُشِيرُ بِإِصْبَعَيْهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الأَدَبِ الْمُفْرَدِ وَابْنُ مَاجَهْ وَالطَّبَرَانِيُّ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмонларнинг энг яхши уйи унда яхшилик кўрадиган етим истиқомат қиладиган уйдир. Мусулмонларнинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қилинадиган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шундай бўлади”, деб бармоқлари билан ишора қилдилар” (Бухорий , Ибн Можа ва Табароний ривояти).
Демак, етим асраган хонадон аҳллари унга яхши муомалада бўлишлари керак. Акс ҳолда бу уй Аллоҳ наздида энг ёмон хонадон ҳисобланади. Бундай уй Аллоҳнинг раҳмати ва яхшиликларидан узоқ бўлади.
وَعَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ مَسَحَ رَأْسَ يَتِيمٍ لَمْ يَمْسَحْهُ إِلاَّ للهِ كَانَ لَهُ بِكُلِّ شَعْرَةٍ مَرَّتْ عَلَيْهَا يَدُهُ حَسَنَاتٌ وَمَنْ أَحْسَنَ إِلَى يَتِيمَةٍ أَوْ يَتِيمٍ عِنْدَهُ كُنْتُ أَنَا وَهُوَ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ وَفَرَّقَ بَيْنَ أُصْبُعَيْهِ السَّبَّابَةِ وَالْوُسْطَى. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ لِغَيْرِهِ.
Абу Умома розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким етимнинг бошини фақат Аллоҳ (розилиги) учун силаса, қўли силаган сочнинг ҳар бир толаси унинг учун ҳасанот бўлади. Ким ўзининг қарамоғидаги қиз ёки ўғил етимга яхшилик қилса, мен ва у жаннатда мана шундай бўлади”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини очганлар (Аҳмад, Байҳақий ва Табароний ривояти).
Демак, ким жаннатда Расулуллоҳга қўшни бўлишни хоҳласа, етимларга меҳр-кўрсатиб, уни яхши тарбия қилиши керак.
Ривоятларнинг бирида етимнинг бошини силаш қалбдаги қаттиқликни кетказиши баён қилинган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَجُلاً شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَسْوَةَ قَلْبِهِ فَقَالَ لَهُ: إِنْ أَرَدْتَ تَلْيِينَ قَلْبِكَ فَأَطْعِمْ الْمِسْكِينَ وَامْسَحْ رَأْسَ الْيَتِيمِ. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, у зот: “Агар қалбинг юмшашини истасанг, мискинга таом бер ва етимнинг бошини сила”, деб айтганлар (Аҳмад ривояти).
Халқ орасида “етим қўзи сақласанг, оғзи бурнинг мой бўлар, етим бола сақласанг, оғзи-бурнинг қон бўлар” деган гап бор. Бу нима, етимпарварликдан қайтаришми ёки етимнинг “зулм”идан огоҳ бўлишга даъватми? Аслида етим боқиб, ўз боласидек парваришлаб, улардан кўп яшиликлар кўрган ота-оналар сон-саноқсиз орамизда. Шу маънода халқимиз орасида етимпарварлик ниҳоятда ривожланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ўзбек халқида етимлар ҳеч қачон кўчада қолмаган. Қаерда етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар доим топилган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эттирилмоқда. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда, уларнинг тураржойлари таъмирланиб, уст-бош ва озиқ-овқат билан бекаму-кўст таъминланмоқда. Бу келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Сабаби етим болалар вақтида тарбия қилинмаса, улардан номақбул кўча болалари етишиб чиқиши мумкин. Ҳукуматимиз бу соҳага алоҳида эътибор бериши бежиз эмас.
Етимга яхшилик қилиш қалбни юмшатиши ҳақида бошқа ривоят ҳам бор.
وَعَنْ مُحَمَّدِ بْنِ وَاسِعٍ أَنَّ أَبَا الدَّرْدَاءِ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ كَتَبَ إِلَى سَلْمَانَ أَنَّ رَجُلاً شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَسْوَةَ قَلْبِهُ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِنْ أَرَدْتَ أَنْ يَلِينَ قَلْبُكَ فَامْسَحْ رَأْسَ الْيَتِيمِ وَأَطْعِمْهُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Муҳаммад ибн Восеъдан ривоят қилинади: “Абу Дардо Салмонга ёзган мактубида айтилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қалбинг юмшашини хоҳласанг, етимнинг бошини сила ва унга таом бер”, деганлар” (Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Юқорида келтирилганлардан шундай хулоса қилиш мумкин: ким етимга раҳм-шафқатли бўлса, имконини топиб, уни тарбиясига олса, Аллоҳ розилигига эришади ва жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қўшни бўлади. Етимни хўрлаш, унга зулм қилиш, етимнинг молини ноҳақ йўллар билан ейиш мўминга ёт сифат бўлиб, бу ишни Аллоҳ ва охират кунидан умиди бўлмаган кимсаларгина қилади. Охиратда Аллоҳнинг розилигига эришаман, жаннатга кираман, деган банда борки, етимга ғамхўрлик қилади, унга зулм етказишдан сақланади. Агар етимга яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, жуда бўлмаганда унга зулм қилишдан, азият етказишдан эҳтиёт бўлишимиз керак.
Одилхон қори Юнусхон ўғли