1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Оддий инсонларга эътиборли бўл!

19:00 / 03.03.2021 2667 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сизнинг ҳузурингизга Увайс ибн Омир келади

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Ямандан кишилар ҳаж қилгани келишса улардан: «Ичингизда Увайс ибн Омир борми?», дея сўрар эдилар. Улар: «Йўқ» дейишар эди. Кунлар ўтиб Яман аҳлидан бир қанча кишилар яна ҳаж қилгани келишди. Одатларига кўра Умар розияллоҳу анҳу сўрадилар:

-Орангизда Увайс ибн Омир борми?

Улар:

-Мана бу Увайс ибн Омир дейишди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ундан сўрадилар:

-Сен Увайс ибн Омирмисан?

Увайс:

-Ҳа, деди.

-Сен Муроддан, сўнгра Қаронданмисан?

-Ҳа.

-Сен олдин пес касаллиги билан оғриб, сўнгра ундан тузалиб, фақатгина бир дирҳам миқдорида қолганми?

-Ҳа.

-Сенинг онанг бору, сен унга яхшилик қиласанми?

-Ҳа.

-Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган эдим. У зот шундай деган эдилар: «Сизнинг ҳузурингизга Яман аҳли билан бирга Увайс ибн Омир келади. У Муроддан, сўнгра Қарондандир. Унда пес касаллиги бор эди. Ундан тузалиб фақатгина бир дирҳам миқдорида қолган. Унинг онаси бор. У онасига яхшилик қилади. Агар у Аллоҳга қасам ичса Аллоҳ уни бажо қилади. Агар ундан сенга истиғфор айтишини сўрай билсанг ундан истиғфор айтишини сўра».

Мен учун истиғфор айт!

Бас, у Умар розияллоҳу анҳу учун истиғфор айтди.

Умар розияллоҳу анҳу унга:

-Қаерга боришни истайсан, дедилар.

У:

-Куфага, деди.

Умар розияллоҳу анҳу:

-У ернинг омилига мактуб ёзиб берайми, дедилар.

Увайс:

-Заифҳол ва оддий инсонлар ичида бўлишим ва мени одамлар танимаслиги мен учун маҳбуброқдир, деди.

****

Қачон оддий инсонлар билан суҳбат қилсангиз бу қиссани эсланг. Эҳтимол уларнинг ичида ҳеч ким танимайдиган Увайслар бордир. Дуоси ижобат бўлар!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз эътибор бермасдан ўтиб кетадиган шаҳар ободонлиги учун меҳнат қилиб юрганлар ичида шунақалар бордир. Сиз таниган машҳурлар унга ета олишмас?!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз олдидан тез ўтиб кетадиган арзимас нарсалар сотиб ўтирган киши ёки бемор кечалари ўқийдиган намозлари билан сиздан афзалдир. Унинг сизга махфий ибодатлари бордир. Аммо Аллоҳга махфий эмас?!

Қаердан биласиз, эҳтимол сиз назарингизга илмаган ҳайдовчи жаннатдан ўзига жой ҳозирлаб қўйгандир. Унинг акасидан етим болалар қолгандир. У Аллоҳ учун машина ҳайдаб уларни боқиб тарбия қилаётгандир. Эҳтимол у эрталаб ва кечқурун юраги тубидан Аллоҳ учун тиловат қилар, барча инсониятга яхшилик соғинар?!

Шифокорлар, муҳандислар, амалдорлар, машҳурлар ичида Аллоҳнинг дўстлари бўлиши ман қилинмаган. Аммо бу ерда яшириниб ётган фикр инсонларга эътиборсиз бўлмаслигимиз, ташқи кўринишга алданмаслигимиздир. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудек зот ҳар куни Увайсни суриштирар эдилар. Зеро унинг хабарини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам берган эдилар.

Ҳар куни олдидан эътиборсиз ўтиб кетаётганинг оддий инсонларга эътиборли бўл. Инсонлар қадрини ўлчайдиган асбобингни ўзгартир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Мавзуга оид мақолалар
Эрхотиннинг бирбирларига нисбатан бир қатор ҳақлари бўлганидек, қул эгалари ҳам риоя қилишлари керак бўлган бир қанча ҳақлар мавжуд албатта бунга қўл остида давоми...

720 13:34 / 30.10.2025
Нафснинг Аллоҳга етишувидаги кўтарилиш босқичлари1. Нафсул аммора mdash .Ёмонликка кўп ундовчи нафс,..Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп давоми...

5143 15:00 / 09.05.2022
Бу дунё ўзининг ёрқинлиги ва жозибаси билан жуда гўзал ва жимжимадордир. Баъзида биз унга шунчалик даражада берилиб кетамизки, унинг қулига айланиб, Роббимизни давоми...

2775 14:00 / 17.03.2022
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Уйунул ҳикоёт, номли китобида келтиради.Бир саҳрода яшайдиган кишининг эшаги, ити ва хўрози бор эди. Хўроз эрталаб уларни давоми...

4503 09:00 / 04.02.2023