1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Чиройли яшаш санъати

16:00 / 27.02.2021 2341 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар яшаш санъатини қай тарзда амалга оширганларини ҳам қисқача ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Ҳаётнинг барча жабҳаларида бўлгани каби мусулмон халқларнинг чиройли яшаш санъати бўйича муваффақиятларининг асосий сабаби ҳам уларнинг динлари Исломдир. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замонлар ва маконларда инсониятни икки дунё саодатига элтувчи дини Ислом таълимотлари ўзига эътиқод қилувчи ва ихлос билан амал қилувчи инсонларни бу дунё ҳаётида чиройли яшаш санъатидан баҳраманд бўлишларининг асосий омилидир. Келаси сартларда бу борадаги Ислом таълимотлари билан ўта қисқа тарзда танишиб чиқамиз.

Исломда инсоннинг дунё билан алоқаси

Ислом, бошқа динлардан фарқ қилган ҳолда, руҳий ва моддий талабларга ўртача адолат билан қарайди. У, инсонга моддий манфаатлардан ва лаззатлардан тўғри йўл билан фойдаланишни ман қилмайди. Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари руҳий ва моддий манфаатларни бирдек кўришга чақиради.

Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:

 فِيمَا آتَاكَ اللَّهُ الدَّارَ الْآخِرَةَ وَلَا تَنسَ نَصِيبَكَ مِنَ الدُّنْيَا وَأَحْسِن كَمَا أَحْسَنَ اللَّهُ إِلَيْكَ 

«Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил» (77-оят). 

Ислом мусулмонларга турли зийнатлар ва манфаат, лаззат ато қилгувчи нарсалардан оқилона фойдаланишга рухсат берган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади: 

 يَا بَنِي آدَمَ خُذُواْ زِينَتَكُمْ عِندَ كُلِّ مَسْجِدٍ وكُلُواْ وَاشْرَبُواْ وَلاَ تُسْرِفُواْ إِنَّهُ لاَ يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ۝ قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللّهِ الَّتِيَ أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالْطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ قُلْ هِي لِلَّذِينَ آمَنُواْ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ

«Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У зот исроф қилувчиларни севмас. Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт» (31- 32-оятлар). 

Аллоҳ таоло мўминларни бу дунё ва охират нарсаларини қўшиб дуо қилишга йўллаган. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

   فَإِذَا قَضَيْتُم مَّنَاسِكَكُمْ فَاذْكُرُواْ اللّهَ كَذِكْرِكُمْ آبَاءكُمْ أَوْ أَشَدَّ ذِكْرًا فَمِنَ النَّاسِ مَن يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا وَمَا لَهُ فِي الآخِرَةِ مِنْ خَلاَقٍ۝ وِمِنْهُم مَّن يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ۝ أُولَئِكَ لَهُمْ نَصِيبٌ مِّمَّا كَسَبُواْ وَاللّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ۝  

«Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин», дейди. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир»(200–202-оятлар). 

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُحَرِّمُواْ طَيِّبَاتِ مَا أَحَلَّ اللّهُ لَكُمْ وَلاَ تَعْتَدُواْ إِنَّ اللّهَ لاَ يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ۝ وَكُلُواْ مِمَّا رَزَقَكُمُ اللّهُ حَلاَلاً طَيِّبًا وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِيَ أَنتُم بِهِ مُؤْمِنُونَ۝ 

«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг» (87, 88-оятлар). 

Мулоҳаза қилинса, шу оятда Аллоҳ таоло ўзи ҳалол қилган нарсадан одамлар ўзларини олиб қочишини «ҳаддан ошишлик» деб таърифлайди. Бу эса, руҳий ва моддий табиатдаги одил йўлдан четга чиқишлик, демакдир. Қуръон моддий манфаатларни тушунтириб бериб айтадики, Аллоҳ ер юзидаги барча нарсаларни инсон манфаати учун яратгандир. 

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

  الَّذِي خَلَقَ لَكُم مَّا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً

«У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган Зот» (29-оят).

Аллоҳ таоло Жосия сурасида марҳамат қилади:

  وَسَخَّرَ لَكُم مَّا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا مِّنْهُ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآيَاتٍ لَّقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ۝

«Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни – ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят – белгилар бордир» (13-оят). 

Шу икки оятда инсон моддий оламнинг султони эканлигига очиқ-ойдин ишора бор. Бу эса, Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан биридир. Чунки, бу ҳақда 15 асрдан аввал ҳеч ким сўз юритмаган. Инсон дунёдаги кўп нарсаларни ўз манфаати учун бўйсундириб олганини даъво қилаётган бугунги кунда айтишимиз мумкинки, Ислом бу нарсани ҳаммадан олдин кашф қилган ва бу ҳақида кишиларга башорат бериб, уларни олға чорлаган. 

Шу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларки: «Исломда таркидунёчилик йўқ». Чунки, таркидунёчилик салоҳиятли кишиларни ўзидан бошқаларни ўйламайдиган қилиб қўяди. Улар ибодатхоналарда беркиниб олсалар, дунёнинг ишлари салоҳиятсиз, фосиқ, ёмон фикрли кишиларнинг қўлига ўтиб қолади. Ҳақиқатни айтганда, Исломдаги руҳий ва моддий талабларга тенг қарашлик инсон ҳаётига мос ва зарур нарсадир.

Аллоҳ таоло инсонни фақат моддий манфаатлар орқасидан қувадиган ёки фақат руҳий ибодатлар билан машғул бўладиган қилиб яратгани йўқ. Балки, ҳар икки тарафга ҳам ҳожати тушадиган ва ҳар икки тарафни тўғри бошқариб борса, камолга етадиган қилиб яратган. Ҳаддан ташқари руҳий нарсаларга берилиб кетишдан кўра ўртача ҳолатда бўлиш инсон жамиятига мос нарсадир. Бу таълимот фақат Исломда бор, холос. 

Исломнинг бу борадаги таълимотларига амал қилган мусулмонларнинг ҳаёти кўпига мусулмонмас кишиларни, олимларни ҳам қувонтирган. Ўшандай кишилардан бири машҳур шотландиялик олим Уильям Монтгомери Уоттдир. У ўзининг дунёга машҳур “Исломнинг ўрта аср еропасига таъсири” номли китобида, чиройли яшаш санъати сарлавҳиси остида жумладан қуйидагиларни ёзади:

“(Айтиш керакки, Ислом ҳашаматга ружу қўйишни қоралайди. Бироқ бу бобда баён этилган кўпгина фактлар жуда қизиқарлидир).

Испаниядаги араблар қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва фойдали қазилмаларнинг кўплиги ҳеч бўлмаганда бой одамлар учун ҳаёт қувончларини кўпайтириш йўлида фойдаланганлар. Бироқ камбағалроқ табақалар ҳам мамлакатнинг бойликларидан маълум улуш олар эди. Севильядаги Алькасарнинг ёки Гранададаги Альгамбранинг чиройига мафтун бўлган сайёҳ замондошимиз бу қасрларнинг собиқ эгалари қанчалар ҳашаматга бурканганлигини тасаввур ҳам қила олмайди, адабий тадқиқотчилар эса бу фаровон ҳаётнинг намуналарини ўша даврнинг ҳикоя ва шеърларидан топишлари мумкин.

Мусулмон Испаниясида ички бозор учун ҳам, импорт учун ҳам зеб-зийнат ва бошқа ҳашамат ашёлари ишлаб чиқарувчи турли касб-ҳунарлар ривожлангани ажабланарли ҳол эмас. Улар орасида айниқса ажойиб юпқа мовут матолар, каноп ва ипак газламалар бўлиб, уларнинг баъзи намуналари бугунги кунгача сақланиб қолган. Испанияда мўйна саноати ҳам жуда ривожланган бўлиб, улардан либосларнинг бир қисми сифатида ҳам, ташқи қоплама сифатида ҳам фойдаланилар эди. Кулолчилик ҳамда кошин (кафель) ишлаб чиқариш гуркираб ривожланар, бу технологиялар ҳам Шарқдан олиб келинган эди. IX асрнинг иккинчи ярмида Қуртубада биллур ишлаб чиқаришнинг сирлари кашф қилинди. Бу ўлкада мис ва бронзадан нафис идишлар ва турли ҳайкалчалар ясовчи усталар жуда кўп эди. X асрга келиб Қуртуба олтин ва кумушга ишлов бериш ва заргарлик санъати бўйича Византия билан рақобатлаша бошлади. Кўзни қамаштирувчи марварид маржонлар, билакузуклар, сирғалар ва бошқа турфа хил тақинчоқлар ўша давр усталарининг маҳорати ва бадиий савияси нақадар юксак бўлганини кўриш мумкин. Фил суягидан ясалган санъат асарлари ҳақида ҳам худди шу фикрни билдириш мумкин. Ана шундай ҳунармандчилик йўналишларидан бири ёғоч ўймакорлиги бўлиб, бу санъат асарлари садаф ва фил суягидан ясалган нақшлар билан безатилар эди. Терига ишлов бериш ва чарм билан ишлаш бўйича ҳам жуда кўп безак ишлари мавжуд бўлиб, улар орасида китобларга муқова ясаш асосий ўрин эгаллар эди.

Бу гўзал санъат асарларини биз ҳозир мағрибий (мавритан) деб атайдиган ажойиб биноларда учратамиз. Бу бинолар маҳаллий хом ашёлар ва қадимий иберия қурилиш техникалари ёрдамида қурилган. Ҳатто мавритания меъморчилигига хос бўлган тақасимон пештоқнинг шакли ҳам вестготларнинг иморатларидан андоза олинган бўлса керак. Шундай бўлса-да, испан тилидаги кўпгина сўзлар қурилиш техникасига оид кўпгина янгиликлар айнан арабларга хослигидан далолат беради. Ҳатто иморат, уй (alarife, albanil) сўзлари ҳам араб тилидан кириб келган. Улар қаторига alcazar, alcoba, azulejo, azotea, baldosa, zaguan, aldaba, alfeizar, falleba каби сўзларни ҳам киритиш мумкин. Маълумотларга кўра, Испанияга византиялик усталар олиб келинган, бироқ бу ерда барибир Шом меъморчилигининг таъсир кучли, зеро Испанияда мусулмон усталар ҳам ишлашган [Арабларнинг меъморчиликка таъсири ҳақида қуйидаги манбага қаранг: Americo Castro. The Structure of Spanish History, Princeton, 1954, 97 ва кейинги бетлар].

Ҳақиқий фаровон ҳаётни ташкил қилувчи бу унсурларни бир жойлашга жамлашдан аввал жамиятда ёки ҳеч бўлмаганда унинг олий табақаларида ўта нозик таъб шаклланиши лозим эди. Бунда айниқса Шарқнинг Мадинаи мунаввара ва Бағдод каби марказларининг таъсири жуда муҳим бўлган. 

Мусиқа назариясида ҳам, амалиётида ҳам Испания араблари ўзларини тўлақонли намоён этганлар. Севилья чолғу асбоблари ясовчи усталари билан ҳам машҳур эди, лютня, гитара, ребек ва литаврларнинг испан тилидаги номлари ҳам бу асбобларнинг қаердан келганлигини кўрсатиб турибди [лютня сўзи арабча ал-уд сўзидан, гитара сўзи қитор, ребек – рубоб, литавр эса ат-табал сўзларидан келиб чиққан]. Мусиқага оид араб тилидаги бир неча назарий асарлар лотин ва қадимги иврит тилларига таржима қилинган, арабларнинг мусиқий амалиёти Европага катта таъсир кўрсатган, уларнинг чолғу ва ижро услублари менестреллар томонидан кенг оммалаштирилган. Англиядаги ўйинчоқ отлар ва чилдирмалар билан томоша кўрсатадиган моррис раққослари (бу ном moorishмавританча деган сўздан келиб чиққан) ҳам араб менестрелларининг янгича кўринишидир [Араб мусиқасининг таъсири ҳақида Х.Дж.Фармернинг The Legasy of Islam тўпламидаги 356–375-бетларда мақолага ҳамда унинг History of Arabian Music to the XIIth Century асарига қаранг, London, 1929].

Менестрель (французча ménestrel, қадимги лотинча ministerialis — хизматдаги шахс; ингл. minstrel), 1) феодал Франция ва Англия давридаги профессионал қўшиқчи ва созанда, баъзан қиссагўй ва шеърхон, кўпинча айни пайтда шоир ва бастакор (Большая советская энциклопедия).

Биз сўз юритаётган шоҳона ҳаётнинг муҳим жабҳаларидан бири китоблар олами билан танишиш эди. Мусулмонлар қоғоз ишлаб чиқаришни ўрганиб олгач, китобларга эга бўлиш жуда осонлашди...

XII асрда Компостеллага (Испания) зиёрат қилган французлар уйларига ажойибот сифатида бир варақ қоғоз олиб келишган экан, ваҳоланки Сицилиялик Роджер II 1090 йилдаёқ қоғоздан кенг фойдаланган. Қоғоздан фойдаланиш Испания ва Сицилиядан Европанинг бошқа мамлакатларига ҳам тарқалди, бироқ Италия ва Германиядаги қоғоз тегирмонлар фақат XIV асрдагина пайдо бўлди”.

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Христианлар учун муқаддас саналган Тавротда Одам Атога ейиши ман қилинган дарахт илм ва маърифат дарахти эди. Аллоҳ инсонга илму маърифатни раво кўрмагани учун давоми...

2327 11:02 / 06.09.2020
Абу Абдуллоҳ Салмон Форсий ndash .Салмонул хойр, яхши Салмон, .Боҳис аънил ҳақиқа, ҳақиқат изловчи, .Ибн Ислом, Ислом фарзанди, .Соҳибул китабайн, икки китоб соҳиби каби давоми...

2619 17:59 / 30.03.2021
Мусулмон давлатида яшаётган иймонлиИсломли кишилар Аллоҳнинг ер юзидаги халифалари ҳисобланадилар. Улар ер юзида адолат ўрнатиш, зулмни кўтариш, ҳамма ёқда давоми...

2258 17:00 / 13.05.2022
Биз битта калима .Лаа илааҳа иллаллоҳ, калимаси билан бу динни танладик. Битта жаннатни орзу қилмоқдамиз. Бир хил ибодатни адо этмоқдамиз. Қибламиз, амалимиз бир давоми...

1533 15:00 / 18.02.2021