1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Европа: маъишат ва озодалик (иккинчи мақола)

12:09 / 05.10.2020 3194 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эдинбургда ахлатларни деразадан ташлашдан олдин «Gardy Loo» деб қичқиришган. «Қўлингни тийиб тур!» — дея қичқирарди йўловчи ва тезда бу хавфли жойдан узоқлашиш ҳаракатида бўларди. Шу сабабдан ҳанузгача оғзаки тилда ҳожатхонани «loo» деб аташади. 

“Ҳеч қачон тунги ҳожат тувагини у тўлмай туриб бўшатмагин. Агар  кечқурун тўлиб қолса — кўчага ағдар, агар кундузи содир бўлса — боққа тўк, акс ҳолда чордоқдан ё юқори қаватдан пастга ва орқага югуравериб қийналиб кетасан. Ва ҳеч қачон тунги ҳожат тувагини унинг ўзи ичидаги суюқликдан бошқа суюқлик ила чайқамагин, ахир қайси бир ўз қадрини билган қиз бошқа бировнинг бавлига қўл уради” (Ж.Свифт (1667-1745), “оқсочларга ўгитлар”дан). 

Испания қироличаси Изабелла Кастильская (XV асрнинг охири) бутун ҳаёти давомида икки марта – туғилганида ва тўйи куни чўмилганини эътироф этган. Француз қиролларидан бири битлаб кетгани учун ҳалок бўлган. Папа Климент V ичбуруғдан (дизентерия) вафот этган, Папа Климент VII эса қичимадан қийналиб ўлган, қирол Филипп II ни ҳам ғужғон битлар еб битирган деб эслашади. Герцог Норфолк диний эътиқодидан келиб чиқиб ювинишдан бош тортар эди. Унинг танаси йирингли яралар билан қопланиб кетган эди. Шунда хизматкорлар бу ҳазрати олийларининг ўлгудек ичиб, маст бўлиб қолишини кутишган ва пайтдан фойдаланиб, зўрға ювинтириб олишган экан.

Франция қироли Людовик ХIV ҳам ҳаётида икки маротаба ювинган бўлиб, шунда ҳам табибларнинг тавсияси билан чўмилган. Ювиниш монархни шу қадар даҳшатга солган эканки, у энди ҳеч қачон сув ишлатмайман деб қасам ичган экан.

Терма деб аталувчи Рим ҳаммомлари фақат суратлардагина қолган эди. Насроний Европа ҳаммом нималигини билмас эди. Европанинг муҳим кашфиёти бўлган хушбўй атирлар айнан ҳаммом йўқлиги туфайли пайдо бўлган эди. Машҳур француз парфюмериясининг биринчи даражали вазифаси – йиллаб ювилмаган тананинг қўланса ҳидини атирларнинг ўткир ҳиди билан ёпиб юбориш эди.

Дастрўмолчалар дастлаб роҳибларда пайдо бўлган. Баъзи роҳибларни турли саҳройи «авлиё ота»лардан фарқли равишда жуда озода дейиш мумкин эди, чунки 817 йилги Ахен собори уларни ўз кийимларини ювиш ва тоза тутишга буюрган эди. Бурсфельднинг қарорлари роҳиблардан қишда ҳар ойда икки марта, ёзда ҳар ойда бир марта кўйлакларини ювишни талаб қилар эди. Клюни аббатлигида ҳафталик навбатчилар дастрўмолчаларни ҳам ювишарди. Бу рўмолларнинг узунлиги деярли бир метр бўлиб, роҳиблар уларни белларига илиб юришарди. Дастрўмолчалардан фойдаланиш қатъий тартибга солинган эди – бурун ёки оғиздан чиққан нарсаларни оёқ билан полга яхшилаб ишқалаб ташлаш керак эди. Бундан мақсад асаби бўш биродарларнинг кўнглини айнитмаслик эмас (Эйнсхемнинг урф-одатлар тўпламида шундай дейилган), балки ибодат пайтида ўша биродарларнинг кийимларини ифлос қилмаслик эди.

Ана шундай рўмолчалардан бирига келгусида… галстукка айланиб кетиш насиб қилган. Гап шундаки, Людовик XIV ўз жазмани Франсуаза де Бланни ташлаб кетгач, хоним ундан жуда нозик йўл билан ўч олди – унга рўмолча совға қилиб, қирол бу рўмолчани доим тақиб юрмаса, тожидан айрилиб қолишини шипшитиб қўйди. Ирим-сиримларга кўр-кўрона ишонадиган монарх эса рўмолчадан ажралмай қўйди. Қиролнинг киндигигача тушиб турадиган бу лаънати рўмолча овқатланиш пайтида кир бўлиб кетар, қиролнинг ясама сочига илашиб қолар, шўрванинг ичига тушиб кетар ва қирол ҳазрати олийларининг жиғибийрон қилар эди. Бу «янги мода»нинг асл сабабидан бехабар сарой лаганбардорлари эса тезда уни ўзлаштириб, худди шундай рўмол тутадиган бўлишди ва қулайлик учун уни қисқароқ қилиб олишди. Галстукнинг тарихи ана шундай бошланган эди.

Германиялик тарихчи-эпидемиолог профессор Г. Гезернинг «Оммавий касалликлар тарихи» деб номланган икки жилдлик асари рус тилига таржима қилиниб, 1868 йилда Санкт-Петербургда чоп этилган. Профессор Гезер сифилис ва шу каби бошқа касалликларга илк бор эътибор қаратиб, уларни одамларнинг феъл-атворидаги туб ўзгаришларнинг асосий сабаби деб айтган. Масалан, ХVII-XVIII асрлардаги сифилис модаларни белгилаб берган. Гезернинг ёзишича, сифилис туфайли (тўғрироғи, уни симоб билан даволаш туфайли) одамларнинг бошида ва юзида ҳеч қандай соч ёки тук қолмас эди. Шунинг учун жаноблар хонимларга ўзларининг хавфсиз экани ва бундай касали йўқлигини кўрсатиб қўйиш учун соч-соқолларини жуда узун қилиб юрадиган бўлишди. Маълум бир сабабларга кўра узун соч-соқолга эга бўлмаганлар эса ясама соч – парикларни ўйлаб топишди. Жамиятнинг олий табақаларида сифилисга чалинганлар жуда кўп бўлгани учун бу янгилик Европа ва Шимолий Америкада тезгина модага айланиб кетди. Донишмандларнинг суқротона тепакаллиги ҳозирги кунгача ҳурматга сазовор бўлмай қўйди.

Бироқ, бу муаммо фақат жанобларга хос эмас эди – тепакаллик фақат уларда эмас, хонимларда ҳам учрар эди. Табиийки, улардаги тепакаллик донишмандликнинг нишонаси эмас эди. Натижада улар ҳам париклар ёрдамида беркитилди. Европанинг барча тилларида деярли бир хил талаффуз қилинган «парик» сўзидан (французча perruque, итальянча parrucca, немисча perücke ва ҳоказо) ушбу парикларни ясовчиларнинг номи – парикмахер сўзи келиб чиқди. Нафақат севильялик, балки барча сартарошларнинг бозори чаққон бўлиб кетди. Бу касб дунёдаги энг қиммат ҳақ тўланадиган касбга айланди. Бойиб кетган сартарошлар шаробфурушлар билан бир қаторда сердаромад кўчмас мулкларга эга бўла бошладилар.

Оноре де Бальзак навбатдаги романни ёзиш даврида то уни ёзиб битирмагунча ювинмас ва соқолини олмас экан. Унинг айтишича, бу ишни бўшашмаслик учун қиларкан. 

Француз табиби Жером де Мерибел, агар қўлтиқлар “эчки ҳидли қўланса ҳид таратса”, у жойларга атиргул баргини суртишни тавсия қилар эди.  

1786 йили герман шоири Иоганн Гёте Оврупо бўйича сафар қила туриб, Италиядаги меҳмонхоналардан бирида тўхтади. У меҳмонхона мудиридан “ҳожатхона қаерда жойлашган?” деб сўраганида, ҳалиги ходим: “Сизга қулай бўлган ҳар қандай жойда” деган жавобни берган.

“Ўша даврларда одамлар нима билан артинганларини биз ҳалигача билмаймиз”, доктор Мартин Треу, диншунос (Би-би-си, “Насоролик реформацияси ҳожатхонадан бошланди” (Реформация — Ғарбий Европада католик черковига ва папа ҳокимиятига қарши олиб борилган диний тусдаги ижтимоий-сиёсий ҳаракат) 

Марселдаги ахлатларни бевосита шаҳар кўчаларига тўкиш одатини фақатгина 1950 йилга келиб йўқотишга эришилди. 

Баъзи тарихчилар Салоҳиддиннинг аскарлари қандай қилиб насоро лашкаргоҳларини бунча осон топа олишганига ҳайрон қолишарди. Жавоб жуда тез топилди: уларнинг ҳидидан!

Биринчи мақола

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Доктор Саъид анНаҳид АлАховайн университети.Фас шаҳри чинакам исломий шаҳарнинг тимсолидир. Шаҳар энди қурила бошлаган пайтда муайян тартибга кўра ташкил давоми...

2386 13:05 / 26.11.2019
Европанинг илм ва фанда, турли технологияларда ривожланиши ҳамда ютуқларга эришиши турлича тушунилади ва талқин қилинади. Европаликларнинг ўзлари мазкур давоми...

1397 14:29 / 26 июнь
Мусулмонлар ўз динларини маҳкам тутган даврда, Қуръон ва Суннатга амал қилган пайтларида, ушбу ва шунга ўхшаш ҳадисларга ҳам яхши амал қилганлар. Бунинг натижаси давоми...

1678 11:00 / 07.03.2023
Аллоҳ таоло оламни Ислом нури ила мунаввар қилган дастлабки вақтда дунё тиб нима, тиббий маданият нима эканини яхши билмас эди. Асосан турли коҳинлар, бутхона давоми...

2056 12:06 / 24.03.2021