1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Намозни муҳофаза қилиш муҳимлиги

11:42 / 23 октябрь 1659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб, «Сизлар кечқурунлари ва кечалари юриб бориб, иншоаллоҳ, эртага сувга етасизлар», дедилар. Одамлар бир-бирларига қарамай ҳам юриб кетишди.  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ярим кеча бўлгунча юрдилар. Мен ёнларида эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мудроқ босиб, уловларида қийшайиб қолдилар. Мен яқинларига бориб, уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. У зот уловлари устида адл турдилар. Кейин кечанинг кўпи ўтгунча юрдилар. Шунда яна уловларида қийшайиб қолдилар. Уйғотмасдан тўғрилаб қўйдим. У зот уловлари устида адл турдилар. Сўнгра юриб бориб, саҳарнинг охирига етганларида, аввалги икки қийшайишдан ҳам кўпроқ қийшайдилар. Ҳатто йиқилай деб қолдилар. Мен бориб, у зотни тўғрилаб қўйдим. Шунда у зот бошларини кўтардилар ва: «Ким бу?» дедилар. «Абу Қатода», дедим. «Мен билан қачондан бери шу юришингдасан?» дедилар. «Ушбу кеча юришим холос», дедим. «Набийини муҳофаза қилганинг учун Аллоҳ сени муҳофаза қилсин», дедилар. Кейин: «Сенингча, одамлардан қолиб кетдикми?» дедилар. Сўнгра: «Бирортани кўряпсанми?» дедилар. «Анави отлиқни», дедим. Кейин: «Манави бошқа отлиқни ҳам», дедим. Охири ҳаммамиз жам бўлдик. Етти отлиқ эдик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан бурилдилар ва бошларини қўя туриб: «Намозимизни муҳофаза қилинглар», дедилар. Биринчи уйғонган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлдилар. Қуёш елкаларида эди. Шошилиб турдик. Сўнгра у зот: «Мининглар!» дедилар. Уловларни миниб, жўнаб кетдик. Қуёш кўтарилиб бўлганда у зот (уловдан) тушдилар. Кейин обдаста келтиришни сўрадилар. У бироз суви билан менда эди. Шунда ундан енгил таҳорат қилдилар. Унда бироз сув қолди. Сўнгра у зот Абу Қатодага: «Биз учун обдастангни муҳофаза қил, ҳали унга бир гап бўлади», дедилар.

Сўнгра Билол намозга азон айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ракат намоз ўқидилар. Сўнгра бомдодни ўқидилар. Ҳар куни қиладиган ишларини қилдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловга) миндилар. Биз ҳам миндик. Баъзимиз баъзимизга: «Намозимизни ўтказиб юборганимизнинг каффороти нима?» деб шивирлаша бошладик. Сўнгра у зот: «Менда сизларга намуна бор эмасми? Аммо ухлаб қолишда камчилик йўқ. Камчилик бошқа намозининг вақти келгунча намозини ўқимай юрган кишида. Ким ўшани қилса, уни эслаганда ўқиб олсин. Эртасига ўз вақтида ўқисин!» дедилар. Кейин яна: «Одамлар нима қилдилар, деб ўйлайсизлар?» дедилар. Сўнгра: «Эрталаб одамлар Набийларини йўқотиб қўйишди. Абу Бакр ва Умар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ортингизда, сизни қолдириб кетмайдилар», дейишди. Одамлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдингизда», дейишди. Агар Абу Бакр ва Умарга итоат қилсалар, тўғри қилган бўладилар», дедилар.

Кун ёйилганда одамларга етиб бордик. Ҳамма нарса қизиб кетди. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳалок бўлдик, чанқадик», дейишарди. Шунда у зот: «Сизга ҳалокат етмайди. Менга кичик косани беринглар», дедилар. У зот обдастани келтиришни сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуярдилар, Абу Қатода уларга сув тутарди. Одамлар обдастани кўришлари билан ўзларини унга уришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизни яхши тутинг. Ҳаммангиз сероб бўласиз», дедилар. Улар шундай қилишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйиб турдилар, мен сув бериб турдим. Мен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа қолмади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйдилар ва менга: «Ич», дедилар. «Сиз ичмагунингизча мен ичмайман, эй Расулаллоҳ», дедим. «Қавмнинг соқийи охири ичади», дедилар. Шунда мен ичдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ичдилар. Одамлар сувдан роҳатланиб олишди».

Муслим ривоят қилган.

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бир киши .Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ, деб чин қалбдан давоми...

4905 17:49 / 13.05.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорлик пайтларида, то бир ютум сув ичиб бўлса ҳам оғизларини очмагунларича шом давоми...

3223 14:11 / 11.06.2017
5 . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Асрдан олдин тўрт ракъат намоз ўқиган одамни Аллоҳ раҳм қилсин,, дедилар,.Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

2637 09:37 / 31.10.2019
. , . ,. .6098. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бирор набий юборган бўлса, у албатта қўй боққан,, давоми...

1623 10:11 / 21.11.2018