1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ризқ талабида жидду-жаҳд қилиш

05:00 / 02.03.2017 3008 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

 “У (Аллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор – бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида юринглар ва У (Аллоҳ)нинг ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига қайтиш бордир”(Мулк, 15).

Аллоҳ таоло бандалар учун Ерни бўйсундириб, уни хокисор ва сокин қилди. Қаттиқ силкиниб устидаги махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун тоғлар билан мустаҳкамлаб қўйди. Ердан сув чиқариб, анҳор, дарё ва денгизларни яратди. Махлуқотлари фойдаланиши, бандалари зироат ва чорвачиликда манфаат олишлари учун Аллоҳ шундай қилди. Шунингдек, Аллоҳ Ерда турли йўлларни пайдо қилди. Бас, эй инсонлар, Ернинг турли жойларида юринглар, ризқ талабида ҳаракат қилинглар! Унутмангларки, қиёмат кунида дунёда қилиб ўтган ҳар бир амалингиз ҳақида ҳисоб бериш учун Аллоҳнинг даргоҳига қайтасизлар.

Аллоҳ таолонинг Ерни бўйсундириб қўйганини яна қуйидаги мисолларда ҳам кўриш мумкин. У Зот Ерни тошдек қаттиқ қилиб қўймади, балки юриш осон бўлиши учун юмшоқ қилди. Бандалар ерни кавлаб, экин экишлари, бино қуришлари учун майин қилди. Агар ер тош, олтин ёки темир каби бўлганида, ёз фаслида жуда иссиқ, қишда эса ҳаддан ташқари совуқ бўлар эди. Шунингдек, Ер ўликларни ўз бағрига олиб, атроф-муҳитни мусаффо ҳолида сақлайди ва кўплаб касалликлар тарқалишининг олдини олади. Мана шу нарсаларнинг барчаси Ернинг инсон учун бўйсундириб қўйилганини англатади.

Ушбу оятда бандаларни ризқ талабида ҳаракат қилиш, ҳаёт учун, уни обод қилиш учун интилишга тарғиб қилиниб, дангасалик ва ишёқмасликдан қайтарилмоқда.

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини азалда тақдир қилиб белгилаб қўйгани кўп бора айтилди. Махлуқотлар ўша ризққа эришиш учун лозим бўлган сабабларни ишга солишлари, ризқ талабида ҳаракат қилишлари керак бўлади. Бироқ ризқ топишда ёлғиз ҳаракатнинг ўзи кифоя қилмайди. Бунда таваккул ҳам шартдир. Ризқ топиш учун ҳаракат қилиш ва таваккулни бир-бирига мувофиқ нарса деб билиш лозим. Зеро, таваккул қалб иши. Ҳаракат эса аъзоларнинг ишидир. Ризқ топишда, аввал Аллоҳга таваккул қилинади. Яъни, ризқ Аллоҳдан эканига тўлиқ имон келтириб, У Зотнинг ёрдами ва мададига суянган ҳолда, ишларни енгил қилишини сўраб дуо қилинади. Сўнгра ризқ талаб қилишга ўтилади. Бу иккиси асло бир-бирига зид эмас. Бири иккинчисисиз мукаммал бўлмайди. Фақат таваккул қилсаю, интилиш бўлмаса, банда текинхўрга айланиб қолади. Оқибатда қашшоқлашиб, одамлар олдидаги обрўъ-эътиборидан ҳам айрилади. Аксинча, таваккул қилмасаю, фақат ҳаракат қилишнинг ўзи билан чекланса, ризқ топиш фақат ўзимга боғлиқ, ўзимни ўзим боқаман, мана шу касбим орқасидан кун кўраман, деган нотўғри фикрга борса, киши ширк иллати томон қадам ташлаган бўлади. Демак, ризқ топишда таваккул ва ҳаракатни жамлаган ҳолда иш юритиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир.

–Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Албатта, Аллоҳ касб-кор қилувчи мўмин бандани яхши кўради”(Имом Табароний, Ибн Адий,  Ҳаким Термизий ва Байҳақий “Шуъабул иймон”да ривоят қилган).

Банда Аллоҳ таолонинг муҳаббатига лойиқ бўлиши учун, авваламбор унда имон бўлиши керак. Имон барча яхшиликларнинг бошидир. Имон бўлмасаю, бошқа “фазилат”лари бўлса, фойдаси йўқ. Ушбу ҳадисда айтилаётганидек, Аллоҳ таоло ўзига ҳақиқий имон келтирган ва ризқ талабида ҳаракат қилувчи, ҳалол касб-кор билан шуғулланувчи, бировга оғирлиги тушмайдиган, ўзгаларга қарам ва боқиманда бўлиб қолмайдиган бандасини яхши кўрар экан. Бас, биз ҳам ушбу икки фазилат билан сифатланиб, Аллоҳ яхши кўрган бандалар қаторидан жой олайлик!

–Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:“Дангаса тижоратчи маҳрум, шижоатли тижоратчи эса ризқланувчидир”(Қузоъий “Муснадуш шиҳоб”да ривоят қилган).

Ҳадисдаги “маҳрум бўлиш” ризқдан бутунлай ажраб қолишни англатмайди. Зеро, ҳар бир банда ўз имконияти ва лаёқати даражасида иш тутади.

Банданинг ризқ талаб қилишидаги ҳолати – ҳаракатчанглиги ёки дангасалиги унинг ризқи кенг ёки тор бўлишига таъсир қилади. Ҳадисда таъкиланганидек, ишёқмас ва дангаса тижоратчи ризқнинг баракали бўлиши ва кенг ризқдан маҳрум бўлади. У лаёқатсизлиги туфайли ўзига келиши мумкин бўлган кўплаб даромадлардан қуруқ қолади. Ҳаракатчан, уддабурон ва изланувчан тижоратчи эса, аввало нияти ва қалбини соф қилиб, яхшилик касб қилиш учун ҳаракат қилади. Ишларини пухта, мукаммал ва маромига етказиб, ўз вақтида, кўпроқ манфаат берадиган пайтда амалга оширади. Ўша ишининг орқасидан кенг ризққа эга бўлади. Ҳаракатчан бандани Аллоҳ яхши кўради. Унга Ўзи хоҳлаган тарзда кенг, баракали ризқ ва фаровон ҳаёт ато қилади.

Шу нарсани эслатиб ўтиш лозимки, бу ҳадис бутун ҳаётини тирикчилик йўлида бағишлаш ёки дунёга ташна бўлишга эмас, балки ризқ талабида ҳалол йўллар билан ҳаракат қилиш, ўз ишига пишиқ бўлишга тарғиб қилмоқда. Тирикчилик ва касб-корни ташлаб қўйиб ўзгаларга ортиқча “юк” бўлишдан қайтармоқда.


Одилхон қори Юнусхон ўғли



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳеч шубҳа йўқки, гоҳида сен оиланг, дўстларинг, қўшниларинг ёки ҳамкасбларинг билан бирон мажлис, йиғин, тўй ёки дам олишда ўтирсанг ва у ерда хурсандчилик давоми...

2481 09:00 / 19.08.2021
Абдурроҳман ибн Зайд розияллоҳудан ривоят қилинади.Робийъ жумъа куни Алқаманинг олдига кеар эди. Ўшанда мен бўлмасам, менга одам юборишарди. Бир сафар у келса, мен давоми...

3309 05:00 / 03.03.2017
.Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур, Раъд сураси, 28оят..Исмим Мариано давоми...

3746 11:00 / 25.05.2022
Баҳз ибн Ҳакиймдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, дедилар. .Кимга яхшилик қилай, дедим..Онангга,, давоми...

3433 05:00 / 03.03.2017