1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Муқанна ким бўлган? (биринчи мақола)

17:00 / 12.12.2020 7070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги асрларда нашр этилган деярли барча тарих китобларида Муқаннани ўзбек халқининг қаҳрамони, миллий-озодлик ҳаракати йўлбошчиси сифатида талқин этиб келинди. Муаррихлар ёзганидай, у қаҳрамонмиди? Агар бу гаплар тўғри бўлмаса, аслида бу одам ким эди?

Муқанна ҳақида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да жумладан, бундай маълумотлар келтирилган: «Муқанна (тахм. 719, Марв яқинидаги Коза қишлоғи – 783, Шаҳрисабз) Мовароуннаҳрда Араб халифалиги ҳукмронлигига қарши кўтарилган озодлик ҳаракатининг бошлиғи (8-асрнинг 70-80-йиллари)... 59 йилда Хуросон амири Абдулжабборнинг халифага қарши исёнида қатнашгани учун зиндонга ташланган. Бир неча йилдан сўнг зиндондан қочган. 69 йилда Марвга қайтиб келган, шу йилдан умрининг охиригача Мовароуннаҳрда Араб халифалигига қарши кўтарилган халқ ҳаракатига бошчилик қилган (қаранг: Муқанна қўзғолони). У маздакийлик таълимотини тарғиб қилган. Қўзғолон мағлубиятга учрагач, ўзини олов ёниб турган тандир ичига ташлаб, ҳалок бўлган...» («Ўзбекистон миллий энциклопедияси», 6-жилд, 174–175-бетлар).

Энди Муқаннанинг ким экани ҳақидаги бошқа илмий маълумотларга мурожаат қилайлик: холис тарихчиларнинг сўзига қараганда, халифа Муҳаммад Маҳдий ибн Мансур (ҳукмронлиги ҳижрий 158 – 169, милодий 774 – 785) даврида Мовароуннаҳрда Муқанна исмли бир исёнкор бош кўтариб чиқиб, ўзига эргашган кўплаб одамларни ҳақ йўлдан оздирган эди. Бу ҳақда машҳур тарихчи Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий ўзининг «Бухоро тарихи» асарида, Иброҳим ва Муҳаммад ибн Жарир Табарийлар «Ахбори Муқанна» китобларида қуйидаги маълумотларни келтиришади:

«Муқанна Марв атрофидаги Коза деган қишлоқдан бўлиб, номи Ҳошим ибн Ҳаким эди. У илгари кудунгарлик (газламага пардоз бериш) билан шуғулланарди. Кейин илм ўрганишга киришиб, кўзбўямачилик, сеҳргарлик ва тилсим илмларини ўрганди. Кўзбўямачиликни яхши эгаллаб олиб, пайғамбарлик даъвосини ҳам қилди ва уни Маҳдий ибн Мансур ҳижратнинг бир юз олтмиш еттинчи йилида (милодий 783–784) ўлдирди. Муқанна кўзбўямачиликни ўргангач, ғоят зийрак бўлгани учун қадимги олимларнинг бу мавзудаги кўплаб китобларни ўқиган ва жодугарликда бошқаларга устоз ҳам бўлган эди. Унинг отаси Ҳаким Балхдан чиққан бўлиб, Абу Жаъфар Давонақий давридаги Хуросон амирининг лашкарбошиларидан эди.

Ҳошим ибн Ҳакимни Муқанна (ниқобли) дейишларига сабаб шу эдики, у жуда хунук, боши кал ва бир кўзи кўр бўлганидан ҳамиша боши ва юзига кўк матодан ниқоб тутиб юрар эди. Муқанна Аббосийлар даъватчиси Абу Муслим замонида Хуросон лашкарбошиларидан бири эди, У Абдулжаббор Аздийга вазир бўлди ва пайғамбарлик даъвосини қилди, бир қанча вақт шу даъвосида турди. Абу Жаъфар Давонақий одам юбориб, уни Марвдан Бағдодга олдириб келди ва бир неча йил давомида зиндонда тутиб турди. Шундан кейин у зиндондан қутулиб, яна Марвга қайтиб келди ва одамларни йиғиб: «Менинг ким эканимни биласизларми?» деб сўради. Одамлар: «Сен Ҳошим ибн Ҳакимсан», дейишди. У: «Янглишдинглар, мен сизларнинг ва бутун оламнинг худосиман» (наузубиллаҳ), ўзимни қандай ном билан аташни истасам, шундай атайвераман, халққа ўзимни Одам (Ато) суратида, кейин Нуҳ суратида, кейин Иброҳим суратида, кейин Мусо суратида, сўнг Исо суратида, кейин Муҳаммад мустафо суратида, кейин Абу Муслим суратида кўрсатган зотман, энди эса мана ўзингиз кўриб турган кўринишдаман», деди. Одамлар: «Бошқалар пайғамбарлик даъвосини қилган эдилар, сен эса худолик даъвосини қиляпсан», дейишди. Муқанна: «Улар нафсоний эдилар, мен эса руҳонийман ва уларнинг таналари ичида эдим, менда шундай қудрат борки, ўзимни қандай суратда кўрсатишни истасам, шундай суратда кўрсата оламан», деди.

Муқанна ҳар бир вилоятга нома ёзиб, ўзининг даъватчиларига буларни етказишни топширди. Номада қуйидаги гапларни ёзди: «Раҳмли ва меҳрибон тангри номи билан. Саййидлар саййиди Ҳошим ибн Ҳакимдан фалончи ўғли фалончига. Ҳамд худога бўлсин, ундан бошқа худо йўқ. У Одамнинг ҳам, Нуҳ, Иброҳим, Исо, Мусо, Муҳаммад ва Абу Муслимларнинг ҳам худосидир. Сўнгра (сўз шуки), қудрат, эгалик, иззат ва ҳужжат Муқаннаникидир; менга иймон келтиринг ва билингки, подшоҳлик менга хос (лаънаҳуллоҳ), азизлик ва худолик меники, мендан бошқа худо йўқ (наузубиллаҳ), ким менга иймон келтирса, жаннат ўшаники, ким менга иймон келтирмаса, дўзах уникидир».

У ҳали Марвда турган вақтидаёқ ҳар ерга даъватчиларини юборди ва кўп кишиларни йўлдан оздирди. Марвда араблардан Абдуллоҳ ибн Амин исмли бир киши бор эди, у Муқаннага иймон келтирди ва қизини унга хотинликка берди. Ана шу Абдуллоҳ Жайҳундан ўтиб, Нахшаб ва Кеш шаҳарларига келди ва у ерда халқни лаънати Муқаннанинг «дини»га чақириб, кўп кишини йўлдан оздирди. Бундай адашганлар Кеш шаҳри ва унинг қишлоқларида кўпроқ эди. Дастлаб Муқанна «дини»га кирган ва уни юзага чиқарган жой Кешнинг Субах қишлоғи бўлиб, бу ер аҳолисининг улуғи Умар Субахий эди. Субахликлар қўзғолон кўтаришди. Уларнинг амири араблардан покдомон бир киши эди, уни ўлдиришди. Сўғднинг кўпчилик қишлоқлари Муқанна «дини»га кирди. Бухоро қишлоқларидан ҳам кўп кишилар кофир бўлиб, кофирликларини ошкор қилишди. Охири бу фитна ниҳоятда кучайиб, мусулмонлар учун қаттиқ бало бўлди: муқанначилар карвонларнинг йўлини тўсар, қишлоқларни талар ва ҳамма ерда вайронагарчиликлар қилишар эди.

Муқаннанинг Хуросондан Мовароуннаҳрга бориши сабаби бундай эди: Муқанна воқеасининг хабари Хуросонга ёйилгач, Хуросон амири бўлган Ҳумайд ибн Қаҳтаба уни тутишга буюрди. Муқанна эса қишлоғидан қочиб кетиб, турли жойларда беркиниб юрар эди. Охири Мовароуннаҳр вилоятида кўп киши унинг «дини»га киргани ва шу «дин»нинг у ерларда кенг тарқалгани Муқаннага маълум бўлди ва у Жайҳундан ўтишга қасд қилди. Хуросон амири: «Жайҳун дарёси соҳилида уни соқчилар пойлаб туришсин», деб буюрган эди. Муқанна Жайҳун дарёсидан ўтмоқчи бўлса уни тутиб олиш учун юзта отлиқ аскар Жайҳун қирғоғини, юқори ва қуйи томонини мунтазам назорат қилиб турди. Муқанна ўттиз олти киши билан Жайҳун дарёси лабига келиб, ўзлари тайёрлаган солда Жайҳундан ўтди ва Кеш вилоятига борди. Бу вилоят Муқаннага бўйсунди ва халқ унга рағбат қилди. Шу вилоятдаги Сом тоғи тепасида ғоятда мустаҳкам бир ҳисор (қалъа, ўралган жой) бўлиб, унда оқар сув, дарахтлар ва экин ерлари бор эди. Бу ҳисор ичида ундан ҳам мустаҳкамроқ яна бир ҳисор бўлиб, Муқанна уни таъмирлашга буюрди ва уни тузатишди. Муқанна у ерга кўплаб мол-ашёлар ва беҳисоб озиқ-овқат йиғди. Ҳимоя қилишга соқчилар тайинлади. Муқаннанинг издошлари оқ кийим кийгани учун улар «оқ кийимлилар» деган ном олди. Оқ кийимлилар кўпайиб кетди ва мусулмонлар уларга қарши тадбир қўллашдан ожиз қолишди. Бунинг овозаси халифалик пойтахти Бағдодгача етиб борди. Ўша вақтда Маҳдий халифа эди. У бўлаётган фитнадан қаттиқ қайғуриб, Муқаннага қарши курашиш учун катта лашкар юборди ва охири бу фитнани даф қилиш мақсадида ўзи ҳам Найсобурга (Нишопур) келди. Маҳдий ушбу фитна сабабли Ислом дини хароб бўлиши, Муқаннанинг «дини» бутун дунёга тарқалишидан хавфда эди.

Муқанна мажусий туркларни ёрдамга чақирди ҳамда мусулмонларнинг қони ва молини улар учун ҳалол қилиб ҳукм чиқарди. Туркистондан талончилик таъмасида кўп лашкар келди. Улар вилоятларни талар, мусулмонларнинг хотин ва болаларини асир қилиб олар, ўлдиришар эди. Улар дастлаб Бухорода пайдо бўлишди. Муқаннанинг ҳаммаслаклари бўлган оқ кийимлилардан бир гуруҳи Нумижкат деган бир қишлоққа бориб, кечаси масжидга киришди ва муаззин бошлиқ ўн беш кишини ўлдиришди. Сўнгра бутун қишлоқ аҳолисини қатлиом қилишди. Бу воқеа ҳижрий бир юз эллик тўққизинчи йилда (милодий 775–776) содир бўлди. Бу пайтда Бухоро амири Ҳусайн ибн Маоз эди.

Бухоролик Ҳаким ибн Аҳмад, Фузайллик лашкарбошилардан Ҳашвий ва Боғий, Ғиждувондан Гирдаклар Муқанна тарафдорларининг етакчиларидан эди. Учала лашкарбоши ҳам урушқоқ кишилар бўлиб, айёрлик, босқинчилик ва ўғриликда ном чиқаришган эди. Уларнинг қишлоқ аҳолисини қатлиом қилгани хабари шаҳарга етгач, Бухоро аҳолиси тўпланиб амирнинг олдига бориб: «Бу оқ кийимлилар билан албатта жанг қилишимиз керак», деди. Бир юз эллик тўққизинчи йил ражаб ойида (776 йилнинг апрель-майи) Ҳусайн ибн Маоз лашкари билан, Бухоро қозиси Омир ибн Умар ибн Имрон Бухоро аҳолиси билан бирга жангга чиқиб, Наршах (ҳозирги Наржақ) қишлоғига боришди ва оқ кийимлилар қаршисида лашкаргоҳ тузишди.

Шунда Бухоро қозиси: «Биз уларни ҳақ динга чақирамиз, улар билан урушиш биз учун муносиб эмас», деди. Кейин қози яхши тадбиркор одамлар билан бирга уларни ҳақ динга чақириш учун қишлоққа кирди. Оқ кийимлилар: «Биз сизлар айтаётган нарсаларни билмаймиз» деб, кофирликларини кун сайин кучайтиришди ва насиҳатни қабул қилишмади. Шундан кейин кескин жанг бошланиб кетди. Оқ кийимлиларга биринчи ҳамла қилган киши араблардан Наъим ибн Саҳл бўлди. У жасорат билан жанг қилиб, бир қанча одамни ўлдирди ва охири ўзи ҳам ҳалок бўлди. Жангда оқ кийимлилар енгилди, улардан етти юз киши ўлдирилди ва қолганлари қочишга улгуриб қолди.

Эртасига тонг отгач, оқ кийимлилар элчи юбориб мусулмонлардан омонлик сўрашди ва: «Биз мусулмон бўлдик», дейишди. Мусулмонлар улар билан сулҳ тузиб, сулҳнома ёзишди ва уларга бундан буён йўлтўсарлик қилмаслик, мусулмонларни ўлдирмаслик, ўз қишлоқларига тарқалиш, амирларига бўйсуниш шартларини қўйиб, худо ва пайғамбар аҳдини уларга маҳкам юклашди. Шаҳарнинг ҳамма катталари сулҳномага қўл қўйишди.

(Давоми бор)

«Ҳилол» журналининг 12 (21) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлиш учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади.Ана ўшалар расуллардир. Уларнинг давоми...

1870 12:00 / 20.07.2019
Ҳабашистон подшоҳи .Нажоший, деб аталган. Ҳабашистон ажнабий тилларда Эфиопия дейилади. Ҳабашистон дунёдаги энг қадимги давлатлардан ҳисобланади. Пайғамбар давоми...

2431 15:40 / 31.07.2021
Абдуллоҳ ибн Абду Наҳм Музаний исломга киришни ниҳоятда истар эди. Аммо унинг қавми унга босим ўтказиб исломга киришдан ман қилишди. Унинг бу йўлда қаттиқ давоми...

2111 14:00 / 18.06.2022
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоқларида яна ваҳий тушиб қолар, деган умидда Қуръон жамланиб, китоб шаклига келтирилмаган эди. У давоми...

1443 11:11 / 12.11.2023
Аудиолар

120376 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42006 14:35 / 11.08.2021