1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Инсонларнинг қадр-қиммати

05:00 / 03.03.2017 6026 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда инсонларнинг қадр-қиммати Аллоҳ томонидан қандай ўлчаниши ҳақида гап кетмоқда. Аллоҳ таолонинг раҳмат назарига муяссар бўлиш учун нималарга эътибор бериш керагу ва аксинча, нималарга эътибор беришнинг кераги йўқлиги кўрсатилмоқда.

Қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган.

Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган. Бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадр топган. 

Ҳиндиларда олий дийний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган. Қолганларга уларнинг малайлари деб қаралган. 

Худосизлар жамиятида эса, иймонсиз бўлса-да, давлатга кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо.

Шу билан бирга одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Кишининг сурати ва молу мулки ана шу жумлага киради. Ҳар бир инсонда аслида чиройли сурат ва молу дунёга иштиёқ бўлади. Исломий тарбия эса, ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб, одамлар ташқи сурати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади. 

Бу нарса Исломдан олдинги жоҳилият даврида ҳам бор эди, ҳозир ҳам бор. Қадимда одамлар ҳусни-жамоли, кийим-кечаги, туяси, оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланган бўлса, энди улар ҳусни-жамоли, қоматининг кўркамлиги, машҳур ширкатлар чиқарган урфдаги кийимларни кийиши, тўлаган пули, минадиган машинаси, қурган уйи, қилган тўйига қараб баҳоланмоқда. Иккала ҳолатдаги нарсаларнинг номи ва шаклида хилма-хиллик бор, холос, аммо моҳияти ўша-ўша. 

Ислом инсон қадрини бундай ноодил шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси холос. 

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. 

Аллоҳ таоло инсонни ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.

Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирлайди.

Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақийқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли қора танли қул Билол Ҳабаший инсон зоти мушарраф бўлмаган шарафга, яъни, Каъбаи Муаззама устига чиқиб, илоҳий мадҳия – азон айтишга эришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Мадинада қул қилиб сотилган Салмон Форсий розияллоҳу анҳу охирги замон Пайғамбарининг яқин маслаҳатчисига, аҳли байтига айланди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у киши ҳақларида: «Салмон биздан, аҳли байтдандир», деб марҳамат қилдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Рум империясига қарши урушаётган мусулмонлар ўзларининг музокарадаги вакиллари сифатида асли қора қул бўлган Ато розияллоҳу анҳуни танладилар. У кишининг хунук ва занжиликларини кўрган румликларнинг бошлиқлари «Биз бу одамни кўриб, қўрқиб кетаяпмиз, бошқа тузукроқ вакилингиз йўқми?» дейишди. 

Шунда мусулмонлар: «Ичимизда энг тузук ва яхшимиз шу одам. Агар уни кўриб, қўрқаётган бўлсангиз, ишингиз тамом бўлибди. Чунки бизнинг орамизда бунга ўхшаганлар кўп», деб жавоб беришди.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли мусулмон олами Имом Бухорийни ўзининг ҳадисдаги амири деб, у кишининг китобларини Қуръони Каримдан кейинги энг саҳиҳ китоб деб эълон қилди ва ҳозиргача эъзозлаб келмоқда.

Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли Имом Термизий, Имом Насаий, Имом Замахшарий, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва бошқа юзлаб имомларимиз араб бўлмасалар-да, қалблари иймонли, ўзлари солиҳ амалли бўлганликлари учун уларнинг номлари вафотларидан минг йилдан зиёд вақт ўтса ҳам Ислом уммати томонидан эъзозлаб келинмоқда. 

Худди шундай гапларни Ибн Сино, Фаробий, Беруний, ал-Хоразмий, Улуғбек каби кўплаб алломаларимиз ҳақида ҳам айтишимиз мумкин.

Қачонки мусулмонлар инсоннинг қадрини ўлчашда ушбу илоҳий, одил ўлчовни эътибордан четда қолдиришганда ишлари орқага кетди. Бунга тарих шоҳиддир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мусулмонларнинг Андалусиясидан бизга 30 та китоб қолди. Ўша китобларни ўқиб, атомни парчалашга эришдик. Агар биз ёқиб юборган ана ўша буюк Ислом цивилизациясига давоми...

1911 21:11 / 16.11.2022
Келинг, сиз айтадиган умр саноқли йилларга тенгrdquo деган тенг қийматли иборанинг икки томонининг бирини бироз ўзгартирамиз ва ҳаётийлик, ҳаётий кучининг давоми...

3718 16:50 / 14.02.2018
Ато ибн Ясордан ривоят қилинади.Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссни кўриб қолиб .Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Тавротдаги сифатларини айтиб беринг,, ndash давоми...

3027 05:00 / 03.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан давоми...

35069 05:00 / 02.03.2017