1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Муслиманинг ҳуқуқ ва бурчлари

12:30 / 08.03.2019 4063 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини бошқа дин ва мафкуралар сингари аёл кишининг шаънини, қадр-қимматини ерга урмади, аксинча, уни комил инсон деб эълон қилди.  Қуръон каримга асосан эркак ва аёл Аллоҳ олдида баробардир.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. (Ҳасад қилиш ўрнига) Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир” (Нисо, 32). 

Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни баркамол адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир” (Тавба, 71). 

Яна бир оятда “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир” (Бақара, 228) дейилади. 

Юқоридаги оятлардан кўриниб турибдики, аёл киши ҳам эркаклардек мукаммал инсон. Ислом дини аёлларни комил инсон деб эълон қилиши билан бир қаторда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берди. Ислом аёлга бошқа ҳеч бир дин ва ҳеч бир мафкуралар бермаган ҳуқуқларни берди. Қуръони каримда “эркаклар” деган сура йўқ, лекин “аёллар” деган маънони англатувчи “Нисо” сураси бор. Бу ҳам динимизнинг аёлларга қанчалик аҳамият берганидан далолатдир. Динимизда муслима аёлнинг қуйидаги ҳуқуқлари бор: 

1.    Илм олиш ҳуқуқи. 

Муслима аёл нафақат илм олиш ҳуқуқига эга, балки у билим олишга мажбурдир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм излаш ҳар бир мусулмон ва муслима учун фарздир”, - дея таъкидлаганлар.

2.    Аёлнинг меросдаги ҳаққи. 

Исломда  аёл кишининг ота-онасидан мерос олиши белгилаб қўйилган. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ фарзандларингизга (мерос тақсимида) бир ўғил учун икки қиз улуши баробарида (беришни) буюради. Агар (меросхўрлар) иккидан ортиқ аёл бўлса, уларга (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси, агар якка қиз бўлса, унга (мероснинг) ярми (берилур)” (Нисо, 11). 

Қиз фарзандларнинг ярим улуш олиши зоҳиран адолатсизликдек туюлади. Аммо барча нафақалар эркак зиммасида экани ва аёл киши шаръан барча нафақалардан озод экани назарга олинса, унинг нақадар ҳикматли тақсим экани маълум бўлади. 

Исломда  аёл кишининг фарзандларидан ҳам мерос олиши белгилаб қўйилган. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агар (марҳумнинг) фарзанди бўлса, ота-онасининг ҳар бирига қолдирган нарса (мерос)нинг олтидан бири (берилур). Агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бир (мерос) тегур. Агар (марҳумнинг) ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир (ҳисса) тегур. (Бу тақсимотлар марҳумнинг) қилган васияти ёки қарзи (адо этилган)дан сўнг (ижро этилур). Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизлар учун манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди. Албатта, Аллоҳ билимдон ва ҳаким зотдир” (Нисо, 11). 

Исломда  аёл кишининг эридан мерос олиши ҳам белгилаб қўйилган. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У (хотин)ларга сизлар қолдирган (мерос)дан – агар фарзандларингиз бўлмаса – тўртдан бир (ҳисса) тегур. Агар фарзандингиз бўлса, уларга сиз қолдирган (мерос)нинг саккиздан бири тегур. (Бу тақсимот) сизлар қилган васият ёки қарз (адоси)дан кейин (ижро этилур)” (Нисо, 12). 

Аёл кишининг сингил сифатида ҳам мерос олиши белгиланган. 

Аллоҳ таоло айтади: “Агар (вафот этган) эркак ёки аёлнинг ота-онаси ҳам, фарзандлари ҳам бўлмай, (балки она томонидан) битта ака ёки укаси ёхуд опа ёки синглиси қолган бўлса, уларнинг икковидан ҳар бирига олтидан бир (ҳисса тегур). Агар (улар) бундан (биттадан) ортиқ бўлсалар, улар (мероснинг) учдан бир (ҳиссаси)да тенг шерик бўлурлар. (Бу тақсимот меросхўрларга) зарар етказилмасдан қилинган васият ёки қарз (адоси)дан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан (ижро этилур). Аллоҳ билимдон ва ҳалим зотдир” (Нисо, 12). 

3.  Муслиманинг маҳр ҳаққи. 

Бу маҳр аёлнинг меросдан тегадиган улуши каби шахсий мулки ҳисобланади ва ҳеч ким унга дахл қилишга ҳаққи йўқ. 

4. Муслима аёл ўзининг мустақил даромад манбаига эга бўлиш ва маблағини ўз ихтиёрича сарфлаш ҳуқуқига эга.
5. Исломда аёл эр танлаш ҳуқуқига эга. 

Динимиз қизни ўзининг розилигисиз эрга беришни ман қилади. Қизнинг розилигисиз тузилган никоҳ, шариатга кўра, ноқонуний, бекор саналади. 

6. Исломда аёл меҳнат қилиш ҳуқуқига эга. 

Бироқ ишлашга мажбур эмас. Чунки, Исломга мувофиқ, фақат эр хотинини ва фарзандларини барча зарур нарсалар: уй-жой, озиқ-овқат, кийим-бош билан таъминлаши шарт. Энг қизиқарли жиҳати шундаки, мусулмон олимлар фикрига кўра, аёл киши ҳатто кир ювишми, тозалаш ишларими, овқат пишириш бўладими – умуман уй ишларини қилишга ҳам мажбур эмас. Бу агар ўзи рози бўлса, хотиннинг ихтиёрий хизмати бўлади. Рози бўлмаса, эр хизматчи аёл ёллаши лозим бўлади. 

7. Исломда аёл киши ажрашиш ҳуқуқига эга. 

Динимизда аёл киши эрининг зулмларига бардош беришга мажбур эмас. Ҳар қандай моддий ёки маънавий зарар аёл кишига суд орқали бериладиган ажрашиш учун етарли асос ҳисобланади.

Шуни қайд этамизки, ажрашиш мусулмон киши учун катта моддий харажатларни келтириб чиқаради. Эр фарзандларини тўлиқ таъминлаши, собиқ хотинига уларнинг тарбияси учун ва маълум муддатгача боқиши учун пул тўлаши, уй ижараси ҳаққини тўлаши шарт. Эр никоҳнинг сақланиб қолишидан моддий ва маънавий жиҳатдан манфаатдор. Ислом дунёсининг мустаҳкам оила занжирлари билан донг таратгани бежиз эмас.

8. Муслима аёл барча ижтимоий, сиёсий соҳаларда ва давлат сиёсатининг барча даражаларида тўлиқ овоз бериш, сайловларда қатнашиш ҳуқуқига эга. 

Қолаверса, ислом дини аёлларнинг ҳуқуқлари билан бир қаторда бурч ва вазифаларини ҳам белгилаб берган. Қуйидаги ҳадис сўзимизнинг исботидир: “Аёл киши эрининг уйида қаровчи, ушбу қаровчилигига жавобгардир”. Бухорий ва Муслим ривояти. 

Унинг вазифалари сифатида қуйидагиларни келтириб ўтиш мумкин: эри рухсат бергандан бошқаларни унинг уйига киритмаслик, эрининг уйидан  унинг рухсатисиз ва шаръий узрсиз чиқмаслик, эрининг уйидаги нарсалардан бирортасини унинг рухсатисиз бериб юбормаслик ёки садақа қилмаслик ва ҳоказолар. 

Аёл киши учун белгилаб қўйилган мажбуриятларнинг барчаси унинг қадрини, обрўсини кўтариш, шаъни қадрсизланишининг олдини олиш учун жорий этилган. Ушбу қисқа таҳлил натижасида Исломнинг аёл киши ҳуқуқларини қанчалик ҳимоя қилиши равшан бўлади. Бу ҳуқуқларни ҳар бир мусулмон билиши лозим. Ўзини мусулмон деб ҳисобловчи, лекин аёл кишига ёмон муносабатда бўлувчи киши Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини ёдга олсин: “Аёл кишини фақат яхши хулқ эгасигина хурмат қилади ва фақат пасткаш одамгина таҳқирлайди!”  


Таржимон
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид ойи кириб келиши билан мухлис мўминмусулмонларда Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббат, шавқ ва туйғулар ўзўзидан қайта жонланади. давоми...

2842 17:16 / 28.09.2022
Абу Атийянинг ўғли Ҳаммод ибн Саид айтади .Отам Абу Атийянинг ўлими яқинлашганда бир оз бетоқат бўлдилар. У кишига .Ўлимдан қўрқяпсизми, дейишди. Отам шундай жавоб давоми...

3003 07:30 / 10.04.2019
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳи алайҳи катта бир йиғинда ўтирсалар, маҳмадона ҳожи акалардан бири .Ҳазрат, деб гап бошлабди..Мен бир саволни давоми...

8542 12:30 / 15.04.2021
Бир овчи чумчуққа тузоқ қўйди. Бир чумчуқни тутди. Овланган чумчуқ тилга кириб дедикиndash Эй овчи сен шу вақтгача қўйлар, сигирларни единг. Улар билан тўймадинг. давоми...

3657 20:09 / 02.12.2018
Аудиолар

135094 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55373 14:35 / 11.08.2021