1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ота-оналарнинг фарзандлар олдида виқор билан туриши

05:00 / 03.03.2017 3374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, фарзанд тарбиясида ота-она ибрат мактаби бўлиши билан бирга, уларнинг кўзига виқорли бўлиб кўриниши керак. Агар ота-она фарзандининг кўзига виқорли бўлиб кўринмаса тарбиядан кутилган самарани олиш қийин. Фарзандлар ота-оналарининг меҳрини, ғамхўрлигини сезиши билан бир қаторда, улардаги ҳайбатни ҳам доимо сезиб туриши лозим.

Эй ота! Сиз ўғил-қизларингиз олдида уларнинг онасини, яъни аёлингизни ҳақорат қилманг! Агар аёлингизга тўғри йўлни кўрсатмоқчи бўлсангиз, бу ишни ўзаро амалга оширинг. Токи, онанинг фарзандлари олдидаги улуғлиги пасайиб, ҳайбати йўқолиб кетмасин. Агар ҳайбати йўқолса, сиз йўғингизда болаларингиз унга итоат қилмай қўйишади.  Натижада эса, сиз уйда бўлмаган пайтингизда уйингизда одоб, тартиб-интизом йўқолади.

Қолаверса, аёлингизга болаларингиз олдида танбеҳ бермаслигингиз унинг обрўсини сақлашингиз, айбларини фарзандларингиздан яширишингиздир. Шунинг учун аёлингизни бирор айби учун жазоламоқчи ёки насиҳат қилмоқчи бўлсангиз бу ишни иккалангиз ёлғиз бўлган пайингизда қилинг. Фарзандларингиз бундан асло хабар топмасин. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ у бандасининг дунё ва охиратдаги айбларини яширади”. Муслим ривояти.

Гоҳида фарзанд бир хатони содир этса, онаси унга тарбия бериб, қилган хатосини такрорламаслик борасида насиҳат қилаётган бўлса ёки фарзандини айби учун урушаётган бўлса, бундан бехабар ота келасолиб, болаларининг олдида хотинини “Нега болаларни урушяпсан?” дея ҳақорат қила бошлайди. Бу иш ҳалиги хато қилган болада акс таъсир кўрсатиб, яна хато қилишга журъатли қилиб қўяди. Натижада, онанинг боласи олдидаги ҳурмати аста-секин йўқолиб боради. Шунинг учун аёлингизни боласини олдида урушманг. Балки, ўзингиз аёлингиз билан ёлғиз бўлганингизда унга “Агар фалон ўғлимиз ёки қизимиз хато қилиб қўйса, биринчи сафар уни кечир ва ўзини ўнглаб олиши учун унга имкон бер. Агар у ўша хатосини иккинчи марта такрорласа, унда урушгин, мен ҳам ёнингда туриб унга танбеҳ бераман” деб айтишингиз мумкин.

Бундан ташқари агар сиз аёлингизни болалари олдида койисангиз, бу ишингиз фарзандларингизга турлича таъсир кўрсатади. Уларнинг баъзиси  онасининг сўзига кирмайдиган бўлиб қолса, баъзиси сиздан қаттиқ хафа бўлиши, сизни ёмон кўриб қолиши, сизга нисбатан қалбида нафрат уйғониши мумкин. Баъзилари эса, хато қилганда онаси урушса, онасига “Дадам келса сизнинг урушганингизни айтиб бераман, у ҳам сизни урушади” деб айтадиган бўлиб қолади. Бундай фарзандлар яшайдиган уй эса, дунёдаги дўзахнинг ўзгинаси бўлади қолади.

Эй она! Сиз ҳам эрингизга, нафақат фарзандларингизнинг олдида, балки, эр-хотин холи қолган пайтингизда ҳам итоатсизлик қилманг, унинг фикрларига тескари фикр айтманг! Агар шундай қилсангиз фарзандларингиз, айниқса, қизларингиз сиздан ушбу “хислат”ни ўрганишади. Келажакда бирор хонадонга келин бўлиб боришганда эрларига худди сиздан ўрганганларидек итоатсизлик қилишади, уларнинг фикрларига тескари фикр айтишади. Натижада, сизнинг эрингиз билан ўтказаётган ҳаётингиз, қизларингизнинг эрлари билан ўтказаётган ҳаётлари зиндонга айланади.

Эҳтимол, эрингиз сизнинг итоатсизликларингизга бардош бериб, сабр қилар, аммо қизларингизнинг эрлари уларнинг сиздан ўрганган итоатсизликларини кўтара олмас, сабри етмас. Бунинг натижасида ё қизингиз эридан калтак ейди, ёки эридан талоғини олиб, ҳаёти бузилиб, ёнингизга қайтиб келади. Албатта, қизингизнинг ҳаёти бузилиб, ёнингизга қайтиб келиши сизнинг эрингизга қилган итоатсизликларингиз ва саркашлигингизнинг мевасидир.

Эрига итоатсиз хотиндан Аллоҳ ҳам, Унинг Расули ҳам рози бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо, 34).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳам бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: “Агар инсонни инсонга сажда қилишга буюрганимда эди, аёлни ўз эрига сажда қилишга буюрардим”. Термизий ривояти.

Эй она! Сиз қизларингизга эрига итоатсизлик қилишни эмас, аксинча, итоат қилишни, Аллоҳнинг розилиги эрининг розилигида эканини англатишингиз лозим. Бундан ташқари қизларингизга иймонни, Қуръонни, намозни ва аёлларга тегишли бўлган барча диний (эри билан яқинлик қилиш одоблари, ҳайз, нифос, истиҳоза илмлари) ва дунёвий (рўзғор тутиш, уй ишларини бекаму кўст бажариш ва ҳоказо) масалаларни ўргатишингиз лозим ва лобуддир.

Аллоҳ барчамизни фарзандларимизнинг олдида ҳам, бошқа пайтларда ҳам ҳайбатли ва виқорли туришимизни, фарзандларимизга фақат дунёю охират яхшиликларини ўргатишимизни насиб қилсин! Омин! 

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Билинг Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга давоми...

6111 05:00 / 03.03.2017
316. Абу Дардодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Лаънатловчилар қиёмат куни гувоҳ ҳам, шафоатчи ҳам бўла олмайдилар,, дедилар,. Шарҳ Қиёмат куни давоми...

4354 19:01 / 11.08.2017
Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб олингани арабчада .Базоъа, дейилади. У луғатда тилдаги рост бўлса ҳам аччиқ ва бешарм гапдир.Уламолар уни қуйидагича давоми...

6243 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир,, деган Наҳл, 105.Бу ояти каримада давоми...

4346 05:00 / 03.03.2017