1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Одамохунлик мўминга хос сифат

05:00 / 03.03.2017 2933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўмин (одамлар билан) эл бўладиган кишидир. Киришиб кета олмайдиган ва эл бўлмайдиган одамда яхшилик йўқ” (Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий, Табароний ва Баззор ривояти. Ривоят санади ҳасан).


Ушбу ривоятда мусулмон бандалар ён-атрофдагилар билан самимий муомала қилиш ва муроса йўлини танлашга тарғиб қилинмоқда. Бунинг учун банда Аллоҳдан доим яхшилик тилаши, қалбини пок сақлаб, одамлардан яхши гумон қилиши талаб этилади. Одатда бундай одам камтар, хушмуомала ва ақлли бўлади. У ҳамма билан тил топишиб кета олади. Бундай инсон кишилар томонидан “одамшинаванда”, “одамохун”, “очиқкўнгил”, дея яхши сифатлар билан эсланади.

Ривоятда айтилган сифат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда мужассам эди. У зот олийжаноб, қалби кенг, жавонмард, очиқкўнгил, хушмуомала, бир сўз билан айтганда, ҳамма ҳавас қиладиган инсон эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бир марта суҳбатлашган одам у зот билан яна ва яна суҳбатлашиш илинжида бўларди.

Юқоридаги ҳадисга амал қилиш орқали банда бошқалар билан тил топишиб кетадиган, киришимли, дўстлик ва яхшилик қадрига етадиган инсонга айланади. Унда кибр, димоғдорлик, ўзини ҳаммадан билағон ва катта тутиш иллатлари секин-аста барҳам топади. Энг муҳими, у биродарларининг камчиликларидан ҳадеб нолийвермайди. Уларда баъзи хато-камчиликларни кўрса, уни яширади. Албатта, тузатилиши лозим бўлган, динимизга зарари тегадиган нуқсонлар бундан мустасно. Шу ўринда биродарининг хатосини ёлғиз ўзига айтиб, уни тузатиш лозимлиги, кўпчилик орасида кишилар айбини айтмаслик кераклиги динимиз талаби эканини унутмаслик лозим.

Баъзи одамлар жамоат орасига кирганда, одамлар билан қандай муомала қилишни билмагани боис кўпчилик билан тил топишиб кетолмайди. Устига-устак бунда у ўзини эмас, бошқаларни айбдор деб билади. Жамоат билан чиқиша олмаслигига ўзининг билағонлиги ва одамларнинг ҳеч нарсани тушунмаслигини сабаб қилади. Бундай ношуд кимсанинг гапига одамлар унамасалар, у ўзининг хато-камчиликлари ҳақида ўйлаб кўрмайди-да, ўзидан бошқа барчани айблашга тушади. Бундай кимса зарда билан кимдандир хафа бўлган ҳолда гапиради. Бу ҳолатнинг асл сабаби кибр ва ўз нафсидан мағрурланишдир. Кибри осмонда ва нафсига бино қўйганлар оддий ва содда нарсаларни қабул қилмайди. Кишилар билан чиқишиб кета олмасликнинг сабабларидан бири ҳам шу.

Қуйидаги ҳадисда юқоридаги ривоятда айтилганлар яна бир бор таъкидланиши билан бир қаторда мўмин бандага хос энг муҳим сифат зикр қилинади.


Абу Саид Худрий розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Мўминларнинг имони энг комили ахлоқи чиройли бўлгани ва юмшоқ табиатлигидир. Улар (одамлар билан) чиқишиб кета оладилар ва дўст тутинадилар. Одамлар билан чиқиша олмайдиган ва эл бўлмайдиганларда яхшилик йўқ” (Табароний ривояти. Ривоят санади ҳасан). 

Бу ривоятда ҳам одамохунлик, юмшоқ табиатли бўлиш, каттами, кичикми одамлар билан бирдек яхши муомала қилиш мўминга хос сифат экани, имони комил мўмин мазкур хислат эгаси бўлиши лозимлиги таъкидланмоқда.

Одамлар билан чиқишиб кетолмасликнинг сабабларидан бири ўзини ўйлашдир. Худбин киши ҳеч кимга дўст бўлмайди. Унинг “дўстлиги” вақтинча бўлиб, у ўткинчи манфаат устига қурилган бўлади. Манфаатлари тугаганда унинг “дўстлиги” ҳам поёнига етади. У атрофдагиларга паст назар, шубҳа кўзи билан қарайди. Бундай одам фақат ўзига ўхшаган худбин ва димоғдорлар билан тил топишиб кетиши мумкин. Бундай кимсалар ёмонлик йўлида ҳамкорлик қиладилар, ўз фикр ва қарашларини бошқаларга ҳам сингдирмоқчи, ўзгаларни ҳам ўзларига ўхшатмоқчи бўладилар. Аммо эзгулик ва яхшилик қабиҳлик ва разолат устидан доим ғолиб чиқади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, одамлар билан яхши муомала қилиш, улар билан чиқишиб кетиш, одамохунлик, дўстлик қадрини билиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва чин мўминлик белгисидир. Совуқ табиатлилик, худбинлик, димоғдорлик ва ёввойилик ҳайвонларга хос сифатдир. Одамларга қўшилмаслик, улардан ёмон гумон қилиш, ўзини кўпчиликдан устун қўйиш, ҳеч кимга манфаат етказишни ўйламай, туну кун фақат ўзи ҳақида қайғуриш мўмин бандага ёт сифатлардан эканини ҳеч биримиз унутмаслигимиз керак.


Одилхон Юнусхон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо алайҳисаломга саловот айтишга Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда амр этгандир.Аллоҳ таоло .Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари давоми...

9545 05:00 / 03.03.2017
Юқорида зикр қилинган маънолардан ким бўлишидан қатъи назар, банда бир кун келиб кексайиши борлигини билиб олдик. Аммо кексайиш билан кексайишнинг орасида фарқ давоми...

4070 17:56 / 06.04.2017
Унинг тиллодан бўлиши ҳаром, кумушдан бўлиши мустаҳабБу фаслда эркак кишиларнинг узуги ҳақида сўз кетади. Аёлларга тилло узук ва бошқа тилло тақинчоқлар ҳалол давоми...

6504 05:00 / 03.03.2017
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қилинадиган амалларнинг энг яхшиси қайси, деб сўралди. .Аллоҳга иймон давоми...

3040 05:00 / 03.03.2017