1447 йил 3 шаъбон | 2026 йил 22 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Самоҳат

13:00 / 15.11.2021 2347 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир ароқ ичган кишини олиб келишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дарра уришни буюрдилар. Саҳобалар ароқ ичган кишига жазо ўлароқ уни дарралашди. У кетгач саҳобалардан бири унинг ортидан «Аллоҳ сени хор қилсин», деди. Буни эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай деманглар. Биродарингизнинг зарарига шайтонга ёрдамчи бўлманглар. Аксинча, «Аллоҳим уни мағфират қилгин, унга раҳм қилгин» денглар», дедилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг гўзал хулқли бир дўстлари бор эди. Шом фатҳ қилинганидан сўнг у Шомга борди. Сўнгра унинг аҳволи ўзгариб ароқхўр бўлиб қолди. Шайтон унга амалларини чиройли кўрсатди. У ароқхўрлик билан танилди.

Иттифоқо Мадинага Шомдан бир киши Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келди. Умар розияллоҳу анҳу ундан Шомдаги аҳвол, ишларнинг кетиши ва кишиларнинг аҳволи ҳақида сўрадилар. Шу жумладан ҳалиги дўстлари ҳақида ҳам сўрадилар. Келган киши: «У шайтоннинг биродари-ку! Катта гуноҳлар қилиб юрибди. Ароқхўр бўлиб қолган», деди.

Умар розияллоҳу анҳу дарров унга мактуб ёздилар:

«Умар ибн Хаттобдан фалончига. Аллоҳга ҳамд айтаман. У гуноҳларни мағфират қилувчидир, тавбаларни қабул қилувчидир, Унинг азоби қаттиқдир, У қудратли Зотдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ, қайтиш Унгадир».

Сўнгра асҳобларига қараб:

«Биродарингиз ҳаққида дуода бўлинг. Қалби билан қабул қилсин. Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилсин!», дедилар.

Умар розияллоҳу анҳунинг мактублари унга етиб боргач мактубни такрор-такрор ўқиди:

«У гуноҳларни мағфират қилувчидир, тавбаларни қабул қилувчидир, Унинг азоби қаттиқдир! Умар мени Аллоҳнинг азобидан огоҳлантирибди, Унинг мағфиратли эканини айтибди».

У бу гапни йиғлаб-йиғлаб кўп такрорлади. Сўнгра тавба қилди. Унинг тавбаси чиройли бўлди.

Бу гап Умар розияллоҳу анҳуга етиб борганида асҳобларига дедилар:

«Сизлар ана шундай қилинглар. Биродарингизнинг тойилганини кўрсангиз уни тўғрилаб қўйинг. Аллоҳдан унинг тавбасини қабул қилишини сўранг. Биродарингизнинг зиддига шайтонга ёрдамчи бўлманг».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай бағрикенг шариатни олиб келганлар. Унда шафқат, юмшоқлик, раҳмат бор. Унда кишиларнинг қўлидан тутиш бор. Кишилар билан Аллоҳнинг ўртасига тушиб олиш шариатда йўқ.

Аллоҳ таоло пайғамбарларини осий бандаларига жўнатди. Агар улар иймонли бўлиб исён қилмасдан юришганда асло пайғамбар юбормас эди. Аллоҳ пайғамбарларининг қалбини халққа нисбатан раҳматга тўлдириб юборди. Улар бирор киши Ҳаққа қайтса унинг ҳидоятидан ниҳоятда хурсанд бўлишар, агар бирор киши залолатга кетса ва шу залолатида вафот қилса унга ниҳоятда ачинишар эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир яҳудийни зиёрат қилгани бордилар. Унинг ўғли бемор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўғлига исломни арз қилдилар. Отаси ўғлига қараб: «Абул Қосимга итоат қил», деди. Унинг ўғли мусулмон бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб кетаётиб: «Буни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин!», дедилар.

Дўстимиз адашганда унинг қўлидан тутиб: «Бу «сен» эмассан. Мен билган «сен» Аллоҳга итоат қилади. Унинг йўлидан юради», дейлик. Агар Аллоҳга қайтса ҳамд айтайлик. Агар ҳидоят топмаса дўстимизга нисбатан вазифамизни адо қилган бўламиз. Ана шунда биз маъзур бўламиз.

Таҳажжудга турганимизда «Аллоҳим! Фалончи менинг дўстим. У адашти. Уни Ўзингга қайтар!», деб дуолар қилайлик!

Абдулқодир Полвонов тайёрлади

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Кўрфаз давлатларидан бирида йигирма йилдан кўпроқ масжидда имомлик қилиб, ватанига, Мисрдаги кичик қишлоғига қайтишга қарор қилди.Қишлоққа келиб Аллоҳ насиб давоми...

2755 11:00 / 25.01.2022
Мусулмонлар ибодат учун масжидларга тўпланишади. Намозларни масжидларда жамоат билан адо этиш динимиз талабларидан биридир. Зотан, жамоат намозининг савоби давоми...

3767 05:00 / 04.03.2017
Собиқ ҳиндуий, брахман Муҳаммад Умар Раонинг ҳидоят қиссаси Мусулмонларга нисбатан бўлган кучли адовати сабаб, Муҳаммад Қуръони Каримни Исломни рад этиш давоми...

3244 17:00 / 17.06.2022
118. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор каshyлима айтадиган бўлсалар, тушунарли бўлиши учун уни уч марта қайтарар давоми...

4453 18:25 / 26.07.2017