1446 йил 23 жумадис сони | 2024 йил 25 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Фаҳшдан четланиш учун ёмонликка буюрувчи нафсга қарши уруш очишдир (йигирма иккинчи мақола)

15:05 / 16.11.2020 2011 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон, фариштадан нафси борлиги ила фарқланади, ҳайвондан эса ақли борлиги ила фарқланади. Ҳайвон ўз нафсини жиловлай олмайди инсон эса ўз ақли ила ўз нафсини жиловлаши ва Аллоҳ кўрсатмаларига асосан нафсини қондириши керак. Нафсни қондиришда ҳеч қандай ёмонлик йўқ. Лекин ўша нафсни Аллоҳ қайтарган нарсалар ила қондириш катта ёмонликлар сабабчисидир. Нафс табиатан ўз эгасини уни қондиришга ундайди. Нафс ҳалол ва ҳаромни фарқига бормайди. У қонса бўлди, бошқаси билан иши йўқ. Мўмин банда эса ўз нафсини фақатгина Ислом чегараларида турган ҳолда қондиради.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Ва нафс билан ва унинг бекаму-кўст қилиб яратилиши билан қасам. Бас, у(нафс)га фужурини ва тақвосини билдирди. Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришади. Ва батаҳқиқ, ким у(нафс)ни кирласа, ноумид бўлади». (Шамс сураси, 7‑10‑оятлар).

У Зот яна: «Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир» деб марҳамат қилган. (Назиат сураси, 40, 41‑оятлар).

Нафснинг ёмонликка буюришига кўпгина бандалар алданиб қоладилар. Нафсга қарши туриш учун аввало Аллоҳнинг ёрдами ва раҳмати кейин кучли ирода керак бўлади.

Юсуф алайҳиссаломни ўзи билан зино қилишга ундаган, кейин тавба қилган аёлнинг қуйидаги сўзлари Қуръонда келган: «У: «Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир», деди». (Юсуф сураси, 53‑оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини нафсни тергашга, уни тарбиялашга ва ёмонликлардан поклашга доимо ундаб келганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида қуйидагича марҳамат қилганлар: «Зийрак ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейингини кўзлаб амал қилган инсондир. Ожиз нафсини ўз ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан турли нарсаларни орзу қилган инсондир».

Термизий ривояти.

Нафс фаҳшга буюрганда, шаҳватлар қўзғалганда Аллоҳ учун ўзини тийиш катта қаҳрамонлик ҳамда Аллоҳ ҳузурида улуғ мақомга эришиш эканлиги ушбу ҳадисда баён қилинган: «Аллоҳ етти тоифани Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда (қиёмат кунида) Ўз сояси остига олади.

- Одил имом;

- Аллоҳ ибодатида ўсган йигит;

- Қалби масжидларга боғланиб қолган киши;

- Аллоҳ йўлида ўзаро муҳаббатлашган икки киши, улар Аллоҳ йўлида жам бўлиб, Аллоҳ йўлида тарқаладилар;

- Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига ундаганда «мен Аллоҳдан қўрқаман» деб бош тортган киши;

- Садақа қилганда садақасини ўнг қўли берганини чап қўли билмайдиган даражада беркитган киши».

Бухорий ривояти.

Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига чорлаганда «мен Аллоҳдан қўрқаман» деб бош тортиш ўз-ўзидан бўлиб қоладиган иш эмас. Бунинг учун аввало Аллоҳни таниш, динини билиш, ўз нафсини Роббига бўйсунтирган бўлиш керак. Бу масалада бизга Юсуф алайҳиссаломнинг ҳаётларида бўлиб ўтган воқеа катта ибрат бўлади.

Аллоҳ таоло айтади: «У уйида бўлган аёл ундан нафсини хоҳлади. Эшикларни беркитиб: «Бу ёққа кел!» деди. У: «Аллоҳ сақласин! Ахир, у жойимни яхшилаб берган Роббим-ку! Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди.

Батаҳқиқ, (хотин) унга интилди. У ҳам, агар Роббининг бурҳон-ҳужжатини кўрмаганида, (хотинга) интилар эди. Ундан ёмонлик ва фаҳш ишларни узоқлаштириш учун шундай қилдик. Албатта, у Бизнинг мухлис бандаларимиздан» (Юсуф сураси, 23-24 оятлар).

Эшиклар беркитилган, ҳеч ким кира олмайди. Гўзаллик ва мансаб эгаси бўлган аёл ўзига чорлаб турибди. Юсуф алайҳиссалом эса Аллоҳ учун бош тортмоқдалар. Аёл у кишига интилди. Пайғамбар эса шунда ҳам фаҳшдан четда бўлмоқдалар.

Кўпинча эркаклар аёлларга тегажонлик қиладилар. Шундай ҳолатда ўз иффатини сақлаб Аллоҳдан қўрққан аёл шубҳасизки Юсуф алайҳиссаломнинг қаҳрамонликларини амалда бажарган ва Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда (қиёмат кунида) Ўз сояси остига оладиган бандалардан бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳватларга қарши курашиш кераклигининг сабабларидан бирини баён қилиб қуйидагича марҳамат қилганлар: «Дўзах шаҳватлар билан ўралгандир. Жаннат нафсга ёқимсиз нарсалар ила ўралгандир».

Бухорий ривояти.

Шаҳватларга эргашиш, уларга қарши турмаслик дўзахга олинган чиптадир. Нафсга ёқмаса ҳам унинг ёмонликларига қарши курашиш, фарз ва вожибларга оғишмай амал қилиш жаннатга олинган чиптадир.

Нафсга қарши шунчаки ҳаракат қилиш камлик қилади. Унга қарши тўхтовсиз курашиш, жанг қилиш керак бўлади. Мана шундагина унга бутунлай бўлмаса ҳам, қанчадир миқдорда эга чиқиш мумкин бўлади.

Аллоҳдан ҳар биримизга нафснинг ёмонликларига қарши курашишда қўллашини сўраймиз.

(Тамом)

Йигирма биринчи мақола

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Қачонки, банда бирор гуноҳ қилса, Аллоҳ таолони ғазаблантиради. Аллоҳ таоло ғазабини ишлатишга қодир Зотдир.2. Гуноҳ қилувчи малъун шайтонни хурсанд қилади.3. давоми...

2721 11:30 / 28.05.2021
Бир киши Ҳасан Басрий қуддиса сирруҳу ҳазратларининг олдиларига келиб .Фалончи сенинг ҳақингда фалондай, пистондай номаъқул гапларни гапирди,, дебди. ndash давоми...

1216 15:30 / 08 август
Аллоҳ таоло айтади.Ораларингиздаги саволжавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош уруғларингиз билан ажралиб кетишдан сақланингиз, давоми...

6040 18:30 / 11.04.2019
Аллоҳ азза ва жалла айтади.Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасларидан озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар, Аҳзоб сураси, давоми...

3524 13:10 / 28.02.2019