1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

«Умматнинг улуғларидан эди...» (биринчи мақола)

17:03 / 14.11.2020 1608 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳақларида

 Ашараи мубашшарага кирган Абу Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Авф Абу Авф Қурайший Зуҳрий розияллоҳу анҳунинг жоҳилият давридаги исми Абдул Каъба эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Абдурраҳмон деб ўзгартирганлар. Абдурраҳмон милодий 580 йили туғилган. Абу Бакр Сиддиқнинг иршоди билан мусулмон бўлган. Маккалик илк саккиз мусулмоннинг (Хадичадан кейин) бешинчиси эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сулолалари билан бешинчи отада (Ҳакамда) бирлашади. Абдурраҳмон аввал Ҳабашистонга, кейин Мадинага ҳижрат қилган. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ ва бошқа барча ғазотларда Расули акрам билан ёнма-ён қатнашган. Тижорат билан шуғулланиб, ниҳоятда бой-бадавлат бўлган ва мол-дунёсининг катта қисмини мусулмонларга тарқатган, ғозийларга васият қилган. Халифаликка лойиқ номзодлардан бўлишига қарамай, буни хоҳламай ҳакамлик қилиб, ҳазрати Усмонни халифа этиб сайлаган. Расули акрамдан 65 та ҳадис ривоят қилган. Ҳижрий 32 (милодий 655) йили Мадинада вафот этиб, Бақиъ қабристонига дафн этилган.

Муаррихларнинг ёзишича, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Фил йилидан ўн йил кейин дунёга келганлар, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн ёш кичик бўлганлар. У киши узун бўйли, гўзал юзли, оқ-қизғиш рангли киши эдилар. Кўзлари катта-катта, лаблари қизил, сочлари қулоқларидан пастга тушиб турар эди. Кафтлари катта, панжалари йўғон эди. Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ёшликларидан турли ёмонликлардан мусаффо ҳолда ўсдилар. У киши тўғрисўз, оқил ва ўткир фикрли киши сифатида тарбия топдилар. Ибн Авф жоҳилият ишлари ва одатларига эътибор бермас, ўша даврда хамрни ўзига ҳаром қилган оз сонли кишилардан бири эдилар.

Яна муаррихлар Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг саҳобийларнинг пешқадамларидан бўлганини ёзишади:

У киши Исломга биринчи бўлиб кирган саккиз мусулмоннинг бири эди…

У тириклигидаёқ жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг бири эди…

У Умар ибн Хаттоб халифаликка сайланаётганда олти шўро аъзоси сафида бўлган эди…

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида Мадинада фатво бера оладиганларнинг бири эди…

У кишини жоҳилият пайтида Абдуамр деб аташарди. Мусулмон бўлганларида Фахри коинот алайҳиссалом Абдурраҳмон деб исм қўйдилар. Шундай қилиб, у киши Абдурраҳмон ибн Авф номи билан Ислом тарихида машҳур сиймолардан бирига айландилар…

Ибн Асокир Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг Исломга киришлари қиссасини у кишидан қуйидагича ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пай­ғамбар этиб юборилишларидан бир йилча олдин Яманга сафар қилдим. Аскалон ибн Авокин Ҳимайрий ҳузурига тушдим. У узоқ умр кўрган катта шайх эди. Қачон Яманга борсам, унинг уйига тушар эдим. У мендан Макка, Каъба ва Замзам ҳақида сўрар эди. У менга: «Ичингиздан хабари тарқаган, зикри ёйилган киши чиқдими? Сизлардан бирингиз сизнинг динингизни инкор қилдими?» дер эди. Мен эса, «Йўқ» дер эдим ва унга Қурайшнинг баъзи шарафли кишиларининг исмларини айтардим.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилишларидан олдинги келишимда у жуда ҳам заифлашиб қолган экан. Қулоғи ҳам оғирлашибди. Мен уникига тушдим. У менга: «Эй қурайшлик, насабингни айт», деди. «Мен Абдурраҳмон ибн Авф ибн Абдул Ҳорис ибн Зуҳра» дейишим билан: «Етарли! Эй Зуҳралик, мен сенга бир башоратни айтайми? У сенинг учун тижоратдан кўра яхши!» деди. «Айт!» дедим. «Сенга ажойиб хабар айтаман. Сенга рағбат қилинадиган башорат бераман. Аллоҳ азза ва жалла биринчи ойда сенинг қавмингдан набий юборди. Уни Ўзига сафий деб рози бўлди. Унга китоб нозил қилди. Унга савоб ҳам жорий қилди. У санамлардан қайтаради, Исломга чақиради. У ҳаққа амр этиб, уни ўзи қилади. У ботилдан қайтариб, уни ўзи қилмайди», деди. «У кимдан ўзи?» дедим. «У Бани Ҳошимдан. Сизлар уларнинг тоғалари бўласизлар. Эй Абдурраҳмон, бу исмни Пайғамбаримиз алайҳиссалом қўйган эдилар-ку, Абдуамр бўлиши керак тезда қайт! Сўнгра бориб, унга ёрдам бер ва уни тасдиқ қил!» деди. Қария Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб бериш учун бир неча байтларни ўргатди.

Мен ҳожатларимни битириб, Маккага келдим. Сўнгра Абу Бакрга йўлиқдим. У менинг дўстим эди. Мен унга Ҳимайрийдан эшитган хабарни айтиб бердим. У: «Муҳаммад ибн Абдуллоҳни Аллоҳ бандаларига пайғамбар этиб юборди. Сен у кишининг олдига бор», деди. У зотнинг олдиларига борсам, Хадижа розияллоҳу анҳонинг уйида эканлар. Мени кўришлари билан кулдилар ва: «Хулқли юзни кўрмоқдаман ва унга яхшиликни умид қилмоқдаман», дедилар. Шунда мен шаҳодат келтириб, мусулмон бўлдим. Сўнгра у зотга Ҳимайрийнинг шеърини ўқиб, хабарини айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир қанча менга иймон келтирганлар борки, улар мени кўрганлари йўқ. Бир қанча мени тасдиқ қилганлар борки, улар ҳузуримда ҳозир бўлганлари йўқ. Ўшалар биродарларимдир», дедилар».

Абдурраҳмон ибн Авф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арқамнинг ҳовлисига кирмасларидан олдин, Абу Бакр Сиддиқдан икки кун кейин мусулмон бўлганлар. Бошқа саҳобалар каби у кишининг бошидан ҳам кўп машаққат ва қийинчиликлар ўтди. Бироқ барча синовларга мардона дош бериб, чин иймон соҳиби эканларини тасдиқладилар. Бошқа мусулмонлар қатори Ҳабашистонга сафар қилдилар. Пайғамбар алайҳиссалом ва асҳобларига Мадинага кўчишга изн берилганида уларнинг энг аввалги сафида Абдураҳмон ибн Авф ҳам бор эдилар.

Мадинага келиб жойлашишганидан сўнг Сарвари олам маккаликлар билан мадиналикларни ака-ука тутинтириб қўйдилар. Абдурраҳмон билан Саъд ибн Робеъ Ансорийни тутинган ака-ука, деб эълон қилдилар. Шунда Саъд янги акасига бундай деди: «Эй ака, мен Мадинадаги энг бой одамман, иккита боғим бор. Боғларимдан хоҳлаганингни танла, қайси бири ёқса сенга берай…» Абдурраҳмон унга миннатдорчилик билдириб, «Аллоҳ молинг ва бола-чақангга барака берсин, сен яхшиси менга бозорнинг қаердалигини кўрсатиб қўй», дедилар.

Саъд Абдураҳмонга бозорни кўрсатиб қўйди. Абдурраҳмон тижоратни бошлаб юбордилар. Ҳалол савдо қилар, тушган фойдадан уйланиш учун маҳрга пул ажратар эдилар. Кўп ўтмай у киши уйланди ва ҳамма ёққа хушбўй атир ҳидини таратиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келдилар. «Нима бўлди, эй Абдурраҳмон?» – Расули акрам таажжубланиб сўрадилар. «Уйландим…» деди у киши ийманибгина. «Хотинингнинг маҳрига нима бердинг?» сўрадилар Фахри коинот. «Данакча келадиган олтин». «У ҳолда бир қўй сўйиб, тўй қил», дедилар у зот ва ортидан «Аллоҳ молингни баракали этсин», деб дуо қилдилар. Абдурраҳмон шундай хотирлайди: «Шу дуодан сўнг мол-дунё ортимдан эргашиб юрадиган бўлди. Ҳатто бирор тошнинг тагини кўтарсам, албатта, ё олтин, ё кумуш топардим».

Абдурраҳмон ибн Авф шундан сўнг Пайғамбар алайҳиссаломнинг дуолари шарофати туфайли тижорат ортидан ниҳоятда бойиб кетдилар. Аммо дунё у кишининг қўлига киргани билан қалбига кирмади. Чунки у киши исломий тарбия асосида бойиган эдилар. Қўлга киритган бойликларида бошқаларнинг ҳам ҳаққи борлигини сира унутмас, муҳтожларга тинмай хайр-эҳсон қилардилар. У киши учун тижорат ва мол топиш ҳаёт-мамот иши эмас, балки жамиятга хизмат қилишнинг бир йўли, Аллоҳнинг розилигини топишнинг бир воситаси эди. Шунинг учун ҳам бирор марта Ислом жамияти фойдаси учун ўтказилган оммавий сафарбарликлардан четда қолмай, ўша сафарбарликларга ҳам моллари билан, ҳам жонлари билан иштирок этганлар.

(Давоми бор)

Аҳмад Муҳаммад

«Ҳилол» журналининг 11(20) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6 июнь куни ижтимоий тармоқлардаги айрим нохолис манбаларда Вақфrdquo фонди фаолияти ҳақида асоссиз гапсўзлар тарқатилди.Хабарларда Рамазон ҳайити куни тушган давоми...

2977 15:01 / 08.06.2019
Леонардо да Винчи ўзининг .Адабий ишлар, номли китобида қуйидаги ҳикояни келтиради .Бир киши анжир дарахтига осилиб, шохларини қайириб ўзига тортиб пишган давоми...

1413 14:00 / 13.07.2022
Савол Ҳозирги пайтда газетажурнал саҳифаларида, радиотелевидение орқали тинимсиз равишда юлдузларга қараб фол очадиган мунажжимларнинг .башорати, эълон қилиб давоми...

2618 11:00 / 12.07.2020
.Ақийда, сўзи арабча .ақада, феълидан олинган бўлиб, .бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш, деган маънони англатади. Бу сўзнинг жами кўплик шакли .ақоид, бўлади. давоми...

1518 19:00 / 15.02.2020