1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Салафи солиҳларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари (олтинчи мақола)

16:00 / 05.11.2020 1126 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Алий ибн Исҳоқ Тусий шундай деган:«Биз Исмоил ибн Абдурроҳман Собунийга бир жуз ҳадис ўқиб берардик. Ўша жуздан озгина миқдор қолганда, у киши туриб, таҳорат олиб келиб, ўтирардилар ва «Таҳорат борасида гумон қилиб қолдим. Таҳоратимда гумоним бўла туриб менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўқиб берилишини ўзимга эп кўрмадим» дедилар».

Ибн Адийм ривоят қилганлар.

Исмоил ибн Абдурроҳман Собунийдан ривоят қилинади: У киши шундай деганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума кечасидаги хуфтоннинг икки ракатида Жумуъа ва Мунофиқун сураларини ўқиганлари ҳақидаги ҳадис менинг наздимда саҳиҳ бўлганидан бери, ўша ракатларда мазкур сураларни ўқишни тарк қилмадим. Гоҳида баъзи қўрқинчли сафарларда бўлардим. Соҳибларим ўғри ва қароқчилардан қўрқар ҳамда ўша икки сурани ўқиб намозни чўзиб юбораётганимни айтишарди. Мен (уларнинг гапларини деб) ўша сураларни ўқишдан ўзимни тиймадим ва муқимликда одат қилган миқдоримдан камайтирмадим. Аллоҳ таолонинг Ўзи бизни сақлади ва бизга ҳеч қандай офат етмади».

Субкий ривоят қилганлар. 

Ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Моликнинг ҳузурларида эдим. У киши бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бераётган эдилар. У кишини 16 марта чаён чақди. Ранглари ўзгариб, юзлари сарғайди, аммо ҳадисни тўхтатмадилар. Одамлар у кишининг олдиларидан тарқалгач, «Бугун сизда ажойиб нарсаларни кўрдим» десам, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг ҳурматидан сабр қилдим», дедилар».

Ибн Асокир ривоятлари. 

Абдурроҳман ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Молик ибн Анасдан ҳадис айтиб беришларини сўрадим. У киши тик тургандилар, менга ҳадис айтиб беришга унамадилар. Қачонки ўтирганларида «Эй фалончи, мендан тик турганимда ҳадис сўрагандинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тик турган ҳолимда айтиб беришни ёқтирмадим» дедилар».

Абул Фазл Муқрий ривоят қилганлар. 

Мусъаб ибн Абдуллоҳ шундай деган: «Молик раҳимаҳуллоҳ агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, ранглари ўзгариб, эгилиб қолардилар. Ҳатто бу ҳол бирга ўтирганларга оғир келарди. Бир куни у кишига шу ҳақида айтилди.

Шунда у зот: «Агар мен кўрган нарсани кўрганингизда, мендан кўрган нарсангиз учун мени койимасдингиз. Муҳаммад ибн Мункадирни кўрардим. У қориларнинг саййиди эди. Ундан деярли ҳадис сўраёлмасдик. Агар сўрагудек бўлсак, шундай йиғлардики, унга раҳмимиз келарди. Жаъфар Содиқни кўрардим. Сермутойиба ва сертабассум киши эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, ранги сарғайиб кетарди. Мен уни фақат таҳоратли ҳолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтаётганини кўрганман. Абдурроҳман ибн Қосим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр қиларди. Юзининг рангига назар солинса, юзидан қон томаётгандек бўларди (қизариб кетарди). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайбатларидан оғзидаги тили қуриб қоларди. Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг олдига боргандим. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғлайвериб, кўзларида ёш қолмасди. Зуҳрийни кўрдим. Одамларга киришимли, тез улфат бўладиган киши эди. Агар унинг ёнида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, гўё у сени, сен уни танимайдигандек кишига айланиб қоларди. Сафвон ибн Сулаймнинг олдига боргандим. У обид, мужтаҳид киши эди. Агар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинсалар, йиғларди. Тўхтамай йиғлайверганидан одамлар унинг олдидан туриб кетардилар» дедилар».

Молик раҳимаҳуллоҳнинг дарсларига келадиганлар кўпайгач, у кишига «Одамларга баланд овозда етказиб турадиган кишини тайинласангиз бўларди» дейилди. Шунда у киши «Аллоҳ таоло «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг» деб марҳамат қилган. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари тирикликларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам жойига қўйилади» дедилар».

Абдурроҳман ибн Маҳдий раҳимаҳуллоҳ агар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўқийдиган бўлса, ўша ерда турганларга сукут сақлашни буюрар ва «Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг» оятини «Сўзларини эшитганда сукут қилиш лозим бўлганидек, ҳадислари ўқилаётганда ҳам қулоқ солиб, жим туриш лозимдир» деб таъвил қилардилар.

Қози Иёз ривоятлари.

Заиф санад билан қилинган ривоятда келтирилишича, халифа Абу Жаъфар Имом Молик билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алдайҳи васалламнинг масжидларида мунозара қилиб, овозини баланд кўтарди. Шунда Молик унга “Эй мўминларнинг амири, бу масжидда овозингизни баланд кўтарманг! Чунки Аллоҳ таоло бир қавмга одобни таълим бериб, танбеҳ бериб «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек, баланд сўзламанг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» деган бўлса, бир қавмни мақтаб «Албатта, Расулуллоҳнинг ҳузурида овозларини пастлатганлар – ана ўшалар Аллоҳ қалбларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Уларга мағфират ва буюк ажр бор» деб марҳамат қилган. У зот алайҳиссаломнинг вафотларидан кейинги ҳурматлари худди тирикликларидаги ҳурматлари кабидир” дедилар. Абу Жаъфар жим бўлди.

Қози Иёз ривоятлари. 

Алий ибн Мадийний ва Аббос ибн Абдулазийм Анбарий раҳимаҳумаллоҳдан ривоят қилинади:
Улар шундай дейишган: «Ҳар сафар ҳадис эшитганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтишни тарк этмадик».

Абу Амр Шаҳрзурий зикр қилган. 

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда у зотга саловот айтиш, саловотни такрор айтишни тўхтатмаслик, қисқартириб айтмасликни кўп уламолар айтиб ўтганлар. Ибн Салоҳ, Нававий, Ибн Жамоа, Саховий, Суютий, Тоҳир Жазоирий, Имом Шофеий кабилар шулар жумласидан. Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ «Кишининг «Расул» дейиши макруҳ бўлади. У зотни улуғлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейиши керак» деганлар.

Имом Байҳақий ривоятлари.

Салафи солиҳларимизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ҳурматлари, муҳаббатлари, улуғлашлари, суннатларига эргашишлари ана шу даражада эди. Бу мавзуда гапириладиган бўлса, қоғозлар етишмай қолади, мазкур муҳаббатларнинг барчасини ёзишга қалам, сиёҳ етмай қолади.

Аллоҳ таоло барчамизни мағфират этсин! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севишда салафи солиҳларимиздан ўрнак олишимизни насиб этсин! Роббимиз барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!

(Тамом)

Муҳаммад Вафийқ Зайнулобидийннинг мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дуо нозил бўлган ва нозил бўлмаган нарсага фойда келтиради. Эй Аллоҳнинг давоми...

2454 11:10 / 16.03.2019
Мен бир китобда шундай маънодаги ҳадисни ўқиб қолдим.Кимки Аллоҳ номи билан сўралганда бермаса, раҳматдан йироқдир, кимки Аллоҳ номи билан сўраса, раҳматдан давоми...

10585 17:00 / 05.04.2019
Алибей алАббосий Арабистон ярим ороллиги ва сеҳрли Маккани севиб қолган илк европалик ёинки ушбу муқаддас шаҳарга келган ғарб дунёсининг илк вакили ҳам эмас. давоми...

2983 11:02 / 31.10.2018
Аввалги мақоламизда амалда ихлос ва ниятга доир бир неча ривоятлар келтирилган эди. Амалда ният ва ихлоснинг ўрни муҳим бўлгани учун бу мавзудаги мақолани давом давоми...

1901 17:10 / 09.05.2019