1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Салафи солиҳларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатлари (биринчи мақола)

15:00 / 28.10.2020 1719 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш ва у зотни улуғлаш диндан бўлиб, ибодат саналар экан, у ҳолда ибодатнинг ўрни қалб, тил ва тана аъзоларидир.

Қалбнинг амали: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни ўзига, ота-онасига, оиласига, фарзандларига бўлган муҳаббатдан устун қўйиш. У зоти бобаракотнинг ҳайбатларини ҳис қилиш, ой юзларини кўришни соғиниш, ҳукм ва буйруқларини улуғлаш, у зот алайҳиссалом яхши кўрган кишиларни ва нарсаларни яхши кўриш, у зот алайҳиссалом ёмон кўрган кишиларни ва нарсаларни ёмон кўриш, у зоти бобаракотга етган озорлардан маҳзун бўлиш.

Тилнинг амали: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари зикр қилинганда одоб сақлаш, исмларини ёлғиз зикр қилмай, Пайғамбаримиз ёки Расулуллоҳ деган сўзлар билан бирга зикр қилиш, исмлари зикр қилинганда саловот айтиш, у зот алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишга машғул бўлиш, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган зикрларни кўп айтиб юриш ва қилган дуолари билан дуо қилиш, сифатлари, ахлоқлари, ташқи кўринишлари, фазилатлари, Пайғамбарликларига далил бўладиган нарсаларни пухта ўрганиш, суннатларини, мақомларини ва ҳақларини бошқаларга ҳам ўргатиш.

Тана аъзолари амали: суннатларига эргашиш, қилган ишларини қилиш, тарк этган ишларидан четланиш, яшаш тарзлари, ахлоқлари билан безаниш ва у зот алайҳиссаломга тўлиқ эргашиш орқали муҳаббатни камолига етказиш.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қандай бўлишини салафи солиҳларимиздан ўрганамиз. Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга юқорида зикр қилинган амалларни бажариб, барча аъзоларини ишга солиб муҳаббат қилганлар. Улар саҳобалар, тобеинлар ва табаъа тобеинлардир. Мазкур инсонлар яшаган даврлар замонларнинг энг яхшилари дейилади. Ушбу зотлар Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни севишда кейинги даврда яшаган, яшаётган ва яшайдиган барча мусулмонларга ўрнакдирлар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тикилиб қарамасдилар, у зоти бобаракотнинг ҳузурларида овозларини баланд кўтармасдилар, бирор ишни ўзларича қилмай, фақат у зот алайҳиссалом амр қилган ишни бажарардилар, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапирсалар, улар гўё бошларида қуш тургандек, у зотдан ҳайбатланганларидан ва улуғлаганларидан жим туриб тинглардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг қўлида тилла узук кўриб қолдилар-да, ечиб, ташлаб юбордилар ва «Сизлардан бирингиз дўзахнинг чўғини қасд этиб, уни қўлига (узук) қилиб олади-я!» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кетганларидан сўнг унга «Узугингни олиб, ундан фойдалан (яъни узук сифатида эмас, эритиб ёки сотиб, пулини ишлат) дейилганда, У: «Йўқ, Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташлаб юборган нарсани ҳеч қачон олмайман» деди».

Имом Муслим ривоятлари.

Ибн Абу Мулайка раҳимаҳуллоҳ айтади:

«Икки яхши инсон сал бўлмаса ҳалок бўларди-я, – яъни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Бану Тамим элчилари келганда, бирлари Ақро ибн Ҳобис Ҳанзалийга, иккинчилари бошқа бир кишига ишора қилдилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳуга: «Сен фақат менга хилоф қилишни ирода этдинг» дедилар. Умар розияллоҳу анҳу «Сизга хилоф қилишни ирода этмадим» дедилар. Шу тарзда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида уларининг овозлари баландлаб кетди. Шунда «Эй иймон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан юқори кўтарманг ва унга бир-бирингиз ила сўзлашгандек, баланд сўзламанг, ўзингиз сезмаган ҳолда амалларингиз ҳабата бўлиб қолмасин» ояти нозил бўлди.

Ибн Абу Мулайка айтади:

«Ибн Зубайр шундай деган: «Шундан кейин Умар қачон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор гап гапирадиган бўлса, сирдошлардек паст овозда гапирарди. Ҳатто (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) ундан баландроқ, эшитиладиган қилиб гапиришини талаб қилардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

(Давоми бор)

Муҳаммад Вафийқ Зайнулобидин мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўфада келишган, кўп ибодат қиладиган зоҳид йигит яшарди. У Нахаълик бир қавмга қўшни бўлдию, ўша қабиладаги бир гўзал қизни кўриб, унга ошиқ бўлиб қолди. Қиз ҳам давоми...

3331 08:00 / 23.12.2020
Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинади .Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади .Исмоил алайҳиссалом катта бўлгач, Журҳум қабиласидан бир аёлга уйландилар. Иброҳим давоми...

1832 08:00 / 07.11.2020
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тамаъ қилинмайдиган ўринда тамаъ қилиб, қалбнинг муҳрланиб қолишидан паноҳ сўрар эдилар.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давоми...

2442 08:00 / 21.08.2020
Сафвон ибн Амрдан ривоят қилинади .Язид ибн Ҳусайн Сукуний Ҳимс шаҳрига волий бўлганда Язид ибн Майсарага шундай мактуб йўллади .Эй Абу Юсуф, бу султондан давоми...

2078 08:00 / 01.12.2019
Аудиолар

213269 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132490 14:35 / 11.08.2021