1446 йил 4 рабиъус сони | 2024 йил 07 октябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Зоҳидликнинг фойдалари (давоми)

20:11 / 31.07.2019 1723 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ИФФАТНИНГ ТУРЛАРИ

Имом Мовардий иффат ва унинг турлари ҳақида жумладан, қуйидагиларни ёзади:

«Иффат, поклик ва сақланиш мурувватнинг шартларидандир. Иффат икки турли бўлади:

Биринчиси – ўзини ҳаром нарсалардан иффатда тутиш.

Иккинчиси – гуноҳлардан иффатда бўлиш.

Ҳаромлардан сақланиш ила бўладиган иффат ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – фаржни ҳаромдан тийиш.

Иккинчиси – тилни обрўлардан тийиш.

Фаржни ҳаромдан тиймаслик шариат ман қилган,ақл зажр қилган нарса бўлиши билан бирга, шармандалик ва ор-номусдан иборатдир.

Тилни бировни обрўсизлантиришдан тиймаслик эсипастларнинг иши, ғавғо аҳлининг маломатидир. Бундан тийилиш осон. Ким нафсига қаҳр кўрсатиб, уни кучли қайтарувчи ила жиловламаса ва шиддат-ла зажр қилмаса, унинг уятига қолади ва зарарларига учрайди.

Гуноҳлардан иффатда бўлиш ҳам иккига тақсимланади:

Биринчиси – ошкора зулм қилишдан ўзини асраш.

Иккинчиси – нафсни махфий хиёнат қилишдан қайтариш.

Покликнинг мўмин-мусулмон банда учун қай даражада аҳамиятли эканини такрорлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Зоҳидлик сифати банданинг иффат ва поклик сифатлари билан сифатланишига ёрдам беради.

6. Зоҳидлик мўминни охират сари юзланишга ўргатади.

Аслида, зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Мўмин банда бу дунёнинг ортиқча зийнатларидан юз ўгириб, ундан минг марта яхши бўлган охиратга юзланади. Бу юзланиш унга икки дунё саодатига эга бўлиши учун хизмат қилади.

7. Зоҳидни Аллоҳ таоло яхши кўради ва уни Ўзига яқинлаштиради.

Зотан, ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан зуҳд қил, шунда Аллоҳ сени яхши кўради», демишлар.

8. Зоҳидлик бу дунёда роҳатдир.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳининг айтишларича:

«Зоҳидлик бутунлай таркидунё қилиш, ҳалол касбни тарк қилиш ва яхши ишларга нафақа сарфлашдан юз ўгиришдан иборат эмас эди. Балки: Зоҳидлик ҳаромни тарк қилишдир. Зоҳидлик шубҳали нарсаларни тарк қилишдир. Зоҳидлик ҳар бир ҳалол ва мубоҳдан ортиқчасини тарк қилишдир».

Қисқача қилиб айтганда, зоҳидлик Аллоҳ таолодан узоқ қиладиган нарсани тарк этиб, Аллоҳ таолога яқин қиладиган нарсани тутишдир.

Ушбу нарсалар эса бандага бу дунёда роҳат бахш этади.

9. Зоҳидлик охиратда саодатдир.

Зуҳднинг мўмин бандага вожиб бўлган қисми – охиратда зарар етказадиган нарсани тарк қилишдир. Бу ­дунёда зоҳидлик қилиб, охиратда зарар етказадиган нарсаларни тарк қилган банда албатта охиратнинг саодатига эришиши турган гапдир.

10. Зоҳидлик эгасини одамларнинг муҳаббатига сазовор қилади.

Зотан, ҳабибимиз ва шафоатчимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан зуҳд қил, шунда улар сени яхши кўради», демишлар.

11. Зоҳидликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалардан ўрнак олиш бор.

Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дунё зоҳидларининг имоми эдилар. У зот алайҳиссаломнинг саҳобалари зоҳидлик бўйича нубувват олий мадрасасининг олиймақом битирувчилари эдилар.

12. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган хотиржамликдир.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди, балки ўша матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Мусулмон зоҳид дунёнинг бошқа барча орзу-ҳавасларига ҳам шундай назар билан қарайди. Ўзига етган моддий неъматларни ҳаёт мақсади деб билмайди. Балки ҳаётнинг асосий мақсади бу дунё­да охират учун зоди роҳила тўплаб олиш фурсатидир, деб билади. У ўзига берилган неъматларини зое қилмайди, балки тўғри йўлда ишлатади.

Дунё неъматлари қалбини ишғол қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсаларни унутиб қўймайди.

Шунингдек, мусулмон зоҳид бу дунёнинг мусибатларига ҳам алоҳида муносабатда бўлади. У ўзига мусибат етганда чиройли сабр қилади.

Мусулмон зоҳид бўлиб ўтган ҳар бир ишга афсус қилиб, мусибат етмаса яхши бўларди, деб хомхаёл қилмайди.

Шунинг учун ҳам зоҳидлик Аллоҳ таоло берган хотиржамликдир.

13. Зоҳидлик Аллоҳ таоло берган нарсага розиликдир.

Банда бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи бўлганида фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига суянган ҳолида талаб қилувчи бўлса, талаби амалга ошиши қийин бўлмайди. Қачон талабини У Зотнинг Ўзига ҳавола қилса, энг кучли сабабни тутган бўлади ва мақсадга осонлик билан эришади. Зотан, ҳожатнинг раво бўлишида Аллоҳ таологагина суянилганда, У Зотга тўла ишонч бўлгандагина мақсадга эришилади. Мақсаднинг ҳосил бўлишида таваккул қилинган бўлади. Юзланишда тўғри иш қилинган бўлади. Ушбу уч нарса тугал бўлганда, мурод ҳосил бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, сўралган нарса осонлашади. Зотан, асл мақсад ҳожатмандликнинг куйикишини совутишдир. Ишни У Зотга тўла ишонч ила топшириш билан куйикиш сўнмайди. Чунки бунинг оқибати талаб ҳосил бўлса-бўлмаса, розиликдир.

Зоҳидликда ушбу шартларнинг барчаси мавжуддир.

14. Зоҳидлик нафсни Аллоҳ таолонинг йўлида нафақа қилишга ўргатади.

Тақводор, зоҳид мўмин-мусулмон одамнинг эътиқоди бўйича, унинг қўлидаги мол-дунё Аллоҳ таоло берган ризқ, ўзи яратган нарса эмас. Шунинг учун ҳам зоҳид инсон Аллоҳ таоло берган ризқдан ўзининг заифҳол, муҳтож биродарларига нафақа – садақа қилади. «Садақа» сўзининг «тасдиқ» маъноси бор, мол-дунёсини сарфлаб садақа қилишда эътиқоддаги маънонинг, яъни яхшилик қилиш маъносининг тасдиғи бор.

«Нафақа» умумий сўз бўлиб, «закот», «хайр-эҳсон», «садақа» каби маъноларни англатади.

15. Зоҳидлик дунёга боғланиб қолишдан қутқаради.

Албатта, бу дунёга берилиб, унга муҳаббат қўйиб, охиратни унутиш оғир дард бўлиб, унинг оқибати дўзах билан ниҳояланади. Зоҳид банда бу дунёга берилмайди ва унинг оқибати яхшилик бўлади.

16. Зоҳидлик ўз эгасини шайтон, дунё ва нафсга қул бўлишдан озод қилади.

Шайтонга қул бўлиш унинг измида юриб, Аллоҳ таолонинг измидан чиқишни англатади. Зоҳидлик эса бу аянчли ҳолатнинг тамоман тескарисидир.

Исломда ўз қўлида турган нарсадан кўра Аллоҳ таоло берадиган савобга кўпроқ ишониш зоҳидлик дейилади. Мусулмон зоҳид ўз қўлида турган дунё матоҳига қул бўлиб қолмайди. Балки ўша матоҳни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги савобни олиш учун сарф қилади.

Агар тааммул ила мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсон ҳаётида учрайдиган кибр, манманлик, ҳасад, мансабпарастлик, дунёпарастлик, зино, фаҳш ишлар, ғийбат, чақимчилик каби барча маънавий хасталиклар ортида «ҳавойи нафсга эргашиш» деб номланадиган бало туради. Шунинг учун бу дунё ва охиратда нажот истаган банда нафсининг қули бўлиб, унинг кўйига тушиб қолмаслиги шарт. Бунинг учун эса зоҳидлик керак.

хулоса

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳу ривоят қилган зуҳд ҳақидаги ҳадисни қўлдан келганича ўрганиб чиқдик. Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу камтарона уринишимизнинг ҳаммамиз учун фойдали бўлишини насиб этсин!

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, аввало бугунги кунда инсоният Исломнинг мадори бўлган ҳадиси шарифлардан бири – мазкур ҳадисга ниҳоятда муҳтож эканини таъкидлашимиз керак бўлади. Одамлар мол-дунёга, орзу ҳавасга, бу дунёнинг матоҳига ружу кўйган бир пайтда ушбу ҳадисда зикри келган таълимотларга ер юзидаги барча одамлар қанчалар ҳожатманд эканини таъкидлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Модомики ер юзидаги одамлар ичида ушбу таълимотларни ўрганиб юрганлар, улар билан танишиб, ҳавас қилиб юрганлар бор экан, уларга қўлидан келганича амал қиладиганлар ҳам бўлиши турган гап. Инсоният тарихида бир бўлган нарсани яна қайта такрорлаш нисбатан осон бўлиши бор.

Аслида Аллоҳ таоло сиз билан бизга зуҳд ҳақидаги ҳақиқатлар билан қисқача бўлса ҳам танишиб чиқишни насиб этганининг ўзи катта бахтдир. Ушбу уринишимиз оз бўлса-да самара берса, жуда ҳам яхши бўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизга зуҳд деб аталмиш гўзал сифатдан насибадор бўлишимизни насиб этсин!

“Зуҳд ва ҳаё” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Келинг, зикр ва дуо қиламиз 6дуо Уловга минганда ўқиладиган дуо . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

9655 17:19 / 29.05.2020
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсинҲозирги давоми...

7661 12:20 / 22.05.2013
СаволАссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Сизга бир масала тўғрисида мурожаат қилмоқчи эдим. Жума кунида ҳар бир мўмин каби биз ҳам Аллоҳнинг байтига давоми...

2674 11:00 / 07.09.2020
Али розияллоҳу анҳу айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга борганларида у ерда икки кишини кўрдик. Бири Уқба ибн Абу Муайтнинг мавлоси, бири эса давоми...

1258 08:00 / 08.11.2020
Аудиолар

131270 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51762 14:35 / 11.08.2021