1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нима учун фиқҳ илмини билиш зарур?

15:06 / 03.07.2019 3923 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келинг, бу илмнинг аҳамияти қанчалик катта эканини ҳис қилиш учун маълум бир муддатга уни бутунлай унутайлик ва фақиҳлардан содир бўлган маълумотларнинг бирортасидан фойдаланмасликка аҳд қилайлик.

Фиқҳ илмининг аҳамиятини яхшироқ англаб етиш учун фақат биргина мисол келтириш билан кифояланишни келишиб олайлик. Келинг, ўша масала таҳоратда юзни ювиш бўлсин. Табиийки, аввало Қуръони Каримни қўлга оламиз. Аммо муқаддас Китобимиздан «Таҳорат» номли сурани топа олмаймиз. Зотан, Аллоҳнинг Китоби бу каби масалалардан олийдир. Нима қиламиз? Қуръони Каримни тўлиқ ёддан билмаймиз. Ёд билганларимизнинг асосий қисми эса унинг маъносини билмайди. Бир иложини қилиб, «юз» сўзи бор оятларни топамиз. Уларнинг ичидан «юз ювиш» ҳақида сўз юритилган оятни топамиз:

«Эй иймон келтирганлар! Намозга турсангиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила, бошларингизга масҳ тортиб, оёқларингизни тўпиқлари ила (ювинглар)» («Моида» сураси, 6-оят).

Мана, Қуръонда таҳорат қилган одам юзини ювиши кераклиги ҳақида амр бор экан, деймиз.

Бу маълумот бизга озроқ кўринади ва ҳадисларга мурожаат қилишга ўтамиз. Фиқҳий боблар асосида жамланган ҳадис китобларида фақиҳларнинг таъсири бор, деб бошқа услубда жамланган ҳадис китобларига қарайдиган бўлсак, ўзимизга керак ҳадисларни топа олмай гаранг бўламиз. Охири бир амаллаб, ўзимизга керакли ҳадисларни топамиз ва юзни ювиш ҳақидаги ибораларга синчковлик билан назар соламиз.

عَنْ حُمْرَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ مَوْلَى عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: إِنَّ عُثْمَانَ دَعَا بِوَضُوءٍ فَتَوَضَّأَ، فَغَسَلَ كَفَّيْهِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ مَضْمَضَ وَاسْتَنْثَرَ، ثُمَّ غَسَلَ وَجْهَهُ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْمِرْفَقِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ يَدَهُ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ مَسَحَ رَأْسَهُ، ثُمَّ غَسَلَ رِجْلَهُ الْيُمْنَى إِلَى الْكَعْبَيْنِ ثَلَاثَ مَرَّاتٍ، ثُمَّ غَسَلَ الْيُسْرَى مِثْلَ ذَلِكَ، ثُمَّ قَالَ: رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم تَوَضَأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا ثُمَّ قَالَ: «مَنْ تَوَضَّأَ نَحْوَ وُضُوئِي هَذَا، ثُمَّ قَامَ فَرَكَعَ رَكْعَتَيْنِ، لَا يُحَدِّثُ فِيهِمَا نَفْسَهُ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Ҳумрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон таҳоратга сув опкелтирди ва таҳорат қилди: икки қўлини уч марта ювди. Сўнгра оғзини чайқади ва бурнига сув олиб, тозалади. Кейин юзини уч марта ювди. Сўнгра ўнг қўлини чиғаноғи билан уч марта ювди. Кейин чап қўлини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Сўнгра бошига масҳ тортди. Кейин ўнг оёғини тўпиқлари билан уч марта ювди. Сўнгра чап оёғини ҳам шунга ўхшатиб ювди. Кейин:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилганларини кўрдим, – деди ва: – Ким менинг ушбу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракъат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», деб қўшиб қўйди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдан таҳорат қилишни мукаммал ўрганиш билан бирга, аъзоларни, жумладан, ўзимиз баҳс қилаётган юзни ҳам уч марта ювишни ўрганиб олдик. Бу, албатта, араб тилини яхши билган кишиларга муяссар бўладиган иш.

Энди худди шу масаланинг ўзини фиқҳ илми устозлари юқоридаги оят ва ҳадисдан қандай тушунганлари билан танишиб чиқайлик.

Бунинг учун элимизда маълум ва машҳур бўлган фиқҳ китоби «Мухтасари Виқоя»нинг матни ва шарҳидан фойдаланамиз.

«Бас, таҳоратнинг фарзи юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача, икки қўл ва икки оёқни чиғаноқлари ҳамда тўпиқлари билан ювмоқ. Бошининг тўртдан бирига ва соқолининг юзини тўсиб турган қисмига масҳ тортмоқдир».

Демак, юзни ювиш таҳоратнинг фарзларидан бири экан. Бу амалнинг фарз эканини фақиҳлар узоқ ва машаққатли таҳлиллардан кейин аниқлашган. Сиз билан биз бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Чунки Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам «Таҳоратда юзни ювиш фарз», деган гап йўқ. Зотан, бу нарса уларнинг вазифаси ҳам эмас. Юзни ювиш ҳақидаги гап Қуръони Каримда буйруқ майлидаги феъл ила ифода этилган, Аллоҳнинг буйруғи фарз бўлади, дейдиган бўлсак, бошқа кўпгина оятларда буйруқ майлида келган феъллар фарзни ифода қилмаганини кўрамиз.

Мисол учун, Жума сурасидаги

«Бас, намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг», деган оятни олиб кўрайлик. Ушбу ояти каримадаги илоҳий фармонга биноан, намоз тугаганидан кейин ҳамма тарқалиб кетиши лозим. Аммо амалда бу ҳолни кўрмаймиз. Тарқалган тарқалади, қолганлар ибодат, дуо каби ишлар билан машғул бўлиб ўтирсалар ҳечқиси йўқ.

Аллоҳ таолонинг охирги китоби бўлмиш Қуръонда буйруқ майлида келган икки феълнинг бири фарзни, иккинчиси мубоҳни англатишини сиз билан биз қаердан била оламиз? Аммо фақиҳлар ўз қоидаларини ишга солиб, бунга оид барча нарсаларни чуқур таҳлил қилиб, ҳаммасини ўз жойига қўйганлар.

Икки оятни ва унда зикр қилинган талабни атрофлича, чуқур ўрганиб чиқиб, таҳоратда юзни ювиш фарз эканини, жума намозини ўқиб бўлгандан кейин тарқалиш эса фарз эмаслигини аниқлаганлар.

Ўрганаётган оят ва ҳадисимиздан таҳоратда юзни ювиш амали борлигини билган эдик. Аммо фақиҳлар ўша нарсани:

«Юзни сочдан қулоққача ва жағнинг тагигача ювмоқ», демоқдалар. Улар «юз» араб тилида нимани ифода қилишини арабларнинг асл луғатларидан ўрганишган ва улардан қуйидаги баёнотни топишган:

«Юзнинг узунасига бўлган чегараси пешонанинг соч ўсган жойидан жағнинг остигачадир. Юзнинг кўндалангига чегараси бир қулоқнинг юмшоқ жойидан иккинчи қулоқнинг юмшоқ жойигачадир».

Бу билан ҳам кифояланиб қолмасдан, фақиҳлар юзга оид кичик аъзоларни ҳам аниқлаб, айтиб ўтишган ва таҳоратда уларни ювиш ҳам фарзлигини баён қилишган:

«Икки лабнинг ва буруннинг уст қисмлари ҳам юз ҳисобланади. Қош, киприк, мўйлаб, юздаги туклар, пастки лабнинг ўртасига чиқадиган туклар ва соқолнинг юздаги қисмини ювиш ҳам фарздир».

Оят ва ҳадисдаги «юз» сўзини қойилмақом қилиб англатиб бўлган фақиҳ энди «ювиш»ни таҳлил ва тадқиқ қилишга ўтади. Бу сўзнинг ҳам таҳоратга оид маъносини:

«Бу ердаги ювишдан мурод, аъзодан камида икки қатра томадиган даражада сувни ўтказиш ёки қуйишдир», деб баён қилади.

Кейин неча марта ювишнинг ҳукмини айтади:

«Аъзоларни бир марта ювмоқ фарздир, уч марта ювмоқ суннатдир».

Бир марта ювиш Қуръоннинг амрига биноан фарз, уч марта ювиш Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларига биноан суннатдир.

Мисолимизга шу ерда якун ясаймиз ва инсоф билан тафаккур қилишга киришамиз. Битта ишнинг моҳиятини оят ва ҳадис бўйича англаб етишда фақиҳларнинг хизматлари шунчалар катта бўлса, диний аҳкомларнинг барчасини тушуниб етишдаги хизматларини ҳар ким ўзи билиб олаверсин.

Оят ва ҳадисда келмаган ҳукмларни чиқаришдаги уларнинг хизматларини айтиб ўтиришга ҳожат ҳам бўлмаса керак. Йўқ! Келинг, бу борада ҳам жуда қисқача бўлса-да, фақиҳларнинг беқиёс хизматларини тўлиқ англаб етиш учун бир-икки мисолни кўриб чиқайлик.

Фақиҳлар нафақат оят ва ҳадисларни, балки шар-ъий масалаларга боғлиқ воқеъликни, хусусан, сиз билан бизга энг арзимас бўлиб кўринадиган нарсаларни ҳам мислсиз диққат-эътибор билан ўрганадилар. Ўрганибгина қолмай, улар юзасидан шаръий ҳукмларни ҳам чиқарадилар.

Мисол учун, имом Ибн Нужайм «Ал-Ашбоҳ ван-назоир» китобида қуйидаги масалани зикр қилган:

«Агар қудуққа бутун тезак тушса, уни нажас қилмайди. Яримтаси тушса, нажас қилади. Фарқ шулки, бутун тезакнинг қудуққа тушганда унинг тарқалишини ман қиладиган пардаси бўлади, яримта тезакда эса у бўлмайди».

Ҳайвондан тушадиган тезакда ундаги нажаснинг тарқалиб кетишини ман қиладиган парда бўлиши, ўша парда йиртилганда нажаснинг сувга тарқалиши бирортамизнинг хаёлимизга ҳам кириб чиқмаган бўлса керак. Муҳтарам фақиҳларимиз эса бу масалани аллақачон ўрганиб чиқиб, китобларига ёзиб қўйганлар.

Фақиҳларимиз одамларнинг оғизларидан чиқадиган ҳар бир сўзнинг фарқини ва ундан чиқадиган ҳукмларни ўрганишни ажойиб тарзда йўлга қўйганлар.

Эски фиқҳ китобларимизда «Отдан тушсам, хотиним талоқ бўлсин», деб онт ичган одамнинг ҳукми нима бўлади, деган масала ўртага қўйилган. Отдан тушмаса, бўлмайди. Отдан тушса, хотини талоқ бўлади.

Фақиҳлар учун бу масалани ечиш ҳеч гап эмас. Улар шундай ҳукм қиладилар: «Ўша одамнинг отини бирор дарахтга яқин олиб борилсин ва у отдан эмас, дарахтдан тушсин, ҳеч нарса бўлмайди».

Мана сизга фиқҳ илмининг аҳамияти!

Мана сизга фақиҳларнинг хизмати!

Ушбу камтарона сатрларни диққат билан ўқисангиз, аввалги тушунчаларингиз билан фиқҳий тушунча орасидаги фарқни яққол сезишингиз, фиқҳнинг ва фиқҳий мазҳабларнинг қадрига етишингиз турган гап. Зеро, фиқҳ бежизга «дақиқ маъноларни англатувчи илм» деб аталмаган.

“Мазҳаблар бирлик рамзи” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эрхотин орасидаги хилофни бартараф қилишда қуйидагиларга эътибор бериш тавсия қилинади1. Аввало муаммо ҳақиқатда ҳам хилоф даражасига бориб етганми ёки давоми...

3457 19:00 / 22.05.2021
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ёки Умму Мусайябнинг олдига кириб, .Сенга нима бўлди, эй Умму Соиб давоми...

1848 08:00 / 13.01.2021
Бу бўлиб ўтган қиссани Зағлул Нажжордан шахсан ўзим эшитган эдим. Олим шундай деган .Бир йили Маккада ҳаж амалларини бажариб юрган испаниялик мусулмон йигит билан давоми...

4848 11:00 / 28.08.2020
Абу Толҳа Зайд ибн Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир уйнинг олдида гаплашиб ўтирган эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб, давоми...

1261 08:00 / 15.01.2021