1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳни танимаган киши Унинг Расулини ҳам севолмайди (биринчи мақола)

17:00 / 24.10.2020 2353 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати аъзоси Абдуманнон Абдуллоҳ билан суҳбат

– Динимизда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бўлган севгига Исломнинг шартларидан бири сифатида қаралади. Албатта, ҳар бир мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севади. Аслида бу севги қандай бўлиши, қайси шартлар доирасида амалга ошиши керак? Мавлид ойи бўлгани учун, суҳбатимизни шу ҳақида бошласак.

– Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн. Вассолату вассаламу ъалаа Расулиҳил карим ъалаа Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Аввало, муҳаббат нима, у қандай бўлади деган саволга изоҳ бериб ўтсам. Демак, муҳаббат икки қисмга бўлинади:

Биринчиси, табиий муҳаббат. Масалан, бир киши бошқа бир кишини кўриб, унга меҳр қўйиши, уни қаттиқ яхши кўриб қолиши табиий муҳаббатдир. Бу ҳолатни саҳобаи киромларнинг ҳаётида кузатишимиз мумкин. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бевосита кўришган. У зотнинг ҳар бир ҳолатларига гувоҳ бўлишган. Яъни кўриб туриб ошиқ бўлаверишган. Саҳобаларнинг бу муҳаббатлари табиий эди. Уларга бизнинг тилимизда «ишқ» деб ҳам таъбир берилади. Улар ҳақиқий маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ошиқ эдилар.

Кейингилар у зотнинг хилқати шарифларини кўра олишмади, суҳбатларида бўлишолмади. Орадан деярли 1400 йил ўтиб кетибди, энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай муҳаббат қўйишимиз керак? Ана шу жойда бизнинг муҳаббатимиз ақлан бўлади. Хўш, ақлан муҳаббатнинг ўзи қандай бўлади?

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги пайғамбари қилиб танлади, Аллоҳ у зотга насаб жиҳатдан камолотни берди, Аллоҳ у зотга Қуръони Каримни нозил қилди, Аллоҳ у зотга қиёматда бизни шафоат қилишни берди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун умрларини умматнинг нажот топиши учун бағишладилар, уммат нажот топмагунча қарор топмайдиган шаклда яшадилар. Ақлимиз бизга «Бундай зотни севмасдан, у зотга итоат қилмасдан бўлмайди. У зот бизга шу даражада фидокорлик қилганларидан кейин биз у зот келтирган шариатга фидо бўлмаслигимиз инсофдан эмас», дейиши керак. Мана шунга ақлан муҳаббат қўйиш дейилади. Ақлий муҳаббат бориб-бориб табиий муҳаббатга айланиб кетади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт», (Оли Имрон сураси, 31-оят) дея марҳамат қилди. Яъни, Аллоҳнинг муҳаббатига сазовор бўлишнинг шарти Унинг Расулига итоат қилишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларига амал қилиш итоатни, у зот бажарган ишларига эргашиш эса тобелик билдиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзлари, ҳар бир ҳаракатлари, ҳар бир ишоратлари, ҳар бир сукутлари бизнинг ҳаёт йўлимизни белгилаб берувчи кўрсатма вазифасини бажаради. Бу ҳадисни имом Ҳоким ҳам, имоми Табароний ҳам ривоят қилишган. Зайд ибн Саъна деган бир бой яҳудий олими бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда пайғамбарликка далолат қилувчи ҳамма сифат борлигини тан олган, лекин иймон келтирмаган эди. Шунда у кишидан «Нега иймон келтирмаяпсиз?» деб сўрашганида бундай жавоб беради:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда пайғамбарликка далолат қиладиган ҳамма нарсани билдиму, лекин мендаги бу таассурот ташқи кўринишга қараб ҳосил бўлди; унинг насл-насабидан пайғамбар эканини билдим, Тавротда ёзилган ҳамма сифатларига гувоҳ бўлдим. Бироқ иккита сифатини ҳали имтиҳон қилмадим. Шунинг учун тўхтаб турибман».

«Бу сифатлари қайсилари?» дейишганида «У зотнинг ҳалимлиги жоҳиллигидан устун туради. Яна бири у зотга қилинган жоҳиллик, у зотнинг ғазабини қўзғамасдан, ҳилмлигини зиёда қилади. Мана шу сифатларни имтиҳон қилмагунча иймон келтирмадим», деди.

Кейинчалик Зайд ибн Саъна розияллоҳу анҳу иймонга киришлари ҳақида қуйидагича ҳикоя қилиб берадилар:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бир киши бир нарса сўраб келди. Шунда у зот «Бу нарса бизнинг ҳузуримизда йўқ экан», деб у кишига узрларини айтдилар. Оналаримизни олдига киргизган эдилар, уларда ҳам йўқ экан. Шунда мен ўзимга-ўзим «Ана Муҳаммадни синаб кўриш фурсати етди», дедим ва у зотнинг ёнига бориб, «Мен қарз бериб туришим мумкин», дея таклиф қилдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эвазига нима истайсан?» деб сўраганларида «Фалон хурмонинг мевасидан пишганида берасиз», дедим (бундай келишувга «байъус салам» дейилади). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунга рози бўлдилар ва мендан маълум миқдорда тилла олиб, ҳалиги эҳтиёжмандга бериб юбордилар.

Орадан вақт ўтди. Қарзни қайтаришга келишилган муддатдан уч-тўрт кун аввал қасддан катта жамоатнинг ичида ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига бордим. Одамларнинг орасидан ўтиб бориб, у зотнинг ёқаларидан маҳкам ушладим ва: «Эй Бани Абдулмуттолиб, сизлар қарз олишни биласизлару, лекин уни қайтаришда тирриқлик қиласизлар!» деб бақир-чақир билан жаҳолатни кўрсатдим. Шунда у ерда ўтирган Умар ўрнидан даст туриб, «Рухсат беринг, ё Расулуллоҳ, унинг калласини олай!» деди. Умарнинг бу ҳиддатига қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен мухлисликни эплолмадинг. Икки киши тортишаётган пайтда сен менга «Ё Расулуллоҳ, қарздор бўлсангиз қарзингизни беринг-да», дейишинг, бу талаб қилаётганга эса «Агар сен ҳақдор бўлсанг, чиройли шаклда талаб қилгин», дейишинг керак эди. Сен тарафкашликни ҳам эплай олмадинг. Умар, бор, фалон боғдан бунинг ҳаққини берасан. Кейин калласини олайми, деб қўрқитганинг учун йигирма соъ қўшиб берасан», дедилар.

Шу гаплардан кейин мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сизнинг юзингиздан ва яна бошқа аломатлардан пайғамбарлигингизни билардим. Лекин мен ўқиган иккита нарса – у зотнинг ҳалимлиги жоҳиллигидан устун туради ва у зотга қанчалик нодонлик кучайтирилса, ҳалимлиги шунчалик зиёда бўлиб бораверади дейилган сифатларни ҳеч текшириб кўрмаган эдим. Ҳозирги қарз воқеасини атайин уюштирдим. Ё Расулуллоҳ, сизнинг пайғамбар эканингизга иймон келтирдим», дедим».

Бу ерда бизга ўрнак бўладиган иккита муҳим жиҳат бор:

1. Иккита одам мунозара қилаётган пайтда учинчи томон қандай йўл тутишлиги таълим берилди;

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда комил сифатларнинг иккитаси – у зотнинг ҳалимлиги жоҳиллигидан устун туриши ҳамда бошқалар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қанчалик жоҳиллик қилинса, у зотнинг ғазаби қўзғамай, аксинча, ҳалимлиги зиёдалашиши.

(Давоми бор)

Маҳмуд Маҳкам суҳбатлашди

«Ҳилол» журналининг 10(19) сонидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Аллоҳ азза ва жалла .Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, давоми...

3287 17:30 / 24.04.2020
Ҳаётингиздаги энг қийин ва машаққатли онларда, Аллоҳга дуо қилиш эҳтиёжи янада кучайганда, дуо қилиш учун қандай шароит ихтиёр қилганингизни эслай оласизми давоми...

5516 18:00 / 23.05.2021
Ҳадис ўқиш ибодатдир Ҳадис ўқиш ибодатдир, ҳадис ўрганиш савобдир. Қолаверса, ҳадиси шарифларда икки дунё саодатининг калити мавжуддир. Уларда ҳаётимизнинг ҳар давоми...

2206 16:05 / 21.08.2019
Илк .Иқро, ояти нозил бўлганидан бошлаб то бугунги кунгача дин душманларининг Исломга қарши хуружи бир соат ҳам тўхтамаган. Исломга, унинг муқаддасотларига қарши давоми...

5589 19:40 / 03.11.2019
Аудиолар

213174 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132392 14:35 / 11.08.2021