1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Сутранинг аҳамияти

13:00 / 20.09.2020 2204 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Сутра», деганда намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтмаслиги учун қўйилган тўсиқдир. «Сутра»ни Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари мандуб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари мустаҳаб, деганлар.

Девор, устун, найза, асо, бошқа бирор нарса сутра бўлиши мумкин. Ҳеч нарса топилмаса, бир чизиқ чизиб қўйса ҳам бўлади. Мақсад, намозхоннинг олдидан бирор нарса ўтиб, кўнглини бузмасин, хусусан, шайтон васваса қилмасин.

عَنْ سَهْلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ بَيْنَ مُصَلَّى النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَبَيْنَ الْجِدَارِ مَمَرُّ الشَّاةِ. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз жойлари билан девор орасида бир қўй сиғадиган жой бор эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Баъзи бир уламолар «У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қадамлари билан деворнинг орасида бир қўй сиққудек жой бор эди», дейдилар. Тўғрироғи эса саждага бош қўядиган жойлари билан девор орасида, деганимиздир.

عَنْ يَزِيدَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ سَلَمَةُ t يَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَ الْأُسْطُوَانَةِ الَّتِي عِنْدَ الْمُصْحَفِ فَقُلْتُ لَهُ: يَا أَبَا مُسْلِمٍ، أَرَاكَ تَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَ هَذِهِ الْأُسْطُوَانَةِ، قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم يَتَحَرَّى الصَّلَاةَ عِنْدَهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Салама розияллоҳу анҳу мусҳаф ёнидаги устун олдида намоз ўқишни танлар эди. Мен унга:

«Эй Абу Муслим, ушбу устун олдида намоз ўқишни танлаганингизни кўрмоқдаман?» дедим.

У:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унинг олдида намоз ўқишни танлаганларини кўрган эдим», деди».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда номлари зикр қилинаётган киши машҳур саҳобий Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудирлар.

«Мусҳаф ёнидаги устун». Қуръони Карим ёзилган саҳифалар бир сандиққа солиниб, ўша сандиқ «Муҳожирлар устувонаси» номли бир машҳур устуннинг остига қўйилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар олдиларини кесиб ўтмаслиги учун суннат ва нафл намозларни кўпроқ ана шу устунни тўсиқ қилиб олиб ўқир эдилар.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу одатларини яхшилаб тақлид қилар эканлар. Бу ҳолни эса ушбу ҳадис ровийси Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Язийд ибн Абу Убайд розияллоҳу анҳу ўз хожаларидан сўраб, билиб, гапириб юрар эканлар.

Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳар бир нарсада эргашиш, у зотнинг намоз ўқиган жойларида намоз ўқиш фазилатли эканлигидан бир далолатдир.

Демак, масжидда якка ўзи намоз ўқиётган одам устунни ўзига тўсиқ қилиб олиб ўқигани яхши. Баъзи бирларимиз шу нарсанинг фарқига бормаймиз. Кўринган жойда, ҳатто кўпчилик ўтиб турадиган жойларда ҳам намоз ўқиб, ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам ноқулайлик туғдирамиз.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يُرْكَزُ لَهُ الْحَرْبَةُ فَيُصَلِّي إِلَيْهَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга калта найза санчиб берилар ва у зот унга қараб намоз ўқир эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Саҳобалардан бирлари «ҳарба» ёки «аназа» деб аталадиган калта найзани кўтариб юрар эди. Очиқ жойларда намоз ўқиладиган бўлса, у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига санчиб қўйилар эди. Ўша найза тўсиқ вазифасини ўтар, имомнинг тўсиғи қавмга ҳам тўсиқ ҳисобланар эди.

وَعَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم كَانَ يُعَرِّضُ رَاحِلَتَهُ فَيُصَلِّي إِلَيْهَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловларини кўндаланг қилиб туриб, ўша томонга қараб, намоз ўқир эдилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, миниб юрган ҳайвонни тўсиқ қилиб, намоз ўқиса ҳам бўлар экан.

وَقَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنْ سُتْرَةِ الْمُصَلِّي، فَقَالَ: مِثْلُ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозхоннинг сутраси ҳақида сўрашди. Бас, у зот:

«Эгарнинг суянчиғи (баландлиги)ча», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, сутранинг баландлиги ҳақида сўралди. Арабларда одам суяниб кетиши учун эгарнинг орқаси махсус равишда баланд қилинади. Ана ўша суянчиқ баландлигидаги нарса сутра учун кифоя қилар экан.

عَنْ طَلْحَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا وَضَعَ أَحَدُكُمْ بَيْنَ يَدَيْهِ مِثْلَ مُؤْخِرَةِ الرَّحْلِ فَلْيُصَلِّ وَلَا يُبَالِ مَنْ مَرَّ وَرَاءَ ذَلِكَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз олдига эгар суянчиғичалик нарсани қўйса, унинг ортидан ким ўтганига эътибор бермай, намозни ўқийверсин», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, сутра қўйиб олган одам сутра орқасидан ким ёки нима ўтганига эътибор бермаслиги керак. Сутранинг орқасидан ўтган нарса унинг намозига ҳеч қандай зарар қилмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
249. Авф ибн Молик Ашжаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўққиз, саккиз ёки етти киши эдик. Шунда у зот давоми...

2282 19:00 / 22.07.2023
600. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Умар ибн Хаттоб Шом томон йўлга чиқди. У Сарғга етганда, унга Ажноднинг аҳлидан Абу Убайда Жарроҳ ва давоми...

3409 17:00 / 17.12.2021
285. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг аёлларидан бири бир идишдан ғусл қилишар эди,.Бухорий ривоят давоми...

4477 16:05 / 01.11.2019
. . .Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқиётган эдик. давоми...

2903 13:02 / 25.10.2020