1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Қамал

16:01 / 23.12.2017 4059 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сийрат илми олимларининг таъкидлашларича, Қурайш кофирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилишга келишганлар. Бу ёвуз ниятларини амалга ошириш учун у зотнинг уруғлари – Бану Ҳошим ва Бану Муттолибдан рози бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига топширишни талаб қилганлар. Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб бу талабга рад жавобини берганлар.

Ана шундан кейин мушриклар Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга, мусулмонларга ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Муттолибга таз­йиқни яна ҳам кучайтиришга иттифоқ қилганлар. Улар билан олди-сотди қилмаслик, сулҳ тузмаслик, қиз олиб, қиз бермаслик, улар билан бирор алоқа қилмасликка аҳдлашганлар. Бу аҳдноманинг кучини ошириш ва қаттиқ таъкидлаш учун уни ёзма равишда қилиб, ёзувни Каъбаи Муаззаманинг ичига осиб қўйишган.

Бу ишнинг бошланиши пайғамбарликнинг еттинчи йили, Муҳаррам ойида бўлган. Қурайш шу тариқа қамал ва алоқа узишни эълон қилганидан кейин Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ҳамда Бану Ҳошим ва Бану Муттолиб уруғлари аъзолари Бану Муттолиб дарасида қамалда қолганлар.

Қамалда қолганлар мисли кўрилмаган қийинчиликларга дучор бўлдилар. Маккага савдо карвони келганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирор киши болалари учун «қут лаа ямут» (ўлмайдиган даражадаги емиш) олмоқчи бўлиб борса, ҳеч ким унга бирор нарса сотмас эди. Абу Жаҳл ва унга ўхшашлар савдогарларга «Баҳони оширинглар, мусулмонлар бирор нарса сотиб олмасинлар», дер эдилар. Қамалдагилар очликдан дарахтларнинг илдизи ва баргини ейиш­га ҳам мажбур бўлдилар.

Шу тариқа кунлар, ҳафталар ва ойлар ўтиб бораверди. Қамалдагиларнинг аҳволи борган сари оғирлашарди. Қурайшликларнинг эса тазйиқи ортиб борарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар Исломга даъватни кучайтирар эдилар.

Мана, қамал ўзининг учинчи йилига кирди. Аҳвол ўша-ўша. Ҳеч бир енгилликнинг дараги йўқ. Бир куни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Абу Толибга Қурайшнинг аҳдномаси зулм ва жабрдан иборат бўлгани учун Аллоҳ таоло уни қуртга егизиб юборганининг хабарини бердилар.

Шунда Абу Толиб у зотга қараб:

«Бунинг хабарини сенга Роббинг бердими?» деди.

«Ҳа», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу гапни эшитгандан сўнг Абу Толиб қавмидан бир гуруҳ одамларни олиб, қурайшликларнинг олдига борди. Уларга ўзини худди шартларга рози бўлгандек қилиб кўрсатиб, аҳдномани олиб келишларини сўради. Улар Каъбаи муаззаманинг ичидан аҳдномани олиб келишди. Аҳднома ўроғлик ҳолида турар эди. Абу Толиб тўпланганларга қараб:

«Менинг жияним хабар бердики (у менга ҳеч ёлғон гапирган эмас), Аллоҳ таоло сизларнинг саҳифангизга қуртни мусаллат (соҳиб) қилибди. У аҳдномадаги жабр ва қариндошлик алоқаларини узиш ҳақидаги барча нарсани еб битирибди. Агар гап у айтаётгандек бўлса, кўзингизни очинглар ва ёмон ниятингиздан қайтинглар. Аллоҳга қасамки, биз ҳаммамиз ўлиб кетсак ҳам, уни сизларга топширмаймиз. Агар айтаётгани ботил бўлса, биз ўз соҳибимизни сизга топширамиз, уни нима қилсангиз, ўзингизнинг ишингиз», деди.

«Сен айтган гапга розимиз», дедилар улар.

Аҳдномани очдилар. Унда «Бисмикаллоҳумма» деган ёзувдан бошқа ҳеч нарса қолмай, қурт еб қўйган эди. Содиқул масдуқ бўлган Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек чиқди.

Аммо қурайшликлар Абу Толибга «Бу жиянингнинг сеҳри», дедилар-да, душманликларини яна ҳам зиёда қилдилар.

Кофирларнинг ичида ҳам баъзи инсофлилар ўзларича бу ноҳақликдан норози бўла бошладилар. Биринчи бўлиб Ҳишом ибн Амр ибн Робийъа қамални қоралаб, гапира бошлади. У ўз қавмида обрўга эга одам эди. Аста-секин баъзи бир мурувватли, инсофли кишиларга нисбатан бўлаётган ишнинг адолатсиз эканлигини, одамгарчиликка тўғри келмаслигини тушунтира бошлади. Унинг фикрига Зуҳайр ибн Умайя, Матъим ибн Адий, Абул Бухтирий ибн Ҳишом ва Замъа ибн ал-Асвадлар бирин-кетин қўшилдилар. Улар беш киши бўлганларидан кейин ўзаро келишиб, шартномани бузишга аҳдлашдилар.

Бу ишни биринчи бўлиб очиқ эълон қилган одам Зуҳайр ибн Умайя бўлди. У ўзаро аҳдномани бузишга келишилган куннинг эртасига одамлар тўпланиб турган жойга борди-да:

«Эй Макка аҳли! Бану Ҳошимлар ҳалокатга учраб турсалар ҳам ўзимиз еб-ичиб, кийиниб юраверамизми!? Уларга ҳеч нарса сотилмай, улардан ҳеч нарса сотиб олинмай турилаверадими!? Аллоҳга қасамки, ушбу золимона аҳднома йиртиб ташланмагунча ўтирмайман!» деди. Абу Жаҳл гапга аралашган эди, фойда бермади. Шунда Матъим ибн Адий ўрнидан туриб бориб, аҳдномани олди ва йиртиб ташлади. Шу билан уч йил давом этган золим қамал охирига етди.

Уламоларимиз қамал ҳодисаси, Ҳабашистон ҳижрати, ҳазрати Умарнинг Исломга киришлари каби ишларнинг қайси бири олдин бўлганлиги ҳақида кўпгина баҳслар юритганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига қизлари ҳазрати Зайнаб розияллоҳу анҳонинг вафот қилган ўғли жасадини давоми...

3374 18:00 / 06.12.2018
Ҳижрий 3 йил, рабиъул аввал, 14 кеча мил. 624 йил 3 сентябрь Каъб ибн Ашраф ўлдирилди у она тарафдан яҳудий бўлиб, Бань Назир яҳудийлари бошлиқларидан бири эди. Ислом давоми...

1558 17:30 / 29.10.2021
Насронийлар мўғил қабилаларига уларни насроний динига киритиш учун даъватчиларини юборар эдилар. Туғёнкор золим Хулокухон ўзининг насроний хотини Зафархотун давоми...

3934 19:01 / 28.04.2017
461. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Тун мaнa бу ёқдaн кунчиқар томондан кирсa, кун мaнa бу ёққа кунботар томонга давоми...

867 19:00 / 19 июль