1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Набий алайҳиссаломнинг қайтариқлари (тўртинчи мақола)

15:04 / 04.09.2020 2205 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдо - сотиқдаги қайтариқлар

Жобирдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: «Бир киши бирон-бир хурмозор ёки мевазор боққа бошқа бир киши билан шерик ҳолда эгалик қилаётган бўлса, уни сотишда шеригининг розилигини сўрасин, розилик берса сотсин, розилик бермаса, савдодан қайтсин».

Имом Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам озод қилинган қулга ҳомийлик қилмоқ ҳуқуқини сотмоқдан ва ундан воз кечмоқдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан Макка фатҳ қилинган йили ўша ерда туриб: «Аллоҳ ва Унинг элчиси хамр (ароқ), чўчқа гўшти, ўлимтик ва санамларни сотишни ҳаром, деб эълон қилди», деганларини эшитган эканлар. Шунда одамлар: «Эй Расулуллоҳ, ахир ўлимтик мойидан кемаларни мойлашда, териларни бўяшда, ундан чироқ ясаб уйларни ёритишда фойдаланилади-ку», дейишди. Бунга Набий алайҳиссалом: «Йўқ, у ҳаром!», деб қатъий жавоб бердилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг бозорини касод қилмоқ ниятида атайлаб нарх-навони оширмоқни ман этдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирларингизга ҳасадлашманг. ўзаро нархларни ошириб юборманг (яъни сотиб олиш нияти бўлмаса-да нархини ошириш учун ёлғондан баҳолашманг). Бир-бирларингизга ғазаб қилманг ҳамда орқа ўгириб муносабатларни бузманг. Баъзиларингиз баъзиларингиз савдоси устига савдо қилмасин», дедилар.

Имом Муслим ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешвоз чиқмоқдан (шаҳарга мол олиб келаётганлар бозорларга етиб келиб, нарх-навони билиб олмасларидан бурун уларнинг молларини арзон нархда сотиб олиб, қимматга сотиш учун йўлларига пешвоз чиқмоқдан), муҳожирнинг (яъни ўтроқ кишининг) кўчманчи (молини олиб қолиб, қимматга) сотиб бермоғидан, аёлнинг ўз (муслима) синглисининг талоқ қилинмоғини шарт қилиб қўймоғидан, кишининг ўз (мусулмон) биродари савдоси устига савдо қилмоғидан (яъни ўз молини сотиш учун бировнинг харидорини айнитмоғидан) ҳамда (ўзгани алдаш ниятида нархни) оширишдан ва соғмасликдан (яъни «сутга тўлиб турса, харидор серсут экан, деб ўйлайди» деган мақсадда атайлаб соғмасликдан ёки шу ниятда ҳайвон елинини боғлаб қўймоқдан) қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, улардан кўтарасига мол сотиб олмоқни ва у молни турган ерида қайта сотиб юбормоқни ҳамда ўтроқ (яъни шаҳарлик) одамнинг кўчманчи (яъни шаҳарлик бўлмаган) одам молини (бирор ҳақ эвазига даллоллик қилиб) сотиб бермоғини ман этдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мунобазадан қайтардилар (Мунобаза – кишининг ўз матосини бировга ушлаб кўрмаслик ва очиб қарамаслик шарти билан сотмоғи). Шунингдек, у зот муломасадан ҳам қайтардилар (Муломаса – матони тахини очиб кўрмай, фақат ушлаб кўриш шарти билан сотиш).

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муломаса ва мунобаза қилмоқдан, тонгдан сўнг қуёш чиққунга қадар ва асрдан сўнг қуёш ботгунга қадар намоз ўқимоқдан (фарздан ташқари), аврати очилиб қоладиган даражада калта кийим киймоқдан ҳамда бир елкасини мато билан ўраб, иккинчисини очиб юрмоқдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўнғиз (чўчқа) сотишни ҳаром қилганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бақара» сурасининг охирги ояти нозил бўлганида жаноб Расулуллоҳ маст қилувчи ичимликлар сотишни ман қилдилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Минҳол Барро ибн Озиб ва Зайд ибн Арқамдан ривоят қиладилар. «Набий алайҳиссалом олтинни кумушга қарзга (насияга) сотишни тақиқладилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Бакра ривоят қиладилар. «Набий алайҳиссалом кумушни кумушга, олтинни олтинга, агар қиймати ва вазни бир-бирига тенг бўлмаса, сотишни ман қилдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилмаган бўталоқни (туя боласини) сотишни ман этдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Анас ибн Моликдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қоронғуда) матони (тахини очиб кўрмай, фақат) ушлаб кўриш шарти билан савдо қилмоқдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сотиб олинган озиқ-овқатларни бирмунча вақт ўзида ушлаб турмай ва сотиб олинган еридан бўлак жойга олиб бормай қайта сотишни ман қилдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Сулаймон ибн Абу Муслим бундай дедилар: «Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Нимаики нақд бўлса олинглар ва нимаики насияга бўлса, олманглар», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳали дарахтдан узиб олинмаган ҳўл хурмони хурмо қоқисига ва ҳали токдан узилмаган узумни майизга сотишни ман қилдилар (Чунки тупидан узиб олинмаган ҳўл меванинг вазни номаълум бўлиб, бундай савдода бир томоннинг ҳақи иккинчисига ўтиб кетади).

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тупида турган ҳар қандай ҳўл мевани қоқисига сотишни ман этдилар. Яъни, бу шундай савдо бўладики, бир киши иккинчи бир кишига: «Дарахтдаги меваларингни туришича менга сот, эвазига сенга фалон миқдорда қоқисидан бераман, агар мевани узиб олганимда кўп чиқса-майли, мен фойда қиламан, башарти оз чиқса, зарар қилсам ҳам майлига», дейди».

Имом Бухорий ривоятлари.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пишган (дарахтдан узиб олинган) хурмони (дарахтдаги) хом хурмога, майизни (ёки пишган, токдан узиб олинган узумни токдаги ғўр) узумга ва (ҳали ўриб олинмаган), бошоғидан тозаланмаган буғдойни (ўриб), бошоғидан тозалаб қўйилган буғдойга сотишни ман қилдилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам боғнинг хом ҳосилини, агар у хурмо бўлса – пишган хурмога, агар у узум бўлса – майизга, агар у экин бўлса – бирор озиқ-овқат маҳсулотига чамалаб сотишдан қайтардилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (дарахтдаги хом) ҳосилни яроқли бўлгани кўринмай (яъни пишмай) туриб сотмоқни ман қилдилар. (Бундан буён) дарахтдаги хом ҳосил фақат динору дирҳамга сотиладиган бўлди, муҳтож кишига вақтинча берилган дарахтдаги хом ҳосил бундан мустаснодир.

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳоқала (экинзорни буғдойга сотиш)ни ва музобана (дарахт тепасидаги пишмаган ҳурмони қуритилган хурмога алмаштириш)ни ман қилдилар.

Имом Термизий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дон бошоқлари оқармасдан ва офатдан омон қолгани билинмасдан туриб (даладаги ҳосилни) сотишни ман қилдилар, сотувчини ҳам, олувчини ҳам бундан қайтарганлар.

Имом Термизий ривоятлари.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам узумни қораймагунича ва донни токи бошоғида қотмагунича сотишдан қайтардилар.

Имом Термизий ривоятлари.

Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий алайҳиссалом ит сотиб, фоҳишалик ҳамда коҳинлик (фолбинлик) қилиб топилган пулни ишлатишдан қайтарганлар.

Имом Бухорий ва Термизий ривоятлари.

(Давоми бор)

Учинчи мақола

Islom.uz архивидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Аҳмад адДуайжий ҳикоя қилади Йигирма ёшли қиз автомобил ҳалокати натижасида вафот этди. Вафотидан бироз аввал яқинларининг аҳволинг қандай деган давоми...

3290 10:01 / 24.03.2017
Мусулмоннинг барча иши пухта ва мукаммал бўлиши керак Чин мусулмоннинг шахсияти барча ижобий хислатларни ўзида мужассамқилиб, салбийларидан йироқ бўлади. давоми...

4206 21:33 / 21.04.2017
Савол Халқ орасида тарқалган Ал фақру фахрийrdquo яъни, фақирлик менинг фахримдир, деган гап ҳадисми ёки йўқмиЖавоб Мазкур ривоятнинг тўлиқ матни Ал фақру фахрий давоми...

3021 10:15 / 24.03.2017
Фузайл ибн Иёз ибн Масъуд ибн Бишр Хуросоний. 105 ҳ. санада Самарқандда туғилиб 187 ҳ. санада Маккада вафот этган. Абийвардда ўсиб улғайган ва илм талабида сафар давоми...

8419 15:08 / 22.04.2017