1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ашуро — бир йиллик гуноҳларга каффорат

15:00 / 27.08.2020 3112 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ашуро қандай кун?

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман», дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар».

Имом Бухорий ривояти.

Ашуро куни қандай фазилатларга эга?

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: صِيَامُ يَوْمِ عَاشُورَاءَ إِنِّي أَحْتَسِبُ عَلَى اللهِ أَنْ يُكَفِّرَ السَّنَةَ الَّتِي قَبْلَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро кунининг рўзаси ўзидан олдинги йилнинг каффороти бўлса», деб Аллоҳдан умид қиламан», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Ушбу маънонинг ўзи Ашуро рўзаси қанчалар фазилатга эга эканлигини кўрсатиб туради. Уламоларимиз Ашуро рўзасини тутиш суннати муаккада, деган хулосага келганлар. Ана шунга амал қилиб, ҳаммамиз бу куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини бошқасидан афзал кўриб, соғиниб, Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим».

Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم رَجُلًا مِنْ أَسْلَمَ أَنْ أَذِّنْ فِي النَّاسِ، أَنَّ مَنْ كَانَ أَكَلَ فَلْيَصُمْ بَقِيَّةَ يَوْمِهِ، وَمَنْ لَمْ يَكُنْ أَكَلَ فَلْيَصُمْ، فَإِنَّ الْيَوْمَ يَوْمُ عَاشُورَاءَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Асламдан бир кишига: «Одамлар ичида ким бирор нарса еган бўлса ҳам куннинг қолганида рўза тутсин, ким емаган бўлса, у ҳам рўза тутсин. Чунки бугун Ашуро куни», деб жар чақиришга амр қилдилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Аслам – араб қабилаларидан бирининг номи. Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нима учун яҳудийлар Ашуро рўзасини тутишларини билиб, у рўзани тутишга мусулмонлар ҳақлироқ эканликларига айни Ашуро куни қарор қилганлар. Кўринишидан бу иш эрталаб содир бўлган. Шунинг учун Аслам қабиласидан бўлган кишини жар чақиришга амр қилганлар. Ашуро куни нонушта қилиб олганлар ўша куннинг ҳурматидан кундузнинг қолган қисмида бирор нарса еб-ичмасликка, эрталабдан бирор нарса еб-ичмаганлар эса рўзани ният қилиб олишга амр қилинганлар. Бу иш Ашуро рўзасини тутиш ниҳоятда аҳамиятли эканлигини кўрсатади.

وَقَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: مَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَتَحَرَّى صِيَامَ يَوْمٍ فَضَّلَهُ عَلَى غَيْرِهِ إِلَّا هَذَا الْيَوْمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ، وَهَذَا الشَّهْرَ شَهْرَ رَمَضَانَ. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор куннинг рўзасини бошқаларидан афзал кўриб, мана шу Ашуро кунидек, мана шу Рамазон ойидек излаганларини кўрмадим».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон Ашуро куни келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб турар эканлар. Бошқа бирор куннинг рўзасини тутиш учун бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар.

Шунингдек, Рамазон ойини ҳам қачон келар экан, рўзасини тутсам, деб, интиқ бўлиб кутар эканлар. Бошқа бирор ойнинг рўзасини тутишни бунчалик интизор бўлиб кутмас эканлар. У кишининг умматлари, яъни бизлар ҳам шундай бўлишимиз лозим.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ وَسَّعَ عَلَى عِيَالِهِ فِي يَوْمِ عَاشُورَاءَ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ فِي سَنَتِهِ كُلِّهَا. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади», дедилар».

Тобароний ва Байҳақий ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдаги «кенглик яратиш»дан мақсад ейиш-ичиш, хурсандчилик маъносидаги бемалолликдир.

Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Бу ҳадисни олтмиш йил тажриба қилдим ва фақатгина яхшилик кўрдим» деганлар.

Эслатма: Ашуронинг ўнинчи куни 2020 йил 29 август, шанба кунига тўғри келади.

Шунингдек, Муҳаррам ойининг ёлғиз ўнинчи кунида эмас, балки бу кунга қўшиб, бир кун олдинги ёки бир кун кейинги кунда ҳам рўза тутиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Аллоҳ  таоло барчаларимизни Ўзининг розилигини оладиган бандалардан қилсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида Хуршид Маъруф тайёрлади

Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз,, деган Бақара сураси, давоми...

5244 19:40 / 03.05.2019
Ийсо ибн Умар айтади .Амр ибн Атаба ибн Фарқад кечаси отига миниб, қабристонга борарди. Отидан тушиб, қабрлар олдида тўхтаб қолар ва .Эй аҳли қабр Саҳифалар ёпилди, давоми...

3425 09:15 / 11.01.2020
Аллоҳ таолонинг инсониятга берган неъматлари беадад, беқиёсдир. Уларнинг ичида энг ажойибларидан бири уни лаззатларга буркаб қўйганидир. Ўйинкулги лаззати, давоми...

3332 19:00 / 24.09.2021
Савол Ўн йилдан буён фарзанд кўрмаётганимиз сабабли бола асраб олиш ниятимиз бор. Шариат бўйича асранди боланинг ҳам анчамунча ҳуқуқлари бор деб эшитдик. Шулар давоми...

2893 16:00 / 22.08.2020
Аудиолар

210815 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130080 14:35 / 11.08.2021