1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат ва замонавий илм

Бақара сурасининг илмий тафсири (биринчи қисм)

15:05 / 26.08.2020 3452 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб марҳамат қилган:

الم ذَٰلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ ۛ فِيهِ ۛ هُدًى لِّلْمُتَّقِينَ

«Алиф лаам мийм. Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир» (Бақара сураси, 1-2 оятлар)

«Алиф лаам мийм». Ҳижоий араб ҳарфлари бўлиб, муқоттаот ҳарфлар, яъни «узилган» ҳарфлар дейилади. Ушбу ҳарфлар оят бошида келиб, бирикиб, сўзга айланган бўлса-да, одамлар сўзлашувида ишлатадиган сўзлар каби маъноларни ифода қилмайди. Қуръони Каримда муқоттаот ҳарфлар билан бошланадиган 29 та сура бор. Уларнинг ҳаммаси сура бошида келади. Ушбу ҳарфлар ҳақида айтилган энг аҳамиятли гаплардан бири шуки, баъзи сураларнинг бошида шу каби ҳарфларнинг келиши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари ва пайғамбарликлари ҳақ эканига далилдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уммий – ўқиш-ёзишни ўрганмаган эдилар. Ўқиш-ёзишни ўрганмаган, хат-саводи йўқ одам ҳарфларнинг номини билмайди, фақатгина ҳарфларнинг талаффузини, товушини билади холос. Ҳарфнинг товушини, талаффузини билгани учун ўша ҳарфлардан гап туза олади. Лекин уларнинг номларини билмайди.

Қуръоннинг 29 та сурасининг бошида араб ҳарфларининг келиши, уларнинг номини айтиб қироат қилиниши, масалан, алиф ҳарфи замма, фатҳа, касранинг келишига қараб «а», «и», «у» каби унлиларни ифода этсада, аммо ушбу биз ўрганаётган суранинг бошида «а» деб эмас, балки «алиф» деб ҳарфнинг номи айтилиши, ўқиш-ёзишни ўрганмаган улуғ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳарфларни ўз номи билан тиловат қилганлари ва бошқаларга ҳам шундай тиловат қилишни таълим берганлари у зоти бобаракот Қуръони Каримни Жаброил алайҳиссалом орқали Аллоҳ таолонинг Ўзидан қабул қилиб олганларига, мазкур ҳарфларнинг номларини у зотга Аллоҳ таоло билдирганига далолат қилади.  

«Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир» 

Иккинчи оятдаги «Ушбу Китоб»дан мурод Қуръони Каримдир. Оятдаги «ройб» сўзи шак, шубҳа деган маъноларни англатади. Демак, оятнинг маъносининг таржимаси «Қуръони Каримда ҳеч шак-шубҳа йўқдир» бўлади.

Ушбу оят ҳам Қуръоннинг Аллоҳнинг Китоби эканига, инсон томонидан ёзилмаганига гувоҳлик берадиган мўъжизалардандир. Биз бир саҳифа матн ёзадиган бўлсак, ёзганимизни токчага қўйиб, уйқуга ётамиз. Эртаси куни ўша саҳифани яна бир бор кўздан кечириб, ўқиб чиқамиз. Кеча эътибор берилмаган баъзи хатоларини тузатиб, қўшадиган жумлаларни қўшамиз, баъзи жойларини қисқартирамиз, баъзи сўзларни бошқасига алмаштирамиз. То ўзимизга маъқул бўлгунича бир неча марта таҳрир қиламиз. Аммо Қуръони Карим 114 та сурани ўз ичига олган, унда 6 мингдан ортиқ кўп оятлар бор бўлсада, Қуръоннинг ҳеч бир еридан битта ҳам хато топмаймиз. Хусусан, Қуръони Каримда луғатга, ақидага, ибодатга, ахлоққа, шариатга, илмга, тарихга, тарбияга, нафсга оид маъноларда ва бошқарувга оид маъноларда ҳам умуман хато йўқ. Буларнинг барчаси Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг Каломи эканига гувоҳлик берувчи мўъжизалардандир.

Ғарблик катта олимлардан бири, Бақара сурасининг бошидаги мазкур оятларни ўқийди ёки унга ўқиб беришади:

«Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир» 

Буни эшитган олим тўхтаб қолади. Бир инсон бирор мактуб ёки китоб ёзмоқчи бўлса, ёзганларини қайта-қайта текшириши, кўп таҳрир қилиши, шунда ҳам бирор хатойим қолиб кетмадими деган хаёлда бўлишини ҳис қилиб, «Бу Китоб бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ вақтдан бери «Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ» деяптими, демак, буни нозил қилган Зот оламларнинг Роббисидир» дейди.

Қуръони Каримни бошқа самовий китобларга луғати жиҳатидан, Аллоҳ таолога, фаришталарга, пайғамбарларга, муқаддас китобларга, қайта тирилишга, охиратдаги ҳисобга, жаннат ва дўзахга, қазо ва қадарга иймон келтиришга қилган даъвати жиҳатидан солиштирсак, ўртада улкан фарқни кўрамиз. Аллоҳ таоло Забур, Таврот ва Инжилни ҳам маълум пайғамбарлар алайҳимуссаломга нозил қилган. Аммо бугунги кунда мазкур китоблардаги маънолар бузиб, ўзгартириб юборилган. Аллоҳ таоло ҳақидаги, пайғамбарлар борасидаги маънолар бутунлай бузиб ташланган. Қуръони Карим эса ўша китоблардаги хатоларни тузатиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаб нозил бўлган.

Қуръони Карим ғайб олами борлиги, қайта тирилиш ҳақлиги, инсонларнинг маҳшар майдонида тўпланишлари, уларнинг ҳисоб қилинишлари, амалларнинг мезонда тортилиши, сирот кўпригининг борлигини кўплаб оятларда таъкидлаб баён қилган. Қуръони Каримнинг барча оятлари, ҳарфлари Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган бўлиб, унга заррача ҳам инсоннинг дахли, аралашуви йўқ. Агар Аллоҳ таоло тўғри ақидани Қуръони Каримда баён қилиб бермаганда, инсонлар ҳеч қачон тўғри ақидада бўла олмасдилар. Исломнинг устунлари бўлган иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа таъаббудий масалаларга диққат билан назар солсак, инсоннинг ақли қабул қиладиган, қалби ором оладиган масалалар эканини кўрамиз. Бу амалларнинг таъсирини одамларнинг ҳаётида ҳам кўриб, гувоҳи бўламиз.

Ислом динида ичида хатолиги бор бирорта таъаббудий ёки ахлоқий масалани кўрмаймиз. Шариат аҳкомларини ўқиган, кўрган инсон, хоҳ у мусулмон бўлсин, хоҳ мусулмонмас бўлсин, инсоф кўзи билан қараса, бу шариатни инсон тузмаганини, балки у Қудратли Зот томонидан жорий қилинганини англайди. Яна таъкидлаб айтамизки, ҳеч бир ақлли одам Қуръони Каримнинг бирорта оятида ёки бирорта калимасида заррача хатони кўрмайди, топмайди.

Биз мусулмонларнинг вазифамиз ушбу юқорида айтилган маълумотларни одамларга етказиб, Қуръоннинг нақадар улуғ китоб эканлигини, у Аллоҳ таолонинг ожиз қолдирувчи Каломи эканини етказиш, тушунтиришдир.

Роббимиз азза ва жалла Қуръони Каримда Қуръонни васф қилиб, шундай деб марҳамат қилган:

لَّا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِن بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ ۖ تَنزِيلٌ مِّنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

«Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли, ўта мақталган Зот томонидан нозил қилингандир» (Фуссилат сураси, 42-оят).

Араб тили уламолари айтишадики, Қуръони Карим ояти сиёқидан битта сўзни олиб, уни тилшунослик академияларига кўрсатиб, шунга ўхшаш калима ижод қилишларини сўрасангиз, олимлар асло унга ўхшаш калимани ижод қилолмайдилар.  

Ҳа, Қуръони Каримнинг сифатларидан бири «Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ»дир. Дарҳақиқат, ушбу Китобда ҳеч қандай хато йўқ, ҳеч қандай тойилиш йўқ, ҳеч қандай шак йўқ. Ҳатто Қуръони Каримда келган ғайбий масалаларда ҳам шак-шубҳа йўқ! Ҳар бир оқил инсон унга иймон келтириши, унинг ҳақлигини тасдиқлаши, унга таслим бўлиши шартдир! Қуръони Каримда ишора қилинган борлиққа оид маълумотлар, оятлар шу даражада нозик ва аниқ берилганки, бошқа ҳеч бир китоб бу даражада васф билан келтира олмайди.

Зағлул Нажжорнинг «Қуръони Каримнинг илмий тафсири» 

кўрсатуви асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаКапалак қанотлари ва фотонлар технологиясиМонарх капалаги деб номланган ҳашаротнинг қанотлари жисмоний амалиёт орқали ёрқин рангларни ҳосил давоми...

2450 15:00 / 16.02.2021
SMSS J215728.21360215.1 Жанубий Балиқ юлдуз туркумидаги z4,75 қизил силжишли ажойиб ёрқин квазар. Ушбу осмон жисми қуёшдан 12 миллиард ёруғлик йили узоқликдаги масофада давоми...

5688 16:00 / 08.05.2023
Аллоҳ таоло барча жонзотлар орасида инсонни мукаррам, гўзал суратли қилиб яратган. Албатта, ҳар биримиз она қорнида ҳомила бўлганмиз. То дунёга келгунимизга қадар давоми...

5877 17:00 / 28.11.2020
Шифобахш хусусиятларга бой занжабил ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда жаннат эгаларига берилган хушхабарларда .Ва улар уерда аралашмаси занжабийл бўлган давоми...

39365 16:00 / 04.03.2021