1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Набий алайҳиссаломнинг қайтариқлари (иккинчи мақола)

17:36 / 26.08.2020 1655 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамнинг бошқа бир одамни турғизиб, ўрнига ўзи ўтириб олмоғини ман қилдилар. Аммо жаноб Расулуллоҳ шундай дедилар: «Нарироқ сурилиб жой беринг ва бироз сиқилишиб ўтиринг», денглар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Язид ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировнинг молини зўрлик билан тортиб олишдан ва бировга ваҳшиёна (қулоқ, бурун ва бошқа аъзоларини қирқиб) азоб беришдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назр қилмоқдан қайтардилар ва: «У балонинг олдини ололмайди, у орқали бахилдан бирор нарса ундириб олингайдир, холос», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилични яланғочлаб юришга одатланишдан қайтарганлар».

Имом Термизий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўриларнинг баданини пуллаб, тирикчилик қилишни ман этдилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эр кишини икки аёлнинг орасида юришидан қайтардилар».

Абу Довуд ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Мусибат етганида юзларини юладиган, ёқасини йиртадиган ва ўзини қарғаб йиғлайдиганларни Аллоҳ таоло лаънатласин».

Ибн Можа ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмон учун ортиқча такаллуфни (зиёфат учун ҳаддан ташқари уринишни) ман этганлар.

Ҳоким ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир уйда якка ухлашни ман этганлар.

Имом Аҳмад ривоятлари.

Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир банда: «Мен Юнус ибн Маттодан яхшироқман», демаслиги лозим», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Замъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одам ичидан чиқадиган нарса (ел)га кулмоқдан қайтардилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Абу Саид Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (қўл билан) майда тошларни отиб ўйнашдан ман қилдилар ва: «Бу билан ов ҳам қилиб бўлмайди, душманни ҳам ўлдириб бўлмайди, фақат у кўзни чиқариб, тишни синдиради, холос», дедилар».

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқаришда ришва (пора) берувчини ва уни олувчини лаънатлаганлар».

Имом Термизий ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳумлар шаънига муболаға билан мадҳия ва марсия айтишни ман этганлар.

Ибн Можа ва Ҳоким ривоятлари.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойда вабо борлиги билинса у ерга киришдан, бирор жойда турилганда вабо бошлангани эшитилса, ўша жойдан чиқишдан қайтарганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Қабристон зиёратига борувчи аёлларни, қабристон устига масжид қурувчи ёки чироқ ёқувчиларни Аллоҳ таоло лаънатласин!».

Ҳоким ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабр устига ўтиришни, қабр устини бутунлай текислаб ташлашни ёки устига турли баланд қуббалар қуришни ман этганлар.

Имом Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан ўз уйига кечаси бемаҳал кириб келишни ман қилганлар.

Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Қуръон (яъни Мусҳаф) билан душман ерига сафар қилмоқдан қайтардилар». (Бу ерда Қуръон дейилгани билан Мусҳаф деб тушунмоқ керак. Чунки Қуръон оғзаки тарзда нозил қилинган бўлиб, душман уни қалблардан тортиб олиб, оёқости қилолмайди).

Имом Бухорий ривоятлари.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўхтаб турган кўлмак сувга сийишни ман этганлар.

Имом Муслим, Насаий, Ибн Можа ривоятлари.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бирор нарсанинг бахтсизлик келтиришига ишониб) ирим-сирим қилишдан қайтарганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Умму Атийя ривоят қиладилар:

«Биз аёллар ўликка уч кундан ортиқ аза тутмоқдан қайтарилган эдик, эр ўлсагина тўрт ойу ўн кун аза тутмоқ мумкин эди... Биз аёллар жанозага эргашмоқдан ҳам қайтарилган эдик».

Имом Бухорий ривоятлари.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майитларни ҳақорат қилманглар, чунки улар келадиган жойларига келиб бўлдилар», деганлар».

Имом Бухорий ривоятлари.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (саҳобаларга қарата): «Биронтангиз узоқ хасталаниб ётиб қолсангиз, (безор бўлганингиздан) ўзингизга ўлим тиламанг! Башарти шундай қилиш зарур бўлса: «Эй Парвардигорим, агар (бундан кейинги) яшамоғимнинг менга нафи бўлса, мени тирик қолдиргин, мабодо ўлмоғим афзал бўлса, омонатингни олғил, деб айтингиз», дедилар».

Имом Бухорий ривоятлари.

(Давоми бор)

Биринчи мақола

Islom.uz архивидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Масъуд Косоний Бадаиъrdquoда Таҳорат қилувчидан талаб қилинадиган нарса поклик. Бисмиллоҳrdquoни айтишнинг бунга дахли йўқ. Сабаби сув пок яратилган. Сувнинг давоми...

5519 20:17 / 22.04.2017
Умар ибн Зарр роҳматуллоҳи алайҳ Ато ибн Абу Рабоҳ роҳматуллоҳи алайҳдан, у эса Умар ибн Абдулазизнинг аёли Фотимадан ривоят қилиб айтади Бир куни Умар ибн давоми...

2569 16:32 / 27.03.2017
Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар Қалбни бузувчи нарсалар асосан бештадир кўп аралашиш, узун орзу, Аллоҳдан бошқага боғланиш, кўп ейиш, кўп ухлаш. давоми...

2723 10:25 / 27.03.2017
Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман ё Расулаллоҳ. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига давоми...

2494 13:51 / 24.03.2017