1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Кўнгил шодлиги

05:00 / 03.03.2017 4027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Хубайбал- Жуҳаний отасидан, у амакисидан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда шодон чиқдилар. Биз у зот аҳллари билан бирга бўлган бўлсалар керак деб ўйладик.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг шодон кўрмоқдамиз?» дедик.
«Шундай. Алҳамду лиллаҳ!» дедилар. Сўнгра бойликни зикр қилдилар. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, тақво қилган одам учун бойликнинг ҳечиқиси йўқ. Тақво қилган одам учун соғлик бойликдан кўра яхшироқ. Қўнгил шодлиги неъматлардандир», дедилар
».Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кишиларнинг олдиларига ғусл қилиб бўлиб, чиққан эканлар. Қарасалар, ниҳоятда хурсанд ҳолатдалар, кўринишлари ниҳоятда хушчақчақ. 

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли аёллари билан бирга бўлиб, сўнг чиқдилар деб ўйлашибди. Сўнг: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни жуда хурсанд, кўнглингиз жуда равшан бўлган ҳолингизда кўрдик» дейишибди. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўғри! Аллоҳга ҳамд бўлсин! Ким тақводор бўлса ва бой бўлса, ҳеч гап эмас, бу бойлик унга хавф-хатар эмас. Ниҳоятда яхши. Агар тақводор одам соғ-саломат бўлса, саломатлик унга бойликдан ҳам яхшидир. Тинч-хотиржам, хушчақчақ, кўнгли равшан юриш катта неъматлардандир» деган эканлар. 

Бу ҳадисдан ҳам тинч-хотиржам, кўнгил равшан бўлиб юриш мўмин киши учун Аллоҳ берган улуғ неъмат эканлигини билиб оламиз. 

Демак, тақводор инсоннинг қўлида мол-дунёси бўлса, унга ҳеч қандай хавф-хатар йўқ экан, соғ-саломат бўлса, бу унга бойликдан ҳам кўра яхшироқ экан. 

Бугунги кунда одамлар ана шу неъматларни тушунмай, ўзларини ҳам, бошқаларни қийнаб қўймоқдалар, гуноҳларга сабаб бўлмоқдалар. 

Агар ушбу ҳадисни билиб, тушуниб, унга амал қилсалар, ўзларига берилган улкан неъматларга шукр қилган бўлардилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шодон ҳолда ҳам юрганлари.

2. Кишилар ҳузурига ғусл аломати бор ҳолда чиқиг мумкинлиги. 

3. Шодонлик учун Аллоҳга ҳамд айтилиши.

4. Тақво қилган одам учун бойликнинг ҳечиқиси йўқлиги.

5. Тақво қилган одам учун соғлик бойликдн кўра яхшироқлиги.

6. Кўнгил шодлиги неъматлардан эканлиги. 


 Наввос ибн Самъон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўради. Бас, у зот:
«Яхшилик ҳусни ҳулқдир. Ёмонлик – кўнглингни ғаш қиладиган ва одамлар кўриб қолишини ёқтирмаган нарсанг», дедилар
».

Шарҳ: Ҳақиқатан, бу яхшилик ва ёмонликни фарқлашнинг энг осон, лекин буюк бир ҳикматга эга бўлган ўлчовидир. 

Инсоннинг ҳулқи гўзал бўлса, нафақат инсонлар ўртасида, оила аъзолари билан, балки ҳайвонот ва наботот олами, ҳатто атрофидаги асбоб-анжомлари билан ҳам ҳусни ҳулқ билан муомалада бўлади. 

Сўфийларнинг бир мисоли бор – пиёла билан ҳам ҳусни одоб бор, дейишади. Ҳусни одобинг бўлса, пиёлангни синдирмайсан, четини учирмайсан, кир қилмайсан, доимий равишда фойдаланасан, одобинг туфайли манфаатинг бардавом бўлади. 

Ҳусни ҳулқинг бўлмаса, бир уриб, пиёлангни синдирасан. Ўзингга зарар бўлади, бошқага эмас. 

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Яхшилик ҳусни ҳулқдир», деганларида олам-олам маъно бор.

Ёмонлик ҳам юқорида айтилгандек. Ким бўлишидан қатъи назар, ёмонлик қилган кишининг кўнгли ғаш бўлади. Биров кўрмасин, дейди. Ҳатто ўта кетган ичкиликбозлар ҳам ичкиликни яшириб ичади. Сотиб олса, бир нарсага ўраб, қўлтиғига қистириб олиб чиқишади. Бу Бу ҳам ўша ичкиликнинг ёмонлигини ўзи билганлигидандир.


 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, энг сахийси ва энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча Мадийна аҳли қўрқинчга тушди. Одамлар овоз томон талпиндилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг қаршиларидан чиқдилар. Одамлардан олдин овоз чиққан томонга етиб борган эканлар. У зот: «Қўрқманглар! Қўрқманглар!» дер эдилар.
У зот Абу Толҳанинг яйдоқ, эгари йўқ отини миниб олган эдилар. Бўйинларида қилич бор эди.
Бас, «Бу(от)ни денгиз деб билдим ёки албатта, бу денгиздир» дедилар
».

Шарҳ: Бир кеча Мадийнаи Мунавваранинг аҳли даҳшатга тушиб қолишди. Мадийнани қўрқинч ўраб олди. Одамлар қўрқинчли овоз чиқаётган томонга қараб югуришди. 

Улар югуриб кетишаётганда олдиларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб қолдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша овоз келаётган томондан келаётган эдилар. 

Қарашса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан олдин у ерга етиб бориб, гап нимада эканлигини билиб, қайтиб келаётган эканлар. Шижоатлари ана шундай бўлган. 

Бошқалар «Нима қилсак экан? Овоз қаердан келяпти экан? Борсам бир гап бўлмасмикан?» деб ўйлангунча у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етиб борганлар, бориб, кўриб, одамларни тинчлантириш учун қайтиб келаётган эканлар. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч гап йўқ экан, хотиржам бўлинглар, бемалол бўлинглар» деб қайтиб келаётган эканлар. 

У зот Абу Толҳанинг «Мандуб» номли эгарланмаган яйдоқ отини миниб олган эканлар. Демак, шунчалик тез чиққанларки, отни эгарлаб, тўқим солиб ўтирмай, яйдоқ отга отилиб миниб чиққан эканлар, бўйниларида қиличларини ҳам осиб олган эканлар. 

Демак, душман бостириб келган бўлиши ёки бошқа бир хавф-хатар бўлиши мумкин, деб шижоат билан тайёрланиб чиққан эканлар, ҳаммадан олдин етиб борган эканлар. 

Сўнг «Бу от дарё экан, денгиз экан», деб Абу Толҳанинг отини мақтаб ҳам қўйган эканлар.

Бу ҳадисдан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсоний, нафсоний ҳолатлари қанчалик юксак эканлигини, умматларига, шерикларига, жамиятларига қанчалик меҳрибонликларини ва бошқа кўп фазийлатларини билиб оламиз. 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси эканликлари.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийси эканликлари.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг шижоатлиси эканликлари.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг тинчлиги ва хавсизлиги ҳақида бошқалардан кўра кўпроқ ташвишда бўлганлари.

5. Яйдоқ, эгари йўқ отини миниш мумкинлиги.

6. Отни денгиз деб сифатлаш мумкинлиги.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлишинг маъруфдандир. Биродаринг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг маъруфдданир» дедилар
». 

Шарҳ: Ҳар бир маъруф иш, яхши иш, урфда яхши деб топилган иш садақадир. Шу ишни қилган одам садақа қилган бўлади. 

Ана шу маъруфлардан бири ўз биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлишдир ва ўз биродарингнинг челагига ўз челагингдан сув қуйиб беришинг ҳам маъруфдир, садақадир. 

Қудуқдан сув олаётган одам ўз челагидан биродарининг челагига сув қуйиб бериши жуда кичик нарса ҳисобланади. Бироқ бу иш ҳам садақа ҳисобланар экан, ажр-савоб ёзилар экан. 

Шунинг учун ҳар бир яхшиликни катта-кичик демасдан қилавериш керак экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлишинг», деган гапларининг мисолини баъзи чет ўлкаларда бўлганимизда кўрдик. 

Одат, маданиятнинг шарт-шароити уларда шу ўзи. Умрида ҳеч кўрмаган одамга ҳам кулиб муомала қилидилар. Ўзи биров билан жанжаллашиб турган бўлса ҳам, бурилиб, сизга кўзи тушса – табассум қилишади, салом беришади. Улар шуни маданият деб татбиқ қилишган. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биродарингнинг юзига қараб қилган табассуминг ҳам садақадир» деган ҳадисларига амални ўша ерда кўрдим. 

Афсуски, биз бу ҳадисни ўқиган, таржима қилган, эшитган бўлишимиз мумкин, лекин оммавий равишда унга амал қилмаймиз. 

Бошқа ҳадиси шарифлар қатори бу ҳадисга амал қилишга ўтишимиз керак.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Исломда садақанинг маъноси кенг экани.

2. Ҳар бир маъруф – одамлар яхши санаган иш садақа экани.

3. Биродарингга очиқ юз билан мулоқотда бўлиш ҳам садақа экани.

4. Биродари челагига ўз челагидан сув қуйиб бериш ҳам садақа экани.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик англаб олиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири шулки, бир шахсдан содир бўлган ҳар бир зулмга қарши унга ҳам ўшанча мислда жавоб қайтариш жоиз эмас. Мисол давоми...

2471 05:00 / 02.03.2017
198387 йиллар Ислом институтида таҳсил олдим. Талабалик даврларининг бир кунида бир курсдошим билан шаҳар айланиб, Миробод эски Госпиталная бозори ёнидаги давоми...

3415 05:00 / 03.03.2017
Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади Эй одамлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва ризқни чиройли суратда талаб давоми...

3900 05:00 / 03.03.2017
Ушбу мақоламизда деҳқончилик, хусусан кўчат экиш фазилати ва унинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида тўхталиб ўтамиз.Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу давоми...

5612 05:00 / 04.03.2017