1447 йил 3 Рамазон | 2026 йил 21 февраль, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Фарзандга Муҳаммад деб исм қўйса бўладими?

11:30 / 30.06.2021 8462 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Исмимни қўйинглар, аммо куням билан куняланманглар».

Бухорий ва Муслим ривоятлари.

«Куня» деганда кишининг исмидан аввал айтиладиган, бош фарзандининг исмига қўшиб «Фалончининг отаси» маъносидаги нарса тушунилади. Масалан, Абу Абдуллоҳ, Абу Дардо, Абу Мусо каби.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб саҳобаларга куня қўйиб, ўша билан чақирар эдилар. Масалан, Абдураҳмон ибн Сохр ад-Давсий розияллоҳу анҳу деган саҳобанинг мушукнинг боласини ўйнатиб ўтирганларин кўриб, у кишини «Абу Ҳурайра», яъни «Мушукчанинг отаси» деб чақирганлар.

Бир куни масжид девори ёнида ётган Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг тупроққа беланиб ётганларини кўрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини «Абу Туроб», яъни «Тупроқ отаси» деган куня билан чақирганлар. Шунингдек, Али розияллоҳу анҳунинг «Абул Ҳасан» деган кунялари ҳам бор.

Бизда ҳам баъзи хонадонларда аёллар турмуш ўртоғларини бош фарзандларининг исми билан чақиришлари одат тусига кирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари эса Абул Қосим эди.

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини ўз исмларини қўйишга тарғиб қилмоқдалар. Баъзилар ўйлаганидек, агар Муҳаммад исми фарзандга оғирлик қилганида ёки фарзандни Муҳаммад деб номлаш мумкин бўлмаганида, «Исмимни қўйинглар» демасдилар.

Қолаверса, барча Пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг улуғи, оламларга раҳмат бўлган зотнинг исмлари қандай қилиб оғирлик қиладиган, фарзанднинг боши касалликдан чиқмаслигига сабаб бўладиган исм бўлади?!

Бундай гапни айтиш севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан беҳурматлик ҳисобланади.

Абул Қосим деб куняланиш борасида эса уламоларимиз ораларида турли фикрлар мавжуд.

Баъзи уламолар Абул Қосим деб куняланиш мутлақ мумкин эмас, десалар, баъзилари ҳадисдаги гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик чоғларига тегишли, дейишган.

Айтгандек, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Али розияллоҳу анҳу каби улуғ саҳобаларнинг Муҳаммад исмли ўғиллари бўлган.

Шунингдек, Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ каби улуғ муҳаддисларимизнинг исмлари ҳам Муҳаммад бўлган.

Фарзандига Муҳаммад деб исм қўйган ота-она ўша фарзандини ҳурмат қилиши, уни ҳақорат қилмаслиги, мажлисларда жой бериши, юзига деб сўкмаслиги лозим бўлади.

Хуллас, туғиладиган фарзандларимизга биз умматлари учун кўп қайғурган, охиратда шафоатчимиз бўлган севиклигимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларини кўпроқ қўйишимиз ва ушбу исмнинг ҳурматини сақлашимиз керакдир.

Islom.uz сайти ва бошқа манбалар асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илм ўрганар экан, инсон маърифат билан Яратган зотнинг розилигини топишни, охиратда саодат эгаларидан бўлишни мақсад қилади. Бунинг учун унинг илми ўзига ҳам, давоми...

8259 05:00 / 04.03.2017
Мўминга бало келишининг сабаблари Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Ва баъд.Буюк ҳикматга кўра мўминга бало келиши давоми...

6723 05:00 / 06.03.2017
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, сокинлаштиринг, нафрат давоми...

4008 05:00 / 03.03.2017
Истиқлол бизга ўзлигимиз, қадриятларимиз, қадим анъаналаримиз қайтишига йўл очди. Халқимиз руҳий асоратдан, таъқибу тазйиқ ва қўрқувлардан озод бўлди. Бизга яшаш давоми...

6996 05:00 / 04.03.2017
Аудиолар

232371 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

150833 14:35 / 11.08.2021