1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

МУСУЛМОННИ ТАҲҚИРЛАШ ВА УНДАН АРАЗЛАШ

05:00 / 02.03.2017 5295 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар ! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир», деган.

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади. Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заифлашади. Ислом эса доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради. Шунинг учун ҳам ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирини масхара қилишдан қайтармоқда.
«Эй иймон келтирганлар! Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир».
Эътибор берадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ушбу оятни яна,
«Эй иймон келтирганлар!» нидоси ила бошламоқда. Шунинг ўзи ҳам нидодан кейин келадиган масала ўта муҳимлигидан дарак беради.
Ожиз инсон ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчашга ҳаракат қилади. Шунингдек, масхара қилувчилар ҳам ўзларича одамларни қадрини ўлчашиб, бой камбағалдан, кучли кучсиздан, амалдор амали йўқдан, фарзанди кўп фарзандсиздан кулиши мумкин. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа. Эҳтимол, ҳеч ким кўзга илмайдиган бир инсон Аллоҳнинг ҳузурида минглаб бой-зодагон, удабуронлардан чандон-чандон яхши мартабададир.
Одатда, кўпгина ишлар ҳақидаги ҳукмлар эркакларга хитобан айтилса-да, ўз-ўзидан аёлларни ҳам ичига олиб кетаверади. Аммо бир-бирини масхара қилишдан ман қилувчи хитобда эркаклардан кейин аёллар алоҳида зикр қилинган.
«Ва аёллар ҳам бошқа аёлларни (масхара қилмасин), эҳтимол улар булардан яхшироқдир».
Нимага? Чунки, бир-бирини масхара қилиб устидан кулиш, турли ишлар билан фахрланиб ўзгаларни камситиш аёлларда кўпроқ учрайди. Чиройли аёл хунугини, бойи камбағалини, ёши қарисини, моҳираси нўноғини масхара қилиб устидан кулади. Лекин Аллоҳнинг ўлчови бошқа-ку! Эҳтимол, ҳаётда хунук, камбағал, нўноқ бўлган аёл Аллоҳнинг ҳузурида минглаб чиройли, бой ва моҳира аёллардан кўра яхшироқдир.
Ҳа, кишилар қадрини ўлчашда Аллоҳнинг торозуси ҳақиқий торозу ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:: «Ҳасад қилишманглар. Нажш қилманглар. Бир-бирингизла ғазаблашманглар ва бир-бирингизга қарши тадбир кўрманг. Баъзингиз баъзингизнинг савдоси устига савдо қилманг. Аллоҳнинг бандалари биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам. Уч марта, тақво бу ердадир, деб кўкракларига ишора қилдилар. Сўнг яна, кишининг ёмонлиги учун ўзининг мусулмон биродарини таҳқирлаши кифоя қилади. Мусулмоннинг бору будири мусулмонга ҳаромдир; қони ҳам, моли ҳам ва обрўси ҳам», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ўзларининг бу ҳадиси шарифларида кишилар орасида бўладиган бир неча ишлар ҳақида сўз юритмоқдалар. Уларнинг баъзиларидан сиз билан бизни қайтариб, баъзиларига тарғиб қилмоқдалар.
1- Ҳасад қилишманглар. 
Одамлар орасида ҳасад бўлса, уларнинг дўстлиги кетиб унинг ўрнига душманлик пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам бу ёмон ахлоқдан сақланмоқ лозим.
2- Нажш қилманглар. 
«Нажш» сўзи луғатда шишириб кўрсатиш маъносини англатади.
Савдода эса, бошқаларни алдаб қизиқтириш учун бир нарсани ортиқча баҳога сотиб олишга айтилади.
Бунда сотувчи билан келишиб олган шериклари бўлади. Сотувчи савдо молини мақтаб туради. Шериклар эса одам тўпланганда келиб, жуда зўр нарса экан, баҳоси ҳам арзон, деб хўжакўрсинга сотиб оладилар. Буни кўриб турган бошқа кишилар ҳам қизиқиб сотиб ола бошлайдилар. Бу иш очиқ ойдин алдамчилик экани кўриниб турибди. Бундоқ услуб билан пул мол топишни Ислом ҳаром қилди.
3- Бир-бирингизла ғазаблашманглар. 
Ғазаб ҳам енг ёмон хулқлардан биридир.
4- Бир-бирингизга қарши тадбир кўрманг.
Бу иш одамларнинг бир-бирларига ёмонлик қилиш мақсадида тадбир қилишдан иборатдир. Бундан тарафкашлик келиб чиқиши ва жамият аъзолари орасида иноқлик бутунлай йўқолиши келиб чиқиши турган гап.
5- Баъзингиз баъзингизнинг савдоси устига савдо қилманг.
Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш икки хил кўринишда бўлиши мумкин;
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга, савдонгни бузиб нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман, дейди.
Иккинчи кўринишда эса, бировга нарса сотган одамга, савдонгни бузиб нарсангини қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўп баҳо тўлайман, дейди.
Бу иш бузғунчиликдан иборатдир. Кишилар ичида келишмовчилик, уруш жанжал келтириб чиқарадиган ишдир. Эркин базор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишга зид нарсадир. Шунинг учун ҳам Ислом шариатида ман қилингандир.
6- Аллоҳнинг бандалари биродар бўлинглар. 
Ҳа, Аллоҳнинг бандалари барчалари бир-бирлари билан биродар бўлишлари лозим. Ислом биродарлик динидир. Ҳа,
7- Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, ёрдамсиз ташлаб ҳам қўймайди ва таҳқирламайди ҳам.
Мусулмон мусулмонга зулм қилмайди. Балки, адолатли бўлади, унга доимо яхшилик қилади. Мусулмон мусулмонни ёрдамсиз ташлаб қўймайди. Керак чоғида унга ёрдам беришни ўз бурчи деб билади. Мусулмон мусулмонни таҳқирламайди. Бу мутлақо мумкин эмас. Балки мусулмон мусулмонни эъзозлайди, улуғлайди ва эҳтиром қилади.
8-Уч марта, тақво бу ердадир, деб кўкракларига ишора қилдилар. 
Ҳа, тақво кишининг қалбида бўлади. Ўша қалбдаги тақво ўз эгасини Аллоҳ таолога тақво қилишга доимий равишда ундаб туради. Ўша тақво ишларидан бири мусулмонни таҳқирламасликдир. Аллоҳ таолога тақво қиламан деган киши бировни таҳқирламайди.
9- Кишининг ёмонлиги учун ўзининг мусулмон биродарини таҳқирлаши кифоя қилади. 
Ёмон одам деган номни олиш учун бр мусулмонни таҳқирлашнинг ўзи етади. Бу иш шунчалар ёмон иш. Фақат ўша ишни қилиш билан ҳам киши ёмон номини олиши турган гап. Бу оғир гап. Чунки,
10- Мусулмоннинг бору будири мусулмонга ҳаромдир; қони ҳам, моли ҳам ва обрўси ҳам».
Ҳа, мусулмннинг қонини тўқиш гуноҳи азимдир. Ҳа, мусулмоннинг молини олиш ҳам гуноҳи азимдир. Ҳа, мусулмоннинг обрўсини тўкиш ҳам худди унинг қонини тўкиш, молини олиш каби гуноҳи азимдир. Шунинг учун бировни ўлдиришдан ёки молини ўғрилаб олишдан қанчалар ўзимизни эҳтиёт қиладиган бўлсак унинг обрўсини тўкишдан ҳам шунча эҳтиёт бўлайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Қанчадан қанча ғобор босган ва эшиклар олдидан ҳайдаладиганлар бор. Агар улар Аллоҳга қасам ичсалар, албатта, У зот уларнинг қасамини рўёбга чиқаради», дедилар». Муслим ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам кишиларни ҳақир санамасликка тарғиб бор. Бандалар кишиларнинг зоҳирий кўринишларига, кийим бошларига қараб эҳтиром қиладилар ёки таҳқирлайдилар. Аслида бу жуда ҳам нотўғри тасарруфдир. Кишиларнинг кўплари усти ялтироқ ичи қалтироқ бўлиши турган гап. Шу билан бирга бунинг тескариси бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор бировни ташқи кўринишига қараб ҳақир санамаслик лозим. Одамлар ичида ўзи ўта кўримсиз бўлса ҳам Аллоҳ таолога етишиб қолганлари, У зотдан бирор нарсани сўраса ўша заҳоти берадиганлари ҳам кўп.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатнинг эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очиладир. Шунда Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмаган бандани мағфират қилинадир. Илло у билан биродари орасида кина-адоват бор кишини мағфират қилинмайди. Балки: «Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар! Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар! Манави иккови сулҳ қилгунларича кутинглар!» дейилади», дедилар». Муслим Абу Довуд, ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, қиёмат куни ширк келтирмаганларнинг ҳаммасини мағфират қилинганда ҳам бир-бирига душманлик қилганларни то улар ўзаро сулҳ тузиб ярашмагунларича мағфират қилинмас экан. Бас, шундоқ экан бир-биримизга зинҳор ҳам кина адоват сақламаслигимиз лозим экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ҳафта одамларнинг амаллари икки марта; душанба куни ва пайшанба куни арз қилинади. Ўшанда ҳар бир мўмин бандани мағфират қилинур. Илло у билан биродари орасида кина-адоват бор бандани мағфират қилинмайди. Балки: «Бу иккисини то (тўғриликка) қайтгунларича тарк қилинган ёки орқага суринглар», дейилади», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бир ҳафтада икки марта; душанба ва пайшанба кунлари бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таолога кўрсатиб турилади. Ўшанда ҳамманинг гуноҳлари кечирилса ҳам ўзаро адоват сақлаганларнинг гуноҳлари кечирилмас, улар ярашиб олгунларича ортга сурилар экан. Шунинг учун бандалар бир-бирлари билан адоват қиласликлари лозим. Мабодо бандачилик билан бу номаъқул иш содир бўлса ҳам тезда сулҳга ўтиш керак.

Абу Аюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кечадан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Учрашиб қолсалар, бу ҳам юз ўгириб кетади, у ҳам юз ўгириб кетади. Иккисидан яхшиси, аввал салом берганидир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Исломда биров билан сўкишиш, уришиш, жанжал қилиш гуноҳ ҳисобланади. Бандачилик билан гуноҳкор бўлиб уришиб, жанжаллашганларнинг бир-бирига адоват сақлаб аразлашиб юришлари гуноҳ устига гуноҳдир. Аччиғи чиқиб ўзига келиши учун уришган тарафларга уч кун муҳлат берилган. Ўша муҳлатдан кейин ҳам аразлашиб, бир-бирини кўрганда юз ўгириб кетишлик ҳаромдир. Ўртада юзага келган ноқулай ҳолатдан чиқишни ўз бўйнига олиб қарши томонга биринчи салом берган одам яхши одам бўлади.
Келаси ҳадиси шарифда бу иш қандай амалга ошиши ва оқибати нима бўлиши ҳақида батафсилроқ сўз кетади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминдан уч кундан ортиқ аразлаши ҳалол эмас. Агар у уч кунни ўтказган бўлса, ўша билан учрашиб, салом берсин. Агар унинг саломига алик қайтарса, иккилари ажрга шерик бўладилар. Агар саломга алик қайтармаса, у гуноҳни ўзига олган бўлади. Мусулмон эса аразлашдан чиқади», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1- Уч кундан ортиқ аразлашган тарафлар гуноҳкор бўлиши.
2- Уч кун араздан кейин бир томон иккинчисини топиб унга салом бериши лозимлиги.
3- Бир томон ўзи билан аразлашган иккинчи томонга салом берганда иккинчи томон саломга жавоб қайтарса, икки томонга ҳам ажр бўлиши ва улар араздан чиқишлари.
4- Бир томон ўзи билан аразлашган иккинчи томонга салом берганда иккинчи томон саломга жавоб қайтармаса, гуноҳ ўша саломга жавоб қайтармаганга бўлиб, салом берган араздан чиқиб савобга ноил бўлиши. Иккинчи томон эса аразда, бинобарин гуноҳкорликда ҳам давом этиши.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш ҳалол эмас. Ким ўшандан ортиқ аразлаб туриб ўлиб қолса, дўзахга киради», дедилар».
Шарҳ: Қаранг, ўлгунича биров билан аразлашиб юриш қанчалар ёмон иш экан!? Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
Бунгача келган ҳадиси шарифларда Аллоҳ таолога осийлик бўлган ишларда эмас, ўзаро жанжаллар туфайли аразлашлар ҳақида сўз кетди. Энди эса Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг розилигига қарши бўлган ишлар содир қилганлардан аразлаш ҳақида сўз юритилади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «София бинти Ҳуяйнинг туяси хаста бўлиб қолди. Зайнабнинг ортиқча улови бор эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Зайнабга: «Унга туяни бериб тур», дедилар.
«Мен ўша яҳудийга берар эканманми?» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ғазабландилар ва ундан Зул Ҳижжа, Муҳаррам ва Сафарнинг баъзисида аразладилар».
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: София бинти Ҳуяй розияллоҳу анҳонинг ҳақларида ҳақоратомуз гап айтганлари учун Зайнаб онамиз розияллоҳу анҳодан икки ойдан кўп аразлаган эканлар. Бу аразлаш шахсий мажоро учун эмас, балки Аллоҳ таоло учун бўлган.

4373-Абдуллоҳ ибн Умар ўз боласидан то вафот этгунча аразлаган». Ушбу тўртовини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу араз ҳам Аллоҳ таолонинг розилиги учун бўлган.

ТАЛАШИБ ТОРТИШИШ

Аллоҳ таоло: «Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди», деган.

Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келдим. Бас, (одамлар) мени мақтай бошладилар ва зикр қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг ичингизда уни энг яхши билувчиман», дедилар. «Рост айтдингиз! Отам, онам сизга фидо бўлсин! Сиз шеригим эдингиз. Қандоқ ҳам яхши шерик эдингиз. Хилоф ҳам қилмас эдингиз. Талашиб тортишмас ҳам эдингиз» дедим». Абу Довуд ва Насоий. ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Соиб ибн Абу Соиб розияллоҳу анҳу авваллари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг шериклари бўлган эдилар. Икки шерик юир-бирларини жуда ҳам яхши билар эдилар. Шунинг учун улар бир-бирларини васф қилишда бошқалардан кўра афзал эдилар.
Соиб ибн Абу Соиб розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га қилган васфларида у зотнинг талашиб тортишиш одатлари йўқлиги айтилмоқда. Ким Муслимга умматман деса, у зотга эргашаман деса, у зотдан ўрнак оламан деса, ҳеч ҳам талашиб тортишувчи бўлмасин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки, у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. Ким ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Мен ўзи ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дедилар».
Шарҳ: Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб тортишиш балки, ҳақ бўлиб туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки, нима бўлса ҳам талашиб тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду адоватни солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса талашиб тортишмай бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади.
Ёлғон ҳам жуда ёмон нарса. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапириб бўлмайди. Ҳазил эса ноўрин ва кўп бўлса кишининг ҳайбатини кетказади. Шунинг учун ёлғондан ҳам ноўрин ва кўп ҳазилдан ҳам йироқда бўлмоқ лозим.
Гўзал хулқли бўлиши ҳаммадан гўзал. Ислом доимо мусулмонларни гўзал хулқли бўлишга чақирган. Бу ҳадиси шарифда эса гўзал хулқли бўлган мўмин-мусулмонларга жаннатнинг энг юқори жойидан уй ваъда қилинмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг ила талашиб тортишма, у билан ҳазиллашма ва унга ваъда қилсанг, ваъдангга хилоф қилма», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: сиз билан бизларни уч нарсадан қайтармоқдалар;

1- Талашиб тортишишдан.
2- Беҳуда ҳазиллашишдан.
3- Ваъдага хилоф қилишдан.

Ваъдага хилоф қилиш мунофиқларнинг ишидир. Бу ёмон одат мусулмонга мутлақо тўғри келмайди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенинг хусуматчи бўлиб туришинг гуноҳкорлик учун етарлидир», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Хусуматчилик ҳам талашиб тортишишнинг бир кўринишидир. Бу иш ҳам катта гуноҳдир. Мусулмон одам бу ёмон хулқдан узоқда бўлмоғи лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни ёд этиб. Бир муддат фазилатли шайх ҳазратлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом давоми...

2284 09:02 / 19.07.2022
888. Зуҳрий Балий қабиласидан бўлган бир кишидан қилган ривоятда айтилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан бордим. Ул зот менга давоми...

3436 05:00 / 07.03.2017
Мўминга бало келишининг сабаблари Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Ва баъд.Буюк ҳикматга кўра мўминга бало келиши давоми...

5806 05:00 / 06.03.2017
Уйқуга тўймаган кўзларини базўр очдию, одатдагидек қўли бош тарафида турган телефони томони узанди. .Оббо, яна ухлаб қолибманку, деди. Алламаҳалгача телефонда давоми...

3958 09:00 / 02.07.2022