1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ишларда шошилмаслик

05:00 / 03.03.2017 2689 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳасан ривоят қилади:
«Бир одам вафот қилди. Унинг ортидан ўғли ва мавлоси (озод қилган қули) қолди. Мавлосига ўғли ҳақида васият қилди. У бунда нуқсонга йўл қўймади. У вояга етганда уйлантирди. Сўнг ўғил унга «Менга керакли нарсаларни беринг, илм талаб қилай» деди. У керакли нарсаларни тайёрлаб берди. У бир олимнинг олдига бориб, ундан илм олди. У:
«Қайтишни ирода қилсанг, менга айт. Сенга илм ўргатаман», деди.
«Менинг кетадиган пайтим бўлди. Илмни ўргат», деди.
«Аллоҳга тақво қил, сабрли бўл, шошилма», деди.
Ҳасан: «Яхшиликнинг ҳаммаси шунда», деди.
У уларни унитмай келди. Улар ўзи учтагина. У аҳлига етиб келганда уловидан тушди. У ҳовлига кириб қараса, бир эркак ундан нарироқда аёл ухлаб ётибди. Қараса, хотини ҳам ухламоқда.
«Аллоҳга қасамки, буни кутиб тура олмайман!» деди.
Юклари олдига борди. Қилични олмоқчи бўлганда «Аллоҳга тақво қил, сабрли бўл, шошилма», деди ва орқага қайтди. Бориб унинг боши устида турди. Яна:
«Аллоҳга қасамки, буни кутиб тура олмайман!» деди.
Юклари олдига қайтиб борди. Қилични олмоқчи бўлганда уни эслади. Унинг олдига қайтариб борди. Унинг боши устида турганида эркак уйғониб қолди. Уни кўриши билан сакраб қучоқлаб олди, уни ўпди ва:
«Мендан кейин нима кўрдинг?!» деди.
«Аллоҳга қасамки! Сендан кейин кўп яхшиликларни кўрдим. Аллоҳга қасамки! Сендан кейин кечаси бошинг билан қиличнинг ўртасида уч марта бориб келдим. Сени ўлдиришимдан олган илмим тўсди», деди».
Шарҳ: Бу ривоятда кўзланган мақсад ҳикоя услуби ила баён қилинмоқда.

Ўтган замонда бир одам вафот қилди. Унинг ортидан ўғли ва озод қилган қули қолди. Оат ўлими олдидан мавлосига ўғли ҳақида васият қилди. 

Озод бўлган қул хожасининг айтганини жуда яхши тарзда адо этибди. Болани тарбиялабди, уйли-жойли қилибди, уйлантирибди. Сўнг ўғил унга: «Менга йўлга керакли нарсаларни беринг, бориб, илм олиб келай» дебди. 

Собиқ қул унга ҳамма керакли нарсаларни тайёрлаб берибди. Сўнг ўғил бир олимнинг олдига бориб, ундан илм олибди. Устози унга: «Қачон менинг олдимдан қайтиб кетадиган бўлсанг, айтиб қўйгин, бир муҳим илмни сенга ўргатаман» дебди. 

Кунлардан бир кун ўғил устозига: «Эй устоз! Менинг кетадиган пайтим бўлди. Ўша айтган илмингизни ўргатинг» дебди. 

Устози унга: «Аллоҳга тақво қил, сабрли бўл, шошилма» дебди. Шогирд хўп, деб уйига кетибди. 

Бу ерда ровий Ҳасан устознинг ушбу насиҳатида яхшиликнинг, хайр-бараканинг ҳаммаси Аллоҳга тақво қилишда, сабрли бўлишда, шошилмасликда жам бўлган эканини гап орасида таъкидлаб қўйгани таъкидланган. 

Ўғил уйига қайтиб келди. Устози айтган учта насиҳатни ҳеч қачон унутмади. Уйига кечаси етиб келди. Отини боғлаб, уйига кириб қараса, хотини ухлаб ётибди, нарироқда бир эркак киши ҳам ухлаб ётибди. 

Ғазабланиб, Аллоҳга қасамки, ёмон иш бўлибди, деб қайтиб юкларининг олдига борибди ва қиличини чиқарибди. Қилични қинидан суғураётганда устозининг насиҳатини эслабди – «Аллоҳга тақво қил, сабрли бўл, шошилма». 

Насиҳатга амал қилиб, қайтиб уйга кирибди. Келса, яна ўша аҳвол. Яна ғазабга миниб, қайтиб яна қиличини олишга борибди. Яна насиҳат эсига тушиб, тўхтабди. 

У учинчи бор уйга кирганда ухлаб ётган эркак киши уйғониб қолибди. У кирган одамни таниб, сакраб туриб, у билан қучоқлашиб кўришиб кетибди. Шогирд қарасаки – ухлаб ётган отаси озод қилган қул экан. Сўрашиб, гаплашиб ўтиришди. 

Озод қилинган қул йигитдан бўлган воқеаларни сўради. Йигит шундай деди: «Қасамки, мен бу ердан кетиб, бориб кўп нарсани ўргандим. Бир улуғ илм ўргандимки, бу илм менга ҳозир, шу кечада катта манфаат берди. Сенинг бошинг билан қиличнинг ўртасида уч марта бориб келдим. Ана шу илм мени сени ўлдиришдан тўхтатиб қолди, акс ҳолда сени ўлдириб қўярдим».

Аллоҳдан қўрқиш, сабр ва шошилмасликнинг фазлини ушбу ривоятдан кўриб турибмиз. 

Одам ғазабланганда Аллоҳдан қўрқиши, сабр қилиши ва шошилмаслиги, етти ўлчаб, бир кесиши керак экан.


 Ашажжи Абдулқайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:
«Сенинг Аллоҳ яхши кўрадиган иккита ҳулқинг бор» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Иккиси нима?» дедим.
«Ҳилм ва ҳаё» дедилар.
«Қадимданми ёки янги пайдо бўлганми?» дедим.
«Қадимдан», дедилар. 

«Мени Аллоҳ яхши кўрган икки ҳулқ билан яратган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!» дедим».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда икки яхши хислат Аллоҳ яхши кўрган сифатлар дея мадҳ қилинмоқда.

Ҳилм луғатда шошмасдан оқилона иш тутиш ва ёмонлик қилганга ёмонлик қайтармаслик маъноларини билдиради.

Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда «Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб ўзини паст олиш ва ўзгаришдир».

Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар:

Журжоний: «У нафянинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан ҳазир бўлиб уни тарк қилишидир», деган.

Яна: «У қабиҳни тарк қилишга боис бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳақида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган.

Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати у бир хулқ бўлиб гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган. 

Бу икки ҳулқ Аллоҳ яхши кўрадиган сифатлардандир. Ҳар биримиз бу сифатлар билан сифатланишга ҳаракат қилишимиз лозим. 

Ким ҳалийм бўлса, ҳаёли бўлса, Аллоҳ яхши кўрадиган сифатларга эга бўлар экан. Ким бу икки сифатни жамласа, яна ҳам улуғ мартабага эришар экан.


 Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абдулқайс қабиласининг вакиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда вакиллардан Абу Назра исмли киши Абу Саъийд Худрийдан ривоят қилиб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдулқайснинг Ашажжига:
«Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган иккита ҳулқ бор; Ҳилм ва шошмаслик», дедилар
».

Шарҳ: Бу олдинги ҳадиснинг айни ўзи бўлиб, фақат бир сўзда фарқ бор. Олдинги ҳадисдаги «ҳаё» сўзи ўрнига бу ҳадисда «шошмаслик» келган.


 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашажжга- Абдулқайснинг Ашажжига:
«Сенда Аллоҳ яхши кўрадиган иккита ҳулқ бор; Ҳилм ва шошмаслик», дедилар
».

Шарҳ: Бу ҳадис ўзидан аввалги ҳадиснинг такрори экан. Аммо ривоят қилувчи шахс бошқа одам бўлгани учун маънони таъкидлаш учун келтирилган.


Мазийда Ал-Абдийдан ривоят қилинади:

«Ашажж юриб келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлларини ушлади ва ўпди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Сенда Аллоҳ ва Унинг Расули яхши кўради икки ҳулқ бор», дедилар.
«Шундай яратилганманми ёки кейин пайдо бўлганми?» деди.
«Йўқ, асли ҳилқатингда бор», дедилар.
«Мени Аллоҳ ва У зотнинг Расули яхши кўрадиган нарса ила яратган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди
».

Шарҳ: Бу ривоятда аввалгиларида зикр қилинмаган баъзи тафсилотлар ҳам келганига эътибор беришимиз лозим.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Улуғ зотларнинг қўлларидан ушлаб ўпиш мумкинлиги.

2. Кишидаги яхши хислатни ўзига айтиш мумкинлиги.

3. Киши ўз хислати ҳақида сўраши мумкинлиги.

4. Одамдаги сифатлар икки хил, асл яратилишдагиси ва кейин пайдо бўлгани бўлиши мумкинлиги.

5. Кишидаги хислатлар ичида Аллоҳ ва У зотнинг Расули яхши кўрадигани бўлиши.

6. Ўзидаги яхшилик ҳақида хабар топган одам Аллоҳга ҳамд айтиши яхшилиги.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Бу дунё ҳаёти ғурур матоҳидан ўзга нарса эмас,, деган. Бу дунё алдамчи дунё. Ўзига қизиққанларни ва ошиқ бўлганларни алдайди ва ғурурга кетказади. Аммо давоми...

7023 05:00 / 02.03.2017
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага кирганларида бошларида қора салла бор эди,.Шарҳ Бу жуда ҳам машҳур давоми...

3493 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ ароқ ва қиморнинг ҳаромлигини баён қилиб, шундай дейди .Эй иймон келтирганлар Албатта, хамр, қимор, бутлар ва фол очадиган чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. давоми...

3500 05:00 / 02.03.2017
309. Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади.Абдуллоҳнинг бирор кимсани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас бошқа нарсаларни ҳам,.Солим яна айтади давоми...

7994 19:04 / 11.08.2017