1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Илм ва касб-ҳунар эгаллаш

05:00 / 04.03.2017 6847 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм ўрганар экан, инсон маърифат билан Яратган зотнинг розилигини топишни, охиратда саодат эгаларидан бўлишни мақсад қилади. 

Бунинг учун унинг илми ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам манфаат етказадиган илм бўлишига эътибор қилади. Илму маърифат зиёси билан жоҳилликни кетказиб, динга ҳаёт булоқларини очиш, шариат аҳкомларига амал этиш, инсонларнинг оғирларини енгил қилиш каби олижаноб ниятларни қалбида маҳкам тутмоғи лозим бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир муслим ва муслима илм олиши лозим эканини таъкидлаганлар. Аммо ёлғиз илм олиш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Илм билан бирга бандада тақво бўлиши лозим. Акс ҳолда тақвосиз илм кишига ҳеч қандай манфаат келтирмайди, аксинча зиён етказади, холос.
Илм ва покиза касб-ҳунар инсонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг тўғри йўлни кўрсатади. Унинг соҳиби барча яхши хулқларга эришади. У сахий, жувонмард, камтар, шикастадил, иффатли ҳамда бошқа юксак инсоний хислатларнинг файзу баракотларидан баҳраманд бўлади. Бахиллик, қўрқоқлик, журъатсизлик, манманлик, исрофгарлик, зиқналик каби ёмон хулқлардан ўзини сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлиб камол топади. Зеро, илм воситасида инсон нима фойда-ю, нима зарар эканини билади ва ҳаётда олдига қўйган орзу-мақсадлари рўёбини кўради.
Илм олиш, илм ўргатиш, илмга хайрихоҳ бўлиш, умуман илм йўлида хизмат қилиш улуғ ишлардан экани Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўп таъкидланган.
Муқаддас динимизда кибр-ҳаво, манманлик, бахиллик, мол-дунёга ҳирс қўйиш, қаноатсизлик, неъматлар ва бошқа бойликлар қадрига етмаслик, исроф қилиш, ношукрлик каби мўминга ёт сифатлар ҳаром қилинган. Бу иллатлар инсоннинг обрў-ҳурматини кеткизади, жамоатчилик орасидаги мақомини туширади. Оқибатда эса, аста-секин унинг гуноҳга мойиллиги оша боради, феъл-атвори тубанлашади, муомаласи қўполлашади.
Яхши устоз ва илм инсонни ушбу зулмат ва залолат ботқоғига етакловчи сифатлардан муҳофаза қилиб, ёруғлик сари, бахт-саодат йўли томон бошлайди.
Ота-оналар, устозлар ва жамият ҳаётига мутасадди кишилар ёшларни жамият учун зарур илм, касб-ҳунарларга йўллашлари фарз бўлади. Дунёвий илмлар, иқтисодиёт, тиббиёт, саноат ва бошқа соҳа эгалари бўлган мутахассисларни тарбиялаш ва жамият ҳаётига жалб этиш энг савобли ишлардандир.
Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Илм икки хил бўлади. (Биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир. (Иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳнинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) ҳужжатидир” (Термизий, Ҳоким, Ибн Абу Шайба ривояти).
Мана шу баҳона касб-ҳунар, илм эканига шубҳа йўқдир. Зеро, халқимизнинг табиати ҳам, муқаддас динимиз таълимоти ҳам “Олма пиш, оғзимга туш” каби мақол ва тушунчалар ифодалайдиган муносабатни қоралайди. Лоқайдлик, боқимандалик ва ҳаракатсизлик нафақат инсоннинг ўзини, балки охир-оқибат бутун жамиятни ҳалокатга йўлиқтиради.
Шунинг учун инсон ушбу “баҳона”ни ҳалол-пок йўл билан топмоғи, маърифат билан олдинга интилмоғи керак бўлади. Умр имтиҳон ва синовлардан иборат экани, яхшилик билан ёмонлик ёнма-ён юриши, омадсизлик сўнгида аста-аста толе кулиб боқишини ҳар бир инсон чуқур тушуниб олиши керак. Бу ҳақиқатни қанча яхши англаганини эса таваккул ва сабр деган улуғ инсоний фазилатлар кўрсатиб беради. Ҳамма иш Аллоҳ таолодан эканини билиш ҳам кишига кучли маънавий қувват бағишлайди. Мўътабар ҳадисларда: “Аллоҳ таоло ишёқмас, дангаса мўминдан кўра ҳимматли ва ғайратли мўминларни яхши кўради”, дейилган. Яхши кўрган бандасини эса, Аллоҳ шундай ташлаб қўймайди. Айниқса, таваккул қилувчиларни дўст тутади.
Банда қалбига мустаҳкам ўрнашган илм ҳаммага бирдек манфаат келтиради. Биринчи навбатда ўз эгасига, қолаверса, ён-атрофдагилар ҳам ундан фойдаланадилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб:
“Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, — деганлар (Ибн Адий ва Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Инсон илм ва касб-ҳунардан фақат дунё орзу-ҳавасларини талаб қилиш билан чегараланса, бу ниятларига ҳам етади. Лекин бойлик, ҳурмат-эътибор топиш учун қилинган бу ҳаракатлар одамни худбинлик сари етаклайди. Ичидаги “мен”ини кучайтириб, кўп фойдали неъматлардан кўз-қулоқларига парда солади, қалбини ҳам ёпиб қўяди. Натижада, кибр-ҳавога берилган, ўз манфаатини бошқа барча манфаатлардан устун қўядиган ҳаёсиз, худбин шахс шаклланади.
Илм ва касб-ҳунар олиш билан инсон Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр этишни ният қилади. Чунки шокир бандаларига неъматларини зиёда ва баракотли қилиб беришга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор.
Илмга жонфидолик ҳақида имом Муҳаммад ибн Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Агар одамлар менга қул бўлганида эди, уларнинг ҳар бирини қулликдан озод этардим. Уларни хўжайинларидан халос қилардим. Ягона мақсадим, уларнинг илм олишлари ва билимларини камолга етказишларидир”.
Улуғ донишманд айтади: “Ким илм лаззатини, унинг ҳаловатини изласа ва амал қилиш мазасию роҳатини топса, одамларнинг қўлидаги нарсаларга қизиқмай қўяди. Тамаъни ўзига яқин йўлатмайди”.
Ҳар бир инсон, айниқса, илму ҳунар ўрганаётган ёшлар, ёмон ниятлардан кўнгилларини поклашлари, илму ҳунар билан ўзларига фақат дунёвий эришиладиган орзу-ҳавасларни мақсад қилмасликлари керак. Аммо инсонларни яхшиликка чорлаб, ёмонликлардан қайтариш, фойдали ишни амалга ошириш, муқаддас динимиз талабларига риоя қилиш ва уларни улуғлаш, қувватлаш учун бойлик, обрў ва нуфузини илм, касб-ҳунар эгаллаш билан талаб қилиш жоиздир. Шунда ҳам ҳаддан ошмаслик, балки меъёрга риоя қилиш мақсадга мувофиқ. Яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш қоим бўладиган ва бошқа диний ҳамда дунёвий қадриятларни ҳимоя қила оладиган миқдорда ҳаракат қилмоқ керак. Ҳар бир талаба бу нарсани чуқур ўйлаб кўриши зарурдир. Касб ўрганиш, айниқса, илм ҳосил қилиш учун киши кўпдан-кўп машаққат чекади. Ҳамма дам олиб, ўз роҳатини ўйлаганида, кечалари ухлаганида, у илм ёки касбнинг ғам-ташвишида бедор бўлади. Шунинг учун ҳам, уни керак ўринда обрў-ҳурмати ва мол-дунёси билан муҳофаза қила олиши шарт. Машойихларимиз: “Илм ҳосил қилиш гўё игна билан қудуқ қазиб, сув чиқарганчалик меҳнатга ўхшайди. Ҳол илмига етишиш эса, киприк билан қудуқ қазиб, сув чиқарганчалик машаққатга тенгдир”, дейдилар. Ваҳоланки, игна ҳам, киприк ҳам қазиш қуроллари эмас. Бу ҳикматли ўхшатиш илм, касбу камолот қилиш жуда қийин, ниҳоятда машаққатли иш эканига ишорадир. Оқил инсон шунча меҳнат билан эришган илм, касбу камолотини арзимас ва йўқ бўлиб кетадиган дунёга сарфламайди, унга алмаштирмайди.
“Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деб марҳамат қилганлар. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму-фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор. Уларнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, бор куч-ғайратимизни шунга сарф қилмоғимиз лозим бўлади. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.
Инсон илм талабида бўлганида ҳам, касбу камолот қилганида ҳам тамаъгирлик иллатидан сақланиши керак. Дунё матоҳини умид қилиб бажарилган ишнинг камчилиги кўп бўлади. Шунинг учун умидвор-тамаъгир бўлишга ўрганган киши тубанлик, пасткашлик сари йўл олади. Ўзида тинчлик, хотиржамлик, кўнглида ором ҳисси бўлмайди. Олимлар бу билан нафақат ўз ҳурматларига, балки дин, илм-фан обрўсига ҳам раҳна солишади. Косиб ҳурматини йўқотади, ўз ризқига ўт қўяди.
Демак, илм эгалари ва касб-ҳунар усталари ўз обрў-ҳурматларини камтаринлик, тавозе – шикасталик билан ҳимоя қилишлари зарур. Обрў-ҳурматларини тўкадиган, хор қиладиган ўринлардан ўзларини эҳтиёт қилишлари керак.
Аҳли илмлар, хусусан, ёшлар камтар ва камсуқум бўлишлари мақбулдир. Тавозени ўзларига лозим тутишсин, у эса мутакаббирлик билан хорлик ўртасидадир.
Поклик юксак инсоний фазилатлардан саналади. Бу ҳар икки маънода эътиборга моликдир. Инсоний табиатимиз бадан ва кийим-кечаклар озода, юрадиган-турадиган жойларимиз тоза бўлишини талаб этади. Гуноҳу маъсиятлардан холи бўлмоқ эса покликнинг яна ҳам афзал, юксак даражаси саналади.

Баҳодир МУҲАММАДИЕВ

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Улар мусибат етганда .Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, биз Унга қайтувчимиз,, дерлар.Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана давоми...

6888 05:00 / 01.03.2017
Аллоҳ таоло.Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос. Улар давоми...

3840 05:00 / 02.03.2017
Билинг Чиндан ҳам, улфатчилик чиройли хулқ мевасидир ва бўлиниш тарқалиш, ажралиш ёмон хулқ мевасидир, зеро чиройли хулқ ўзаро дўстлик ва келишувни вужудга давоми...

6016 05:00 / 03.03.2017
Қобийса ибн Барма алАсадийдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим. Бас, у зотнинг .Бу дунёда маъруфга аҳл бўлганлар у дунёда ҳам давоми...

2773 05:00 / 02.03.2017
Аудиолар

135080 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55357 14:35 / 11.08.2021