1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Христиан динида фирқаларга ажралиш (бешинчи мақола)

16:01 / 05.08.2020 1981 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Монофизит черковлар

Исо алайҳиссаломда илоҳий ва инсоний (лоҳутий ва носутий) табиатнинг бирлашиб, бир бутун табиатга айланганлигини айтувчи ва бошқа черковлардан мана шу жиҳатдан ажралувчи черковлар, монофизит деб номланади (монофизит, бир табиат демакдир). Монофизитлар, шарқий ортодокс черковлари жумласидан қилиб кўрсатилсалар-да, мустақил ва автоном черковлардир. Арманий, сурёний, ҳабаш ва қибтий черковлар шулар жумласидандир. Улардан мисол сифатида фақатгина сурёний ва григорян черковининг хусусиятлари қуйида келтирилади. Бошқалари ҳам, баъзи кичик фарқлар билан деярли айни хусусиятларга эга саналади.

1. Сурёний черкови

Мессопотомия минтақасида, Сурияда яшаганликлари учун бу номни олган бўлсалар-да, 38-йилда христиан бўлганларида, Антакияни марказ қилиб олган бир жамоат ҳолида эдилар. Шарқий оромийчаси ва бутун оромий диалектларида сурёнийчанинг каттагина таъсири бор. Сурёнийлар, христианликни ҳаворий Пётр, дўсти Томас, унинг дўсти Адай ва уларнинг шогирдлари Агай ва Марадан ўрганганлар. Христиан бўлганларидан кейин оромий номини ўзлари учун ишлатмасдан, уни бутпараст бўлганларга қолдиришган ва бу мазҳабни билдириш учун сурёний номини танлашган. Кейинроқ бўлиб ўтган шаклланишлар ва ривожланишлар натижасида Яъқубия дея номланиб, Настурий ва Малкит (Маликония) черковларидан ўзгача бир кўринишга эга бўлган сурёнийлар; ўзларини илк христиан ва энг қадимги “ортодокс” бир жамоат сифатида кўрувчи монофизит черковдир. Ибодатларини сурёнийча қиладилар.

Бундан ташқари ўзларига ўхшаб сурёний аслдан келган (шарқий сурёнийларни), лекин вақт ўтиши билан Осиёга, то Хитойгача ёйилиб турли халқлардан ўзига мансуб орттирган Настурийлар билан Исо алайҳиссаломнинг шахсияти, Марямга “Teotokos” (тангрини туққан, тангрининг онаси) дейилиш ёки дейилмаслиги (сурёнийлар дейилишига ишонадилар) масаласида ажраладилар.

Бу мавзуда мунозара ва тортишувларга киришиш учун 431-йилда Анадўлидаги Эфес шаҳрида ташкиллаштирилган консилда кўпчилик Искандария патриги Папа Карлс ўртага ташлаган эътиқодга мувофиқ келувчи қарорни маъқул, деб топган. Шунга кўра Папанинг фикрлари Исо алайҳиссаломда биргина табиат ва ирода, асл руҳиятнинг мавжудлиги, унинг ҳеч қандай аралашлар ва ўзгаришларсиз (яъни илоҳлик ўз ўрнида, инсонлик ўз ўрнида каби) инсонлик табиати билан бир бутун ҳолга келганлигига оид бир қанча кўринишларда акс этган эди. Буларга қўшимча сифатида у Марямнинг – илоҳнинг онаси, дея номланиши кераклигини билдирган. Юқорида зикр қилинган фикрларни ўзида мужассамлаштирган Карлснинг хулосаларига шундай эди: “Саййидимиз Исо Масиҳда биргина илоҳлик табиати мавжуд бўлиб, у инсонлик табиати билан ҳеч қандай аралашишлар ва ўзгаришларсиз бир бутун – яхлит ҳолга келган. Шунинг учун ҳам Марям илоҳнинг онаси дейилади. Чунки у оддий бир инсонни эмас, жасадга кирган Аллоҳнинг ўғлини дунёга келтирган. Шу сабабли илоҳнинг онаси мақомига сазовор бўлган”.

Калкедон консили (451-йил) дан кейин монофизит черковлар (сурёний, арманий, ҳабаш, қибтий) нинг Византиядан ажралишига сабаб бўлган Исо алайҳиссаломнинг табиати ҳақидаги тортишувлари, аслида Авлиё Павелнинг Исо алайҳиссаломни илоҳлаштиришидан келиб чиққан, асрлар давомида ҳал қилина олинмаган бир чиқиш нуқтасига эга. Аслида бу даъвони монотоист анъана билан мослаштириш керак эди. Лекин бу сафар икки тангри юза келмоқда эди. Арюс (тах. 250-336), бу зиддиятли йўқотиш учун, Тангрининг ўғли бўлган Исо алайҳиссаломнинг азалий эмаслигини, Ота томонидан яратилганлигини, унинг тангрилигини кейинчалик Ота томонидан берилганлигини олға сурганида, Изник консили (325-йил) да, Исо алайҳиссаломнинг Ота каби абадий ва унга тенг, у билан айни жавҳардан эканлиги хулосасига борилган (Арюсга, кейинчалик Муқадас Руҳнинг тангрилигини ҳам даъво қилувчи Athanasyus -тах. 296-373 йилларда- қарши чиққан). Шундай қилиб иккинчи бир Тангри бўлмасдан туриб, унинг ҳам тангри эканлиги қабул қилинган. Лекин бу сафар Исо алайҳиссаломнинг Ота билан бўлган боғлиқлиги бошқа бир саволни келтириб чиқаради. Агар у ҳақиқатдан ҳам Тангри бўлса, у пайтда қандай қилиб ҳақиқий инсон бўлиши мумкин эди?... Apollinaryus (тах. 310-390), Исо алайҳиссаломнинг башарий бир жасад ва руҳга эга бўлиб туриб, “Logos” нинг (калом) унинг башарий зеҳни истилоси натижасида Исо алайҳиссаломнинг нуқсонсиз илоҳликка эга эканлигини, шундай қилиб башарийлигини бутунлай йўқотганлигини ўртага ташлаган ва Истанбул консили (381-йил) да, Арюс каби черковдан четлаштирилган эди... Nesotryus (382-451), бошқача бир ёндашувни ўртага ташлади: Исо алайҳиссаломда бир илоҳий ва яна бошқа бир башарий икки бошқа-бошқа шахсият мужассам эди. У ҳам Эфес консили (481-йил) да айни оқибатга дучор бўлган эди. Христология сохасида монофизитча фикр, Исо алайҳиссаломнинг биргина, ягона илоҳий табиатга эга эканлигига ишонарди. Калкедон консилида мухолиф фикрнинг эътиборга олиниши натижасида ажралиб чиқиб кетган монофизит черковларнинг устида жиддий тазйиқ бошланиб кетди.

Сурёнийлар ҳам мана шу оқибатга шерик эдилар. Лекин бир Ғассоний амирининг императорни, Сосонийларга қарши сурёнийларнинг бирлаштирилиши масаласида ишонтириши натижасида улуғланган илк епископдан бири бўлган Яқуб Бардаюс (Yakob Bardayos), Сурия монофизитларини ташкилотлантирди. Уларга Яқубийлар дейилди. Миср ва Суриянинг, мусулмонлар қўлига ўтиши билан яқубийларнинг толеълари кулиб боқди. Аҳли китоб сифатида уларга ҳам яхши муомала қилинди. Улар ҳам, билим ва маданият ишларида муҳим хисса қўшдилар.

Сурёнийларнинг эътиқод, ташкилот хусусиятлари ушбулардир:

1. Учлашни бир сифат ўрнида кўришади. Уларга кўра бу уч сифат бир жавҳарда мужассамлашиб, ваҳдониятни ташкил қилади.

2. Аллоҳга, фаришталарига, ваҳий билан келган китобларига, пайғамбар ва расулларга, ўлим ва қиёматга, жаннат ва жаҳаннамга, шайтоннинг инсоннинг душмани эканлигига, ирода эркинлигига, Аллоҳдан ҳеч қандай ёмонлик келмаслигига ишонадилар.

3. Сурёнийлар асос деб билувчи диний асосий принциплар ушбулардир: Аллоҳга иймон, қиёмат кунидан кейин Исо алайҳиссалом билан бирга абадий ҳаёт ва саодатга эришиш умиди билан яшаш, барчани севиш.

4. Сурёнийлар; Изник (325), Истанбул (381) ва Эфес (431) консилларини, бу консилларда қабул қилинган қарорларни қабул қиладилар.

5. Монофизит бўлиш билан бирга баъзи масалаларда арманийларга мурожаат қиладилар. Ўрнак сифатида арманийлар, Исо алайҳиссаломнинг вужудини, бошқа инсонларникидан бошқача эмаслигига қарамасдан, унинг абадий ва чиришдан, йўқ бўлишдан узоқ эканлигига ишонадилар; Сурёнийлар эса Исо алайҳиссаломнинг инсоний вужудининг фонийлигини ва чиришини қабул қиладилар.

6. Черков, Исо алайҳиссалом томонидан қурилган ва абадийдир. Лекин унинг дунёвий бир идорачиси, бошқарувчиси йўқ. Патрик, Авлиё Павелнинг давомчисидир. Шунинг билан бирга бу вакиллик патрикнинг шахсида эмас, черковдадир.

7. Ҳаворийлардан етиб келган уч диний рутба бор:

1). Дияконлик: ўқувчи, муранним, мураттиб, бош диякон, бош диякон бошлиғи.

2). Руҳоний: папа, бош папа.

3). Епископлик: епископ, метрополит, мафирян, патрик.

8. Ибодат ёки маросимлари ихтилофлидир. Аксар сурёнийларга кўра улар ушбулардир: намоз, рўза (парҳез), вафтиз, оила қуриш, ўлим-дафн.

9. Намозларида қиблалари – шарқдир. Якшанба ва байрам кунларидан ташқари бўлган кунларда ибодатлари сажда ва ракаатли кўринишга эга. Якшанба ва байрамларда руҳонийлар бошчилигида каттагина маросимлар ташкиллаштирилади. Етти маҳал намоз вақтлари ушбулардир: Тонг, қушлик (зуҳо) вақти, пешин, аср, шом, хуфтон, ярим кеча. Бу намозларнинг тўрттаси фарз, учтаси суннат саналган. Қушлик ва аср, хуфтон суннат. Тонг, пешин, шом намозлари черковда жамоат ҳолида амалга оширилади.

10. Йиллик беш рўза ва парҳез шундайдир:

Катта рўза (40 кунга алам хафтасининг 7 куни ҳам қўшилади).

Нинова рўзаси (3 кун, Ҳидириллас), февралда. Июн боши парҳези, 3 кун (ҳаворийларниг рўзаси ҳисобланади). Август парҳези (10-15 инчи кунлар).

Islom.uz портали таҳририяти

Мавзуга оид мақолалар
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ғарбликлар яхшилик қилиш ва эзгуликка бўлган рағбатларини йўқотган, соғлом тамойиллар ва асосларни зое қилган, қалблари тўғри давоми...

1010 11:27 / 20 август
Иймон рамзиМасиҳийликда ҳам худди мусулмонлардаги каби шаҳодат калимасини айтиш орқали иймон келтирилади. Бу динга киришнинг бошланиши ва асосий шарти давоми...

4291 17:30 / 16.05.2019
Худонинг ўлгани ва Унинг қайта тирилмаслиги ҳақидаги Фридрих Ницшенинг солган жари кимларгадир жуда ҳам ёқиб тушди. Бу жарчи ким экани, унинг шахсияти, руҳий давоми...

1369 14:12 / 17 ноябрь
Аллоҳ таоло инсонни фақат моддий манфаатлар орқасидан қувадиган ёки фақат руҳий ибодатлар билан машғул бўладиган қилиб яратгани йўқ. Балки, ҳар икки тарафга ҳам давоми...

1817 09:00 / 20.08.2021