1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Аллоҳдан хулқининг гўзал бўлишини сўраш

05:00 / 03.03.2017 3646 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганларида кўпинча:
«Аллоҳим! Мен сендан сиҳат-саломатликни, иффатни, омонатни, ҳусни хулқни ва қадарга рози бўлишни сўрайман», – дер эдилар
».

Шарҳ: Албатта, ҳусни хулқ яхши нарса, мўмин-мусулмон одам доим бунга интилиши керак, бунга эришиш учун эса Аллоҳ таолога «Мени ҳусни хулқ билан хулқлантир» деб дуо қилиш ҳам керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ҳар бир мўмин, ҳар бир мусулмонга ниҳоятда зарур нарсаларни сўрар эканлар.
Бу нарса биз учун ўрнак, биз ҳам ана шу нарсаларга аҳамият бериб, Аллоҳ таолодан шу нарсаларни сўраб юришимиз керак экан.
1. Сиҳат-саломатлик. 
Ҳеч ким касал бўлишни истамайди, бироқ саломат бўлишга уриниш билан бирга Аллоҳ таолодан саломатлик сўраш керак, чунки саломатликни Аллоҳ таоло беради. Турли йўллар билан саломатликка интилиб, бироқ Аллоҳ таолодан сиҳат-саломатликни сўрамаслик нотўғридир.
2. Иффат. 
Афифлик–шубҳали нарсалардан ўзини четга олиш, пок, ҳалол нарсаларга интилиш. Бу ҳам ҳар бир одамга керак ва унинг шарафини кўтарадиган хислатдир.
Мусулмон киши доимо иффатли бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Аммо шу ҳаракати давомида Аллоҳ таолодан иффат сўраб дуо қилиб туриши ҳам зарур.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иффатда ҳаммага ўрнак бўлганлар. Шу билан бирга, Аллоҳ таолодан иффат сўраб кўп дуо қилганлар. Бу ҳаммамиз учун ўрнакдир.
3. Омонат. 
Омонат–хиёнатнинг тескарисидир. «Мўмин» сўзи ҳам, «омонат» сўзи ҳам бир ўзак–«амн»дан олингандир. Демак, «мўмин» дегани «омонатга хиёнат қилмайдиган» деганидир.
Омонатдор бўлиш ҳар бир мўминнинг сиймосидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадисларида сиз билан бизни омонатдор бўлишга чақирганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур сифатларидан бири ҳам «Амийн»–«омонатдор» бўлган. Лекин шундай бўлса ҳам, у зот доимо дуоларида Аллоҳ таолодан омонатдор қилишини сўраб дуо қилиб турганлар. Бу ҳаммамиз учун ўрнакдир.
4. Ҳусни хулқ. 
Ҳусни хулқ ҳам Аллоҳ таолодан сўраладиган неъмат экан. Инсон боласи ўзининг ҳусни хулқли бандалардан бўлишини Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраши керак экан.
5. Қадарга розилик. 
Яхшими, ёмонми–инсоннинг бошига тушган нарса қазои қадардан эканини доимо эсда тутиш лозим. Бу нарса ҳаққ, қазои қадар адашиб кетиши мумкин эмаслиги ҳаққдир. Бўлиб ўтган ишларга рози бўлиш, яъни мусийбат етса, сабр қилиш ва хурсандчилик етса: «Буни Аллоҳ насийб қилди, Аллоҳнинг қадарида бор экан», дейиш ва бунга шукр қилиш қадарга розиликдир.
Қадарга розилик мўминликнинг асосий сиймоларидан бири бўлиб, уни ҳам банда доимо Аллоҳ таолодан сўраб дуо қилиб туриши керак.

Язийд ибн Бобанусдан ривоят қилинади:
«Оишанинг ҳузурига кирдик ва: 
«Эй, мўминларнинг онаси! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари қандай эди?» – деб сўрадик. 
«Ул зотнинг хулқлари Қуръон эди. «Муъминун» сурасини ўқийсизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқи», – деди. 
Язид айтди:
«Қод афлаҳал муъминун»ни «ли фуружиҳум ҳаафизуун»гача ўқидим.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ана шундай эди», – деди». 
Шарҳ: Аввалги мусулмонлар ўзларидан илмли кишилардан кўп нарсаларни сўраб-ўрганиб боришлари маълум ва машҳур. Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Язийд ибн Бобанус ҳам бир гуруҳ одамлар билан мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳонинг олдиларига кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида сўрашди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо қисқа ва мукаммал жавоб бердилар.
«Ул зотнинг хулқлари Қуръон эди. «Муъминун» сурасини ўқийсизларми? «Қод афлаҳал муъминун»ни ўқи», – дедилар.» 
Язийд ибн Бобанус «Қод афлаҳал мўминун»ни «ли фуружиҳум ҳаафизуун»гача ўқиди:
«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.
Улар намозларида хушуъ қилувчилардир.
Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир.
Улар закотни адо қилгувчилардир.
Улар фаржларини сақловчилардир.»
Биз ушбу оятларнинг тафсирини ўрганиб чиқайлик.
«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.»
Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишларига очиқ-ойдин, таъкидланган ваъда бермоқда.
Аввалида «Батаҳқиқ»–«ҳақийқатан» сўзи билан бошланган жумла шунга далолат қилади. Қолаверса, жумланинг охирида «нажот топдилар» деб, нажот бўлишига ҳеч шубҳа қўймаяпти. Аслида, «нажот топадилар» дейилиши керак эди. Аммо «нажот топдилар» дейиш, албатта, «нажот топадилар» маъносидан ҳам кучлидир.
Бу таъкиддан кейин ўша нажот топган мўминларнинг сифатларини зикр қилади:
«Улар намозларида хушуъ қилувчилардир».
Хушуъ–қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир. Мазкур нажотга эришувчи мўминларнинг сифатларидан бири–намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида қалбларини, вужудларини, ҳаракату саканотларини қўрқинч ва сокинлик ўраб олишидир.
Бу ҳолат эса, намозни олий даражада, олий мақомда адо этадиган мўминлардагина бўлади. Ўша мақомга етган мўмин нажотдан умид этишнинг битта сабабини ўзида мужассам қилган бўлади.
Намозни хушуъ билан ўқимайдиган, қалбида, вужудида, ҳаракату саканотида Аллоҳдан ҳайиқиш ва сокинлик ёғилиб турмайдиган одам намоздаги ҳолатини ўйлаб кўрсин, тезда ўзини ўнглаб олсин.
«Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир.»
Беҳуда сўз, беҳуда иш, беҳуда тафаккур, беҳуда ҳис-туйғу, умуман, беҳуда нарса учун мўмин кишининг қалбида жой йўқдир. Чунки, мўмин инсоннинг қалби иймон билан тўла бўлади. Унинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати, зикри, фикри ва Аллоҳ таолонинг амрларини тафаккур этиш билан банд бўлади. Мўмин кишининг қалбида бошқа нарсага жой йўқдир. Шунинг учун, у беҳуда нарсаларга умуман тоқат қила олмайди, улардан юз ўгиради.
Ана ўша даражага етган мўмингина нажотдан умид қилса бўлади.
«Улар закотни адо қилгувчилардир.»
Мўминлар ўз шахслари, ибодатлари ва қалбларинигина эмас, молларини ҳам поклаб юрадилар. Мазкур иш молдан закот чиқариб ҳаққдорларга бериш билан бўлади. Зотан, «закот» сўзи ҳам «пок-лаш» маъносини билдиради.
Мўмин инсон ҳалолдан топган молини поклаш учун закот беради. Аллоҳ таолога молиявий ибодат қилади. Ана ўшандагина нажотга эришишнинг шартларидан яъни бирига амал этган бўлади. Молидан ҳаққдорларга закот чиқариб бермаган одам бу мартабани умид қила олмайди.
«Улар фаржларини сақловчилардир.»
Мўмин кишилар ўз қалблари, шахслари, ибодатлари, сўзлари ва ишлари ҳамда молларини покиза тутишлари билан бирга, жинсий ҳаётларини ҳам пок юритадилар.
Бу эса, ўз навбатида, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти поклигига далолат қилади. Мўмин кишилар фақат ўз жуфти ҳалоллари ва мулк бўлиб тушган чўрилари билангина алоқа қиладилар. Бош-қа жинсий алоқалар мўминлар учун ҳаромдир.
Бу поклик, бошқалари қатори, ниҳоятда зарур покликдир. Шу туфайли, аввал айтилганидек, инсоннинг руҳи, оиласи ва жамияти покланади. Шу туфайли инсоннинг насли пок бўлади. Зинодан сақланиш мўминларни мазкур нажотга элтувчи асосий сифатлардан биридир.
Бусиз бу нажотдан умид қилмаса ҳам бўлади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда нима яхшиликка буюрилган бўлса, шуни олган эдилар, нима ёмонликдан қайтарилган бўлса, қайтган эдилар.
Шунинг учун, биз, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиман» деб юрганлар у зотнинг Қуръони Каримдаги, муборак суннатларидаги гўзал хулқларини ўрганишимиз лозим. Улардан ўрнак олишимиз, ўзимизни, фарзандларимизни, оила аъзоларимизни ана шу хулқлар билан хулқлантиришимиз керак.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳасан ривоят қилади .Бир одам вафот қилди. Унинг ортидан ўғли ва мавлоси озод қилган қули қолди. Мавлосига ўғли ҳақида васият қилди. У бунда нуқсонга йўл қўймади. У давоми...

2687 05:00 / 03.03.2017
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга икки ҳадис айтдилар. Бирини кўрдим. Иккинчисига интизор бўлиб турибман. У давоми...

3260 05:00 / 03.03.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши хўшбўй нарсани қайтармас эди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хушбўй нарсани қайтармас эдилар, деган даъвони давоми...

3286 05:00 / 02.03.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар .Аллоҳим, мен Сендан ... дангасаликдан ... паноҳ сўрайман,.Сиз шахсий жиҳозингизни ёқиб, унинг бир неча тугмачаларини давоми...

8153 16:25 / 13.12.2017