1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Алданиб қолманг

Мусулмонларнинг илм борасида эришган ютуқлари (бешинчи мақола)

11:37 / 13.07.2020 2129 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўрта аср Оврупосида полизлар мавжуд эди, аммо айнан мусулмонлар боғларни хордиқ чиқариш ва осойишталик маскани сифатида қабул қилганлар. Ва бундай турдаги илк қирол боғлари XI асрда айнан мусулмонлар Испаниясида пайдо бўлган.

Мусулмонлар фаолияти илм-фан, саноат ва санъатнинг барча соҳаларини қамраб олган эди. Улар томонидан амалга оширилган жамоатчилик ишлари римликлар фаолиятидан ҳам каттароқ эди. Кўприклар, йўллар, саййёҳлар учун меҳмонхоналар барча ерларда пайдо бўлар, уларнинг адади борган сайин ошиб борар эди. Архиепископ Хименес кейинчалик Гренадада араб қўлёзмаларини ёқар экан (улардан саксон минг атрофида тўплаган эди), ўзининг дин душманлари ҳақидаги хотирани тарих саҳифаларидан бутунлай ўчириб ташламоқчи бўлди, аммо аён бўлди-ки, уларнинг номлари нафақат ёзма мерослари, балки мусулмонлар ер юзида қолдирган барча меҳнат маҳсуллари туфайли сақланиб қолди.

Денгиз флоти жуда ривожланган бўлиб, унинг воситасида Оврупо, Осиё ва Африканинг барча денгиз бўйи шаҳарлари билан савдо олиб борилган. Узоқ вақт давомида мусулмонлар Ўрта ер денгизининг ягона хўжайинлари бўлишган (Гюстав Лебон «Араблар маданияти», 1884).

Бир неча юз йил ичида Испанияни ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан ўзгартирган мусулмонлар уни Овруподаги барча халқлар устидан энг юқори даражага чиқариб қўйишди. Хатто одоб-ахлоқ ҳам улкан ўзгаришларга учради. Мусулмонлар насронийларни энг қимматли инсоний сифат – бағрикенгликка ўргатдилар (барча, ҳеч бўлмаганда, шундай бўлишга ҳаракат қиларди). Уларнинг фатҳ этилган мамлакат аҳолисига нисбатан марҳамати шу даражада эди-ки, хатто насроний руҳонийлари черков йиғилишларини ўтказишларига ижозат берилган эди: мисол учун, 782 йилда Севильядаги йиғилиш ёки 852 йилда Қуртубадаги йиғилиш. Араблар ҳукмронлиги даврида қурилган кўплаб черковлар ҳам уларнинг ўз қўллари остидаги халқлар эътиқодига нисбатан ҳурматини исботлайди. Мусулмонлар Испанияси яҳудийлар паноҳ топган Овруподаги ягона мамлакат эди, шунинг учун улар бу ерларга кўплаб кўчиб келишган.

Гюстав Лебон ёзишича «Испания арабларини бағрикенгликдан ташқари, шунингдек, олижаноблик одатлари ҳам ажратиб турарди. Рицарлик қонунлари: заифларга шафқат қилиш, мағлубга нисбатан марҳаматли бўлиш, берилган сўзга содиқ туриш ва бошқаларни насроний мамлакатлар кейинроқ қабул қилдилар; мазкур қонунлар одамлар қалбига диндан кўра кўпроқ таъсир кўрсатдилар, булар эса Оврупода араблар туфайли тарқалган эдилар».

Андалусия Колумб Американи очиши билан деярли бир вақтда йўқ бўлди. Тарихдан маълумки, 1492 йилда испанияликлар Гранадани ишғол қилдилар – бу бир пайтлар улуғвор бўлган Андалусиянинг сўнги амирлиги эди. Реконкиста (Реконкиста – испан тилида “Қайта истило қилиш” маъносини билдиради) ғалаба қозонди. Аммо у ҳақидаги хотира ҳанузгача тирик. Унинг номини Испания ва Португалия жанубидаги тарихий минтақа мерос қилиб олди. Испан тилида араб тилидан ўзлаштирилган 4 мингдан ортиқ сўзлар мавжуд, португал тилида эса мингдан ортиқ. Шунинг ўзи ўзлаштирмалар доираси қанчалик кенг бўлганини ҳамда Испания ва Португалия маданияти ал-Андалус маданиятига қай даражада қарздор эканлигини кўрсатади.

Португалия номининг ўзи Порту-кале сўзидан (яъни, порт — қўрғон, бу биринчи сўз — роман тилида, иккинчи сўз эса араб тилидаги «қалъа» сўзидан олиган) келиб чиқади. Мусулмонлар бу ерга цитруслар оиласига мансуб меваларни олиб келганлар ва уларни етиштиришда шундай моҳирликка эришганлар-ки, хатто узоқ вақт давомида араб тилидаги «Буртуқала» сўзи билан, ҳам «Португалия»ни, ҳам «апельсин» мевасини атаганлар.

Португалия жанубидаги Алгарви (арабча «ал-ғарб», яъни, ғарб) вилояти ҳозир ҳам араб даврига оид тарихий обидалари билан машҳур. Айтгандай, XII асрда Португалияни бир муддат хатто Алгабрия деб ҳам атаганлар, чунки Алгарви вилояти, ҳозирда бироз қолоқ бўлса ҳам, у даврларда энг ривожланган деб ҳисобланган.

Ва сўнгсўз ўрнида айтиб ўтиш жоиз, овруполиклар фахрланувчи маданиятнинг кўпгина унсурлари айнан мусулмонлар томонидан келтирилган. Мисол учун, уч таомдан иборат тушлик қилиш маданиятини – яъни суюқ овқат, ундан сўнг гўштли ёки балиқ таом, кейин эса мевалар ва ёнғоқлар – IX асрда Ироқдан Қуртубага Али ибн Нафи олиб келган. У, шунингдек, биллур стаканларни (уларни юқорида айтиб ўтилган Аббос ибн Фирнас ихтиро қилган) ҳам кундалик ҳаётга киритган.

(Тамом)

«Олам ва одам, дин ва илм» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шарқнинг Ғарбга санъат соҳасидаги таъсири жуда катта бўлди. Константинополдан Мисргача бўлган ҳудудда яшаган Шарқ халқларининг турфа хил санъат асарларидан давоми...

1561 13:59 / 26.12.2023
Аллоҳ таоло оламни Ислом нури ила мунаввар қилган дастлабки вақтда дунё тиб нима, тиббий маданият нима эканини яхши билмас эди. Асосан турли коҳинлар, бутхона давоми...

2458 12:06 / 24.03.2021
Халифа Маъмуннинг вақтига келиб мусулмон оламида юнон китобларини, хусусан, мантиқ, фалсафа ва фалакиётга оид китобларни таржима қилиш авж олди. Бу ҳаракат давлат давоми...

2637 09:53 / 13.02.2024
Албатта, тиб бор ерда доришунослик ҳам бор. Тибнинг ривожига қараб доришунослик ҳам ривожланади. Чунки бу икки нарса бирбирига чамбарчас боғлиқдир. Мусулмонлар давоми...

3672 13:31 / 04.06.2021
Аудиолар

210865 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130130 14:35 / 11.08.2021