1447 йил 5 ражаб | 2025 йил 25 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Фосиқлик

23:58 / 13.05.2017 5901 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир мўмин-мусулмон банда эҳтиёт бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири фосиқликдир.

«Фисқ» сўзи луғатда қобиқни тешиб чиқиш маъносини англатади.

Шаръий истилоҳда эса Аллоҳ таолонинг тоатидан чиқиб, маъсиятларни яширмай, уялмасдан, очиқ-ойдин қиладиган одамга «фосиқ» дейилади.

Одатда «фосиқ» деб гуноҳ ишларни қилган мусулмонларга айтилади. «Фисқ» сўзи уламолар истилоҳида гуноҳи кабира қилиб ёки кичик гуноҳларда бардавом бўлиб, Аллоҳнинг наҳйи қилган нарсаларидан чиқишни англатади.

Қуръони Каримда эса мавзуга қараб, кофир ва мунофиқлар ҳам баъзан «фосиқ» дейилади.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида марҳамат қилади:

«Ахир, мўмин бўлган одам фосиқ бўлган одам каби бўлурми?! Тенг бўлмаслар. Аммо иймон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга, албатта, уларга қилиб ўтган амаллари учун зиёфат ўлароқ, жаннатул маъво бор. Аммо фосиқлик қилганлар эса, бас, уларнинг жойлари оловдир. Ҳар сафар ундан чиқмоқни ирода қилсалар, унга қайтарилурлар ва уларга: «Ўзингиз ёлғонга чиқарган оловнинг азобини тотинг», дейилур» (18–20-оятлар).

Ушбу ояти карималарда фосиқлик мўминликка муқобил равишда зикр қилинмоқда. Демак, бу ўринда у кофирликни англатади.

Мунофиқнинг ҳам фосиқ дейилишига қуйидаги оят далилдир:

«Албатта, мунофиқлар – улар фосиқлардир» (Тавба сураси, 67-оят). 

Кофирликка етиб бормайдиган, гуноҳ маъносидаги фосиқликка Бақара сурасидаги қуйидаги оят далил бўлади:

«Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг ва ёзувчи ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинг. Ва Аллоҳ сизга илм берадир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (282-оят).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик ва у билан уруш қилиш кофирликдир», дедилар».

Икки шайх ривоят қилишган.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо фисқ аҳли бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деган.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади.

Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик ва у билан уруш қилиш кофирликдир», дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради.

Фосиқликка оид Ҳукмлар

1. Фосиқлик ҳаром. Ундан наҳйи қилинган, яъни у Ислом динида буткул тақиқланган. Фосиқ шахс гуноҳкор бўлади, фисқига қараб жазога тортилади ва таъзир берилади.

2. Ҳанбалий мазҳаби бўйича, фосиқ имом бўлиб намозга ўтиши мумкин эмас.

3. Фосиқ ҳадис ривоят қилиш ҳаққига эга эмас.

4. Фосиқнинг гувоҳлиги қабул қилинмайди.

5. Фосиқнинг фатвоси қабул қилинмайди.

6. Фосиқ кимса болани ўз қарамоғига олиши мумкин эмас.

7. Фосиқ кимса шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари бўйича, никоҳда валий бўла олмайди.

8. Фосиқни фисқи учун ўзига яқин олиб бўлмайди.

9. Фосиқни ғийбат қилиш жоиздир.

10. Фосиқнинг тавбаси, агар барча шартларни юзага чиқарса, қабул бўлади.

Фосиқликнинг зарарлари:

1. Фосиқлик Аллоҳ таолонинг, Унинг Расулининг ва мўминларнинг ғазабини жалб қиладиган нарсадир.

2. Гоҳида фосиқлик мусулмончиликдан чиқариши ҳам мумкин.

3. Фосиқ жамиятга зарарли инсондир.

4. Фосиқлик мунофиқликка, у эса дўзахга олиб боради.

5. Фосиқлик тарқалган жамият парчаланади.

Мўмин банда фосиқликнинг ҳар бир кўринишидан ўзини олиб қочиши, бу нарсанинг зарарларини ҳеч қачон эсидан чиқармаслиги керак. Мабодо билиб-билмай баъзи фисқ ишларни содир этган бўлса, дарҳол тавбага шошилиши лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энам Тозагул момонинг айтганлариХудога минг қатла шукрки, биз невараларга бувимизнинг қартайиб, сочлари оқариб, кексалик гаштию азобларини тортаётганларини давоми...

3264 15:00 / 15.08.2021
Нақлиёт воситаларидан фойдаланиш одоблари бир неча қисмга бўлинади. Бу одобларнинг биринчи қисми нақлиёт воситаларини бошқариш, ҳайдовчилик қилиш ҳаққини давоми...

4496 20:48 / 30.06.2017
Муҳаммад ибн Саъд ибн Моликдан, у отасидан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмонни сўкиш фосиқликдир,, дедилар,. Шарҳ Ким бўлишидан давоми...

6455 05:00 / 03.03.2017
Ҳижобсиз бир қиз шайхнинг ишхоналарига кирди. Буни кўрган бир йигит ғазабнок ҳолда .Бу қиз нега келибди, деб сўради. Шайх шундай жавоб қилдилар .Табиб касални давоми...

1766 20:57 / 27.10.2022
Видеолар

1020 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216662 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

135820 14:35 / 11.08.2021