1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Aшъарий ва Мотуридий мазҳаблари ҳақида қадимги уламоларнинг фикрлари (тўртинчи мақола)

15:00 / 20.08.2021 3030 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тожуддин Субкий ўзининг «Муъийдун-ниъам ва мубидун-ниқам» номли китобида шундай дейди:

«Ҳанафийлар, Шофеъийлар, Моликийлар ва Ҳанбалийларнинг фузалолари, Aллоҳга ҳамд бўлсинки, ақийдада бир ёқадан бош чиқарганлар. Барчалари аҳли сунна ва жамоа эътиқодидирлар. Улар Суннат шайхи Aбу Ҳасан Aшъарий раҳимаҳуллоҳнинг йўлида Aллоҳни танийдилар. Фақатгина Ҳанафий ва Шофеъийлардан айрим тентираганлари бу йўлдан оғиб, мужассималарга тобе бўлиб қолган. Aллоҳ таоло Моликийларни бундан сақламишки, уларнинг фақат Ашъарий бўлганини кўрамиз.

Умуман олиб қараганда, Ашъарий ақийдаси мазҳабларнинг уламолари рози бўлиб, ақийда ўлароқ қабул қилган имом Aбу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳнинг ақийдасини ўзида ифода этган».

Тожуддин Субкий «Табақотуш‑шофеъийятил‑кубро» асарида шундай дейди:

«Билингки, Aбу Ҳасан Aшъарий ўзидан бирор фикр тўқиб чиқаргани йўқ, бирор янгича мазҳаб пайдо қилгани йўқ, у киши фақатгина салафнинг мазҳабини қарор топтирди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари тутган ақийдани ҳимоя қилди. Бу ақийданинг имом Aшъарийга нисбат берилиши у киши салафларнинг арқонига боғланиб, уни маҳкам тутганидан ва бунга ҳужжату далилларни қоим мақом қилиб келтириб, бу борада муқтадо бўлганидан ҳамда у кишининг йўлидан юрганлар «Ашъарий» деб номлангани эътиборидандир.

Мен бир гал Шайх‑Имом (отаси Тақийюуддин Субкийни назарда тутмоқда) раҳимаҳуллоҳга: «Шайхнинг (Абу Ҳасан Ашъарийинг) тобеларидан Ҳофиз ибн Aсокирга ҳайрон бўламан, ашъарийларни санаганда жуда ҳам озгина, кам ададдаги кишиларни зикр қилган, холос. Ҳолбуки, агар бу ишни керагича қамрашга ҳаракат қилганида, китоб тўрт мазҳабнинг кўпчилик уламоларини ўз ичига олган бўлар эди, чунки улар Абу Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳнинг қарашларига кўра Аллоҳга эътиқод қилардилар», дедим. Шунда у киши:  «Ибн Асокир Абу Ҳасан Ашъарийни қўллаб, ҳимоя қилиш билан машҳур бўлганларни келтирган, холос. Бўлмаса, иш сен айтгандек: тўрт мазҳабнинг аксар уламолари Абу Ҳасан билан бир фикрда бўлган», деди.

Шайхул Ислом Иззуддин ибн Aбдуссалом Шофеъийлар, Моликийлар, Ҳанафийлар ва Ҳанбалийларнинг улуғлари Имом Ашъарийнинг ақийдасига иттифоқ қилганларини таъкидлайди ва бу гапини ҳамасри, Моликий мазҳаби бўйича замонасининг шайхи бўлган Aбу Aмр ибн Ҳожиб ва ҳанафийлар шайхи Жамолиддин Ҳусайрий ҳам тасдиқлашини айтади. Бу ҳақда кейинроқ алоҳида фаслда сўз юритаман.

Шайх-Имом (отаси Тақийюуддин Субкийни назарда тутмоқда) бизга шундай деб айтиб берди: «Мен баъзи мўътазилийларнинг «Табақотул-муътазила» деб номланган китобини кўрганман. Унда муаллиф китобни Aбдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг зикри билан бошлаган. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло у зотни булардан пок этган. Бу иш таассубнинг чўққисидир. Зеро, кишига унинг йўлидан юрган одам нисбат берилади».

Мен Шайх-Имомга: «Агар шундай бўлса, у ҳолда, Ашъарийлар Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумони ўзларига қўшиб олсалар бўлаверади, чунки улар ушбу икки зот ва бошқа саҳобаи киромларнинг эътиқодларидадирлар, уларнинг даъволаридек даъводадирлар, шуни қўллаб-қувватлайдилар ва ҳимоя қиладилар», дедим.

У киши табассум қилиб: «Кишининг эргашувчилари деб унинг мазҳабидан борган одамларга айтилади», деди. Бу билан у киши тобеъ бўлиб, эргашишни айтмоқчи бўлди. Зотан, тобеъ бўлиш ва эргашиш мувофиқликдан кўра хосроқ ҳолатдир. Эргашиш билан мувофиқликнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор».

Муҳаддис Муҳаммад ибн Дарвиш Байрутий ( ваф. 1276 ) ўзининг «Росаилу фи баёни ақоиди аҳлис-сунна вал-жамаъаҳ» китобида айтади: «Моликийлар ва Шофеъийлар Ашъарийдирлар, уларнинг имоми Aбу Ҳасан Aшъарий бўлиб, у киши Aбу Мусо Aшъарий розияллоҳу анҳунинг зурриётидандир. Ҳанафийлар эса Мотуридий бўлиб, уларнинг имоми Aбу Мансур Мотурудийдур. Бу икки имом аҳли сунна ва жамоанинг имомларидир. Ҳанбалийлар асарийдирлар».

Имом Иззиддин Ийжий (ваф. 756 ) ўзининг «Aл Мавоқиф фи илмил-калом» асарида ҳалокатдаги фирқаларни санаганидан кейин, нажот топувчи фирқанинг баёнида шундай дейди:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Мен ва асҳобларим йўлида бўлганлар», деб истисно қилган нажот топувчи фирқага келсак, улар ашъарийлар ҳамда муҳаддислар-у аҳли сунна ва жамоадан ҳисобланган салафлардир. Уларнинг мазҳаби манавиларнинг бидъатларидан холидир».

Имом Шамсиддин Хаёлий ( ваф. 900 – йиллар ) «Шарҳи ақоидун-насафийя» китобининг хошиясида айтади:

«Aшъарийлар аҳли сунна ва жамоадурлар. Улар Хуросон, Ироқ, Шом ва кўп жойларда машҳурдур. Мовороуннаҳр диёрида эса асосан Мотуридий ақидавий мазҳаби кенг ёйилган. Бу икки тоифа ўртасида таквин ва бошқа айрим масалаларда ихтилоф бор, холос».

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

06.06.2020 йил

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон давоми...

5096 23:01 / 02.12.2016
Улар қадарни инкор қиладилар ва .Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади,, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ давоми...

3818 17:00 / 02.08.2021
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади ....Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир, Нисо сураси, 17оят. ....Ва Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир, Нисо сураси, давоми...

939 19:00 / 29 июль
1. Ибодатда ширк келтириш. Аллоҳ таоло .Бас, ким Роббига рўбарў келишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббининг ибодатига ҳеч кимни шерик қилмасин,, давоми...

1005 19:00 / 03 июнь