1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Яралишдаги ибрат

23:15 / 27.12.2017 5659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир. Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур. Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур). Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур. (Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир. Шоядки, ақл юритсангиз.

Бу оятда кибрга кетиб, ўзини унутган, Аллоҳни – Холиқини тан олмай қўйган инсонга асли – ожизлиги эслатилмоқда.

«У сизни тупроқдан, сўнгра нутфадан, сўнгра «алақа»дан яратган Зотдир».

Ўзидан кетиб, Аллоҳни инкор қилаётган одам бир вақтлар умуман инсон деган зотнинг ўзи бўлмаганини бир ўйлаб кўрсин. Ҳеч ким ҳозиргача «Инсон азалдан бор эди» деган гапни айтган эмас. Демак, йўқ нарса бор бўлиши учун кимдир уни яратиши керак. Бир вақтлар йўқ бўлган инсонни ким бор қилди? Бу саволнинг бирдан-бир жавоби: «Инсонни ҳам дунёдаги барча нарсаларни яратган Аллоҳ халқ этгандир», дейишдир. Аллоҳ таоло инсонни даставвал тупроқдан яратганини айтмоқда. Тупроқ ҳаётнинг асли ҳисобланади. Дарҳақиқат, инсон жисмидаги мавжуд моддалар тупроқдаги моддалардан экани илмий тадқиқотларда ҳам зоҳир бўлди. Инсон танасини жон тарк этгач, жасадининг тупроққа қўшилиб кетиши ҳам бежиз эмас.

Инсонни тупроқдан яратиб, йўқдан бор қилган Аллоҳ сўнгра уни бир-бири билан қўшилиш орқали кўпаядиган қилиб қўйди ва янги инсоннинг яралишига нутфани (сперма сувини) сабаб қилди. Ўша уруғлик суви аёлдаги тухумга урчиши орқали ҳомила пайдо бўлади.

Бу ишларнинг бажарувчиси Аллоҳ таолодир. Эркагу аёлни Аллоҳ яратган. Эркакда нутфани ҳам Аллоҳ пайдо қилган. Аёлдаги тухумни ҳам. Эркакдаги нутфани аёлнинг тухумига урчитган ҳам Аллоҳ. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким урчита олмайди. Аллоҳ урчишини хоҳламаган барча нутфа ва тухумлар нобуд бўлишга маҳкумдир.

Урчиган нутфа ва тухумни «алақа» (ёпишқоқ лахта қон) шаклига солиб, ҳомилага айлантирувчи ҳам Аллоҳ. Агар ояти карима­даги «алақа» деган сўзни араб қомусларининг соф изоҳлари асосида таржима қилсак, унга «зулук» деб маъно бериш керак бўларди ва ўқиган одамларда «Онанинг бачадонида зулук нима қилади, зулук қон сўрувчи ҳайвон-ку», деган фикр туғилар эди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам аввалги тафсирчиларимиз «алақа» зулук эканини жуда яхши билганлари ҳолда, унга «лахта қон», «парча қон» деб маъно берган бўлсалар керак. Бу тушунча ҳозиргача давом этиб келмоқда.

Аммо, ҳозирга келиб, умуман кутилмаган тарафдан янги маълумот чиқиб қолди. Ҳомилани ўрганиш илми ривожланиб, олимлар бачадондаги ҳомиланинг турли ҳолатларини суратга туширишга муваффақ бўлдилар. Қуръони Каримда «алақа» деб васф қилинган босқич суратга олинганида, ҳомила зулук шаклида бўлиб, бачадонга ёпишиб туриши кузатилган. Бу ҳолат ўрганилганида эса «алақа» (зулук) бачадон деворига ёпишиб олиб, ундан керакли моддани сўриши аниқланган. Бу кашфиёт ҳомилани ўрганиш бўйича дунёдаги энг катта мутахассисларнинг мусулмон бўлишларига ёки Исломга яқинлашишларига сабаб бўлди. Шундан кейин улар ҳомила ҳақидаги Қуръон оятларини яна ҳам эътибор билан ўрганиб чиқдилар. Охир-оқибат, ҳомила ҳақида Қуръонда келган маълумот ҳозир биз тўплаган билимлардан анча устун экан, деган қарорга келдилар. Инсонни яратган Зот уни унинг ўзидан кўра яхши билгани шу-да! Ушбу ҳақиқат инсонга кибру ҳаводан қайтиши, ўзининг ким эканини эътироф қилиши, Роббини тан олиши учун етарли эмасми?!

«Сўнгра сизни гўдак ҳолингизда чиқарур».

Аллоҳ онанинг қорнида яратган, қудрати ила озиқлантириб, инсон шаклига солган жонни ёруғ дунёга чиқаришни ким эплай олади? Агар Аллоҳ таолонинг Ўзи йўл бермаса, бу ишнинг рўёбга чиқишига ақл бовар қилмайди.

Инсоннинг нутфалик пайтидан бошлаб, то онасидан туғилгунига қадар ҳар бир лаҳзада Аллоҳ таолонинг инояти у билан бирга бўлади. Агар ушбу илоҳий иноят бирор лаҳзага ажраса, у инсон бўлиб туғила олмайди, балки ўша лаҳзанинг ўзидаёқ ўлик бўлиб, бачадондан тушиб кетади. Аммо нобакор инсон буларни ўйламай, Роббини инкор этади.

«Сўнгра камолга етишингиз учун, сўнгра қари бўлишингиз учун (улғайтирур)».

Онадан эсон-омон туғилиб олиши билан одам боласининг иши битмайди. Туғилгандан кейинги ишларни ҳам ёлғиз ўзи эплай олмайди. Ота-онасининг ёки бошқаларнинг ҳам қўлидан келмайди. Инсон туғилганидан кейин ҳам умрининг ҳар бир лаҳзасида Аллоҳ таолонинг иноятига муҳтождир. Аллоҳ таолонинг иноятидан ажраган лаҳзада инсон адо бўлади. Бу ҳақиқат оятнинг давомида баён қилинмоқда:

«Ичингизда ундан олдин вафот этадиганлар ҳам бўлур».

Яъни «Эй одамлар, сизнинг айримларингиз камолга ёки қариликка етишдан олдин вафот этиб кетади». Ҳар лаҳзада тушаётган ҳомилалар, ўлаётган болалар, ёшлар бунинг далилидир.

«(Булар) белгиланган ажалга етишингиз учундир».

Ҳар бир инсон учун белгилаб қўйилган ажал бор. Ана ўша ажалга етгунча яшайди. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ишидир.

«Шоядки, ақл юритсангиз».

Шоядки, ушбу ҳақиқатлар устида ақл юритиб, ўзингизнинг ким эканингизни англаб, Роббингизга ибодат қилсангиз.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу икки нарса, яъни ибодат ва дуо қазо ва қадар, банданинг амали ихтиёрий ёки мажбурий экани, савоб ва иқоб масалалари билан боғлиқ эканини алоҳида таъкидламоғимиз давоми...

4573 19:30 / 18.10.2021
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар .машиъат масаласи, деса, бошқалар .бандаларнинг амали масаласи, ҳам дейишади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз давоми...

6495 13:10 / 25.03.2019
Исмул аъзам бизнинг тилимизга энг улуғ исм деб таржима қилинади. Аллоҳ таолонинг исмлари ичида исмул аъзам бор. ўша исмни айтиб дуо қилинса, албатта, қабул бўлади. давоми...

10901 23:55 / 02.12.2016
Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир.Яъни жоҳиллар билан муомала қилиш мушкул иш. Улардан давоми...

6598 20:50 / 04.05.2018
Аудиолар

230184 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

148762 14:35 / 11.08.2021