1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Аллоҳ зинога яқинлашмасликка буюрган (бешинчи мақола)

11:00 / 08.06.2020 3186 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Номаҳрамларга назар солишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:

Эркак киши назар солиши жоиз бўлган аёллар:

1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам.

2. Қиз, қизнинг қизи, қанча пастласа ҳам.

3. Опа-сингиллар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.

4. Амма ва холалар.

5. Ака-укалар ва опа-сингилларнинг қизлари.

6. Хотинининг онаси, яъни қайнона.

7. Жинсий яқинлик қилган хотинининг бошқадан бўлган қизи, яъни ўгай қиз.

8. Ўғлининг хотини, яъни келин.

9. Отасининг хотини, яъни ўгай она.

10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.

11. Вояга етмаган қизчалар.

12. Қариб қолган кампирлар.

Ушбу кўрсатиб ўтилган аёллардан бошқа бирортасига эркак киши учун жиддий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади.

Аёл киши назар солиши жоиз бўлган эркаклар:

1. Ота ва отанинг отаси, қанча юқориласа ҳам.

2. Ўғил, ўғилнинг ўғли, қанча пастласа ҳам.

3. Ака-укалар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ.

4. Амаки ва тоғалар.

5. Ака-укалар ва опа-сингилларнинг ўғиллари.

6. Эрнинг отаси, яъни қайнота.

7. Эрнинг бошқадан бўлган ўғли, яъни ўгай ўғил.

8. Қизининг эри, яъни куёв.

9. Онасининг эри, яъни ўгай ота.

10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам.

11. Вояга етмаган ўғил болачалар.

12. Қариб қолган чоллар.

Ушбу кўрсатиб ўтилган эркаклардан бошқа бирортасига аёл киши учун шаръий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади.

- Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай аёлга шаҳват назари билан қараш ҳаром.

- Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай эркакка шаҳват назари билан қараш ҳаром.

- Номаҳрамнинг авратига шаҳватсиз бўлган ҳолда ҳам назар солиш ҳаромдир.

Аёлнинг аврати: юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма аъзолари. Эркакнинг аврати: киндигидан тиззасигача, тиззаси аврат.

- Номаҳрамнинг аврат бўлмаган жойига (масалан аёлнинг юзи ва икки кафтига) шаҳват ила, лаззатланиш учун қараш ҳаром.

- Ўзига маҳрам бўлганларга (эр-хотин мустасно) шаҳват назари ила қараш ҳаром.

- Ўзига маҳрам бўлганларнинг уятли жойларига назар солиш ҳаром (эр-хотин мустасно).

- Балоғатга етишига оз қолганларга ҳам эҳтиётан балоғатга етганлардек ҳукмлар жорий бўлади.

- Бирор аёлни бошқа эркакка ва бирор эркакни бошқа аёлга тана тузилишлари ва жинсий аъзоларини васфлаб бериш ҳаром.

- Эркак эркакка, аёл аёлга шаҳват назари ила қараши ҳаром.

- Аёл киши аёл кишига - эркак ўз маҳрамларига (хотинидан ташқари) қараши мумкин бўлган жойларига қараши мумкин.

- Муслима аёллар ёмон аёлларга ўз авратларини кўрсатишлари жоиз эмас.

- Ўзининг жинсий аъзоларига заруратсиз назар солиш макруҳдир.

- Назар солиш мумкин бўлмаган номаҳрамга кўз тушганда кўзни дарров олиб қочилади. Агар кўзини узмай қараб тураверса ёки қайта-қайта қараса, ҳаром бўлади.

- Фаҳш бор видео, фото суратларга, турли ҳил рекламаларда суратга тушган номаҳрамларга назар солиш - ҳаром.

- Фаҳш бор видео, фото суратлар, турли ҳил рекламаларни суратга олиб уларни тарқатиш ҳам ҳаром амаллардандир. Зеро ҳаром ишга йўл очувчи, унга ундовчи амаллар Исломда ҳаром қилингандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

«Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар» (Нур сураси, 19-оят).

- Номаҳрамларга кўзи тушиши аниқ бўлган ҳолатларга мўмин киши ўзини ўзи тушириши жоиз эмас. Бу ҳолатнинг кўринишлари кўп. Масалан, сиртидан Исломга зид бўлмаган бир кўрсатув ёки фильмни кўраётганингизда кўзингиз номаҳрамларга қайта-қайта тушаверса, сиз “номаҳрамларга кўз тушиши ҳаром эмас, уларга назар солиш ҳаром” дея олмайсиз. Зеро, ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Назар кетидан назарни эргаштирма» деб марҳамат қилганлар.

Шунингдек, инсон кўчада, жамоат жойларида юрганида кўзини қуйи тутиб юриши ва номаҳрамларга назар солиш у ёқда турсин, кўз тушишидан ҳам огоҳ бўлиши лозим. Кўз тушганида ҳам ҳаёл бузилади, кўз тушганида ҳам шаҳват қўзиши мумкин ва бу нарсалар иккинчи маротаба қарашга олиб бориши, иккинчи маротаба қараш эса бошқа кўпгина бир-бирини келтириб чиқарувчи ёмонликларга олиб бориши мумкин.

- Ота-оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари – вожибдир.

Номаҳрамларга назар солиш жоиз бўлган ҳолатлар:

- Зарурат ва ҳожат юзасидан ҳаддан ошмаган ҳолда, шаҳватсиз аврат бўлмаган жойига назар ташлаш - жоиз.

- Бўлажак келинни бўлажак куёв юзи ва икки кафтига назар солиши мустаҳаб (мақталган) ишдир. Никоҳлангунга қадар бўлажак келиннинг авратига қараш жоиз эмас. Зеро никоҳ ақди бўлмагунча у ҳам номаҳрам ҳукмидадир. Икковининг бир-бирлари ила холий қолишлари жоиз эмас. Жуда бўлмаса, олдиларида яхши-ёмонни ажратадиган ёшдаги бола бўлиши ёки исталган вақт очиш мумкин бўлган шаффоф ойна ортида улардан бирининг маҳрами туриши керак.

- Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо-сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди-бердида, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга хизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида назар солиш жоиз. Бу ҳолатларда юзга назар солинади ва заруратдан ортиқ қаралмайди. Зарурат сабабидан назар солганда лаззатланиш ва шаҳват ила қараш - ҳаром.

Шунингдек номаҳрамларга кўз қисиш, гап отиш каби ишлар ҳам ҳаром.

Афзал Аброр таржимаси

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёмат қачон бўлишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот билмайди. Аммо, шу билан бирга, қиёмат яқин қолганда зоҳир бўладиган баъзи аломатлар ҳақида кўпгина давоми...

5501 14:06 / 07.06.2022
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар.Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан давоми...

2720 11:41 / 09.02.2022
Олимларнинг таъкидлашича, кўз юзасида юпқа парда бўлиб, у қоронғуликда кенгаяди, ёруғликда тораяди. Қачон одам қоронғуликдан ёруғликка ёки ёруғликдан давоми...

1578 18:09 / 22.11.2023
Мўмин киши нафсининг хоҳишларига қарши келишда сабрли бўлмоғи лозимдир. Бир умр шу ҳолда яшаш қийинку, деб ўйламасин. Чунки, бундай ўйлаши унинг қиёмат кунига, давоми...

1841 18:00 / 20.12.2022