1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

ҲИРС ҚЎЙИШ ВА ЧЕКСИЗ УМИДДАН САҚЛАН

05:00 / 02.03.2017 3037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир нарсага ҳирс қўйиш унга қаттиқ муҳаббат қўйиб маҳкам ёпишиб олиш ила бўлади. Ҳирс асосан молу дунё, мансаб ва обрўга қўйилади. Чексиз умид эса инсон ўзига доимий бўлиши хоҳлаб уринадиган нарсаларда бўлади. Узоқ умр, битмас туганмас бойлик ва узилмас мансаб шулар жумласига киради. Чунки ҳаддан ташқари ҳирсли ва умидли бўлиши одатда инсонга Аллоҳ таоло.ни униттиради. Аслида эса бу нарсалар меъёрида бўлса яхшидир. Солиҳ киши қўлидаги солиҳ мол қандоқ ҳам яхши. Умидворлик бўлмаса дунё обод бўлиши қийин. Қисқа қилиб айтилганда ҳамма нарса шариатда кўрсатилгандек бўлса яхши бўлади.

Аллоҳ таоло: «Уларни тек қўй, еб-ичиб, ҳузурланиб, умидлар ила машғул бўлиб юраверсинлар. Бас, тезда билурлар», деган.
Ҳозирча, бу дунёнинг беш кунлик ҳаётида кофирларни ўз ҳолига қўйиб қўявер. Ҳайвонга ўхшаб еб-ичиб, ҳузур-мазза қилиб юраверсинлар. Уларнинг еб-ичишдан ва лаззат кетидан қувишдан ўзга ишлари ҳам бўлмасин. У кофирлар, осийлар турли орзу-
«умидлар ила машғул бўлиб юраверсинлар».
Эртага уни, индинга буни қиламан, десин. Орзу кетидан орзу, умид кетидан умид қилаверсинлар. Охир-оқибат келиб, бутун машғулотлари, бутун ишлари шунга ўхшаш тирикчилик орзу-умидидан иборат бўлиб қолсин. Аммо фурсати келса:
«Бас, тезда билурлар».
Нимани биладилар? Асл иш, асл ҳақиқат қаёқда эканини англайдилар. Асл ҳузур-ҳаловат, асл орзу-умид нимада бўлиши кераклигини биладилар. Чунки улар ҳозирги ҳолатларида абадий қолмайдилар. Ҳамма нарсанинг ҳам вақти-соати бор.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Катта ёшлининг қалби икки нарсада ёшлигини қўймайди; дунёнинг муҳаббатида ва умиднинг узунлигида», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Одам боласи қарийди. У билан икки нарса ёш қолади. Молга бўлган ҳирс ва умрга бўлган ҳирс», дедилар». Иккисини икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Одам қаригандан кейин кўп нарсадан кўнгли қолади. Ул нарсаларга ёшлигидаги каби орзу ҳавас қилмай қўяди. Аммо қариган чоғида ҳам кўп яшашни ва кўп молли бўлишни орзу қилишини қўймайди.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки молу дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин деган банда дунёга ҳирс қўймаслиги лозим.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом тўртбурчак чизиқ чиздилар. Кейин ўртасидан ундан чиққан бир чизиқ чиздилар. Ўша ўртадаги чизиққа қаратиб унинг четидан кичкина чизиқлар чиздилар. Сўнгра «Манабу инсон. Бу эса унинг ажали, уни ўраб турибди ёки уни ўраб олган. Манабу чиқиб турган унинг умиди. Манабу кичик чизиқлар офатлар. Агар унисидан ўтиб кетса буниси чақади. Агар бунисидан ўтиб кетса униси чақади», дедилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, кимнинг орзу умиди чексиз бўлса уни чақадиган офатлар ҳам кўп бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Бу одам боласи. Бу эса унинг ажали», дедилар ва қўлларини бўйинларига қўйиб туриб ёздилар ҳамда «қолгани умиди, қолгани умиди, қолгани умиди», дедилар».
Шарҳ: Пайғамабар алайҳиссалом бу билан одам боласининг ажали бўйнида турса ҳам умидини узундан узоқ қилаверишига ишора қилидлар.

Абдуллоҳ ибн Шиххийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одам боласининг ёнбошида тўқсон тўққизта офат бор. Агар офатлар унга етмаса ҳам, албатта, қарилик етади», дедилар».
Шарҳ: Бас шундоқ экан дунёга ҳирс қўйиб ва умидни ҳаддан ташқари чексиз қилишга нима бор?!

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Э-и, одамларнинг қай бири яхши?» деди.
«Умри узун бўлиб, амали яхши бўлгани», дедилар.
«Одамларнинг қай бири ёмон?» деди.
«Умри узун бўлиб, амали ёмон бўлгани», дедилар
».
Ушбу учтани Термизий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Аллоҳ ажалини олтмиш ёшга етгунича ортга суриб қўйган кишининг узри қолмайди», дедилар».
Шарҳ: Олтмиш ёшга киргандан кейин Аллоҳ менга яна умр берса, намоз ўқир эдим, рўза тутар эдим, у қилар эдим, бу қилар эдим дегани ўрин қолмайди.

Али розияллоҳу анҳу: «Дунё ортга қараб жўнаб кетди. охират олдга қараб келди. Улардан ҳар иккисининг фарзандлари бор. Бас, охират фарзандларидан бўлинг. Дунё фарзандларидан бўлманг. Ҳар онага ўз боласи эргашади. Бугун амал бор, ҳисоб йўқ. Эртага ҳисоб бор, амал йўқ», деди». Иккисини Бухорий ривоят қилишган.
Шарҳ: Шунинг учун амал бор пайтда амал қилиб қолиш керак. Эртага кеч бўлиб қолиши бор. Банда турли баҳона топиб йўқ ердаги нарсаларни тама қилишнинг ўрнига ўзига икки динё бахтини таминловчи шариат кўрсатмаларига амал қилиб борса, муродига етади.
Дунёга ҳирс қўйиш ва ҳақи бўлмаган нарсалардан умидвору тамагир бўлиш ҳеч кимга яхшилик келтирмаган ва келтирмайди ҳам.
Нафс тарбияси билан машғул бўлган машойих-уламоларимиз дунёга ҳирс қўйиш ва чексиз умидга берилиши беморликларини давоси ҳақида ҳам ўз даволаш услубларини тақдим қилганлар.
Ҳирс ва тамаънинг давоси;
Билки, бу дарднинг давоси уч рукндан иборатдир;
Сабр, илм ва амал.
Буларнинг жамланишидан беш нарса келиб чиқади:
Биринчидан; маъийшатда тежамкор бўлмоқ ва нафақани оз қилмоқ.
Иккинчидан; Ўзига етарли нарсаси бўлган ҳолда келажак учун изтиробга тушмаслик. Бунинг учун ўзининг ризқи шак шубҳасиз келишига ва шайтон унга камбағалликни ваъда қилишига ишончи кучли бўлиши зарур.
Учинчидан; Қаноатли бўлишда беҳожатлилик иззати ва ҳирсу тамагирликда хорлик борлигини билмоқ лозим.
Тўртинчидан; Молу дунёга ҳирс қўйиб тамагирлик билан ўтганларнинг оқибати нима бўлгани ҳақида тафаккур қилмоқ керак. Анбиё, авлиё ва аҳли солиҳларнинг қаноатли ва тамагир бўлмай ўтиб саодатли оқибатга эришганларини эслаб юрмоқ зарур.
Бешинчидан; Молу дунёнинг кўплиги келтирадиган хавфу хатарларни ўйлаб кўрмоқ лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Менинг вақтим йўқ,. Бу ҳаётимизда энг кўп ишлатадиган ибораларимиздан. Кимлар учундир ndash бу бир баҳона. Уларнинг бекорчи нарсаларга вақти топилади, аммо энг давоми...

5867 09:49 / 04.10.2017
Юртимиз аввалдан илмфаннинг кўплаб соҳаларида дунёга устозлик қилган уламолар, фузалолар замини бўлган. Уларнинг илмий мерослари бутун дунё бўйлаб қўлмақўл давоми...

1643 17:00 / 07.08.2022
Уламоларимизнинг таъкидлашларича, давонинг барчаси икки нарсага парҳезга ва соғлиқни сақлашга боғлиқдир. Парҳез бузилса соғлиқ бузилади. Соғлиқ бузилганда уни давоми...

4008 05:00 / 01.03.2017
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким нард ўйнаса, батаҳқиқ Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлибди,, давоми...

3880 05:00 / 02.03.2017