1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

БОЙЛИК ҚАНОАТДАДИР

05:00 / 02.03.2017 2602 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир», дедилар».
Шарҳ: Ўзида кўп молу дунё бўла туриб тийиннинг устида етти думалайдиган назари очлар қанчадан қанча. Аммо ўзидан молу дунё кам бўлса ҳам хотири жам бўлган назари тўқлар қани?

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Қачон бирингиз молда ва халқда ўзидан афзал қилинган шахсга назари тушса, ўзидан пастга назар солсин», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ўзингиздан пастга назар солинг. Ўзингиздан баландга назар солманг. Бундоқ бўлиши Аллоҳнинг сизга берган неъматига ношукр бўлишингизга олиб келиши мумкин», дедилар». Ушбу учтани икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Молу дунёда ва тана тузилишида ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш яхши эмас. Мабодо баъзи бир сабабларга биноан бу иш содир бўлса, банда мазкур нарсаларда ўзидан паст бўлганларга назар солиб шукр қилсин. Чунки мазкур нарсаларда ўзидан афзал кишига қараб ўксиниш кишида шукр қилиш фазлини кетказади.
Аллоҳ таоло. «Тоҳа» сурасида:
«Кўзларингни уларни синаш учун айримларига баҳраманд қилиб берганимиз ҳаёти дунёнинг турли зийнатларига тикма. Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир», деган.
Биз баъзи кишиларга берилган турли зебу зийнатларга ҳавас билан боқма. Улар бу ҳаёти дунёнинг матоҳи, холос. Биз уларга бу матоҳларни синаш учун вақтинча берганмиз. Беш кунлик дунёнинг зебу зийнатида бақо йўқ. Бирпасда заволга учрайди.
«Роббингнинг ризқи яхши ва боқийдир».
Роббинг сенга берган ризқ энг яхши ризқдир, энг боқий ризқдир. У вақтинчалик эмас, доимийдир. У синаш учун эмас, сийлаш учундир.
Аммо солиҳ амалларда, албатта, ўзидан афзалларга назар солиш лозим. Пайғамабар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидан бирида «Икки хислат бор. Кимда ўшалар бўлса, Аллоҳ уни собир ва шокир деб ёзадир; ким дунёсида ўзидан пастга назар солса ва Аллоҳга ўзини ундан афзал қилиб қўйгани учун ҳамд айтса ва ким динида ўзидан афзалга назар солса ва унга иқтидо қилса» дейилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом: «Ким мендан бир калималарни олиб уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиганларга таълим беради?» дедилар.
«Мен! Э-и,» дедим.
Бас, у зот менинг қўлимдан тутдилар ва беш нарсани санадилар; Ҳаромлардан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдирадир», дедилар». Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Пайғамабар алайҳиссалом сиз билан бизнинг ҳар биримизга ўз ҳаётимизда асосий қоида бўлиши лозим бўлган улкан ҳақиқатларни тақдим этмоқдалар;
«Ҳаромлардан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан».
Ҳаромнинг кичиги ҳам каттаси ҳам бандага икки дунёнинг ёмонлигини келтиради. Бу ҳаммага аён бўлган улкан ҳақиқатдир. Аммо ўша улкан ҳақиқатга амал қиладиганлар камдир. Агар банда ҳаромдан сақланса улкан даражага, одамларниинг энг обиди бўлиш даража эришар экан. Бу даражага эришишни истайдиганлар борми?!
«Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан».
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сафат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.
Имом Тобароний Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. ҳадиси шарифда Пайғамабар алайҳиссалом «Қаноат туганмас молдир», деганлар.
Ўтган азизларимиздан Абу Ҳазим р-ҳ. «Уч нарса бор. Улар кимда мужассам бўлса, унинг ақли роса бўлади; ким ўзини ўзи билса, ким тилини тийса ва ким Аллоҳ азза ва жалла унга берган ризққа рози бўлса», деган.
«Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан».
Дарҳақиқат, бошқа кўпгина ҳадиси шарифларда ҳам таъкид этилганидек, қўшнига яхшилик қилиш мўминликнинг аломатларидан биридир.
«Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан».
Ҳақиқий мусулмон барча инсониятга ўзига яхши кўрган нарсани ҳам яхши кўради. Бас, шундоқ экан зоҳидлик йўлига кирган мусулмон бу ишда барчага ўрнак бўлиши лозим.
«Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдирадир».
Беҳуда кулгини ҳамма ҳам хуш кўрмайди. Шунинг учун уни кўпайтиришдан не фойда?! Қалбни ўлдирадиган нарсадан не фойда?!

Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тургизадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам қаноатли бўлиш катта бойлик эканига кучли таъкид бор.
Бугунги кунда озиқ-овқатни исроф даражада зиёда истеъмол қилишнинг соғликка асорати яққол намоён бўлди. Ҳозирги даврнинг кўпгина хасталикларига ушбу исрофгарчилик сабаб бўлмоқда. Бу ҳақиқатни Қуръони Мажийддан узоқ бўлган ғайридинлар ҳам тушуниб етдилар. Қадимда яҳудийлардан бири хулафодан бирига:
«Сизларнинг Қуръонингизнинг ярим оятига бутун тиб илми жойлашган», деб ушбу ояти каримани ўқиган экан.
Минг афсуски, Қуръон аҳлиман, деб юрганлардан аксариятимиз бу ҳақиқатни тушуниб етмаймиз. Ислом ҳар бир соҳада мўътадиллик йўлини тутганидек, озиқ-овқат ва кийим-бош масаласида ҳам мусулмонлардан мўътадил бўлишни талаб қилади.
Афсуски, баъзи кишилар еб-ичишнинг хилма-хил ва кўп бўлишини ҳаётнинг асосий мезони деб биладилар.
Бизда одамлар озиқ-овқатни исроф қилиш деганда, уни емай ташлаб юборишни тушунадилар. Бу, аслида, тўғри. Аммо керагидан ортиқ емоқ ҳам исрофдир. Еб-ичиш керак экан, деб қорин бандаси бўлиш ҳам мусулмон инсонга муносиб эмас.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одам боласига қуйидаги хислатлардан бошқага ҳақ йўқ; сокинлик топадиган уй, авратини беркитадиган кийим, бир бурда нон ва сув», дедилар». Иккисини Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Убайдуллоҳ ибн Миҳсандан, у ўз отасидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Сизлардан ким хотири ҳам ва жасади офиятда тонг отдирсаю ҳузурида бир кунлик қути бўлса, дунё унга мулк бўлибдир», дедилар». Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Чунки тинчлик омонлик ва соғлик саломатлик бўлса ҳамма нарса топилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу ndash инсон Инсон ожизлигининг чўққисига касаллик ва шаҳват пайтида чиқади. Кучқувватининг чўққиси эса урушлар, осмонўпар бинолар барпо этушу вайрон қилиш давоми...

6210 17:05 / 30.03.2018
Рисоламни бошлашдан олдин, яқин ўтмишда ўтган олимлардан бирининг ажойиб фикрини эслаб қолдим. Ушбу ажобтовур жумлалар мавзуимизни янада осон суратда давоми...

3682 05:00 / 01.03.2017
198387 йиллар Ислом институтида таҳсил олдим. Талабалик даврларининг бир кунида бир курсдошим билан шаҳар айланиб, Миробод эски Госпиталная бозори ёнидаги давоми...

3416 05:00 / 03.03.2017
Маълумки, динимиз Ислом раҳмат динидир. У меҳрмурувватга, эзгуликка чорлайди, раҳмдилликни тараннум этади. Кўплаб ояти карималар ва ҳадиси шарифларда Аллоҳнинг давоми...

7417 05:00 / 02.03.2017