1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Инсон дунёга ҳур ва озод ҳолда келади

05:00 / 03.03.2017 3118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг амри билан кишилик жамиятида мусулмонлар томонидан содир этилган турли хато, камчилик ва гуноҳлар каффорати учун бир ёки ундан кўпроқ қул озод этиш жорий қилинди. Диндаги ва ижтимоий ҳаётдаги тасодифий хато-гуноҳлар: масалан, Рамазон ойида қасддан рўзасини бузиш, никоҳидаги хотинини ўзига ҳаром қилиш, қатъий ичган қасамини бузиш каби ҳолатларга йўл қўйган мусулмон бу гуноҳини қул озод этиш орқали ҳам тузатиши мумкинлиги динимизда белгилаб қўйилган.


Ислом дини ирқи, насаби, миллати, бойлиги, мансаби ва жамиятдаги тутган ўрнидан қатъи назар, барча инсонларга тенглик, ҳурлик, мустақиллик ва ўзаро биродарликни кафолатлаган ягона эътиқодий таълимотдир. Динимиз илк кунлариданоқ қулчиликни, одам савдосини қаттиқ қоралади. Қул озод қилишни жамият ҳаётидаги етук фазилат сифатида майдонга олиб чиқди, уни ҳатто ибодат даражасига кўтарди. 

Ислом таълимоти инсонларни тўла-тўкис озод, ҳур бўлишга, фақат Аллоҳ таолога бандалик қилишга, ҳар томонлама етукликка, яхшилик ва тақво йўлида ўзаро ҳамкор бўлишга чорлайди. 

Абу Ҳурайра (рз.) Расулуллоҳ (сав) ривоят қилган ҳадиси қудсийда, қуйидагича марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ таоло: “Мен қиёмат куни уч тоифа кишининг даъвогари бўлурман: Менинг номим билан аҳд бериб, кейин алдаган одамнинг, озод инсонни қул деб сотиб пулини еган одамнинг ва мардикорни ишлатиб ҳақини бермаган одамнинг”, - дедилар”.

Мана бу ҳадисда уч тоифа энг ёмон одамлар ҳақида сўз бормоқда. Чунки қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Ўзи даъвогар бўлиши енгил иш эмас.

Мустабид тузум барҳам топиб мамлакатимиз мустақил бўлгач, юртда чуқур иқтисодий ислоҳотлар, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида катта ўзгаришлар даври бошланди. Қисқа муддат ичида халқимизнинг, айниқса ёшларимизнинг чуқур билим олишлари, турли касб-ҳунарларни ўрганишлари, хусусий тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун кенг имкониятлар очилди. Касб-ҳунар ўргатадиган юзлаб коллежлар, бир неча олий ўқув юртлари ишлаб турибди. Қанчалаб янги саноат корхоналари ишга тушириляпти, кўплаб иш ўринлари яратишга ҳаракат қилиняпти. Кишиларимиз хусусий корхоналар, фермер хўжаликлари ташкил этиб, ҳалол меҳнат орқали бойишмоқда.

Аммо, минг афсуски, айрим юртдошларимиз жон койитмай, осонгина мўмай даромад топиш йўлларини излай бошлашди. Улар нима қилиб бўлса-да, кўпроқ пул топиш, мўмай даромад орттириш мақсадида ноқонуний, ҳалокатли, келажаги йўқ ишларга қўл уришяпти. Иссиқ жойларини, оила аъзоларини ташлаб олис юртларга иш излаб кетишяпти. Қонуний йўл билан эмас, одам савдоси орқали бойишни кўзлаётган айрим ноинсоф кимсалар алдовига учиб, борадиган жойларидаги иш ва яшаш шароитларини ўрганмай, давлатлараро шартномалар асосида иш юритувчи расмий идораларни четлаб бошқа юртларга боришяпти. Тўғри, жаҳон тажрибасида бир юртдаги ишчиларнинг бошқа юртда ишлаб-пул топишлари тақиқланмаган, лекин буни расмий йўл билан, барча ҳуқуқ ва эркинликлар дахлсизлиги таъминланган ҳолда амалга ошириш керак. Ҳозир юртимиздан ўзга жойларга иш ахтариб норасмий йўл билан кетаётганларнинг на саломатликлари, на ҳуқуқ-эркинликлари, на меҳнатларига ҳақ тўлаш, на энг азиз ҳаётлари ҳақида қайғурадиган шахс ё ташкилот йўқ, бир товламачининг ёлғон ваъдасига алданиб жўнашяпти. Борган жойларида меҳнатни қилиб ҳақини ололмаётган, касал бўлиб қолиб даволатишга пул ахтараётган, ҳатто уйга қайтай деса йўлкирага пул тополмаётганлар қанча?!

Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам қилиб яратган, унинг ризқини канда қилмай бериб туради. Аллоҳ бандаларига енгилликни истайди Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

“...Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди..”.

Аллоҳ бировга кўпроқ, бошқасига озроқ, ҳамманинг ризқини аниқ белгилаб қўйган. Бировнинг ризқи адашиб бошқаникига бориб қолмайди. Бирор киши ризқини тўла олмагунича бу дунё билан видолашмайди ҳам. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтган:

“Аллоҳнинг хоҳлаган кишилар ризқини фаровон қилиши ва (бошқалар ризқини) танг қилишини кўрмадиларми?! Албатта, бунда имон келтирувчи қавм учун аломатлар бордир”.

Унда нега одамлар ато этиб қўйилган ризққа қаноат қилмай ўзларини ҳар тарафга уришади? Берилган ризққа рози бўлмай, аҳли-аёлини ташлаб ўзга юртларга ризқ ахтариб кетишади. Доно халқимизда “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу”, “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши” каби ажойиб мақоллар бор. Фақат фойдани кўзлаган нопок кимсалар алдовига учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлаётган, туну кун ишлаб ҳақини ололмаётган, соғлиғидан ва диёнатидан ажраётган ҳамюртларимиз фожиаси ҳақида ҳар куни, кун ора ўқиб-эшитиб турибмиз. Жамиятнинг келажаги саналган ёшлар нотаниш, ҳаёт тарзи тамоман ўзгача юртларда имонларига, эътиқод ҳамда миллий қадриятларга завол етаётганига ҳам парво қилишмаётир. Агар уларни очлик, муҳтожлик иссиқ ўринларидан ҳайдаб чиқарганида ҳолатларини тушунса бўларди. Асосан орзу-ҳавас, ҳавойи нафс, “катта тўйлар қилиш, бойлик гаштини суриш” васвасасига учиб, ўзга юртларда хор бўлиб юришибди.

Мусулмон киши бир ишга киришишдан олдин уни қандай йўсинда амалга ошириш, сафарга тайёргарлик кўриш, тегишли ташкилотлар томонидан расмий юбориладиган жой бўлсагина, борар жойидаги шароитни ўрганиш, йўл озуғини ғамлаш, тадбир-чоралар белгилаш каби ҳолатларга эътибор қилиши керак.

Аммо кўзлари кўр, қалбларини ғафлат босган айрим кимсалар нодонларча қўйган қадамлари, ўйламай қилган ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ўз жонларини хатарга қўйишяпти, пулларидан ажрашяпти, қимматли умр йилларини бой беришяпти. Муттаҳамлар алдовига учиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон, хор-зор бўлиб, юрт ва миллат шаънига доғ туширишяпти. Катта даромад илинжида кетиб, кўпинча ҳеч нарсага эга бўлолмай қайтишяпти. Энг ёмони, эл-юрт, оилалари, яқинлари, дўстлари олдида юзлари шувут бўлиб қоляпти. Айниқса, эндигина ҳаётга қадам қўйиб келаётган, турмуш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар енгил йўллар билан катта пул топаман, деб одам савдоси билан шуғулланувчи манфур кимсалар тузоғига тушиб, молу жонларини хатарга қўйишмоқда.

Инсонларни турли йўллар билан алдаш, уларни ноқонуний ва ношаръий ишларга мажбурлаш, улар ҳақига хиёнат қилиб, пулини бермаслик, фоҳишалик қилишга жалб этиш, одамларни бошқаларга сотиб юбориш, уларнинг ички аъзолари ва тўқималарини зўрлик билан ажратиб олиш каби ишлар қаттиқ гуноҳ саналади. Зеро, Расулуллоҳ (сав): “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макру ҳийла ва алдов соҳиби дўзахийдир”, - деганлар. Бу иллатлар инсон ҳуррияти ва ҳуқуқ-эркинликларига хавф солгани ёки буларни чегаралагани учун инсонийликка ҳам, ахлоқ-одобимизга ҳам, амалдаги қонунчилик ва шариат аҳкомларига ҳам тамоман зиддир.

Абу Масъуд ал-Ансорий (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (сав) фоҳишалик ва коҳинлик қилиб кун кўришдан қайтарганлар.

Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади: “Набий (а.с.) чўриларнинг танасини пуллаб тирикчилик қилишни ман этганлар”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) ўзларининг машҳур Видо ҳажларида бундай марҳамат қилганлар:

“Бу кун гуноҳ ишлар ҳаром қилинган кундир. Бу шаҳар гуноҳ ишлар ҳаром этилган шаҳардир. Бас, шу каби сизларнинг қонларингизга, мол-дунёларингизга, ор-номусларингизга тажовуз қилишлик ҳам бир-бирларингизга ҳаромдир. Одамлар кимнинг тили ва қўлидан омонда бўлишса, ўша киши мусулмондир, одамларнинг мол-дунёлари ва жонлари кимдан омонда бўлса, ўша киши мўминдир”.

Ислом дини одам савдоси масаласига ана шундай жиддий муносабатда бўлади. Бу борада давлатимиз ва ҳукуматимиз ҳам ижтимоий ҳаётда оз бўлса-да, учраб турадиган мазкур иллатга қарши кураш, бу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида катта тадбирларни амалга оширяпти. Ўзбекистон Республикасининг “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинган. Турли вазирликлар, масъул идоралар, ташқи ишлар бўйича ваколатхона-консулликлар, жамоат ташкилотлари ана шу Қонунга биноан иш олиб боришади. Шунингдек, одам савдосига қарши кураш бўйича республика Идоралараро ҳайъати ҳам тузилган, мазкур Қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик мавжуддир.

Бу йўлда ҳаммамиз бир тан, бир жон бўлиб курашсак, алдовларга учиб, ўзга юртларда хор-зор бўлаётганларни олдиндан бу хатарли йўлдан қайтарсак, иншоаллоҳ, бу иллат тезда барҳам бериш йўлида хизмат қилмоқда.

Бу Қонун Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий, ҳуқуқий ва конституциявий ҳуқуқларини қаттиқ ҳимоя қилиш, уларнинг жамият равнақи йўлидаги ҳалол меҳнат қилишларини таъминлаш, одам савдоси каби ижтимоий иллатга бутунлай барҳам бериш йўлида қўйилган муҳим ижобий қадамдир. 


Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор”

жомеъ масжиди имом хатиби



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Кимга бир маъруф қилинса, унга мукофот берсин. Агар мукофотга давоми...

3153 05:00 / 03.03.2017
Бу ерда бойликrdquo деганда ўзгаларга муҳтож ва қарам бўлиб қолмаслик назарда тутилади. Кенг ризқrdquo эса фаровон ва осойишта ҳаётни англатади. Эй Аллоҳим, мен давоми...

122539 05:00 / 03.03.2017
Араб тилида муомала қилиувчиларга хатари бор ҳар бир муомалага қимор дейилади. Бошқача қилиб айтганда ғолиб мағлубдан бирор нарса оладиган ҳар бир ўйинга қимор давоми...

8250 05:00 / 02.03.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Беш нарса соф исломий фитратдандир мўйлабни қирқиш тирноқларни олиш давоми...

7510 05:00 / 03.03.2017