1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Эътикофга оид савол-жавоблар

13:00 / 27 март 5397 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол: эътикоф қандай амал ҳисобланади?

Жавоб: Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида ҳар бир масжид аҳлига эътикоф ўтириш суннати муаккададир (таъкидланган суннатдир).

Эътикофнинг мисоли жамоат билан таровеҳ намозига қоим бўлишдир. Агар кимдир унга қатнашса, бошқалардан масъулияти соқит бўлади.

Савол: нафл эътикофнинг энг оз миқдори қанча?

Жавоб: нафл эътикофнинг энг ози кечаси ёки кундузи бўлсин, масжидда бироз муддат ўтиришдир.

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида эътикофнинг энг оз миқдори кеча ва кундуздан бироз вақтдир. Бу Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ҳам ривоят қилинган.

Савол: таъкидланган суннатни адо қилиш учун неча кун эътикоф ўтириш зарур?

Жавоб: охирги ўн кунликда эътикоф ўтириш таъкидланган суннатдир. Бир-икки кун ўтириш эса нафл бўлади.

Савол: эътикофга қачондан бошлаб кирилади?

Жавоб: эътикоф ўтирмоқчи бўлган одам қуёш ботмасидан аввал масжидга кириб, эътикоф ўтиришни ният қилади.

Савол: Рамазондан бошқа ойда ҳам эътикоф ўтирса бўладими?

Жавоб: албатта, Рамазондан бошқа ойда ҳам нафл эътикоф ёки назр эътикофларни адо қилса бўлади. Лекин назр эътикофлар учун ҳам, (бир қавлда камида бир кунлик) нафл эътикоф учун ҳам рўзадор бўлиш шартдир. Шунингдек, эътикофнинг қазосини адо қилаётганда ҳам рўзадор бўлиш шартдир.

Савол: аёллар эътикофни қандай адо этадилар?

Жавоб: аёл киши ўз уйининг бир жойини намоз ўқиш учун тайин қилиб, ўша жойда эътикоф ўтиради. Бу билан жамоат масжидида эътикоф ўтирганнинг савобини олади. Табиий эҳтиёжлари учунгина ташқарига чиқишлари мумкин, бошқа ҳолатларда эса чиқиш мумкин эмас.

Савол: жума намози ўқилмайдиган масжидда ҳам эътикоф ўтирса бўладими?

Жавоб: бўлади. Жума намозини ўқиш учун эса жума намози ўқиладиган масжидга бориши мумкин. Эътикоф ўтирувчи жума намозини ўқиш учун бормоқчи бўлган масжидига қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқадиган бўлсаю хутба ва жума намозига кеч қолмайдиган даражада яқин бўлса, қуёш тиккадан оққандан сўнг йўлга чиқади. Агар борадиган масжиди кеч қоларли масофада жойлашган бўлса, қуёшнинг тиккадан оғишини кутиб турмайди. Лекин иккинчи азондан олдин, тўрт ракъат суннатни ўқий оладиган миқдордаги вақтни мўлжаллаб йўлга чиқиши керак. Масжидда фарздан кейин (фарздан кейинги суннатни тўрт ракъат, деганларнинг фикрига кўра) тўрт ёки (фарздан кейинги суннатни олти ракъат, деганларнинг фикрига кўра) олти ракъат намоз ўқиш миқдорича қолиши мумкин.

Савол: эътикоф ўтирувчи қайси ҳолатларда масжиддан чиқиши мумкин?

Жавоб: эътикоф ўтирувчига бавл қилиш, қазои ҳожат қилиш, эҳтилом бўлиб қолса ғусл қилиш (масжидда ғусл қилиш мумкин эмас) каби инсоннинг табиий ҳожатларидан, ийд намозлари ва азон каби шаръий узрлардан бошқа ҳолатларда масжиддан ташқарига чиқиш мумкин эмас. Юқоридагидек табиий ва шаръий узрларсиз озгина вақтга ташқарига чиқиши билан ҳам эътикофи бузилади.

Савол: эътикофини унутиб, масжиддан чиқиб кетишнинг ҳукми нима?

Жавоб: эътикофи бузилади. Гарчи эсидан чиқиб, узрсиз, оз муддатга ташқарига чиқса ҳам эътикоф фасод бўлади.

Савол: эътикоф ўтирувчи салқинлаш мақсадида ғусл учун масжиддан ташқарига чиқса бўладими?

Жавоб: жоиз эмас. Лекин намоз учун таҳоратга чиққан пайтда ғусл қилиб олса бўлади.

Савол: бузилган эътикофнинг қазоси вожибми?

Жавоб: вожиб эътикофни бузиб қўйса, рўзадор бўлган ҳолда унинг қазоси ҳам вожибдир. Қазосини Рамазон ойидан бошқа ойларда адо қилади. Ҳанафий мазҳабида рўзадор бўлиш эътикофнинг шартларидан биридир.

Савол: эркаклар ҳам уйда эътикоф ўтирса бўладими?

Жавоб: эътикофнинг шартларидан бири – унинг азон ва иқома айтилиб намоз ўқиладиган жамоат масжидида бўлишидир. Шу нуқтаи назардан эркакларнинг уйда эътикоф ўтиришлари жоиз эмас.

Савол: таъкидланган суннат эътикофига ўтириш учун масжидга қачон кириб, қачон чиқилади?

Жавоб: йигирманчи таровеҳ ўқиладиган кеча қуёш ботишидан аввал масжидга кириб, Рамазоннинг охирги куни қуёш ботганидан сўнг чиқади.

Савол: бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган кишининг ҳукми нима?

Жавоб: неча кун ўтиришни ният қилган бўлса, шунча кун эътикоф ўтириши, рўзадор бўлиши, кундузлари билан бирга тунлари ҳам ўтириши вожиб саналади.

Савол: аёл киши эътикоф ўтирган чоғида эри билан яқинлик қилса, нима бўлади?

Жавоб: эътикофи бузилади. Кечаси ё кундузи, эсида туриб ё эсидан чиқариб яқинлик қилиб қўйса, маний тушсин ё тушмасин, эътикоф бузилади. Зеро, тун эътикоф ўтиришнинг пайтидир. Рўзада эса бундай эмас.

Савол: эътикоф ўтирувчи қорни дам бўлгани туфайли масжидда ел чиқариши мумкинми?

Жавоб: масжиднинг ичида ел чиқариш таҳримий макруҳдир. Эътикофдаги одам қорни дам бўлиши туфайли ел чиқармоқчи бўлса, ташқарига чиқиб ел чиқаради ва бу билан эътикофига зарар етмайди. Зеро, масжидда ел чиқариш билан одамлар озорланганидек, фаришталар ҳам озорланади.

Савол: аёл киши охирги ўн куннинг эътикофидалигида ҳайз қонини кўрса, нима қилади?

Жавоб: эътикофдан чиқади. Кейинчалик рўзадор ҳолатда бир кун эътикофнинг қазосини ўтайди. Қолган кунларнинг ҳам эътикофини ўтирса афзалдир. Эътикоф ҳолатида ҳайз кўрган аёлнинг эътикофи бузилади.

Савол: суннат бўлган эътикофда ўтирган киши жума намози ёки салқинлаш мақсадида ғусл қилиш учун масжиднинг ғуслхонасига чиқиши жоизми?

Жавоб: хонақоҳда бўлмай, масжид ҳудудида жойлашган ғуслхонага жума намози ёки салқинлаш учун ғусл қилишга чиқиш жоиз эмас.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Айни пайтда Исломдан, Қуръондан, шариатдан умуман бехабар халқ ва юртларнинг вакиллари, улардаги илмийтадқиқот марказлари ва тиббиёт хизматлари рўзанинг инсон давоми...

2320 14:21 / 25.03.2023
Шариат истилоҳида.Рўза тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир,..Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий давоми...

3052 17:11 / 31.05.2018
Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно. Бу ҳолатларда бирон нарсанинг давоми...

4443 13:30 / 25 март
Рамазон ойининг аввали раҳмат, ўртаси ndash мағфират, ва охири ndash дўзах азобидан озод бўлишдир.Муборак ойнинг яхшиликларидан бизларни насибадор қилган Аллоҳга давоми...

5404 16:29 / 19.05.2018