1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Акса уриш

05:00 / 02.03.2017 35073 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашни ёмон кўради. Бас, ким акса ургандан кейин «Алҳамдулиллаҳ» деса, буни эшитган ҳар бир мусулмонга унга «Ярҳамукаллоҳ» дейиш ҳақ бўлади.
Эснаш эса, шайтондандир. Кимнинг эснагиси келса, кафтининг орқа томони билан оғзини тўсиб иложи борича уни қайтарсин. Бас, у «Ҳооҳ» деса, шайтон унинг кулади», дедилар
».
Шарҳ: Ушбу ҳадисда ҳар бири кишида ҳар куни учраб турадиган икки ҳолатга нисбатан Ислом одоби, Ислом маданияти, Ислом аҳлоқи баён қилинмоқда.
Тумовдан бошқа вақтдаги акса уриш одатда енгиллик аломати бўлади. Акса уриш яхшилик аломати бўлганлиги туфайли, акса урган киши Аллоҳга ҳамд айтиши керак экан. Буни эшитган ҳар бири киши эса акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни Аллоҳ сенга раҳм қилсин, дейиши Ислом одобларидан экан.
Бунга ҳар бир мўмин-мусулмон амал қилиши керак.
Эснаш кишининг жисми ва руҳи оғирлашгани, хиралашгани аломатидир. У ҳеч қачон яхшилик аломати бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун мусулмон киши ўзидан эсноқни иложи борича қайтариши керак бўлади.

АКСА УРГАНДА НИМА ДЕЙИЛАДИ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳума розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деса, унинг ҳузуридаги фаришталар «Роббил оламийн» дейди. Банда ҳам «Роббил оламийн» деса, фаришта «Аллоҳ сенга раҳм қилсин» дейди».
Шарҳ: Демак, акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деган кишига фақат атрофда эшитиб турган кишилар эмас, балки кўзимизга кўринмайдиган, бироқ доим ёнимизда бўладиган фаришталар ҳам жавоб беришга шай туришар экан. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтмаган киши бундан маҳрум бўлиб қолар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бир киши акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин.
Буни эшитган биродари унга Ярҳамукаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) десин.
Буни эшитган акса урган киши «Яҳдийкаллоҳ ва йуслиҳу баалака (Аллоҳ сени ҳидоят қилсин ва сени ишингни ислоҳ қилсин)» десин», дедилар
».
Шарҳ: Демак, акса урган ва буни эшитган икки мусулмон ўртасида ана шундай ўзаро дуо бўлиши керак экан. Ислом аҳлоқи, суннати, маданияти ана шундай экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон билиши, билмаганларга ўргатиб бориши керак экан.

АКСА УРУВЧИ ТАШМИЙТИ

«Ташмийт» сўзи яхшилик ва барака тилаш маъносини билдиради. Шунингдек, душманга ёмонлик келтирувчи нарсадан хурсанд бўлиш маъноси ҳам бор.

Абдурроҳман ибн Зиёд ибн Анъам Ифриқийдан ривоят қилинади:
«Отам менга айтиб беришича улар Муовиянинг даврида денгизда ғазотга боришган экан. Кемамиз Абу Айюб Ансорий минган кемага бориб қўшилди. Тушки овқатимиз келтирилганда унга одам юбордик. У ҳузуримизга келди ва:
«Мени чақирибсизлар. Мен эса рўзадор эдим. Лекин даъватларингизга жавоб беришим керак бўлгани учун келдим. Чунки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, ҳар бир мусулмонни ўз биродарида олтита вожиб ҳаққи бор. Бирини тарк қилса, битта вожибни тарк қилган бўлади. Кўришганда салом беради. Даъват қилса, ижобат қилади (чақирса, бориш). Акса урганда яхшилик тилайди. Бемор бўлса, бориб кўради. Вафот қилганда, жанозасига ҳозир бўлади. Насийҳат сўраса, насийҳат қилади», деганларини эшитганман», деди.
«Биз билан бир ҳазилкаш киши бор эди. У таомимизга қўшилган одамга «Аллоҳ сенга хайр ва яхшиликни мукофот қилиб берсин» деди. Келган киши унинг гапи кўпайганда ундан ғазабланди.
Шунда у Абу Айюбга:
«Мен бир кишига «Аллоҳ сенга хайр ва яхшиликни мукофот қилиб берсин» десам, ғазабланиб, мени сўккан одам ҳақида нима дейсан?» деди.
Абу Айюб:
«Биз «Бировга яхшилик тўғри келмаса, уни ёмонлик тўғрилайди» дер эдик. Бас, унга тескарисини айт», деди.
Бас, у келганида: «Аллоҳ сенга ёмонлик ва қийинликни мукофот қилиб берсин» деди, у киши кулди ва рози бўлган ҳолда:
«Ҳеч ҳазилингни қўймас экансан-да», деди.
Шунда ҳазилкаш киши:
«Аллоҳ Абу Айюб Ансорийга яхшиликни берсин» деди
».
Шарҳ: Бу ривоятда мусулмонларнинг биринчи авлодида катта ва ҳурматли кишиларнинг эъзоз ва эҳтироми ҳамда катталарнинг ўзидан кейингиларга тарбияси ўз ифодасини топган.
Ровийнинг отаси аъзо бўлган жамоа аъзолари катта саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳуни ҳурмат қилиб ўз тушлик таомларига чақириб келиш учун одам юборганлар.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу ўзлари нафл рўза тутган бўлсалар ҳам, мазкур даъватни қабул қилиб чақирувчилар ҳузурига ташриф буюрганлар ва шу мавзуъ бўйича ўзлари билган ҳадисни айтиб берганлар. Шу билан бирга у киши мазкур жамоа аъзолари ўртасида ўзаро муносабатда пайдо бўлган чигални ечишда ҳам ёрдам берганлар.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг ўзларини бирга тушлик қилишга даъват қилган жамоа аъзоларига айтиб берган ҳадисларида мусулмоннинг мусулмоннинг мусулмондарги ҳақлари тўғрисида сўз юритилган. Улар олтитадир.
Мана шу олти амал мўмин-мусулмонларнинг бир-бирларидаги ҳаққидир.
1.Кўришганда саломлашиш.
Бу шаръий кўрсатмаган амал қилиш мусулмоннинг мусулмондаги вожиб ҳақи экан. Мўмин-мусулмонлар бир-бирлари билан саломлашмай ўтиб кетса, тарки вожиб содир бўлади. Улар бир-бирининг ҳаққини поймол қилган бўлади.
2. Бирор мусулмон томонидан валиймага таклиф қилинган киши таклиф қилинган жойга бориши керак.
Мана, буюк саҳобий Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳу рўзадор бўлишларига қарамай, ҳурматли, обрў-эътиборли кишилар эмас, оддий одамлар чақирса ҳам, буни уларнинг ҳаққи деб билиб, келдилар.
3. Акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтган кишига жавоб бериш ҳам ўша кишининг ҳаққи.
Бу амал адо этилмаса, бир мўмин-мусулмоннинг ҳаққи поймол бўлади. Бу ҳам мусулмон жамиятининг жипслигини, ўзаро ҳурматни мустаҳкамлайдиган муҳим омилдир.
4. Ана шундай муҳим омиллардан яна бири бемор ётган биродарини зиёрат қилишдир.
Бемор бўлиб қолган биродарини кўриш ҳам мўмин-мусулмонларнинг бурчидир. Узрсиз, хаста бўлиб ётган биродарини бориб кўрмаган киши унинг ҳаққини адо этмаган бўлади.
5. Мўмин-мусулмон киши қазои қадари етиб, вафот этганда биродарларида унинг сўнгги ҳаққи қолади. Мусулмонлардан бир гуруҳи жанозага ҳозир бўлиши, имкони бўлса, уни ювишда, кўмишда иштирок этиши лозим.
Акс ҳолда, бу ҳақ поймол бўлади. Буни фарзи кифоя дейилади. Масалан, бир кишининг вафот этганлигини эшитган кишилардан ҳеч бўлмаганда биттаси унинг жанозасига қатнашса, фарзи кифоя адо этилган бўлади. Бир гуруҳ мусулмонлар бу ишни қилса, бошқалардан бу вазифа соқит бўлади.
6. Насийҳат ҳам шундай. Насийҳатга, маслаҳатга муҳтож бўлиб қолган кишига биродарлари тўғри, холис маслаҳат бериши ҳам мўмин-мусулмонларнинг бурчи.
Ушбу қисса таълим-тарбия мавзусида экан. Бир киши ўзига қилинган яхши дуога яхши жавоб қайтариши, ташаккур айтиши керак. Буни нотўғри тушуниб, ҳар хил қўпол сўзлар гапириш эса одобдан эмас, чунки бу яхшиликни ёқтирмаслик бўлиб қолади. Яхшиликни истамаган одамга ёмонлик етади. Бу қиссада ҳам шундай бўлди. Яхши дуони тушунмай, аччиғи келган кишига ёмон дуо қилинди. Шунинг учун ўзаро муомалада жуда эҳтиёт бўлиш, яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш керак экан.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи тўрттадир: бемор бўлса, кўргани бориш, вафот этса, жанозасига бориш, даъват қилса, ижобат қилиш ва акса урса, унга яхшилик тилаш», дедилар».
Ушбу ҳадиси шариф ҳукми бўйича бемор бўлган мусулмон ҳақида хабар эшитган бошқа мусулмонлар уни бориб кўришлари бемор олдида бурчлари ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам қайси бир дин қардошимизнинг бемор бўлганини эшитсак, уни кўргани боришга шошилишимиз керак бўлади. Ўша биродаримизнинг биздаги ҳаққини адо этмоғимиз уни бориб кўриб, кўнгил сўраб, ҳаққига дуо қилишимиз керак бўлади.

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар ва етти нарсадан қайтардилар.
Бизни жанозаларга эргашишга, беморни кўришга, чақириқ(зиёфат)қа жавоб беришга, мазлумга ёрдам беришга, қасамни амалга оширишга, саломга алик олишга ва акса урганда соғлик тилашга амр қилдилар.
У зот бизни тилла узуклардан, кумуш идишлардан, ипак тўқимлардан, қасий - ёмон ипакдан, дебож-юпқа ипак-дан, истаброқ – қалин ипакдан ва ипакдан қайтардилар
».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилиб, ёмон ва зарарли нарсалардан қайтарганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги амр қилинган нарсаларни ҳам, наҳий қилинган нарсаларни ҳам бирма-бир ўрганиб чиқсак ушбу ҳолатни кўрамиз. Аввало амр қилинган нарсалар:
1. «Жанозага эргашиш».
Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнашиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок қилиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади.
Ўлим ўзига яраша оғир мусийбат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоя. Ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат эҳтиром кўрсатса ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат эҳтиром кўради.
Шунингдек, ўлганнинг яқин кишилар, қариндош уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларни яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насийҳатлар, ибратлар олади. Ўлимни эслайди. Ўзини ўнглаб юриш кераклигини хаёлига олади.
2. «Бемор кўриш».
Бу ҳам мусулмон кишининг ўз дин қардоши олдидаги бурчи. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.
3. «Чақириққа жавоб бериш».
Яъни, шариятга мувофиқ зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.
4. «Мазлумга ёрдам бериш».
Зулм Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм қолмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари керак. Жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. Ҳар ким имконига қараб кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниш керак.
5. «Қасамни амалга ошириш».
Яъни, биров бир нарса хусусида қасам ичиб қўйган. Бошқа бир мусулмоннинг ўша қасамни амалга оширишда ёрдам беришига имкони бор. У қасам ичган одамга ёрдам бериши лозим.
6. «Саломга алик олиш».
Салом бериши суннат, алик олиш вожиб, дейилгани ҳам шу сабабдан. Чунки, саломга алик олинмаса, орада адоват, уриш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.
7. «Акса урганга, соғлик тилаш».
Бу ҳам мусулмонлик бурчи. Ўзаро алоқаларни яхшилаш омилларидан бири.
Энди қайтарилган нарсалар ҳақида:
1. «Кумуш идишлар».
Эркак бўлсин, аёл бўлсин мусулмон одамга кумуш идиш ишлатиш ҳаром. Тилло эса турган гап. Чунки, бу нарсаларни таом учун ишлатишда ортиқча зебу-зийнат, фахр, бошқаларнинг кўнглини синдириш каби кўпгина Ислом дини қарши бўлган омиллар бор.
2. «Тилло узук».
Мусулмон эркакларга тилло узук ва бошқа тақинчоқлар тақиш, ишлатиш ҳаром. Чунки бу нарсалар эркаклик хусусиятини йўқотишга, ортиқча фахр ва зебу зийнатга сабаб бўлади.
3-4-5-6-7–Ипак, дебож-юпқа ипак, қассий-ёмон ипак, истаброқ-қалин ипак ва ипак тўқим».
Бу нарсалар ҳам мусулмон эркакларга ҳаром.
Исломда эркак кишига ипак кийимларни кийиш ман этилганлиги улкан ҳикмат боисидандир. Ипак юмшоқ ва нозик нарса бўлиб, у билан муомалада бўлган шахсдан юмшоқлик ва нозикликни талаб қилади. Бинобарин, ипак кийим кийишга ўрганган шахс, юмшоқ ва нозик бўлиб қолиши турган гап.
Бу эса, ҳақийқий эр кишига мутлақо тўғри келмайди. Мусулмон эркак-доимо турли оғирликларни кўтаришга шай турадиган, нозиклик ва зебу-зийнатни ўзига эп кўрмайдиган забардаст эркакдир. Шу боисдан ҳам шариат аёлларга атаган ва нозиклик ҳамда зебу-зийнат рамзи бўлган ипак мусулмон эркак учун ҳаром қилинган.
Биз эса ушбу ҳадисга амал қилишга ўтишимиз керак. Амал қилиб юрганлар эса, Аллоҳ берган тавфиққа шукр қилиб бошқаларни ҳам ўзлари каби бахтдан баҳраманд бўлиш учун ҳаракат қилишлари лозим.
Ушбу ҳадисда етти буюрилган ва қайтарилган нарса ривоят қилинмоқда. Биз, мўмин-мусулмонлар ана шу нарсаларга амал қилиб, беморларни зиёрат қилишимиз, вафот этганларнинг жанозаларига боришимиз, акса урган кишиларга дуо қилимиз, қасам ичиб, зиммасига бир мажбурият олган кишига шуни бажаришга ёрдам беришимиз, мазлумларга ҳамдард бўлишимиз, таниган-танимаган ҳар бир кишига салом беришимиз ва даъват қилиб, чақирилган жойга боришимиз лозим бўлар экан.
Шунингдек, мўмин-мусулмон эркаклар тилла узук тақмасликлари, тилла, кумуш идишлардан еб-ичмасликлари, эгарнинг устига солинадиган юмшоқ кўрпачалардан, қалбаки пуллардан, ипакнинг ҳар қандай турларидан фойдаланмасликлари лозим экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақлари олтитадир» дедилар.
«Ё Аллоҳнинг Расули! Улар нималар?» дейилди.
«Уни учратганингда, салом бер. Қачон у сени чақирса, ижобат қил. Қачон насийҳат сўраса, насийҳат қил. Қачон акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, унга яхшилик тила. Қачон бемор бўлса, бориб кўр. Қачон вафот этса, жанозасига ҳозир бўл», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги маънолар ўтган ҳадисларда шарҳ қилинди. Фақат «Қачон насийҳат сўраса, насийҳат қил» жумласи ҳақида икки оғиз қўшимча қилишга ижозат бергайсиз.
Насийҳат яхшилик ва ихлос ила солиҳлик касб қилдирувчи сўз ва ишни танлаб ишлатишдан иборатдир. Ҳар бир мўминга яхшиликни ирода қилиш суннатдир. Агар ўша мўмин ўзи насийҳат сўраб қолса, унга яхшиликни ирода қилиб насийҳат қилиш вожибга айланади.

АКСАНИ ЭШИТГАН «АЛҲАМДУЛИЛЛАҲ» ДЕЙДИ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким аксани эшитганда «Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн ъала кулли ҳал - (Ҳар қандай ҳол учун оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамд бўлсин)» деб юрса, тиш ва қулоқ оғриғига учрамас».
Шарҳ: Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу гапларни ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганлар, ёки ўз тажрибаларидан келиб чиқиб айтганлар. Демак, биров акса урганини эшитганда ҳам Аллоҳга ҳамд айтса бўлар экан, оқибати хайрли бўлар экан.

АКСАНИ ЭШИТГАН ҚАНДАЙ ТАШМИЙТ АЙТАДИ?

«Ташмийт» сўзи яхшилик ва барака тилаш маъносини билдиради. Шунингдек, душманга ёмонлик келтирувчи нарсадан хурсанд бўлиш маъноси ҳам бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин. Бас, қачон у «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга биродари ёки соҳиби «Ярҳамукаллоҳ» десин. У эса «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» десин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишилар бор жойда акса урган киши ва унинг атрофидаилар бу муносабат ила ўзларини қандай тутишлари кераклиги маданияти ҳақида сўз бормоқда.
«Ким акса урса, «Алҳамдулиллаҳ» десин».
Акса урган одамнинг одоби шу. Акса кўпроқ енгиллик, соғлик аломати бўлгани учун ўша нарса ўзига етгани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтсин.
Бир биродарининг енгиллик аломати бўлган акса ургани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтганини кўриб, эшитган мусулмон у кишини ушбу муносабат ила табриклаб қўйсин.
«Бас, қачон у «Алҳамдулиллаҳ» деса, унга биродари ёки соҳиби «Ярҳамукаллоҳ» десин».
Яъни, Аллоҳ таоло сизга раҳм қилсин, деган эзгу дуони қилсин. Зотан, аксадан кейин акса урган кишига Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлиши эҳтимоли кўп.
Акса урувчи ўзига яхши истак билдирган одобли, мусулмон маданиятига амал қилувчи биродарига ўзига яраша лутф кўрсатсин.
«У эса «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» десин».
Яъни, Аллоҳ таоло сизни ҳидоятга бошласин ва ҳолингизни салоҳиятли қилсин деган дуони қилсин.
Бу мўмин-мусулмонларнинг улардан бирии акса ургандаги одобларидан экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ аксани яхши кўради ва эснашини ёқтирмайди.
Кимки акса уриб, сўнг Аллоҳга ҳамд айтса, буни эшитган ҳар бир мусулмоннинг «Ярҳамукаллоҳ» дейиши ҳақ бўлади.
Эснаш эса, шайтондандир. Кимга эсноқ келса, имкони борича қайтарсин. Албатта, бирингиз эснаса, шайтон унинг устидан кулади»,дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадисдан акса банда учун Аллоҳ таолонинг неъмати эканини билиб оламиз. Аввало бу нарса Аллоҳ таоло учун маҳбуб нарса экани бунга далолатдир. Сўнгра акса ургани учун Аллоҳ таолога ҳамд айтишнинг ўзи ҳам бир неъмат. Бунинг учун банда савоб олади. Ундан кейин акса урган одамга бошқалар яхши дуолар қиладилар. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг неъмати.
Аксинча, эснаш ўз эгаси учун яхшилик аломати эмас. Уни Аллоҳ таоло яхши кўрмайди. Эснаган одамдан шайтон кулади. Шунинг учун мусулмон банда эснамасликка ҳаракат қилиши керак. Агар эсноқ турадиган бўлса, иложи борича қайтариши тавсия қилинмоқда бу ҳадисда. Шу билан бирга эсаноқ тутган одам Аллоҳ таолога истиғфор айтиши жорий бўлган.

Абу Жамра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ибн Аббоснинг аксасидан кейин ташмийт айтилса:
«Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам дўзахдан сақласин. Аллоҳ сизларга раҳм қилсин», деганини эшитдим
».
Шарҳ: Бу ривоятдан акса урган одамга яхши истак билдирган шахс учун қилинадиган дуонинг матни бир хил эмаслиги билинади. Балки яхшилик ва эзгуликни англатувчи дуолар бир-бирининг ўрнига ишлатилиши ҳам борлиги чиқади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. Бир киши акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Ярҳамукаллоҳ» дедилар.
Сўнг бошқа бир киши ҳам акса урди ва ҳеч нарса демади. Бас, у:
«Ё Аллоҳнинг Расули! Бошқага рад қилдингиз, менга ҳеч нарса демадингиз!» - деди.
«У Аллоҳга ҳамд айтди. Сен сукут сақладинг», дедилар
».
Шарҳ: Демак, акса урган киши Аллоҳ Таолога ҳамд айтсагина, унга Аллоҳдан раҳмат сўралар экан. Акс ҳолда унга бирор нарса дейиш ҳеч кимга шарт бўлмас экан.
Акса уриб ҳамд айтмаган киши Аллоҳ таолога нисбатан беодоблик қилгани учун, У зотга ҳамд айтмагани учун унга акса уриши муносабати ила яхши истак билдирилмайди.

АКСА УРИБ, АЛЛОҲГА ҲАМД АЙТМАГАНГА ЯХШИ ИСТАК БИЛДИРИЛМАЙДИ

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган икки киши акса урди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бирига «Ярҳамукаллоҳ» дедилар, иккинчисига айтмадилар.
Бас, у:
«Бунга ташмийт айтдинггиз, менга айтмадингиз?» деди.
«Бу Аллоҳга ҳамд айтди, сен айтмадинг», дедилар
».
Шарҳ: Демак, акса урган одам Аллоҳ Таолога ҳамд айтса, унга раҳмат тилаб дуо қилиш эшитганларга лозим бўлар экан. Акса ургандан кейин индамай ўтираверган кишига бундай дуо қилиш шарт бўлмайди.
Уламоларимиз акса урган шахсга ташмийт айтмаслик – яхши истак билдирмаслик бўйича барча далилларни ўрганиб чиқиб қуйидаги мулоҳазаларни ҳам келтирганлар:
1. Кофир киши акса урса, унга «Яҳдийкумуллоҳу ва йуслиҳу баалакум» дейилади. «Ярҳамукаллоҳу» дейилмайди.
2. Уч мартадан ортиқ акса урган одамга офият сўралади. Чунки бундай одам тумов хасталигига дучор бўлган бўлади.
3. Аллоҳ таолонинг зикр манъ қилинган ҳолатда бўлган одамга ҳам ташмийт айтилмайди.
4. Имом Жумъа намози хутбасини қилиб турганда акса урган одам ҳамд айтса ҳам унга ташмийт айтилмайди.
5. Агар хутба қилаётган одам акса уриб бир оз туриб қолса, ташмийт айтилади. Туриб қолмай давом этиб кетса, ташмийт айтилмайди.
6. Акса урганда ташмийт айтилса ёмон кўрадиган одамга ҳам ташмийт айтилмайди. Суннатни ёқтирмаган одамга ҳурмат кўрсатилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида икки киши ўтирган эди. Бири бошқасидан кўра обрўлироқ эди. Улардан обрўлиси акса урди, лекин Аллоҳга ҳамд айтмади. У зот унга ташмийт айтмадилар.
Бошқаси акса урди ва ҳамд айтди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ташмийт атдилар.
Шунда обрўли «Мен акса урганимда ташмийт айтмадингиз, мана бу акса урганда ташмийт айтдингиз?» деди.
«Бу Аллоҳни зикр қилган эди, мен ҳам уни зикр қилдим. Сен Аллоҳни унутган эдинг, мен ҳам сени унутдим», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан акса ура туриб Аллоҳ таолога ҳамд айтмаган одам Аллоҳ таолони унутган шахс дея баҳоланишини билиб олдик. Шунинг учун уни ҳурмат қилинмайди ва унга ташмийт айтилмайди.
Акса ургандан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтган киши Аллоҳ таолонинг зикр қилган бўлади ва унга эҳтиром юзасидан ташмийт айтилади.
Ушбу ҳадиси шарифдаги акса урганда ҳамд айтмаган одамнинг исми Омир ибн Туфайл эди. Акса уриб ҳамд айтган киши эса унинг акасининг ўғли эди.
Кейинчалик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Нажд томон юборган етмиш кишилик саҳобалар гуруҳи бошлиғи ал-Мунзир ибн Амр розияллоҳу анҳуга ўша томоннинг бошлиғи Омир ибн Туфайлга мактуб ҳам ёзиб бердилар. Мактубда мазкур гуруҳ уруш учун эмас, даъват ва таълим учун юборилгани баён қилинган эди.
Омир ибн Туфайл эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга турли шартлар қўйди ва бошқа қабилаларни ҳам мазкур саҳобалар гуруҳини қириб ташлашда иштирок этишга чақирди. Қабилаларнинг баъзилари Омир ибн Молик мусулмонларни ўз ҳимоясига олганини эътиборга олиб уларга қарши хиёнатда иштирок этишга кўнмадилар.
Омир ибн Туфайл бошқа баъзи ўзига ўхшаш хиёнаткор қабилалар ёрдамида саҳобалар гуруҳини ўраб олиб ҳаммаларини қириб ташлашга эришди. Саҳобалардан фақат бир киши чала жон бўлиб ётганида мушриклар ўлик деб ўйлаб қолдириб кетган Каъб ибн Зайдгина ўлмай қолди.
Омир ибн Туфайл кофир ҳолида ўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг назаридан қолган нобакор эди.

АКСА УРГАНДАН КЕЙИН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади:
«У қачон акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ёнидагилар «Ярҳамукаллоҳ» дейишса, доим «Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳм қилсин, бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилиб, гуноҳимизни кечирсин» дер эди».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда акса урган шахс ва унга шу муносабат ила яхши тилак билдирганлар орасидаги гўзал муомала баёни келмоқда.
Бир одам акса урди. Бу аввало яхшилик аломати. Амо шу билан бирга беморликнинг даракчиси ҳам бўлиши эҳтимоли бор.
Ўша пайтда акса урган одам Аллоҳ таолога ҳам айтиб бу ҳолатнинг яхшилик дея билди. Албатта, унинг ҳолатини кўрб, Аллоҳ таолога ҳамд айтганини эшитиб турган одамлар индамай, безрайиб тураверишлари одобдан эмас.
Ислом маданияти бу пайтда акса урган одамга Аллоҳ таолонинг раҳматини сўраб дуо қилишни тавсия қилган. Албатта, бу ишни қилиш юксак одоб намунасидир.
Шу билан бирга акса урган одам ҳам, ўзидан Аллоҳ таолонинг раҳматини тилаган одамга ўз муносабатини билдириши жуда ҳам яхши бўлади. Мусулмонларнинг бу борадаги одоблари ушбу ривоятда келган «Аллоҳ бизга ҳам, сизга ҳам раҳм қилсин, бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилиб, гуноҳимизни кечирсин» деган дуони қилишдир.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким акса урса, «Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн» десин.
Буни эшитганлар «Ярҳамукаллоҳ» десинлар.
Акса урган киши бунинг жавобига «Яғфируллоҳу лии ва ва лакум – Аллоҳ мени ҳам, сизларни ҳам мағфират қилсин» десин
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф киши акса урганда ўзини қандай тутиши лозимлиги ҳақидаги ҳадислардан бири экан. Акса уриш яхшилик, саломатликнинг аломати бўлганлиги учун киши ўзи ҳам, ёнидагилар ҳам бир-бирларига дуо қилиб, яхши ниятлар билдириши Ислом маданиятининг гўзал бир кўринишларидан экан.

Иёз ибн Саламадан, у отасидан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида акса урди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ярҳамукаллоҳ» дедилар. У киши яна акса урди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу киши тумов бўлиб қопти-ку», дедилар
».
Шарҳ: Демак, қайта-қайта акса уриш тумовнинг аломати бўлиши ҳам мумкин экан. Бир марта акса уриш эса саломатликнинг, енгиллик ва яхшиликнинг аломати экан.
Кетма-кет акса уриб турган одамга ташмийт айтмаса ҳам бўлар экан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Уларнинг қоринларидан турли рангдаги шароб чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир,, деган.Шарҳ Ушбу .Наҳл, сурасидаги асаларилар ҳақидаги оятнинг бир давоми...

4625 05:00 / 01.03.2017
Жобирдан, баъзи нусхаларда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Ким сиздан Аллоҳ номи ила паноҳ давоми...

3055 05:00 / 02.03.2017
Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Арафотда турган эди. У уловидан йиқилиб тушиб бўйни синиб вафот этди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Уни давоми...

3905 15:00 / 13.01.2021
Мен ўсмирлик ёшидаги болаларимга насиҳат қилиб, одамларга қараётганингизда кўзингиздаги .қора кўз ойнак,ингизни олиб қўйинг, Аллоҳнинг бандалари ҳақида яхши давоми...

3381 05:00 / 04.03.2017