1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Рамазоннинг 41 фазилати (биринчи мақола)

10:00 / 22.04.2020 2465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло еру осмонларни яратиб, қуёш ва ойни йил ва ой-кунларни ҳисоб-китоб қилиш асоси қилиб белгилаганида ойларни ўн иккита бўлишини ирода қилди. У Зот бу ойлар ичидан Ўзи истаганини бошқалардан афзал қилди ва айримларини маълум ибодатлар учун танлади. Ана шундай танлаб олинган ойларнинг гултожиси – бу Рамазон ойидир.

«Рамазон» сўзи арабча сўз бўлиб, луғатшуносларнинг айтишларича, у «қаттиқ» «иссиқ», «жазирама», «қизиб чўғ бўлиш», «куйдириш» маъноларини англатувчи калимадан олинган. Бу ойнинг айнан ушбу номни олиши сабаби ҳақида турлича фикрлар бор.

Жумладан, аллома Жавҳарий: «Айтишларича, араблар ойларнинг номларини эски тиллардан ўгиришганида ойларни ўша пайтда тўғри келган вақтига кўра номлашган. Ўшанда ушбу ой иссиқнинг энг жазирамасига тўғри келган экан», дейди. Иккинчи бир фикрга кўра, «Рамазон ойи гуноҳларни куйдириб ташлагани учун шу ном билан аталган. Зотан, бу ой жоҳилият даврида «Нотиқ» деб аталар эди». Бошқалар айтишадики, «Бу ойдаги ибодат – рўза кишиларни ташналикдан ичини қиздиргани учун ой Рамазон деб номланган».

Нима бўлганда ҳам, Рамазон ойини Аллоҳ хоссатан уммати Муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазонинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс. Биз ҳозир улардан ўзимизга маълум бўлганларини эслаб ўтамиз:

1. Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қлиган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир», деганлар. Бу ҳақиқатни қуйида келадиган сатрлар ҳам тасдиқлайди.

2. Рамазон Қуръон ойидир. Ҳа, Рамазоннинг энг буюк фазилатларидан бири – бу унинг Қуръон ойи эканидадир. Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китоби, Қиёматга боқий қоладиган, барчани ожиз қолдирган мўъжиз каломи Қуръони Каримни нозил қилиш учун айнан Рамазон ойини танлаган. Шунинг ўзи бу ойнинг қанчалар улуғ эканини англаш учун етарлидир. Аллоҳ айтади:

«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир» (Бақара сураси, 185-оят).

«Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик» (Қадр сураси, 1-оят).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Қуръонни аввал Лавҳул-маҳфуздан дунё осмонига бутунича нозил қилган ва бу Рамазон кечаларидан бирида – Қадр кечасида бўлган. Вақти-соати келиб, Қуръоннинг ер юзига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилиниши ҳам айнан Қадр кечасида бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда «арзаи охир» - «сўнги ўқиб ўтказиш» деган ном билан машҳурдир.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари Рамазонда – Жаброил у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Ҳадис китобларни ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз.

Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: «Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Қуръон: «Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил», дейди. Бас, иккови ҳм шафоат қилади», деганлар».

Ана шундоқ қилиб, бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровеҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойида барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Ҳозирда кўплаб мусулмон юртларида маҳаллий ва халқаро Қуръон мусобақаларини Рамазон ойида ўтказиш урф бўлган. Бизда ҳам «Хатми Қуръон» деган Рамазон, «Рамазон» дегани Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

(Давоми бор)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 

Мавзуга оид мақолалар
Савол Ҳурматли Шайх ҳазратлари Аллоҳ сиздан рози бўлсин. Саволим қуйидагича Саррофлик хақида маълумот берсангиз.ЖавобМолик ибн Авс бундай хабар қилади.Мен юз давоми...

9815 11:30 / 11.04.2019
Морис Букай 1920 йилда Францияда насроний оилада туғилди ва унибўсди. У бошланғич таълимни тугатиб, пойтахтдаги университетда тиббиёт бўйича таҳсил олиб, шу соҳада давоми...

7719 20:10 / 26.04.2019
Ҳафс ибн Ғиёс айтади .Суфён Саврий Мужаммиъ Таймийнинг олдига кирди. Суфённинг изорида йиртиқ жойи бор эди. Буни кўрган Мужаммиъ тўрт дирҳам олиб, Суфёнга узатиб, давоми...

1696 07:10 / 10.07.2019
Эртага, 27 июнь сешанба куни зулҳижжа ойининг 9куни ndash арафа кунидир. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа давоми...

8180 17:47 / 26.06.2023
Аудиолар

213157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132378 14:35 / 11.08.2021