1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ҳақиқий мўминларнинг дуолари ва пойқадамлари хайрлидир

15:00 / 04.12.2020 2351 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз ўқувчи! Ушбу эътиборингизга ҳавола қилинаётган митти ҳикоянинг ҳаётий асоси бор. Кимдир сўзлаган; ким биландир юз берган. Мен эса – ёзувчи. Айрим ҳикоятларда қаҳрамоннинг ўзини сўзлатиш услубини танладим. Албатта, қоғозга тушиш асносида Сизни ўйлаб, бир-икки жумла ўзимдан қўшдим, айрим эпизодларни жиндай силлиқлаб, бадиий тус бердим.

Мақсадим эзгу – қалбингизга етиб борсин; таъсир қилсин, ибратга чорласин.

Муаллифдан


Гўзал бир хотира

(Мақсуд Хўжа аканинг айтганлари

Инсон умри воқеа-ҳодисаларга тўла. Улар хилма-хил: яхши-ёмон, кўнгилли-кўнгилсиз, баъзилари эсда қоладиган, айримлари оқин сувдек изсиз, тез ўтиб кетадиган.

Беқарор инсон зоти ўз ҳаётида фахр туйғусига изн берувчи, қалбига нур индиргувчи хотираларни асло эсдан чиқармаса керак...

Бир куни марказда – муҳташам «Чорсу» меҳмонхонаси рўбарўсида китоб савдоси билан шуғулланиб юргувчи Мақсуджон ҳожи ака олдига борсам, шаҳар кўркига зеб бериб турган, шарқона меъморчилигимизнинг нодир намунаси бўлмиш Кўкалдош мадрасасига ишора қилиб гўзал бир хотирани сўзладилар.

Бу бино шўролар замонида не-не кўргиликларни бошидан кечирмади. Оёқ ости бўлди. Бунда бирпас қўноқ бўлмаган ташкилотнинг ўзи қолмади, келади-кетади, ҳатто меҳмонхонаю омборхона ҳам бўлган.

Шукрким, юртимиз мустақиллигидан кейин мадраса яна ўз номига лойиқ мавқега кўтарила бошлади.

Биласизми, ука, 1991 йил кузи эди, шу мадраса олдида китоб сотиб ўтирсам, пешин маҳалида, қоровули шошилиб келди-да:

– Ака, рухсат берилди, ака! Намоз ўқишга рухсат берилди! – деди қолди ҳаяжонланиб. «Шукр! Алҳамдулиллоҳ!» дедим. Сўнгра ҳалиги қоровул йигит пешин намозига таклиф этди. Тўғриси, қувончдан бошим осмонга етди. Бир биродарим Ленинграддан совға учун ола келган чиройли – қимматбаҳо жойнамозим бор эди. Қуруқ бормай деб, шу жойнамозни қўлимга олиб, пешин намози учун мадраса айвони – масжидига чиқдим. Ҳа, ука, узоқ бир неча ўн йиллик танаффусдан сўнг Кўкалдош мадрасасининг намозхонасига илк бор жойнамоз ёзган мен бўлдим. Шу жойнамозни Аллоҳ йўлига эҳсон этдим.

Буни қарангки, ўша куни 3-4 киши саждага бош қўйиб, қуюқ дуолар қилган эдик. Ижобат бўлди. Аллоҳга ҳар иш осон-да. Аввалига ўнлаб, сўнгра юзлаб намозхонлар Кўкалдошга оқиб келди. Маърузалар бўлди, жума намозлари ўқилди... Худога шукр мана ҳозир талабалар таҳсил олмоқда, таъмирлаш ишлари ҳам давом этиб турибди...

Азиз ўқувчи! Биласизми?! Бундан ўн йиллар муқаддам воқе бўлган гўзал хотирани тасаввур этиб, дилимда бир шодлик туйғусини ҳис қилдим. Зеро, ҳақиқий мўминларнинг дуолари ҳам, пойқадамлари ҳам хайрлидир.

Баҳодир Нурмуҳаммад

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Муборак айтади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдларига келди ва .Эй Расулуллоҳ, қиёмат кунида Аллоҳ таоло билан ҳамсуҳбат бўлувчилар ҳақида хабар давоми...

8554 14:00 / 12.01.2019
Абу Ҳилол Аскарий .Алҳассу ала толабил илм вал ижтиҳади фи жамъиҳи, номли китобида қуйидагиларни айтган .Наҳв олими Абу Бакр ибн Ҳайёт ndash Имом Муҳаммад ибн Аҳмад давоми...

2475 17:05 / 11.12.2019
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш ва у зотни улуғлаш диндан бўлиб, ибодат саналар экан, у ҳолда ибодатнинг ўрни қалб, тил ва тана давоми...

1688 15:00 / 28.10.2020
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг уйининг томида тарнов бўлиб, у тарнов Умар розияллоҳу анҳу ўтадиган йўлда эди. Жума куни Умар розияллоҳу анҳу давоми...

4543 18:00 / 15.05.2021