1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Ифлосликлар онаси

05:00 / 02.03.2017 3098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у (қиз) билан кетди. (Уйга кирилгач) у қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди. Эркак: «Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди. Аёл унга ичирди. Эркак: «Менга яна беринглар», деди. Ўша ернинг ўзида у (аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди. Демак, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадулабад иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди».

Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган (Иккисини Насоий ривоят қилган).


Шарҳ: Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.

«Хамр»дан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир». Ҳа, хамр бор жойда ифлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб, ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб, ундан барча ифлосликлар келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.

«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди». У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.

«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди». Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга шерик бўлгани учун эътиборларида бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.

«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради». Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай, хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишни, гувоҳликка ўтишни илтимос қилди. Унинг бундай иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди. Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин. Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига, чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқишни эп кўрмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам. Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага тайёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.

«Эркак у (қиз) билан кетди. (Уйга киргач) у қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди». Гувоҳликка ўтиб савобли иш қиламан, деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб, унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар. Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакни уйдан қайта чиқиб кета олмаслик чорасини кўрар эди. 

«Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди». Гувоҳликка ўтиб савоб касб қиламан, деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кетма-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб, ўзига оро бериб, кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган сувратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмасди. Унинг ёнида бир ёш қул-ғулом турарди. Нарироқда эса, бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди. Маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан бирданига асл мақсадини айтиб қўяқолди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».

Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагани ҳақида хабар берди. «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйишади. Шу билан бирга, ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундоқ қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб у кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди: «Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим», деди».

Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб, усталик билан гапирди. Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, яъни шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо “хўп” деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади. Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У идишдаги ҳамма хамрни ичасан, демади. Унда тақводор киши маст бўлиб қолиб, бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб, айниб қолиши мумкин. Фақатгина бир қадаҳ ичасан дейилганда эса, эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин. Учинчи ўринга оғир ишни, ғуломни ўлдиришни қўйди. 

Бу таклиф тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, дегандек қилди. Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳудага ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани -- бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса, ичибди-да. Кейин, тавба қилса, кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб: «Менга манави хамрдан бир қадаҳ ичир», деди».

У ўзича масалани ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичади-да, қутилади. Аёл худди мана шу гапни кутиб турган эди. «Аёл унга ичирди». Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига киргандан кейин унга ўз таъсирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак: «Менга яна  беринглар», деди».

Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни ича-ича ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди. «Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».

Мастликда билмай мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, азизлар, «Демак, хамрдан узоқда бўлинглар!» Ким унга яқинлашса ифлосликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада кўп нарсалардан, ҳаттоки, инсон учун энг азиз нарса бўлган иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.

«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадулабад иймон билан жам бўла олмас». Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир. «Агар иккиси жамланиб қолса ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур». Шунинг учун ҳам Аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабида хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.

Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан таъсирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларни ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.

Энди ижозатингиз ила иккинчи ривоят ҳақида ҳам икки оғиз шарҳ сўзлари гапириб ўтайлик. Унда «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни сурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган».

Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни, дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.

1. Миннатчи. Ўзининг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса улар жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло: «Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг», деган. Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.

2. Оқ қилинган. Ота-онасига оқ бўлиш қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Оқ бўлиш туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини очиқ кўрсатиб турибди.

3. Хамрни сурункали ичувчи. Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганнинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло бундай даҳшатли оқибатдан Ўзи асрасин.


(“Ҳадис ва Ҳаёт”, 16-17-жузлар, 175-181-бетлар).



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Билинг Бошқаларнинг ёрдамидан фойдаланиш чиндан ҳам диний ва дунёвий мақсадлардандир. Бу фақат одамларга аралашиш орқали ҳосил бўлади. Аралашишнинг фойдалари давоми...

4032 05:00 / 03.03.2017
Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни ёд этиб. Бир муддат фазилатли шайх ҳазратлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент Ислом давоми...

2284 09:02 / 19.07.2022
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен тушимда боғни, боғнинг ўртасида устунни, унинг бошида ҳалқани кўрдим. Менга, кўтарил, дейилди. Мен, қодир давоми...

4603 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло .Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир,, деган Нисо, 29.Ҳаёт Аллоҳ томонидан берилган ҳақ бўлгани учун уни ҳеч ким бировга давоми...

3433 05:00 / 03.03.2017