1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Ислом ҳамма одамларнинг динидир (иккинчи мақола)

18:04 / 01.04.2020 2262 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда «Биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром», деган динлар мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинлиликка истисно тариқасида рухсат бераётганлиги ҳам ўша динларнинг ботил, Исломнинг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда.

Исломда бу нарса аввалдан ҳал қилиб қўйилган. Баъзи эркакларнинг шаҳвоний қуввати ўта кучли бўлади. Бир ёки икки аёл билан кифояланмайди. Бунинг устига, аёл кишининг ҳайз кўриши, нифосли бўлиши, бемор бўлиши ва бошқа ҳолатлари бор. Шундай вақтларда шаҳвати кучли эр хотини кўп бўлмаса, зинога бориши турган гап. Бир хотинни олиб қўйиб, бошқалар билан зино қилиб юрган яхшими ёки ҳалоллик, поклик, адолат, розилик йўли билан кўп хотинли бўлганми?

Албатта, ҳалоллик, поклик, адолат ва розилик яхши.

4. Эркаклар ва аёллар саноғидаги номутаносиблик ҳам кўпхотинлилик низомининг тўғри эканлигини кўрсатади. Ҳамма замон ва ҳамма маконларда аёллар эркаклардан кўп бўлиб келган, келмоқда ва келади ҳам. Қиёмат яқинлашганда эса ниҳоятда кўпайиб кетиши муқаррар.

Илмий изланишлар натижасига эътибор бериладиган бўлса, гўдаклар ўлими бўйича ўғил болаларнинг ўлими қиз болалар ўлимидан кўпроқ.

Ишда, кўчада содир бўладиган ҳодисаларда ҳам асосан эркаклар ўладилар. Урушларда эса эркакларга қирон келади.

Эркакларнинг ўртача умр кўриш ёши доимо аёлларнинг ўртача умр кўриш ёшидан оз бўлади.

Фараз қилайлик: бир жамиятда бир эркакка икки аёл тўғри келадиган бўлиб қолди. Нима қилиш керак? Агар бир эркак бир хотинга уйланса, ортиб қолган хотинлар нима қилади? Улар ҳам инсон, уларда ҳам жинсий майл бор, уни қондириш керак. Улар ҳам эрли аёллар эга бўладиган имтиёзларга эга бўлишга ҳақли. Аммо бунинг иложи қани? Эркакларнинг ҳаммаси банд, ҳаммасининг биттадан хотини бор. Бундай ҳолатда мазкур масалани ҳал этишнинг фаразий уч йўли бор.

Биринчи йўл: ҳаром иш тутиш. Аёллар жинсий эҳтиёжларини қондириш учун зино қиладилар. Бола кўриш учун ҳароми бола орттирадилар. Эрли ва оилали бўлиш орзуси эса рўёбга чиқмай қолаверади.

Иккинчи йўл: бировнинг оиласини бузиб, хотинини талоқ қилдириб, ўзи тегиб олиш. Оқибатда бир оила бузилади. Бир хотин эридан, бахти-саодатидан, оиласидан маҳрум бўлади. Орадаги болалар тирик етим бўлади. Яна қанчадан-қанча муаммолар келиб чиқади.

Учинчи йўл: исломий йўл. Ҳалол-пок, рози-ризолик йўли билан иккинчи хотин бўлиш.

Албатта, ўзини билган, заррача бўлса ҳам инсонийлиги бор одам учинчи йўл – исломий йўлни танлайди. Фақат шу йўлгина энг одил ва энг тўғри йўлдир.

5. Никоҳдаги аёлларнинг жисмоний ожизлиги.

Маълумки, инсон ҳаётида турли ҳолатлар бўлиб туради. Баъзи вақтларда бир муддат оилавий турмуш қилиб, фарзанд орттириб, сўнгра аёл киши оғир дардга чалиниб қолиши мумкин. У аёл эрига хотинлик хизматини қилишга умуман ярамайди. Эркак эса ёш, яшагиси, яна кўпроқ бола кўргиси келади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Бу муаммони муолажа қилишнинг ҳам уч йўли бор.

Биринчи йўл: эр зино йўлига ўтиб, бошқа аёллар билан ҳаром-хариш юриши керак. Бу йўлнинг турган-битгани зарар эканлиги ҳаммага маълум. Аввало, мазкур эркакнинг ўзи виждонан изтиробга тушади, иккиюзламачилик қилишга мажбур бўлади. Оиланинг қолган аъзолари ҳам тинчларини йўқотадилар. Орада жанжал чиқиб, оила парчаланиб кетади. Қолаверса, ҳар бир зинокор ўзи яшаб турган жамият учун катта мусийбат, улкан зарар эканлиги ҳаммага маълум. У туфайли жамият аъзоларининг ахлоқи бузилади, жамиятда турли касалликлар тарқайди ва бошқа зарарлар етади.

Иккинчи йўл: бемор аёлни талоқ қилиб, ҳайдаб, ўрнига бошқа хотин олиш. Бир муштипар аёлни ёшлигида, соғлигида олиб юриб, бемор бўлгани учун талоқ қилиш, болаларини ҳам тирик етим қилиш номардлик бўлади. Орадаги оилавий ҳаётнинг ҳурмати йўқми? Болаларнинг ҳурмати йўқми?

Учинчи йўл: исломий йўл. Бунда бемор аёл ва болалари билан бирга қолиб, улар билан аввалгидан ҳам яхши муносабатда бўлиб туриб, ҳалол йўл билан иккинчи хотинга уйланиш. Албатта, ўзининг қадрини билган, пок ҳаёт кечиришни хоҳлаган киши аввалги икки йўлни кескин рад этади ва учинчи йўл – исломий йўлни танлайди. Зотан, энг тўғри йўл ҳам шудир.

6. Фарзанд кўрмаслик масаласи.

Яна ҳаётда тез-тез учраб турадиган масалалардан бири эр-хотин оила қуриб, ўн йил ёки ундан ортиқ бирга яшаб ҳам фарзанд кўрмаслик ҳолатидир. Табиблар аёл кишида она бўлиш имкони йўқ эканлигини аниқладилар, деб фараз қилайлик. Бундай ҳолатда келиб чиққан муаммо қандай ечилади? Шунча йил умид билан бирга яшаган, иссиқ-совуқни бирга татиган вафодор аёлни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланиш керакми? Ёки эркак ҳам имкони бўла туриб, бу дунёдан фарзанд кўрмай, ортида зурриёт қолдирмай ўтмоғи лозимми?

Бу муаммони тўғри ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли – Ислом ҳукмини татбиқ қилиш, яъни аввалги аёлни ҳам ўзи билан бирга олиб қолиб, розилик ва поклик йўли билан яна бир аёлга уйланиб, бахтли ҳаёт кечириб, фарзандли бўлиш.

Ҳозирги кунда Исломнинг ушбу кўпхотинлилик ҳақидаги рухсатидан фойдаланмаслик оқибатида дунёда кўплаб муаммолар келиб чиқиб, газак олиб бормоқда. Зино, фаҳш ишлар ҳаддан ошиб, шу туфайли турли касалликлар, ижтимоий, ахлоқий муаммолар келиб чиқмоқда.

Кўплаб оилаларнинг бузилишига ҳам шу рухсатдан фойдаланмаслик сабаб бўлмоқда. Кўпгина давлатларда кишилар сони камайиб бормоқда. Ғайриислом миллатларнинг аёллари намойишлар ўтказиб ва бошқа турли йўллар билан кўпхотинлиликка рухсат беришни талаб қилмоқдалар.

Кўпхотинлиликнинг ҳикматлари юқорида зикр қилинганлар билан тугаб қолмайди. Бунга ўхшаш ҳикматларни яна келтириш мумкин.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар.Мен ва Абу Толҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб кетдик. София у зотга давоми...

4100 12:30 / 20.11.2019
Имом Абу Довуд қилган ривоятда қуйидагилар айтилади .Муаъйқийб ёзди, Абдуллоҳ ибн Арқам гувоҳ бўлди.Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Бу Аллоҳнинг бандаси Умар ndash давоми...

2001 18:05 / 13.04.2019
Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўтказган вақтларини диққат билан ўрганиб чиқсак, Онҳазрат алайҳиссаломнинг кўпроқ у давоми...

4263 12:50 / 26.12.2018
Албатта, Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг шахсий сифатлари илоҳий ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорилфунунларида олинган дарсларга йўғрилган давоми...

2536 19:30 / 01.06.2019