1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Масъулият

21:58 / 18.03.2020 5453 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

МАВЗУ:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг 2014 йил 10 дeкабрда Москвадаги «XXI аср таҳдидлари ва жадаллашув даврида мусулмонларнинг вазифалари» мавзусидаги Х халқаро мусулмонлар форумидаги нутқи ва мазкур нутқ бўйича мулоҳаза

Тахминан икки йил муқаддам интернетда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг 2014 йил 10 декабрда Москвада Х халқаро мусулмонлар форумида сўзлаган нутқларига кўзим тушиб қолди. Нутқ араб тилида сўзланган бўлиб, унда ҳар бир мусулмоннинг масъулияти, маърифати, илк мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги диний аҳвол, юртимизда терроризм ва экстремизмнинг пайдо бўлиш сабаблари ва оқибатлари, бу борада олиб борилган амалий ва маърифий ишлар ҳамда бошқа масалалар ҳақида сўз борган. Орадан бир-икки йил ўтиб, менда бу нутқни ўзбек тилига таржима қилиш ва нутқ бўйича ўз фикр-мулоҳазаларимни ҳам билдириб, уни мақола кўринишида тайёрлаш рағбати пайдо бўлди. Бунга асосий сабаблардан бири шуки, мен бу нутқнинг ўзбекча таржимасини учратмаган эдим. Қолаверса, халқимиз ҳурмат қилган фазилатли устознинг навбатдаги маърузаларини жамиятга ҳавола қилиш имкони пайдо бўлган эди. Зеро, унда ўқиб ва уқиб олсак, фойдадан холи бўлмайдиган, бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини сақлаб қолган муаммолар, воқеа-ҳодисалар ва улар бўйича маълумот ва таклифлар зикр қилинган. Нутқда баён қилинган масала ва воқеликлар жуда содда ва аниқ ифода этилган. Айни ушбу жиҳат шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг гўзал фазилатларидадан бири бўлганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим. Бу эса ўз ўрнида ўқувчига маърузанинг мазмунини ортиқча қийинчиликларсиз тушуниб олишда кўмак бўлади.

Қуйида мазкур нутқнинг мақола муаллифи томонидан ўзбекчага таржима қилинган матнини тақдим қилмоқчиман. Ўйлайманки, ўқувчиларга албатта фойдали бўлади. Матндан кейин эса ушбу нутқ бўйича мулоҳазаларимизни биргаликда давом эттириб, якуний хулосага ўтамиз.

Меҳрибон, раҳмли Аллоҳ номи ила. 

Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, тақводорларнинг оқибатини хайрли қилсин, Аллоҳ яратганлар ичида энг яхши зот бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг аҳли оилалари ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин. 

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! 

Йиғилишимиз аввалида форумимиз раҳбари жаноб Равиль Гайнуддин бугунги йиғилишнинг мавзуси «Аср таҳдидлари қаршисида мусулмонларнинг масъулиятлари баёни» эканини айтиб ўтдилар. Шуни айтиш лозимки, Ислом дини инсоннинг ҳар бир нарса олдидаги масъулиятларини баён қилиш учун, мусулмон одамнинг Олий Робби олдидаги масъулиятларини тушунтириш учун пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдидаги масъулиятини, Қуръони Карим олдидагиумуман дини, халқи ва жамияти олдидаги масъулиятларини баён қилиш учун нозил қилинган. Ҳар бир мусулмон киши зиммасида ҳақиқий мусулмон бўлиш ва дунёю охират саодатига эришиш учун адо этиши лозим бўлган улкан масъулият бор. Биз бу масъулиятларни яхши билиб, тушуниб олишимиз керак. Бунинг учун эса ҳар бир мусулмон ўз динини етарли даражада ўрганиши лозим ва лобуддир. Хусусан, мусулмон одам қандай яшаши лозимлигини, Роббига қандай ибодат қилишни, мусулмон биродарлари билан ва мусулмон бўлмаган инсонлар билан қандай муомалада бўлишни ва бошқа кўплаб нарсаларни  билиб олиши керак. 

Аср таҳдидлари жуда кўп бўлиб, бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири – терроризм ва экстремизмдир. Шу сабабдан, ҳар бир мусулмон терроризм ва экстремизмга қарши ўз мавқеини англаб олиши лозим. Бу жуда муҳимдир.

Терроризм ва экстремизмнинг на дини, на миллати, на ватани бор дейишади. Тўғри, мусулмонларда ҳам, насронийларда ҳам, яҳудийларда ҳам, бошқа динларда ҳам ва ҳатто ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиганларда ҳам террорчи ва экстремистлар пайдо бўляпти. Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда «терроризм» ва «экстремизм» сўзлари мусулмонлар орасида кенг тарқалди, яъни бу тушунчалар айнан мусулмонларга нисбатан қўлланила бошлади. Шунинг учун биз мусулмонлар бу каби муаммолар олдида ўз масъулиятимизни англашимиз ва бу масалани ечишда ўзаро ҳамкорлик қилишимиз зарур. 

Қуйида менга тақдим қилинган бир неча дақиқа давомида камтарона тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда  шу масалада сизлар билан фикр алмашмоқчиман.

Барчамизга яхши маълумки, совет иттифоқи даврида коммунистик тузум динни тўлалигича тақиқлаб қўйди. Улар 70-80 йил давомида ҳамма нарсани йўқ қилдилар. Биз мусулмонларга ҳам, мусулмон бўлмаганларга ҳам мисли кўрилмаган зулм қилиндиКитобларимизни ёқишди, масжид-мадрасалармизни вайрон қилишди, диний таълимни тамомила таъқиқлашди. Бутун иттифоқ бўйича мусулмонлар диний таълим олиши мумкин бўлган иккитагина муассаса бор эди. Уларнинг бири – Бухорода, бири Тошкентда бўлиб, Бухорода 40  нафар, Тошкентда 50 нафар ўқувчи ўқир эдиТакрор айтамиз: бу – бутун иттифоқ бўйича кўрсаткич эди

Совет иттифоқи парчалангач, унинг чангалида бўлган мамлакатлар мустақилликка эришдилар, одамлар ўз динларини ўргана бошладилар, уларда бунга жуда катта иштиёқ пайдо бўлди. Лекин уларга динни ўргатадиган одамнинг ўзи йўқ эди. Ўшанда ўзининг турли фикрларини, бизга ёт ғояларини олиб келган бегона шахслар ҳам хориждан юртимизга кела бошлади. Шунинг натижасида мамлакатда терроризм, экстремизм, такфир, тафжир уруғлари уна бошлади.

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда портлашлар содир бўлиб, баъзи гуруҳлар ҳукуматга қарши қуролланиб олган пайтда мен мамлакат ташқарисида эдим. Уламолар менга вазиятни тушунтирдилар. Ўзаро маслаҳатлашганимизда улар вазият жуда хатарли эканини, керакли чора-тадбирлар кўриш кераклигини айтдилар. Қайтиб бориб биринчи қилган ишим – мусулмонлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида китоб таълиф қилдим. Унда биз ихтилофлар ва уларнинг сабабларини баён қилдик. Бу ишларга киришишимиз билан одамлар асл ҳақиқатни тушуна бошладилар. Ҳатто баъзи одамлар ёнимга келиб, «Шу китобни ўн йил олдин ёзганингизда жуда яхши бўларди» дейишди.

Шундан сўнг одамларни бир сафга жамлаш учун Аҳли сунна вал жамоа асосида, ҳанафий фиқҳий мазҳаби асосида халққа Ислом динини ўргата бошладик. Аллоҳга шукрки, бу уринишларимиз муваффақиятли бўлди.

Кунлардан бир кун уйимга Ички ишлар вазирлигининг терроризмга қарши кураш бўйича масъул ходимларидан бири ташриф буюриб, «Бир илтимос билан келдим: «ҳизбут-таҳрир» ҳақида китоб ёзсангиз, чунки жуда кўплаб ёшлар мана шу ҳизбга кириб кетишяпти. Мен бир неча йиллардан бери уларни қамоққа оламан. Атиги 17, 18, 19 ёшли йигитлар, биз эса уларни ҳибсга олишга мажбурмиз. Лекин мен буни хоҳламайман. Улар чин мусулмон бўлиб, озод яшаши керак, лекин ҳолат бундай аҳволда. Шунинг учун менга ёрдам беришингизни сўрайманМенга шу китобни қачон тугатишингизни аниқ айтмагунингизча уйингиздан ҳеч қаерга кетмайман», деди. Аллоҳга шукр, мен унинг илтимосига жавоб ўлароқ, «Дин – насиҳатдир» номли китобимни ёздим. Китобда адашган оқимларга нисбатан бирорта ҳам ҳақоратли сўз ишлатмадик, ҳеч кимни кофирга чиқармадик, фосиқликда ҳам айбламадик, аксинча, «Ҳаммамиз биродармиз», дедик. Баъзилар буни тўғри тушунишди, кимлардир тушунмади. 

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ёзилган китоблар, қилинган маърузалар фойда берди. Бу китоблар ҳатто қамоқхоналарда ҳам ўқила бошланди. Ораларида хатосини тушуниб, айбини тан олиб, ҳукуматдан узр сўраганлар бўлди. Кейинчалик уларнинг кўпчилиги озод ҳам қилинди. Аксарияти озодликка чиқиши билан ўз уйига боришдан аввал менинг уйимга келиб, миннатдорчилик билдириб кетди. Баъзи милиция ходимлари қўлга олинган ана шундай ёш йигитларни сўроқ қилишдан олдин, уларга мазкур китобни бериб, «Мана шу китобни ўқиб чиқ, агар ўқиб бўлиб, бирор мулоҳазага келсанг, сени эшитишга тайёрмиз» дер эдилар. Улар эса китобни ўқиб, афв сўраб, терроризм ва эсктремизмни тарк этардилар.

Шу зайлда халқнинг исломий маданият даражасини ошириш ҳақида бош қотирдик. Чунки Ислом кутубхонасининг ўзи мавжуд эмас эди. Одамларга дин ўргатадиган ҳеч қандай китоб ёки бошқа восита қолмаган эди. Чунки мустабид тузум даврида ёзувимиз ҳам ўзгартирилиб, араб ҳарфида ёзилган бой меросимиздан ҳам айрилган эдик. Шу сабабдан Ислом кутубхонасини жорий ҳарфлар билан, имкон қадар тўлиқ  тиклашга ҳаракат қилдик. Аллоҳга шукр, бугун биз шундай босқичга етиб келдикки, эндиликда исломий илмларнинг деряли ҳар бир йўналишига оид камида битта-иккитадан китоблар бор. Одамлар ўша китобларни ўқишяпти, бу китоблар уларга фойда беряпти.  Шунингдек, бу борада ваъз ва иршод усулларини қўлладик, интернетдан ва аудио қўлланмалардан максимал даражада фойдаландик. Аллоҳга хамдлар бўлсинки, бугун Ўзбекистонда бу каби муаммолар йўқ. Китобларимиздан Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон каби қўшни давлатларда ҳам кенга фойдаланишяпти, аста-секин уларда ҳам аҳвол яхшиланмоқда.

Кейинроқ Россияда ишлайдиган ҳамюртларимиз келиб, «Китобларингизни рус тилига ўгириш керак деб ўйлаймиз, чунки рус тили ҳам дунё тили, жуда кўп одам китобни шу тилда ўқийди. Биз бу ерда сизнинг китобларингизга ўхшаган, муаммоларни ҳал қилишга қаратилган китобларни кўрмаяпмиз», дейишди. Аллоҳга шукр, бу ерда ҳам нашриёт ташкил қилиб, баъзи китобларни таржима қилдик. Бу ишларда хусусан шайх Равиль Гайнуддиннинг ёрдами катта бўлди. Ҳали бу борада ҳамкорлик қилиш тарафдоримиз. Иншааллоҳ, бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз келгусида ҳам давомли бўлади. 

Биз Аллоҳ олдида, динимиз олдида, мусулмонлар ва дунё ҳамжамияти олдида ўз масъулиятларимизни тўлиқ ҳис қилишни истаймиз. Токи ҳар бир мусулмон ўз динини тўғри англаган ҳолда, етарли даражада билиб олсин. Агар инсон ҳақиқий мусулмон бўлса, бу аввало унинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун ва бутун олам учун яхшиликдир. Лекин мусулмон одам ўз динини яхши билмаса, бу борада унда хато тушунчалар бўлса, бу унинг ўзи учун, оиласи учун, жамияти учун ва бутун олам учун ёмонликдир. Бу масъулиятни биз – мусулмонлар яхшилаб тушуниб олишимиз, исломий маданий савиямизни оширишга интилишимиз лозим. Ҳар биримиз, ёшлар ҳам, катталар ҳам динимизни етарли даражада чуқур ўрганиб, ҳақиқий мусулмон бўлиб, барча билан ўзаро муҳаббат, садоқат ва ҳамкорликда яшашимиз зарур. 

Ишонаманки, бу форум фикрларимизни жамлаш, фикр-мулоҳазалар алмашиш ва келажак учун истиқболли режалар тузиш учун жуда яхши имконият бўлади. Шуни эътироф этиш жоизки, бугун ўзининг ўнинчи қурултойини бошлаган ушбу форум бу борада кўп ишлар қилди. Фурсатдан фойдаланиб, мен форумнинг доимий фаолият юритиб турувчи қўмитасини ташкил қилишни таклиф қилмоқчиман, чунки барчамиз бир йилда бир марта ўтказиладиган анжуманга тўпланиб, тарқалиб кетамиз. Биз таклиф қилаётган қўмита эса доимий фаолият юритади ва форум қабул қилган қарорлар жамиятга, реал воқеликка, ҳаётга қандай татбиқ қилинаётгани хусусида иш олиб боради. Бу орада форум аъзолари ўртасида алоқалар давом этади, қилинган ишларни, янги таклифларни ўзаро муҳокама қилиш учун ажойиб имконият пайдо бўлади. Ўйлайманки, бу иш барчамиз учун – мусулмонлар учун ҳам, мусулмон бўлмаганлар учун ҳам фойдали бўлади.

Охирги дуоимиз эса оламларнинг Робби Аллоҳга хамд бўлсин. 

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Ислом нима? Уни жорий қилишдан қандай мақсад кўзланган?

Юқорида танишиб чиққан маърузамиз мана шу саволларга жавоб бериш билан бошланади. Бу – ҳар бир муслим, ҳар бир муслима англаб етиши лозим бўлган масаладир. Зеро, моҳияти англанмаган фаолиятнинг жоҳилиятга айланиб кетмаслиги ҳам кафолатланмаган. Шундай экан, ҳар қандай ишга унинг моҳиятини билган ҳолда киришсак, унда самарали бардавом бўлишимизга асос бўлади.

Масалан, сиз узоқ сафарга отландингиз. Сафардан олдин унга яхшилаб тараддуд кўрасиз, ташриф буюрмоқчи бўлган манзилингиз ҳақида маълумот оласиз, уни ўрганасиз, сафар учун керакли буюмларингизни тайёрлайсиз. Акс ҳолда сафар давомида муаммоларга дуч келишингиз муқаррар. Ана шундай муаммоларга йўлиқмаслик учун биз мусулмонлар ҳам динимизнинг моҳиятини тушуниб олишимиз зарур. Бу нарса бизга кўп панд берганига ва ҳали ҳам панд бериб келаётганига эса ҳаммамиз гувоҳмиз. Моҳиятни билмасликнинг оқибатлари шунда кўринади. Юқорида келтирилган нутқда ушбу масала жуда содда баён қилинган бўлиб, ҳар бир мусулмонни масъулликка чақиради. Бу ерда ҳамма нарса олдида масъуллик, Роббидан тортиб фарзанди олдидаги масъулиятгача, ўз мулкидан ўзганинг мулкигача, қўшнисидан тортиб, ер юзидаги ҳар бир инсон олдидаги масъулиятгача назарда тутиляпти. Бунинг учун эса ҳар бир мусулмон одам ўз динини етарли даражада ўрганиб олиши лозим деб таъкидланмоқда.

Нутқни ўқиб, яна бир бор иқрор бўламизки, бузғунчиликнинг ҳар қандай кўринишларига ва бунинг натижасида юзага келадиган оқибатларга, умуман олганда жаҳолатга қарши курашишнинг энг мақбул ечими – илм-маърифатдир. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам мазкур шароитда  айнан шу йўлдан бордилар, мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда вужудга келган вазиятда ўз соҳаларидаги барча масъулиятни ўз зиммасига олдилар. Зеро, «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Дин – насиҳатдир» номли китобларининг чоп этилиши ва бошқа турли амалий-маърифий ҳаракатлар ихтилофлар авж олган бир пайтда ўз самарасини бермай қолмади. Бу ҳақда нутқ давомида ҳам эслаб ўтилган. Хоссатан, бу йўлда интернетдан ва овозли медиа маҳсулотлардан фойдаланиш амалиёти ҳам бизда бу соҳада илгари кузатилмаган тажриба ва ёндашув бўлди. Бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси жамоатни бирдамликка ва ўзаро тотувликка чақирувчи даъват эди. Амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ, мамлакатда диний аҳвол анча яхшиланди, ихтилофларга чек қўйилди, одамлар бир мазҳаб остига бирлаша бошладилар. Шайхнинг китоблари ҳатто қамоқхоналаргача кириб бориб, у ерда ҳам ижобий натижа берди. Халқнинг диний саводини ошириш мақсадида кўплаб бошқа китоблар ҳам ёзилди, дастурлар йўлга қўйилди ва йиллар давомида катта кўламдаги илмий-амалий  ишлар бажарилди. Натижада мамлакатдаги диний муҳит ўзгарди. Бу ислоҳотларнинг бошида устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф турдилар.

Кейинги йилларда бу соҳадаги ишлар янада ривожланиб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг юзга яқин китоблари чоп этилди. Энди бу китоблар нафақат юртимизда, балки қўшни давлатларда ҳам мутолаа қилина бошлади. Бу китобларга бўлган талабнинг кўламини инобатга олган ҳолда хорижда ҳам нашриёт уйи барпо қилинди. Хусусан, шайх ҳазратларининг асарлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тилларидан бўлмиш рус ва инглиз тилларига таржима қилинди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Россия пойтахтида бўлиб ўтган анжумандаги ушбу нутқларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, бу шахсни юртимиз, Марказий Осиё ва умуман Ислом олами ривожига улкан ҳисса қўшган буюк уламолардан деб айтишимиз мумкин. Эндигина мустақилликка эришган мамлакатда вужудга келган турли диний низо ва тушунмовчиликларга барҳам беришда ва кейинчалик халқнинг исломий маданиятини ошириш йўлида ушбу олимнинг қилган жидду жаҳдлари беқиёсдир.

Азизлар, бу фикрлар шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг 2014 йил 10 декабрда Москвадаги «XXI аср таҳдидлари ва жадаллашув даврида мусулмонларнинг вазифалари» мавзусидаги Х халқаро мусулмонлар форумидаги нутқлари юзасидан қисқача мулоҳазларим эди. Бу алломанинг илмий фаолияти ҳақида яна кўп гапириш мумкин.

Умид қиламанки, бу ишимиз ўқувчиларнинг ўз динини янада масъулият билан, чуқур ўрганишига, бу йўлда улуғ ишлар қилган зотларнинг хизматларини ҳис қилишига туртки бўлади. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф томонидан ўқилган бу маъруза орқали айтилмоқчи бўлган гапларни етказишда воситачи бўлиб қолсак, бошимиз осмонга етар эди.


Тошкент Давлат шарқшунослик институти талабаси 

Шоев Акбаржон Салим ўғли 


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Машҳур ҳофизи Қуръон Иззатуллоҳ мулла Ортиқ қори ўғли таҳминан 19 асрнинг иккинчи ярмида Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси, Чор гўристон мавзеси ҳозирги Нодира давоми...

1924 14:30 / 29.04.2022
19 асрнинг иккинчи ярми ва 20 аср бошларида яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган Ҳожа Муҳаммад эшон Намангоний нақшбандиямажзубия тариқатининг 33 муршиди, олими, ва давоми...

1739 10:00 / 06.11.2021
Ҳанафийлар шайхи, машриқ олими Абу Ҳафс Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиз ибн Моза Бухорий. Оталари аллома Абул Мафохирнинг қўлларида фақиҳ бўлиб, юқори давоми...

2262 15:30 / 13.09.2020
Барча ҳамду сано ул Тангригаким, ўзига хос ва яқин бандаларининг дилларини қадим ва мўъжизали бўлган каломи шарифи билан хушнуд айлади ва дўсту ҳабибларини давоми...

4577 21:55 / 27.04.2017
Аудиолар

137634 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57699 14:35 / 11.08.2021