1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Соч бўяш

05:00 / 02.03.2017 30949 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, яҳудий ва насоролар бўямайдилар. Бас, уларга хилоф қилингиз», дедилар
».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Яъни, яҳудий ва насоролар соч-соқолларининг оқ тушган толаларини рангини бошқа рангга бўямайдилар. Сизлар, эй умматим, уларга хилоф қилиб, соч-соқолларингизнинг оқарган толаларини бошқа рангга бўянг, деганлари. Қайси рангга бўяшга рухсат йўқлиги келаси ҳадиси шарифда баён қилинади.

 Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Макка фатҳи куни олиб келинди. Унинг соч-соқоли худди сағомадек оппоқ эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни бирор нарса ила ўзгартиринглар. Қорадан четланинглар», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳу» ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг оталари. У киши мўмин-мусулмон бўлишларига қарамай ўта қариликлари ва кўзлари кўрмаслиги сабабидан ҳижрат қила олмай Маккаи Мукаррамада қолиб кетган эдилар. Маккаи Мукаррама фатҳ этилган куни Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига зиёратга кўтариб олиб келишган. Шунинг учун ҳам, ушбу ривоятда:

«Абу Қуҳофа розияллоҳу анҳуни Макка фат-ҳи куни олиб келинди», дейилмоқда.

«Унинг соч-соқоли худди сағомадек оппоқ эди».

«Сағома» гули ҳам, меваси ҳам оппоқ бўладиган ўсимлик. 

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Буни бирор нарса ила ўзгартиринглар. Қорадан четланинглар», дедилар».

Аслида кўпинча соч-соқолнинг оқи ҳинно(хина) билан ўзгартирилади. Шунинг учун соч бўяш ўрнига соч ҳиннолаш ҳам дейилади. Лекин ҳиннодан бошқа нарса билан бўлса хам жоиз. Фақат қора ранг бўлмаса, бас.


Анас розияллоҳу анҳудан:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўяганмилар?» деб сўралди.
«У зот озгинагина оқликка етганлар, холос», деди у.
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, У зот бўямаганлар. Агар хоҳласам, соқолларидаги оқ толаларни санай олардим», дейилган.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Насаийнинг лафзида:

«У зот бўямаганлар. Фақатгина анфақада бир оз, икки яноқда бир оз ва бошда бир оз яккам-дуккам оқлик бор эди», дейилган.

Шарҳ: «Анфақа» - пастки лабнинг остида, ўртада, жағнинг устида ўсиб турадиган толалар.

Ривоятлардан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соч-соқоллари сезиларли оқармаган ҳолларида вафот этган эканлар. Олтмиш уч ёшларида бу ҳолда бўлишлари ҳам ҳозирги шароитга солиштирадиган бўлсак, нодир ҳисобланади. Эҳтимол, ўша давр учун ҳам нодир бўлгандир. Чунки баъзи ривоятларда зикр қилинишича, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар розияллоҳу анҳумолар икковлари ҳам «хизоб»-соч бўяш иши қилган эканлар.


Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туки йўқ кавшни кияр ва соқолларини варас ҳамда заъфарон ила сарғайтирар эдилар. Ибн Умар ҳам шундоқ қилар эди».

Абу Довуд, Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: «Варас» Яманда ўсадиган сариқ гулли ўсимлик. У билан бўялган нарса қизғиш тус олади.

Бу ривоят олдингисига зид маънони келтирмоқда. Уламо аҳли ривоятларни яхшилаб ўрганиб чиққанларидан кейин, Анас розияллоҳу анҳу ушбу, кейинги ривоятда зикр қилинган ишдан бехабар қолганлар, шунинг учун ўзларининг билганларини ривоят қилганлар, дейишган.


Абу Римса розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига отам билан келдим. У зот соқолларини ҳинно билан бўяб олган эдилар».

Шарҳ: Мана шу иш машҳур ва кенг тарқалган. Ҳозирда ҳам кўпчилик соқолини ҳиннолайди. Кўпчилик мусулмон халқларда соқолни бўяш истилоҳи йўқ, балки соқолни ҳиннолаш истилоҳи машҳур.


 Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ушбу оқликни ўзгартириш учун энг яхши нарса ҳинно ва катамдир», дедилар».

Иккисини Сунан эгалари ривоят қилган.

Шарҳ: «Катам» Яманда ўсадиган ўсимлик бўлиб, бўялганда қора ранг беради. Уни ҳинно билан аралаштириб бўялганда эса, қизғиш-қорамтир ранг ҳосил бўлади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Охирги замонда соч-соқолини кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қорага бўяйдиган қавмлар бўлур. Улар жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламаслар», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб» деган маънони, уламо аҳли икки хил тушуниш мумкин, дейдилар.

Биринчиси, охирги замонда бир қавмлар чиқадики, улар соқолни фақат жағларига худди кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қўядилар. Бунда, суннатга хилоф қилиб, фақат ияккагина соқол қўйиш ҳам қораланган бўлади.

Иккинчиси, охирги замонда бир қавмлар чиқадики, улар соқолни худди кабутарнинг жиғилдонига ўхшатиб қорага бўяб юрадилар.

Демак, икки мазкур иш ҳам яхши эмас экан. Уламо аҳли соч-соқолни қорага бўяш ҳақидаги барча далилларни чуқур таҳлил қилиб чиққанларидан кейин соч-соқолни қорага бўяш макруҳ, деган қарорга келишган.


Оиша розияллоҳу анҳодан ҳинно ила бўяш ҳақида сўралди. У киши:

«Ҳечқиси йўқ. Лекин мен ёқтирмайман. Чунки ҳабибим соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳидини ёқтирмас эдилар», дедилар».

Шарҳ: Соқолга тегишли маълумотларни аввал келтирдик. Энди уламо аҳли соч ҳақидаги ҳужжат ва далилларни жамлаб таҳлил қилиб чиқиб, тартибга солган ҳукмлардан баъзиларини зикр қиламиз;

1. Инсоннинг сочи ўзида турганида ҳам, олинганидан кейин ҳам покдир.

2. Инсоннинг сочини сотиб ёки бирор нарса учун ундан фойдаланиб бўлмайди.

3. Вафот этган одамнинг сочини олиб бўлмайди.

4. Киши ўз сочини яхшилаб парваришлаб юриши лозим.

5. Сочни ўстириб ёки ҳаммасини олдириб юриш жоиз.

6. Кокил қўйиш жоиз эмас.

7. Соч қўйган одамлар уни икром қилишлари лозим. Ювиб, тараб, мойлаб юриш билан.

8. Сочнинг оқини юлиш макруҳ.

9. Сочни қоп-қора рангдан бошқа рангга бўяш жоиз.

10. Улама соч қилиш ҳаром.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Бир аёл парда ортидан қўли ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб узатди. Бас, У зот қўлларини тортдилар ва:
«Билмадим, бу эркакнинг қўлими, аёлнинг қўлими?» дедилар.
«Аёлнинг қўли», деди у.
«Аёл бўлсанг, тирноқларингга ҳинно қўйиб олсанг бўлмасмиди», дедилар У зот».

Иккисини Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. 

Шарҳ: Яққол кўриниб турибдики, Исломда аёл кишиларнинг ўзларига қарашларига, гўзаллик ва латофатларини турли йўллар билан сақлаш, парвариш қилишларига катта эътибор берилган. Ҳаддан ошмай, меъёрида пардоз ишларининг ўрнига қўйилиши тарғиб қилинган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир,, деган Наҳл, 105.Бу ояти каримада давоми...

4346 05:00 / 03.03.2017
Ваҳб ибн Кайсон розияллоҳу анҳу ривоят қилади.Ибн Умар чўпонни ва қўйларни яхшимас маконда кўрди. Ундан яхши маконни кўрди ва .Эй шўринг қурғур Ҳой чўпон Уларни бу давоми...

3028 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол давоми...

3664 05:00 / 01.03.2017
Имом Шофеий вафот этганларида шогирдларидан бири тушида кўрди ва сўради .Эй имом, Аллоҳ таоло сизга қандай муомала қилди,У зот .Валлоҳи, Аллоҳ мени мағфират қилди, давоми...

3793 11:30 / 31.03.2022